Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:43

ШҲТ давлат лидерлари Самарқандда йиғилди

Ўзбекистонда 15−16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига ҳозирлик кўрилмоқда.

ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон аъзо давлатдир. Афғонистон, Монголия ва Беларусь ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Бу саммит доирасида қатор кўп томонлама ва икки томонлама учрашувлар белгиланган. Бу учрашувларда ШҲТ ҳудудидаги давлатлар ўртасида иқтисодий, молиявий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтиришни кўзловчи битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Аммо бу ерда асосий хавотир - Украинага босқини ортидан мислсиз санкциялар остида қолган Россия банклари ва молиявий институтлари билан ҳамкорлик ҳамда бунинг ортидан Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонга иккиламчи санкциялар қўлланиши эҳтимолидир.

Самарқанддаги ШҲТ саммитига тайёргарлик тўрт йил олдин бошланган.

Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси ташкил этилган ва вилоят ҳокимлигига 5 йилга 2 фоизлик 25 млн АҚШ долларига тенг эквивалентдаги кредит ҳам берилган эди.

Ўзбекистон 2016 йилда ҳам Шанхай Ҳамкорлик Саммитига мезбонлик қилган.

Путин келишига тайёргарлик

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанддаги ўтадиган саммитида аъзо давлатлар - Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этиши кутилади.

Ҳиндистон ва Хитой раҳбарларининг саммитда иштирок этиши тасдиқланган, аммо Путиннинг келиши ҳақида ҳозирча на Кремль ва на ўзбек томони бирон расмий хабар бергани йўқ.

Бироқ сўнгги ҳафталарда президент Мирзиёев ҳамда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Путин билан телефон мулоқотларида Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммити кун тартиби муҳокама қилинган.

Маҳаллий фаоллар ва кузатувчилар Самарқанддаги фавқулодда хавфсизлик чораларини Украинадаги уруш бошланган илк ойларда "бункерга яширингани" айтилган ва сўнгги ойларда узоқ хорижий сафарлардан тийилаётган Путиннинг хавфсизлик хавотирлари билан боғлиқ эканини тахмин қилишмоқда.

Бу Россия раҳбарининг Украинага уруш бошланганидан буён постсовет давлатларига учинчи сафари бўлади.

Февраль ойидан сўнг Путин илк бор июнь ойида Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилганди.

ШҲТ саммити сабабли Самарқандга кириш ва ҳаракатланиш чекланади

Самарқанд Ички ишлар бошқармаси 14 сентябрдан 17 сентябргача шаҳарга кириш чекланишини билдирди ва Самарқандга келишни режалаштирганларга ўз ташрифларини бошқа кунга кўчиришни тавсия қилди.

Расман билдирилишича, бундай чора Самарқандда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан қўлланилмоқда.

Бундан ташқари шаҳардаги 16 та кўча ҳаракатланиш учун, жумладан, автомашиналар учун ҳам ёпилади. Бу кўчаларда истисно тариқасида фақат тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига ҳаракатланиш учун рухсат берилади. Транзит автомобиллар учун айланма йўллар ташкил этилади.

Саммит олдидан блогерлар огоҳлантирилмоқда

ШҲТ саммити арафасида маҳаллий блогерларга “салбий” ҳолатлар ҳақида ёзмай туриш тайинланган.

Самарқандлик блогер Темур Саттаров бу ҳақда Facebook саҳифасида ёзди.

“Бу тадбирлар давомида ҳеч қандай салбий нарсаларни нашр этмасликни "сўрашди". Мен тузумга қарши чиқмайман. У ҳали ҳам бор, мен оилам учун қурбон бўлмайман”, - деб ёзди блогер.

Аммо Темур Саттаров топшириқ қайси идорадан бўлганини очиқламаган.

Самарқандлик бошқа бир блогер Фарруҳ Самарқандий ҳам блогерларга босим бўлаётгани ҳақида гапиради.

“Менга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ, лекин Интернетга чиқиб ҳар- хил бўлмағур нарсаларни ёзманглар, деган нарсалар бўляпти. Ҳар-хил негатив чиқарманглар Интернетга, мана шу гаплар қайсидир ташкилотлар томонидан айтилаётганини Телеграм гуруҳларда, ўзимизни гуруҳлар бор, ўша ерда ёзишяпти. Кўплар ёзяпти, лекин шахсан ўзимга айтилгани йўқ”, - дейди Самарқандий.

Самарқанддаги бинолар фасади безалмоқда

ШҲТ саммити арафасида Самарқандда биноларнинг ташқи кўриниши қайта реконструкция қилинмоқда.

Озодлик манбасининг айтишича, шаҳар марказидаги уйлар фасади пенопластдан ясалган декоратив безаклар билан бир хил қопланмоқда.

Самарқандда катта тадбир арафасида олиб борилаётган қурилиш ишларига қўшни вилоятлардан ишчилар ҳам сафарбар этилган.

“Мардикорларга тўланадиган кунлик иш ҳақи икки баравар ошиб, 200 минг сўмга етди. Ҳаммасига ишларни 11 сентябргача тугатиб, шаҳардан чиқиб кетиш буюрилган. Шунингдек, қўшни вилоятлардан гул экувчи аёллар ҳам олиб келинган. Аэропортдан шаҳар марказигача йўл четига гуллар экилмоқда. Гул экувчиларга 130 минг сўмдан шу ерни ўзида беряпти”, - дейди самарқандлик блогер Гулшода.

2019 йилда ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш ва янги қурилишларни амалга ошириш учун 25 миллион доллар ажратилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG