Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Пул ва пропаганда. Хитой Қирғизистон медиамаконида ўз таъсирини кучайтирмоқда


Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Дэвэнь (чапдан иккинчи) Қирғизистон жамоатчилик ТРКси таҳририятида, 2022 йил 24 августи
Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Дэвэнь (чапдан иккинчи) Қирғизистон жамоатчилик ТРКси таҳририятида, 2022 йил 24 августи

Хитой Қирғизистон ахборот маконига таъсир ўтказишга ва ўзи учун муҳим бўлган сиёсий масалалар маҳаллий матбуотда ёритилишини таъминлашга интилмоқда. ЕХҲТнинг Бишкекдаги академияси тадқиқотида шу ҳақда сўз боради.

“Хитой ўз давлат оммавий ахборот воситаларининг Қирғизистондаги фаолиятини кенгайтириш, ахборот ландшафтини яратиш ниятида маҳаллий ширкатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали етарлича молияланмаган медиа соҳасига катта маблағ тикяпти”, дейилган ҳисоботда.

Хитойнинг Қирғизистон медиабозорига кириб келишига доир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Бишкекдаги академияси 25 августда эълон қилган тадқиқот – Хитой ижобий суратда ёритилишини таъминлаш, АҚШ ва Ғарб ҳақида салбий риторика тарқатиш, шунингдек Хитойнинг Марказий Осиёдаги манфаатлари хусусидаги материаллар, жумладан Шинжон вилоятида уйғур ва бошқа туб аҳоли вакили бўлмиш мусулмонлар учун ташкил қилинган лагерлар билан боғлиқ хавотирлар кенг ёйилишининг олдини олиш мақсадида Хитой давлат субъектлари томонидан қўлланадиган тактикани ўрганишга бағишланган кўп йиллик лойиҳанинг бир қисмидир.

ЕХҲТнинг Бишкекдаги академияси тадқиқотчиси Нива Яу
ЕХҲТнинг Бишкекдаги академияси тадқиқотчиси Нива Яу

“Муаммо шундаки, ҳамма нарсани пул ҳал қилади, чунки Қирғизистон медиа соҳасининг молиявий аҳволи ёмон, – деди Озодлик қирғиз хизмати билан суҳбатда ЕХҲТ академияси катта илмий ходими ва ҳисобот муаллифи Нива Яу. – Хитой ўзи ҳақида салбий хабарлар тарқалишининг олдини олиш ва ахборот маконини ижобий мазмунли материалларга тўлдириш имкониятларини назорат қилиш учун катта маблағ сарфлай олади”.

Тадқиқотчи Хитойнинг Қирғизистон ахборот маконига таъсир ўтказиш стратегияларини ҳужжатлаштирган. Улар орасида энг кенг қўлланадигани – қирғиз ОАВларида пул эвазига материаллар чиқартириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва Хитой ОАВлари мамлакат ҳаётига чуқурроқ кириб боришига эришиш учун маблағ ажратиш, шунингдек хитойпараст риторикасини ёйишда ижтимоий тармоқлар ва интернет-блогерлардан фойдаланишдир.

Бундан ташқари, ҳисоботда қайд этилишича, Бишкекдаги Хитой элчихонаси журналистлар учун бепул сафарлар ташкил қилиш, уларга маблағ ва маслаҳат таклиф этиш билан мамлакатдаги ахборот контентини бошқаришда муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу рағбатлантириш чоралари сўров чоғида ижобий хабарларни кўпайтириш ва салбий мазмундаги материалларни чиқартирмаслик омиллари сифатида маҳаллий журналистлар томонидан тилга олинган.

“Бу ҳали унча тушунарли бўлмаган ва қоронғи жабҳа, – дейди Яу. – Хитойликлар бу ишда ҳали анчагина ғўр, лекин улар ривожланиш ва мослашишда давом этишмоқда, айниқса ижтимоий тармоқларда”.

Узоқ муддатли истиқбол

Пекин сўнгги ўнйилликда Марказий Осиёга стратегик устуворлик бериб, маҳаллий элита ва ҳарбийлар билан қалин алоқалар ўрнатиш, шунингдек ўзининг “Бир макон – бир йўл” деб номланмиш оламшумул лойиҳаси доирасида катта сармоя олиб кириш ҳисобига минтақада ўз сиёсий-иқтисодий қудратини оширишга интилди.

Бироқ, Нива Яунинг урғулашича, Хитойнинг Марказий Осиё, хусусан Қирғизистондаги манфаатлари ва таъсири бошқа соҳаларга ҳам ўтмоқда; эндиликда хитойликлар жамиятнинг кенгроқ қатламлари билан алоқа боғлашга ҳаракат қилишяпти.

Ахборот макони устидан назорат Хитой ҳукумати ички назоратининг муҳим қисми эди, Пекиннинг халқаро таъсири кенгайгани сайин мазкур амалиёт бошқа мамлакатларга ҳам тарқалди. Хитой раҳбарияти расмий ҳужжатларда ўз мақсадларини очиқ-ойдин баён қилади ва қўшни минтақаларга ўзи учун янги имкониятлар майдони деб қарайди.

ХХР раҳбари Си Цзиньпин (ў) Қирғизистон президенти Садир Жапаров (ч) билан учрашувда, Пекин, 2022 йил феврали
ХХР раҳбари Си Цзиньпин (ў) Қирғизистон президенти Садир Жапаров (ч) билан учрашувда, Пекин, 2022 йил феврали

Хитой 2000-йиллар бошларидан бери қирғиз медиаширкатлари билан турли битимлар тузади. Бу – маҳаллий ОАВларга Хитой матбуоти материалларидан айримларини кўчириб босиш имконини берадиган, уларга Хитой ва жаҳон янгиликларини ёритиш, шунингдек Хитой ҳаёти, технологиялари ва молияси, Хитойга саёҳатлар мавзусида махсус контентлар яратиш бўйича қатъий мажбуриятлар юклайдиган ҳужжатлардир.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2022 йилда эълон қилинган рўйхатга кўра, мамлакатда Хитойнинг давлатга қарашли уч медиаширкати рўйхатдан ўтказилган: Синьхуа, Вэнь Вэй По ҳамда Silk Road Observer. Яна иккитаси – Dolon TV ҳамда Land Bridge Қирғизистонда хусусий медиаширкатлар сифатида фаолият юритади.

Нива Яуга кўра, Хитой ОАВлари стратегиясининг умумий самарадорлигини баҳолаш қийин, аммо у ва ЕХҲТ академияси томонидан ўтказилган дастлабки тадқиқотлар мазкур стратегия Шинжондаги лагерлар бўйича тасаввурларни шакллантиришда муваффақиятли бўлганини кўрсатган.

Яунинг аниқлашича, журналистлар Шинжон вилоятига уюштирилган пресс-тур доирасида асосан вилоятдаги обод қишлоқлар ва қурилиш объектларидан иборат идеал манзарани ёритганлар. Маҳаллий қирғиз ОАВларида чоп этилган бу материаллар, тадқиқотчининг фикрича, аудиторияни чалғитиб, шинжонлик уйғурларнинг ҳуқуқлари бузилаётганига оид бошқа хабарларга нисбатан ишончсизлик уйғотган.

“Шинжондаги вазиятни ёритишнинг ушбу стратегияси икки мақсадни кўзлайди: биринчиси – ОАВ диққатини имкон қадар четга тортиш, иккинчиси аудиторияни чалғитадиган бошқа контент яратиш, чунки бунақа талқин ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатади, – деди Яу. – Менимча, стратегия айнан кейинги ҳолатда кўпроқ самара беради. У жамоатчиликни балки буткул ишонтира олмас, лекин Хитой ҳукуматига қарши айбловларга шубҳа билан қарашга мажбур этади”.

Аралашув ва тўсиқлар

Ҳисоботда Хитойнинг Қирғизистонда нисбатан эркин медиамаконни ўз манфаатлари йўлида қўллаш стратегияси самарадорлиги ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса-да, Яу Хитой маҳаллий аҳолининг кўнглини олишда ҳамон жиддий қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлайди.

“Хитойнинг жаҳон ОАВларига нисбатан ёндашуви ҳали анча хом. Улар шунчаки ўз моделларини бошқа мамлакатларда татбиқ этишади ва кўп ҳолларда ўзларига ишлаётган маҳаллий журналистларга қулоқ солишмайди”, дея қўшимча қилган Яу.

Хитойнинг Қирғизистонда тобора кучайиб бораётган ҳозирлигига қарши Бишкекда ўтказилган норозилик намойишидан лавҳа, 2019 йил январи
Хитойнинг Қирғизистонда тобора кучайиб бораётган ҳозирлигига қарши Бишкекда ўтказилган норозилик намойишидан лавҳа, 2019 йил январи

Тадқиқотчи Хитой делегациясидан маҳаллий аудитория учун ҳамкорликда фильм ишлаш таклифини олган қирғизистонлик продюсер ҳикоясини мисол қилиб келтиради. Фильм Қирғизистонга ишлагани келиб, шу ерлик қизни севиб қолган хитойлик йигит ҳақида бўлиши керак эди. Продюсер жамият буни ҳазм қила олмаслигини ва провокация деб баҳолашини айтади ҳамда мамлакат аҳолиси орасида Хитойга қарши кайфият мавжудлигидан, миллатлараро никоҳлар айрим ҳудудларда синофобия омили бўлаётганидан делегация аъзолари бехабарлигини билиб, ҳайратга тушади.

ХХР Қирғизистонда дуч келаётган яна бир тўсиқ бу маҳаллий журналистларнинг Хитой ташкилотлари ва лойиҳалари билан ишлашга унчалик ҳавасманд эмаслигидир. Яу Хитой ОАВларида ёки улар билан ишлаган ёки ишлаётган баъзи қирғизистонликлар орасида сўров ўтказганини айтади. Уларнинг аксари катта иш ҳақига учганини, аммо пропаганда ва ҳатто дезинформация билан шуғулланаётганини англаганини тан олган.

“Кўп одамларга бунақа иш ёқмайди. Аммо улар прагматик фикр юритишади, чунки бошқа чора йўқ. Бошқа бирон имконият бўлганида улар хитойликлар билан ҳамкорлик қилмаган бўлишарди”, дея хулоса қилган Яу.

Форум

XS
SM
MD
LG