Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:47

"Ўлимга ҳукм этилган маҳкумдек". Мобилизациядан Ўзбекистонга қочган россиялик ҳикояси


Forbes нашрига кўра, қисман мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан кейин ўтган икки ҳафта ичида Россияни 700 мингга яқин одам тарк этган. Грузия-Россия чегараси, 27 сентябрь, 2022
Forbes нашрига кўра, қисман мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан кейин ўтган икки ҳафта ичида Россияни 700 мингга яқин одам тарк этган. Грузия-Россия чегараси, 27 сентябрь, 2022

Аксар россияликлар сингари 29 яшар Николайнинг (исми ўзгартирилган-таҳр.) Ўзбекистон пойтахти ҳақидаги тасаввури ҳам “Тошкент-нон шаҳри” фильми билан чекланган эди. Аммо у фильм қаҳрамонлари каби урушдан қочиб Тошкентга келиб қолиши ҳақида ўйламаган.

Хавфсизлик сабаблари боис ҳақиқий исми ошкор этилишини хоҳламаган қаҳрамонимиз президент Путиннинг 21 сентябрь кунги қисман мобилизация ҳақидаги эълони ортидан Ўзбекистонга қочиб келган минглаб россияликлардан бири. Уларнинг ҳақиқий сонини ҳеч ким билмайди. Қочаётган россияликларни нима деб аташни ҳам…

Николай мобилизациядан қочган ўн минглаб россияликлардан бири.
Николай мобилизациядан қочган ўн минглаб россияликлардан бири.

Ўзбекистонга Қирғизистон орқали кириб келганини айтган россиялик блогер ва фотограф ўзини "ярим релокант" деб атайди.

-Мени ярим релокант дейиш мумкин. Чунки эртами-кечми, Россияда мобилизация ҳар биримизга тааллуқли бўлиши мумкин. Россияда 21 сентябрдан бошлаб ўзимни ўлимга ҳукм қилинган маҳкумдек, ортимдан ҳар он келишлари мумкиндек ҳис қила бошладим. Бу бироз ноқулайлик берарди. Бироз деганим, албатта, бир неча бор камайтириб айтганим. Бу кўчадаги юришда ҳадик, уйда ўтирганингда кимдир қўнғироқ қилишидан, эшик тақиллашидан чўчиш. Дўстларим уйимга келишидан олдин уларга хабар ёзиб, ҳақиқатан улар келганини аниқлаб, кейин эшикни очардим,- дея эслайди сўнгги ҳафталарда Россияда кечган ҳаётини Николай.

Россия расмийлари, масалан, Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин назарида ҳарбий сафарбарликдан қочаётганлар "хоинлардир".

"Бугун кўпчилик мамлакатдан қанча одам чиқиб кетганини муҳокама қилмоқда. Қозоғистон, Грузия, Монголия ва бошқа давлатларга. Улар ташлаб кетган ватанда уларнинг ота-оналари, бобо-бувилари ва яқинлари қолган. Уларнинг қилмиши- мамлакатга нисбатан хоинлик. Келажакда кўпчилиги бундан афсусланади. Россияга қайтгандан кейин хатоларини тушуниб етадилар, аммо кеч бўлади", деб ёзди Володин ўзининг Телеграм-каналида.

Аммо мобилизациядан қочаётганларни танқид қилаётганлар фақат Кремлдаги мулозимларгина эмас.

-Мени танишларим ва хатто нотаниш одамлар Россияни тарк этиш қарорим учун танқид қилишди. Бу менинг танловим ва мени танқид қилганларни тушунмайман,- дейди Озодлик суҳбатдоши Николай.

Николайнинг айтишича, Путиннинг мобилизацияси кўплаб россияликларнинг нафақат ҳаёти, балки, Россиянинг Украинага босқини борасидаги қарашларини ҳам ўзгартирган:

-Бу масалада икки хил вазият, чунки кимдир қўллаб-қувватлайди, кимдир қарши. Аммо қўллаб-қувватловчилар ҳам повесткани қўлига олганидан сўнг муносабатини ўзгартирди. Нима учун мен урушга боришим керак, қани бизнинг армиямиз, нега улар урушмайди, Россия президентининг оддий одамлар урушмаслиги, фақат ҳарбийлар ва кўнгиллилар ҳақидаги ваъдалари қаерда қолди? Буларнинг бари йўққа чиқди, аслида шунинг учун одамлар ҳозир тушкунликка тушган,- дейди у.

Николайнинг ўзи Путиннинг Украинага босқинини қоралашини айтади.

- Албатта кўпчилик қоралайди, мен ҳам шу жумладан. Россияда бу ҳақда айтиш, ёзиш мумкин, сени излаб ортингдан келмагунларича. Бизни кўпчилик қоралайди. Шахсан мен бундай бўлишига охиригача ишонмаган эдим. Қандайдир муросага келишар, деб ўйлагандим, муроса бўлмади ва бўлар иш бўлди, - дейди Николай.

Россияликларнинг Ўзбекистонга оқими, хусусан, пойтахт Тошкентда ижара нархларининг сезиларли даражада кўтарилишига сабаб бўлган. Мобилизация эълонидан кейинги илк кунларда Тошкент меҳмонхоналарида бўш жой қолмагани айтилди.


Менимча, энг ёмони, бизнинг эски касаллигимиз, байрам пайти ҳам, мотам пайти ҳам, уруш пайти ҳам, хуллас, ҳамма вақт соққа қилиб қолишни ўйлаймиз. Ижарага қўювчилар квартирада олдиндан яшаб келаётган ўз фуқароларимизни ҳайдаб чиқариб, ўрнига кўпроқ пул бераётганларни жойлаштиришяпти. Ана шунақа. Биз одам бўлмаймиз... Номинг ўчсин, уруш!”, деб ёзди "Қорахитой" Телеграм канали.

Ўзбекистон пойтахтида ижара нархлари нисбатан арзон деб ўйлаган россияликларнинг ҳам нарх-наво ҳақидаги фикрлари аллақачон ўзгарган.

-Одам кўп келяпти, аксар квартиралар ижарага бериб бўлинган, шахсан ўзим ойига минг доллар тўлайдиган квартирани ижарага олдим, бундан ташқари, риэлтор хизматига тўладим. Қиммат, аммо наилож,- дейди Николай.

Николай ватанидан узоқ вақт айро қолмоқчи эмас. У вазият ўнгланади ва тез орада Россияга қайтаман, деб умид қилаётганини айтади. Бунинг учун қамоқни ҳам кўзга олган. Унинг фикрича, қамоқ мақсадсиз урушда ўлгандан афзал…

-Россияга қайтишни хоҳлайман ва бироз вазият аниқ бўлгандан сўнг эртанги кунгача яшай олишимни тушунсам, қайтишга ҳаракат қиламан. Қамоққа тиқсалар майли, асосийси фронтга бўлмаса бўлди, мақсадсиз ўлгандан кўра, турмада ўлган афзалроқ. Янги ҳудудлар нима учун керак? Бизнинг аксарият аҳолимиз хозиргача хожат учун ҳовлидаги ёғоч хожатхонага чиқади, биз эса янги ҳудудларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Биз ўзимизда борини ривожлантиришимиз, яхшилашимиз, кўпайтиришимиз керак, -дейди Николай.

Ўзбек муҳожири: Урушга боришдан кўра баклажка териб юрганим яхши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:53 0:00

Forbes нашрининг Россия президенти администрациядаги манбага таяниб ёзишича, қисман мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан кейин ўтган икки ҳафта ичида Россияни 700 мингга яқин одам тарк этган.

Аввалроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мобилизация эълони ортидан мамлакатга 200 мингдан зиёд россиялик кириб келгани, улардан 147 минги Қозоғистондан чиқиб кетишга ҳам улгурганини маълум қилган эди. Бу россияликларнинг бир қисми Ўзбекистонга ўтгани айтилади.

Ўзбекистон расмийлари мобилизациядан қочаётган россияликлар, агар қидирувга берилган бўлмаса, ватанига депортация қилинмаслигини айтишган. Аммо мобилизациядан қочган қанча россиялик Ўзбекистонда вақтинча паноҳ топгани борасида расмий маълумот йўқ. Ўзбекистон билан қариндошлик ёки бошқа ришталари бўлган айрим россияликлар эса, Ўзбекистон паспортини олиш ҳаракатига тушгани айтилмоқда.

Айни пайтда мобилизациядан қочаётган россияликлар ташкил қилган Телеграм-каналларга аъзо бўлаётганлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Энг оммабоп каналлардан бири 'Релокейшн в Узбекистане" каналида 10 октябрь ҳолатига 25 мингдан ортиқ обуначи бор. Буларнинг катта қисмини Ўзбекистонга келганлар ва келиш истагида бўлган россияликлар, қолганини эса уларга ёрдам бериш истагида бўлган ўзбекистонлик кўнгиллилар ташкил этади.

Мобилизация. Миналар майдонига олиб борувчи йўл
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:24 0:00

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган 8 ойида мамлакатга 316 минг россиялик ташриф буюрган.

Уларнинг ҳаммаси сайёҳ сифатида қайд этилган. Бу рақам ўзини сайёҳ ёки релокант деб атаётган мобилизациядан қочаётган россияликларни ўз ичига оладими, йўқми, бу борада бирон расмий изоҳ берилгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG