Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Конституция: Гапириш фурсати

📌Озодлик ўзбек зиёлиларининг конституция янгиланиши борасидаги фикрларини сўради.

30 йил ичида 15 марта ўзгарган Ўзбекистон бош қомуси яна ўзгарадиган бўлди. Кутилаётган ўзгаришлар ҳақида илк бор ўтган йил октябрида иккинчи муддат, конституция бўйича охирги муддатга сайланган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи гапирганди.

Конституцияни бот-бот ўзгартириш авторитар режимларга хос кўриниш. Хусусан, Марказий Осиё учун бу янгилик эмас.

Ўзбекистон конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган. Ислом Каримовнинг 23 йиллик ҳукмронлиги даврида бош қомус 7 марта ўзгартирилган бўлса, Шавкат Мирзиёев асосий қонунни янгилашда устозини чангда қолдириб кетди: 6 йил ичида бош қомусни тўққизинчи марта ўзгартириш ҳаракатлари кетмоқда.

Конституциянинг ўзгариш тарихи:

Ислом Каримов даврида

1. 1993 йил 28 декабрь
2. 2003 йил 24 апрель
3. 2007 йил 11 апрель
4. 2008 йил 25 декабрь
5. 2011 йил 18 апрель
6. 2011 йил 12 декабрь
7. 2014 йил 16 апрель

Шавкат Мирзиёев даврида

8. 2017 йил 6 апрель
9. 2017 йил 31 май
10. 2017 йил 29 август
11. 2018 йил 15 октябрь
12. 2019 йил 18 февраль
13. 2019 йил 5 март
14. 2019 йил 4 сентябрь
15. 2020 йил 24 ноябр

30 йил давомида бош қомус 15 марта ўзгарган бўлса, бунинг натижасида жами 77та нормага тузатиш, ўзгартириш ва қўшимча киритилган.

Одатда, айниқса, авторитар давлатларда бош қомусни ўзгартириш амалдаги президентнинг ўз курсисида узоқроқ қолишига имкон бериш мақсадида амалга оширилади. Жумладан, Ислом Каримовга ҳам бу қўл келган. Ўзбекистон Бош қомуси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқлаганига қарамай¸ Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистоннинг ягона президенти бўлди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи

Иқтидорга келган ҳар янги президентнинг муддатини узайтириш учун конституцияга ўзгартириш киритилаверса, Асосий Қонун ғалвир бўлиб кетади-ку!

Мен бунақа “ислоҳот”га қаршиман.

Бу ишни “конституциявий ислоҳот” деб бўлмайди. Аксинча, “конституциявий бузғунчилик” дейиш мумкиндир. Бошқача айтганда, эски замонларда мумкин бўлмаган (ҳаром) ишдан мумкин (ҳалол) деган фатво чиқариш учун қўлланган “ҳийлаи шаръий”га ўхшайди бу иш!

Каримов худди шундай қилган эди. Йигирма етти йил амалда ўтирди, лекин ҳеч бир ишни қойиллатмай, ўлиб кетди. Мана, бугун ўзи гўрда, қизи қамоқда, невараси Англияда қочиб юрибди!

Айни хатони Мирзиёев қайтаряпти. Бу билан озгина қозонган ҳурмат-эътиборини ҳам йўқотади, шубҳасиз. Одамлар буни очиқ айтмаса-да, кўнглида доғ бўлиб қолади. Жамиятнинг келажакка ишончи кўтарилади.

Ҳали ҳам кеч эмас: бугун-эрта президент минбарга чиқиб:

“Йиғиштирларинг бу майнавозчиликни! Конституцияда белгиланган икки муддатимни яхшими-ёмонми ўтаяпман, учинчи марта номзодимни қўймайман! Конституциянинг бу моддаси ўзгармас ва қатъийдир!” деб баёнот берса, мана шунда у чинакам ислоҳот қилган бўларди.

Номи тарихларда қоларди.

Ваъда қилинган кўп ишларни ҳозиргача етарли уддалай олмаган бўлса ҳам, халқ бу қарори учун уни унутмасди, бутун айбларини кечириб юборарди, ижобий қаҳрамон ўлароқ хотираларда яшарди.

Энг муҳими – Ўзбекистоннинг келгуси президентларига ажойиб ўрнак кўрсатиб кетган бўларди!

Бошқа ўзгариш ва ўзгартиришлар ҳақда фикр билдирмайман. Чунки улар асосий мақсадлари бўртиб кўриниб қолмаслиги учун қилинаётган пардоз ишлардан бўлак нарса эмас. Яъни, кўзга сурма тортиш, қошга ўсма қўйиш, юзга бўёқни қуюқ чаплашдир.

Бахтиёр Шоҳназар, ҳуқуқшунос, таржимон

2018 йили чоп қилинган "Чет элда яшаш: Америка" номли китобимга киритилган қуйидаги латифанинг президентлик муддатини ноллаштиришга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Сочи шаҳрида қишки олимпиада ўйинлари ўтказилиб бўлгандан кейин, Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Дмитрий Медведев ва Белоруссия президенти Александр Лукашенко трамплиндан чанғида сакрамоқчи бўлишибди. Путин “мен биринчи бўлиб сакрайман, чунки президентман” дебди. Шунда Лукашенко “унда мен сиздан кейин иккинчи бўлиб сакрайман” деса, Путин “йўқ, мендан кейин Медведев сакрайди, чунки у менинг бош вазирим” дебди. Лукашенко “майли, мен Медведевдан кейин сакрайман” деса, Путин “йўқ, Медведевдан кейин яна мен сакрайман" деган экан.

Конституцияни ҳадеб ўзгартираверса тутуруғи қолмайди.

2008 йил августда Туркияда эдим. Менга ОЗОДЛИК Радиосидан қўнғироқ қилиб, "Каримов яна президентликка номзодини қўядими?" деб сўрашганди. Мен "йўқ, битта шахс икки муддатдан ортиқ президенликка сайланиши мумкин эмаслиги аниқ ёзилган, президентлик муддати етти йилга ўзгарса, олдин икки марта сайланган эски президент учинчи марта номзодини қўёлмайди" дегандим.

Лекин, конституцияни "сув қилиб ичворган академик" Саидов "олдин муддат беш йил эди, энди етти йил бўлди, учинчи сайланишга кирмайди" қабилида ИАКни ёқлаб чиққанди.

Тарих ғилдираги айланиб, яна ўша ерга қайтиб келди.

Ҳадеб конституцияни ўзгартириш учун одамларни сарсон қилиб, давлат бюджетидан бекорга пул сарфлаш ўрнига, мен қуйидаги таклифни киритаман. Конституциянинг президент муддати ҳақидаги моддаси шу тарзда ўзгартирилсин: "Ўзбекистон президенти икки мартадан ортиқ беш, олти, етти, саккиз, тўққиз ёки ўн йиллик муддатларга сайланиши мумкин эмас". Нима дейсизлар?

Шарофиддин Тўлаганов, журналист

Менинг фикримча, Конституция тарғиботида совет давридан мерос қолган усуллардан фойдаланаётгандекмиз.

Конституцияни йилда бир марта эслаб қоламиз, ўшанда ҳам катта байрам сифатида нишонлаймиз, фаол фуқороларга давлат мукофотларини топширамиз.

Матбуот, радио ва телевидениеда Асосий қонун фуқороларга яратиб берган имкониятлар ҳақида тўлқинланиб гапирамиз.

Биз биламизки, ҳар қандай давлат муайян қонунлар доирасида фаолият юритади. Қонунларнинг асосийси, табиийки, Конституциядир.

Конституция ҳар бир жамиятнинг мафкураси, қадрияти ва маданий-тарихий тараққиётини акс эттиради.

Герб, Байроқ ва Мадҳия сингари Конституция ҳам ҳар бир мамлакатнинг рамзидир.

Агар инсонларнинг бошига оғир иш тушгудек бўлса, унга “виждонинга қараб иш кўр” дейишади. Бу каби ҳолат бирор бир мамлакатда кузатилгудек бўлса, у ҳолда бу мамлакатнинг Конституцияси ёрдамга келади. Конституция ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода ҳар бир давлатнинг виждонидир.

Таҳлилчиларнинг фикрича, томонлар ўртасидаги муносабатларни шакллантиргани боис ҳам Конституцияни давлат ва фуқаролар ўртасидаги шартнома дейиш мумкин.

Конституция давлат қурилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ўзида жамлагани, барқарорликни таъминлагани боис ҳам бошқа қонуний ҳужжатлардан алоҳида ажралиб туради.

Бугунги кунда жаҳонинг 200та давлатида Конституция мавжуд. Лекин ҳамма давлатларда ҳам “Конституция” деб номланган ҳужжат йўқ. Бу борада Буюк Британия, Янги Зеландия, Саудия Арабистони ва Исроил каби давлатларни мисол сифатида келтириш мумкин. Бу мамлакатларда Конституция вазифасини айрим қонунлар, суд қарорлари бажаради. Конституция ҳар бир жамиятнинг мақсадларини намоён этади.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, интернет хабарларида у ёки бу мамлакатда “Конституция фаолияти вақтинча тўхтатилгани” тўғрисида хабарлар тарқатилади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, инқилоблар, ҳарбий тўнтаришлар туфайли мамлакатларда конституцияларининг амал қилиши тўхтатилади. Конституция фаолияти тўхтатилса, демак, давлат бошқарув органларининг фаолияти ҳам тўхтатилганини англатади.

Айрим ҳуқуқлар (дейлик сўз эркинлиги, ҳаракатланиш, митинг ўтказиш) чекланади. Аммо фуқороларнинг асосий ҳуқуқ, мажбурият ва бурчлари (дейлик таълим олиш, соғлиқлари билан боғлиқ масалалар) тўхтатилмайди. Шу сабабли Конституция аслида нималигини очиқчасига айтавериш керак.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунга қадар Конституцияга 16 марта ўзгартириш киритилган бўлса, уларнинг аксарияти давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган.

Конституциялар халқ иродаси ва талаби билан ўзгарар экан, шахсий фикримни айтадиган бўлсам, аслида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш киритгандан кўра, Янги Конституция қабул қилган яхшироқ. Чунки, “эскини ямагунча эсинг кетади” деган гап бор.

“Шарқ нозик масала” эканлиги, шунингдек “шарқ ҳеч қачон ғарб бўлмаслиги”ни ҳам эътиборга олиб, Конституциявий комиссия бундан бундан кейин Асосий қонунни ўзгартирмаслигининг бирдан бир йўли 90-моддадаги “Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас” деган жумлани олиб ташлашнинг ўзи етарли.

Шунингдек, Конституцияга президент импичменти билан боғлиқ жумла киритилиши керак. Мана шу жумла киритилса ва амалга ошса президент неча марта сайланишидан қатьий назар демократия қарор топишига оз бўлсада ишонч ҳосил қилинади.

96-моддага, худди қўшни Қирғизистондаги каби “вақтинча президент вазифасини бажариб турган шахс президентликка ўз номзодини кўрсата олмайди”, деган жумлани ҳам киритиш керак.

Шунингдек, Асосий қонунга “парламентда муҳолифат партияси бўлиши шарт ва мухолифат партия раҳбари парезидент сиёсатини мақтай олмайди” деган жумла киритилса яхши бўларди.

Смаил Оспанов, собиқ мулозим

Конституцияга ўзгартиришлар киритиш керак, албатта. Менинг фикримча, биринчи навбатда, мавжуд Бош Қомусимизни мустақиллик эълон қилинганидан бери ўтган давр мобайнида қандай ишлаганини, аниқроқ қилиб айтсак, ишламай келганини сабабларини мухокамага чиқариш зарур.

Ҳеч кимга сир эмас, собиқ президент Каримов Конституцияниям, қонунларниям писанд қилмай диктаторлик режимини ўрнатган эди. Бунинг натижасида давлатчилигимизга етказилган зарарларни очиқ-ойдин баҳолаш, керакли хулосаларни чиқариш лозим.

Мириёевни президентликка келганидан то бугунги кунгача олиб бораётган фаолияти давомидаги конституция ва қонунларга муносабати қандай эканини яхши биламиз. Бу аснода Мирзиёевни барча қарор ва фармонларини ревизиядан ўтказиш зарурати ҳам туғилади. Жумладан, конституция ва амалдаги қонунларга зид ҳолатлар юз берган бўлса, уларни очиқлаб, тегишли баҳосини бериш керак.

Шунча йил ишламаган, умуман риоя қилинмаган конституция энди керак бўлиб қолибди. Уни ислоҳ қилиш, ўзгаришлар киритишни мазмун моҳияти иккинчи муддатини тугатган президентга янгитдан сайлана олиш хуқуқини яратиб бериш эканлиги барчамизга аён эди ва буни тепадаги маддоҳлар ҳам подадан олдин чанг чиқариб тан олишди.

Мирзиёевни амал курсисида чексиз вақт қолишдан бошқа ташвиши йўқ.

Конституцияга қанақа ўзгартириш киритилмасин, жорий тизимдаги автократлардан қутулмасдан ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар кутиш мумкин эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG