Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:31

“Астана – Нур-Султон – Астана”. Қозоғистон пойтахтини қайта номлаш ташаббуси ортида нима бор?


Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон сиёсий ҳаётини Назарбоевдан буткул “тозалаш”га киришди. Бу муддатидан олдин ўтказилажак президент сайловида унга қўшимча “очко” олиб бериши мумкин.

Пойтахт Астана шаҳрининг “Нур-Султон” дея қайта номланиши мамлакатда авторитар лидер Нурсултон Назарбоев шахсига сиғинишнинг чўққиси бўлган эди. Бироқ кўплаб қозоғистонликлар ном ўзгаришини бироз бошқача – чек-чегарасиз хушомадгўйлик деб тушунишди.

Бошкентга уни ўз таъбича лойиҳалаган автократ исми берилганидан уч ярим йил ўтиб, кузга белгиланган президент сайловига довур бу ном, катта эҳтимол билан, яна ўзгаради.

Пойтахтни қайта номлаш ҳақидаги қарорга эса, турган гапки, Қасим-Жомарт Тоқаев имзо чекади ва бу 82 яшар собиқ президентнинг обрўсини бир пул қилиши мумкин, зеро айнан Тоқаев 2019 йил мартида Назарбоев ўрнига президент лавозимига ўтираркан, салафининг номини “абадийлаштириш” таклифи билан чиққан эди.

Аммо у пайтлар вазият тамом бошқа эди.

Тоқаев валинеъмати дафъатан истеъфо берганидан сўнг давлат раҳбари лавозимига киришар экан, Назарбоев уни парламентнинг муҳташам залида ҳаммадан юқорида ўтирганча кузатган эди.

Тоқаевнинг Назарбоев ҳақидаги фикри, гарчи у президент лавозимидан кетган бўлса-да, “стратегик қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда устувор аҳамият” касб этиши ҳақидаги ваъдаси янада рамзий бўлган.

Назарбоев энг муҳим мақомини сақлаб қолди, унинг кўпдан-кўп туғишгану тутинган қариндошлари ва яқинлари эса баланд мартабаларга минишди, бу эса Тоқаевнинг манёвр майдонини анчагина торайтирарди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Нурсултон Назарбоев. 2019 йил 16 май
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Нурсултон Назарбоев. 2019 йил 16 май

Янги тартибдан норозилик билдирган барчага куч билан жавоб берилди, кўчага чиққанларни дарҳол тутиб кетишди.

Расман бошкент номини ўзгартириш ташаббуси Назарбоевнинг расмий сиёсатдан кетишига олиб келган қонли Январь воқеаларидан сўнг Тоқаев ислоҳотларини кўтаринки руҳ билан қабул қилган “Жана Қазақстан” (“Янги Қозоғистон”) фракциясига тегишли.

“Инсон тириклигида унинг исмини шаҳарга қўйиш нотўғри деб ҳисоблайман. Қолаверса, халқ ҳам пойтахтнинг янги номини тан олмади. Шундай экан, пойтахтга эски номи қайтарилса тарихий адолат бўлур эди”, деди депутат Эдил Жанбиршин 2 сентябрь куни шаҳар номини ўзгартириш таклифини тақдим этаркан.

Таклиф энди парламентнинг қуйи палатасида – амалда ҳукумат лойиҳаларини расман тасдиқлаб берадиган орган бўлиб қолган Мажлисда кўриб чиқилиши кутилмоқда. Тоқаевнинг ўзи мазкур ташаббус юзасидан изоҳ берганича йўқ.

“Буниси ортиқча”

Нур-Султон деган ном аҳоли орасида оммалашмагани рост, бу хусусда баҳслашиш қийин.

Машҳур блогер Ринат Балгабаев 3 сентябрь куни Facebook’даги саҳифасида пойтахтнинг Нур-Султон деб қайта номланиши “халқ юзига тупуриш билан баробар” бўлгани ва “ҳатто шу пайтгача сиёсатдан йироқ бўлган одамларни ҳам жунбушга келтирган”и ҳақида ёзди.

Буни Тоқаев пойтахт номи ўзгартирилганини эълон қилган куни Озодликнинг қозоқ хизмати Нур-Султон кўчаларида ўтказган сўров ҳам тасдиқлайди.

“Очиғини айтганда, мен буни ёқламайман. Жуда ошириб юборишди. Астана деган номга тилимиз ўрганган”, деб жавоб берганди бир аёл.

Пойтахтда яқинда ўтказилган сўровлар эса шаҳарга эски номини қайтариш тарафдорлари кўпчилик эканини кўрсатди.

Сўралганлардан бири камида 238 кишининг ёстиғини қуритган Январь воқеаларини назарда тутди, шекилли, “Назарбоев ёмонлик билан кетди”, деди. Йил бошида собиқ президент ҳокимиятига барҳам беришни талаб қилиб минглаб одамлар кўчаларга чиқишган эди, бу намойишлар зўравонлик ва қон тўкилиши билан якун топди.

“Унинг юзи қора бўлган”, қўшимча қилади йигит.

Сўровда қатнашган бир аёл Астана номи афзаллигини, айни чоғда пойтахтни қайта номлаш билан боғлиқ катта сарф-харажатлардан ташвиш чекаётганини айтди.

Ҳукумат пойтахт номини Нур-Султонга ўзгартириш учун бюджетдан қанча маблағ харжланганини ҳеч қачон очиқламаган. Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров 3 сентябрь куни журналистлар билан мулоқотда пойтахтни қайта номлаш қанчага тушишини ҳатто чамалай олмаслигини айтди. “Бу таклиф кечагина тушди-ку”, деди Қуантиров.

Сиёсат ном қўйган шаҳар

1997 йилда Қозоғистон пойтахти этиб белгиланган ушбу чўл бағридаги шаҳар номи ҳар доим “юқори”да ва сиёсий конъюнктурадан келиб чиқиб танланган.

Россия империяси даврида у Ақмола (“Оқ қабр”) қишлоғи эди, сўнгра русча қўшимча олиб Акмолинск бўлди.

Қозоғистон мустақил бўлгач, уни яна Ақмола деб атай бошладилар, лекин ўшангача 30 йил давомида, яъни 1961 йилдан бошлаб шаҳарча Целиноград ўлароқ танилган. Бу номни бош котиб қўриқ ерларни ўзлаштириш кампаниясига ишора сифатида қўйган (“целина” – қўриқ ер дегани).

Қор босган Нур-Султон
Қор босган Нур-Султон

1994 йилда Назарбоев пойтахтни мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлмиш Олмаотадан қарийб минг чақирим шимолда жойлашган Ақмолага кўчириш режасини эълон қилганида шаҳар номи яна ўзгариши маълум бўлди.

Назарбоев мадҳ қилинган “Лидернинг йўли: Астана” номли фильмда бош қаҳрамон гўё халқнинг шаҳарга унинг номи берилишига хоҳиш билдирмагандек таассурот уйғотади.

“Ҳамма шуни муҳокама қиляпти. Сизга эҳтиром сифатида шаҳарга исмингизни бериш таклифи бор”, дейди Назарбоевнинг сафдоши ва 1997-2003 йилларда пойтахт акими бўлиб ишлаган Адилбек Жаксибеков ролидаги актёр.

“Раҳмат. Аммо менда бошқа фикр бор, – эътироз билдиради Назарбоевни ўйнаётган Мурат Ахманов. – Парвоз чоғида менда бир фикр туғилди. Балки Астана деб номлармиз?”

Янги пойтахт Астана деб аталган пайтлардаёқ донишманд ва даҳо сиёсатчи ўлароқ таърифланадиган Назарбоев шахсига сиғиниш мафкурасида муҳим унсур вазифасини ўтаган.

Шаҳарни юксакдан томоша қилиш учун Байтерек минораси тепасига кўтарилган ташрифчиларга Назарбоев кафтининг олтин нусхасига қўл теккизишни таклиф қиладилар.

Назарбоев коммунистик партияда карьера қилишидан олдин металлург бўлиб ишлаган Темиртау шаҳридаги музейда унга бағишланган катта бир сурат бор. Унда Назарбоевнинг гўё машаққатли индустриал ўтмишдан (яъни, Темиртаудан) – шонли постиндустриал келажак (яъни, Астана) томон шахдам одимлаётгани гавдалантирилган.

“Шаҳарга Назарбоев номини бериш қарори “Элбоши”нинг атрофидагилар унинг кўнглини олишда бир-бирлари билан мусобақага киришиб кетганини кўрсатган эди”, дейди Озодлик билан суҳбатда қозоғистонлик сиёсий шарҳловчи ва ҳуқуқбон Сергей Дуванов.

Унинг айтишича, ўшанда қозоқ мулозимлари ўз ҳаракатларини АҚШда Жорж Вашингтон тириклигидаёқ пойтахтга унинг номи берилгани билан оқлашга уринганлар, бироқ мазкур изоҳ кенг жамоатчилик томонидан қабул қилинмаган.

“Вашингтоннинг кўп буюк ишлари бор. Назарбоев эса, менимча, мамлакатни оғир аҳволга солди”, қўшимча қилади Дуванов.

30 йил иқтидорда бўлган Назарбоев бир пайтлар ростдан ҳам халқнинг ҳурматини қозонган эди.

Бироқ Назарбоев ва унинг сон-саноқсиз ақраболари улкан бойлик орттириши манзарасида тобора авж олган иқтисодий муаммолар бу ҳурматни йўққа чиқарди.

2011 йили Жанаўзенда намойишга чиққан нефтчилар отиб ташланиши аҳолининг Назарбоевга муносабатида ҳал қилувчи нуқта бўлди.

Жорий йил бошида яна шу шаҳарда қўзғалган оммавий норозилик эса Назарбоевнинг расмий сиёсий карьераси якунига етганидан дарак берди.

Норозилик бутун мамлакатни қамраб олгунига қадар Тоқаев салафининг сояси деб ҳисобланарди, зеро Назарбоев Хавфсизлик кенгашининг “умрбод” раиси ва иқтидордаги партия раҳбари, қолаверса, Конституцияда мустаҳкамланган “элбоши” мақоми соҳиби эди.

Олмаота ва бошқа шаҳарларда намойишлар – қуролли тўқнашувлар ва талончиликка уланиб кетганида ҳам Назарбоев халқ олдига чиқмади.

5 январда Тоқаев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини Назарбоевдан олганини билдирди.

Собиқ давлат раҳбарининг яқинлари билан амалдаги президент тарафдорлари ўртасида ҳокимият учун кураш бораётгани ҳақидаги миш-мишлар, гарчи тасдиқланмаган бўлса-да, тамомила асосли эди.

18 январ куни интернетда ёйинланган видеода Назарбоев барча лавозимлардан бўшаганини ва Тоқаевни дастаклаяжагини эълон қилди. Кейинроқ эса у Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдумда овоз беришини маълум қилди – ўзгартишларда биринчи президентнинг Асосий қонунда кўрсатилган имтиёзларини бекор қилиш ҳам назарда тутилган эди.

Январь воқеаларида Тоқаев Қозоғистоннинг иттифоқчиси – Россиядан мадад олди. Тартибсизликлар манзарасида Москва мамлакатга ўз назоратидаги КХШТнинг ҳарбий контингентини юборди.

Тоқаев КХШТдан ёрдам сўрагани учун танқидга учради, бироқ, Қозоғистон кучишлатар ходимлари одамларни фарқламасдан отгани, ўзбошимчалик билан қўлга олгани ва маҳбусларни қийноққа солгани исбот этилган бўлса-да, бу ёрдам Тоқаев ҳокимиятини мустаҳкамлашга хизмат қилганига шубҳа йўқ.

Кейинроқ Назарбоевнинг энг яқин кишиларидан бири, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Карим Масимов давлатга хиёнат ва давлат тўнтаришига уринишда гумон қилиниб, қўлга олинди. Нуфузли собиқ президент хонадонининг бир неча аъзоси терговга тортилган: улар талон-торож ва рейдерликда айбланмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида Назарбоевни ҳамду санога кўмиб ташлаган давлат ОАВлари бугун уни онда-сонда эслайди.

Сиёсатшунос Ақбўта Қарибаевага кўра, январь инқирози “ички ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг нақадар муҳимлигини ва халқ ўз овозини эшиттириш учун кўчага чиқишга тайёрлигини кўрсатган”.

“Тоқаев маъмурияти шуни тушунмоғи керакки, халққа чинакам, ишончга лойиқ ислоҳотлар зарур”, дейди у. Сиёсатчи Тоқаев эълон қилган муддатидан аввалги сайловни мухолифат шаклланиб олгунича ўз ҳокимиятини мустакамлашга уриниш, деб атайди.

Буларнинг барини ҳисобга олсак, биринчи президентдан янада масофаланиш учун Тоқаевда кучли стимул мавжуд.

Бироқ бир пайтлар ўз ташаббуси билан номи ўзгартирилган пойтахтга эски номини қайтариш билан боғлиқ ҳижолатпазлик нима бўлади?

Энди бу – бош вазир ўринбосари Роман Скляр ва бошқа мулозимларнинг муаммоси.

Ҳукумат мажлисидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар бурчакка тиқиб қўйган бош вазир Скляр Озодликнинг “Жана Қазақстан” фракциясидан чиққан ушбу ташаббус Тоқаевнинг 2019 йилдаги таклифи хато бўлганини кўрсатадими?” деган саволига жавоб бера олмади.

У: “Келинглар, пича сабр қилайлик. Бир оз вақт ўтсин, жамиятнинг бунга муносабатини кўрайлик”, дея олди холос.

Форум

XS
SM
MD
LG