Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:46

“Террор, хаос ва сиёсий босим”. Ҳарбий эксперт Украинага ёппасига ҳужумдан кўзланган мақсад ҳақида


Киев, 10 октябрь, 2022
Киев, 10 октябрь, 2022

Қрим кўпригида юз берган портлашдан икки кун ўтиб – 10 октябрда Россия Украинага қарата 83 та ракета отди, шундан 43 тасини ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширди. Шу куни Украина уруш бошланганидан бери энг кўламли ҳужумга учрагани айтилмоқда. Портлашларда 19 киши ўлди, юздан зиёд одам яраланди.

Conflict Intelligence Team асосчиси Руслан Левиев фикрича, Россиянинг ушбу зарбалари ҳарбий нуқтаи назардан ҳеч бир маънога эга эмас. Украинанинг қатор вилоятларини электрсиз қолдирган тақдирда ҳам Россия украин аскарларини асир тушишга мажбурлай олмайди, фронт “сочилиб кетмайди”, дейди Левиев.

Conflict Intelligence Team асосчиси Руслан Левиев.
Conflict Intelligence Team асосчиси Руслан Левиев.

– Ушбу зарба фаол ерусти ҳарбий амалиёти муқаддимаси бўлиши мумкинми?

– Йўқ. Мутлақо. Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан сўнг Владимир Путиннинг ўзи ҳам баёнотида очиқ айтди буни. Аввалига у, ўз таъбирича, “Украинанинг террорчилик хуружлари”ни санади: Курск АЭС электр тармоғига ҳужум, “Турк оқими” газ қувурини портлатишга уриниш бўлганини тилга олди. Шундан сўнг “Украинанинг бунақа террорчилик услубига жавобан биз унинг энергетика инфратузилмаси, ҳарбий объектлари ва алоқа тармоқларига зарба беришга қарор қилдик”, деди. Яъни, бу ерда бирон ҳарбий мантиқ йўқлигини, бу фақат қасдлашув ва ўч олиш эканини Путиннинг ўзи тан олиб турибди. “Сизлар террорчилик қилган бўлсаларинг, биз ҳам шундай қиламиз”, деди гўё. Чамамда Россия раҳбарияти ўзининг “биз ўта аниқ тегадиган қуроллар билан фақат ҳарбий объектларни урамиз, тинч аҳоли ва фуқаровий инфратузилмага зарар етказмаймиз” мазмунидаги иддаоларидан илк дафъа чекинди. Олий сиёсий раҳбарият илк бор – Украина аҳолисини, қўшинларни эмас, айнан тинч аҳолини электрсиз ва иссиқликсиз қолдириш учун атай фуқаровий инфратузилмага қарата ўт очилаётганига иқрор бўлди.

Бу эса, Женева конвенциясига биноан ҳарбий жиноят саналади. Аммо ҳарқалай мақсадлари нима ўзи – Украинани совуқда қолдириб, қийнашми?

– Бу ҳам тўғри, лекин асосий мақсад – террор, хаос яратиш, сиёсий босим ўтказишга уриниш. Қрим кўприги порлатилиши муаммо туғдирди. Бу кўприк эса рамз сифатида – Украинанинг босиб олинган ва яқинда “қайта гуруҳланиш” баҳонасида ташлаб чиқилган Харьков вилояти парчасидан қадрлироқ. Путинни яхши кўрадиган рус ҳарбийлари ҳам Харьков вилоятига “бизнинг еримиз” деб қарамайди. Аммо Қрим кўприги улар учун муқаддас. Шу боис ҳам Путин ўтган сафаргидан кўра қаттиқроқ жавоб бериши керак эди.

Путин Харьков фронти барбод бўлганида қисман сафарбарлик эълон қилган бўлса, бу гал Россиянинг қудратини кўрсатиб қўйишга қарор қилди, “мана, керак бўлса, 24 февралдагидек яна Украинанинг барча ҳудудларига ёппасига зарба бериб, жиддий шикаст етказа оламиз”, демоқчи бўлди. Хуллас, менимча, бу ҳужум Украинанинг ва умуман Ғарбнинг “эсини киритиб қўйиш” истагидир.

– Қрим кўпригига берилган зарбада бирон ҳарбий маъно борми?

– Темир йўл кўпригининг бир бўлаги ағдарилганида ҳарбий эффект бор, дейиш мумкин эди. Лоақал битта тўсини қулаб, қатнов тўхтаб қолганида ҳам майли эди. Ўшанда Украина жанубидаги Россия кучлари гуруҳи оғир аҳволда қолган бўлур эди, чунки Қрим кўприги – таъминот йўлидаги муҳим транспорт артериясидир. Херсондан Мелитополь, Токмак ва Иловайск орқали ўтган темир йўл ҳам бор, лекин у бир изли – ўтказиш қуввати чекланган. Қолаверса, фронтга яқин бўлгани учун у йўлнинг баъзи жойлари бомбалардан вайрон бўлган. Хуллас, кўприк, айниқса темир йўл кўприги қулаган тақдирда бу улкан ҳарбий самара келтирган, Украина ғалабаси ва Херсоннинг озод бўлишига катта ҳисса қўшган бўларди. Бироқ йўл тезда тикланиб, чекланган режимда бўлса ҳам қатнов қайтадан бошланган экан, ушбу зарба тўғридан-тўғри ҳарбий эффектга эга бўла олмайди. Аммо, агар бу Украинанинг иши бўлса – мамлакат ҚК ёки махсус хизматларининг дасти узунлигини намойиш этди, россияпарастларга, урушни қўллаб-қувватловчиларга ва умуман Россия ҳарбийларига жиддий руҳий босим бўлди.

Украинага босқин: 229-кун | Ракета ҳужумлари. Киев учун таҳликали тун
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:24 0:00

– Бизнинг Украина Хавфсизлик хизматидаги манбаларимиз буни айнан “бизнинг ишимиз” дейишмоқда, гарчи Киев расман тасдиқламаган бўлса-да. Украинада “Россия 10 октябрдаги каби зарбалар беришда давом этса, ракета захираларини тезда битиради”, деган фикр бор. Бунга нима дейсиз?

– Йўқ. Баҳорнинг охирларидан Россия “Калибр” ва бошқа русумли олисдан урадиган қиммат ракеталарини қўллашни камайтиришни бошлаган эди. Орадан кўп ўтмай Киевга чет давлатлар элчихоналари бирин-кетин қайтди, чунки бунақа ракеталар Киевга ва фронтдан узоқ бошқа шаҳарларга кам учиб келаётганини кўришди. Ўшанда биз “Россия бунақа ракеталардан катта қисмини сарфлаб, фавқулодда ҳолатлар учун “дахлсиз захира” қолдирди, шекилли”, деган мазмунда изоҳ берган эдик. Ўша фавқулодда ҳол келди – Қрим кўприги портлади – ва захирадан яна бир қисмини ишлатиб, “кўз қўрқитиш акцияси” ўтказишга қарор қилишди. Табиийки, бу ҳужумлар давомли бўлмайди, “Калибр”, “Х-101” ва бошқа узоқдан урар ракеталар билан ялпи зарбалар шу билан Россиянинг навбатдаги жиддий мағлубияти, масалан, Херсон бой берилишидан сўнг такрорланса керак.

Ўйлашимча, Россияда бунақа ракеталарни ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамон мавжуд, лекин ҳарбий саноат қуввати ҳар куни шунақа кўламда зарба беришни таъминлай олмайди. Шу сабабли ракеталарни аяброқ ишлатишяпти.

– Яна бир муҳим савол: Россия ва Беларусь минтақавий қўшинлар гуруҳини жойлаштиришга келишди. Сизнингча, белоруслар урушга кирадими?

– Биз бунақа бўлишини кутмаяпмиз, бунинг бирон аломати кўринмаяпти. Беларусь армияси, ҳатто тўлиқ таркибда фронтга ташланган тақдирда ҳам бунақа кенг кўламли уруш учун урвоқ ҳам бўлмаслигини Шойгу ҳам, Путин ҳам тушунади. Бинобарин, Беларуснинг урушга қўшилишидан маъно йўқ, боз устига бу Александр Лукашенко режимига катта сиёсий хатар туғдирган бўлур эди. Унинг ўзи ҳам, фаҳмлаган бўлсангиз, қачонлардан бери тайсаллайди.

Менимча, бунақа баёнотлар – Москванинг Ғарб баёнотларига жавоб реакцияси. Чунончи, яқинда АҚШ президентининг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон Владимир Путин ядро қуролини ишга солгудек бўлса, ўзи ҳам қонуний ҳарбий нишонга айланади, деди. Шундан сўнг Песков чиқиб “Владимир Путин хавфсизликда, барча чоралар кўрилмоқда” деган мазмунда изоҳ беришга мажбур бўлди.

Хуллас, “минтақавий қўшинлар гуруҳи”ни жойлаштириш – Россиянинг кўзбўямачилиги. Шу кунларда Россиядан Беларусга эшелонлар, поездлар келаётгани ҳақида хабарлар чиқяпти. Видеоларда кўряпмизки, айрим эшелонларда Россия аскарларига тўла юк вагонлари бор. Биз бу поездлар аслида Беларусь омборларида сақланаётган танклар ва замбаракларни олиб кетиш учун келаётганини аниқладик. Техникалар захирадан олиниб, Белгород вилоятига олиб кетилмоқда, чунки Россиянинг ўз қурол-аслаҳалари тугаб боряпти.

– Россия армиясининг ўзи Беларусь ҳудудидан ҳужумга ўтса-чи?

– Бизнингча, Киев ва Чернигов йўналишларида ҳужумга ўтишга кучлари етмайди. Буни Россия армияси ҳам жуда яхши тушуниб олган. Сафарбарлик доирасида чақирилган аскарлар билан Луганск вилоятини қўлда тутиб қолишса ҳам катта гап. Кўряпсиз, Украина қўшинлари муттасил олға силжияпти, Лимандан кейин, мана, Сватовони секин-аста қуршовга олишмоқда, тез орада бу шаҳар ҳам озод этилади. Шундай экан, шарқий фронт сочилиб ётган пайтда Беларусь тарафдан бошқа фронт очилишини кутманг. Лоақал, сафарбар қилинганлардан 200 минг кишилик сифатли қўшин ташкил қилмагунча бу ишнинг иложи йўқ.

– Украинадаги Россия қўшинларига янги қўмондон тайинланди – Сергей Суровикин. 10 октябрдаги ялпи зарбаларда у қанчалик рол ўйнади? Россиянинг тактикаси ўзгарадими?

– Генерал Суровикин тинч аҳоли ҳаётини сариқ чақага олмаслигини бир марта кўрсатиб қўйган. Ёдингизда бўлса, 1991 йил августда август путчи чоғида Москвада намойишчиларни танкларбилан бостирган батальонга у командирлик қилган эди. Эҳтимол, ўша “хизмат”ларини эслаб бу лавозимга қўйишгандир. Чунки ҳокимиятга содиқлиги устига ҳар қанча қон тўкишдан тап тортмайдиган кимсалар кам бўлади. Айни чоғда биз унинг раҳбарлигида Россия армияси ҳарбий, тактик ва бошқарув жиҳатидан ўсади, деган фикрдан йироқмиз.

Украинага босқин: 227-кун | Қрим кўпригида портлаш, юк поезди аланга ичида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:40 0:00

Умуман, Россия армиясида бунақа йирик кўламдаги уруш тажрибаси эса битта ҳам қўмондон йўқ. Кўпчилик Сурия урушини эслатиб, Суровикин у ерда “қассоб” лақабини олганини айтади. Бироқ Сурияда бўлган ҳарбий амалиётлар билан Украина уруши ўртасида еру осмон қадар фарқ бор. Суриядаги тажриба бу ерда иш бермайди. Қолаверса, Суровикин ҳар гал қўшинларни моҳирона бошқаргани учун эмас, балки содиқлиги туфайли кўтарилганини назардан қочирмайлик. У ҳаво қўшинларида бир кун ҳам хизмат қилмагани ҳолда Россия Ҳаво-космик кучлари бош қўмондони этиб тайинланганиёқ кўп нарсани англатиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG