Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Конституция: Гапириш фурсати

📌Озодлик ўзбек зиёлиларининг конституция янгиланиши борасидаги фикрларини сўради.

30 йил ичида 15 марта ўзгарган Ўзбекистон бош қомуси яна ўзгарадиган бўлди. Кутилаётган ўзгаришлар ҳақида илк бор ўтган йил октябрида иккинчи муддат, конституция бўйича охирги муддатга сайланган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи гапирганди.

Конституцияни бот-бот ўзгартириш авторитар режимларга хос кўриниш. Хусусан, Марказий Осиё учун бу янгилик эмас.

Ўзбекистон конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган. Ислом Каримовнинг 23 йиллик ҳукмронлиги даврида бош қомус 7 марта ўзгартирилган бўлса, Шавкат Мирзиёев асосий қонунни янгилашда устозини чангда қолдириб кетди: 6 йил ичида бош қомусни тўққизинчи марта ўзгартириш ҳаракатлари кетмоқда.

Конституциянинг ўзгариш тарихи:

Ислом Каримов даврида

1. 1993 йил 28 декабрь
2. 2003 йил 24 апрель
3. 2007 йил 11 апрель
4. 2008 йил 25 декабрь
5. 2011 йил 18 апрель
6. 2011 йил 12 декабрь
7. 2014 йил 16 апрель

Шавкат Мирзиёев даврида

8. 2017 йил 6 апрель
9. 2017 йил 31 май
10. 2017 йил 29 август
11. 2018 йил 15 октябрь
12. 2019 йил 18 февраль
13. 2019 йил 5 март
14. 2019 йил 4 сентябрь
15. 2020 йил 24 ноябр

30 йил давомида бош қомус 15 марта ўзгарган бўлса, бунинг натижасида жами 77та нормага тузатиш, ўзгартириш ва қўшимча киритилган.

Одатда, айниқса, авторитар давлатларда бош қомусни ўзгартириш амалдаги президентнинг ўз курсисида узоқроқ қолишига имкон бериш мақсадида амалга оширилади. Жумладан, Ислом Каримовга ҳам бу қўл келган. Ўзбекистон Бош қомуси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқлаганига қарамай¸ Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистоннинг ягона президенти бўлди.

Беруний Алимов, собиқ дипломат, “Янги медиа таълим маркази” раҳбари

Ушбу ўзгаришлар аввало Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини, унинг суверенитетини, хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Давлатимизнинг замонавий “челленжлар”, таҳдидлар олдида янада кучли ва иродали бўлиши учун хизмат қилиши шарт.

Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам том маънода ҳимояланиши ва унга ҳомийлик кўрсатилишининг кафолатланишига эришилиши лозим. Бундан ташқари, ҳар кимнинг интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалигининг алоҳида қайд этилиши, сўзсиз, ижобий натижа бериши керак. Чунки бу ёғига орқага қараб кетолмаймиз.

Муҳокамаларга сабаб бўлаётган масала ҳақида ҳам бир оғиз гапириб ўтсам. Ҳозирги раҳбарнинг учинчи муддат президент бўлиши-бўлмаслиги қарорини ҳозир Ўзбекистонга бўлаётган, олдинги даврда мутлақо кузатилмаган янгича, янада агрессивроқ ташқи сиёсий таҳдидлар билан боғлаган бўлардим.

Шахсан, “демократия йўлида” дейилаётган ҳар қандай ўзгариш ёки реформани қўллаб-қувватлайман. Бироқ Конституцияга киритиладиган янгиланишлар кейинчалик амалиётда қай даражада ишлайди? Бундан кейин қонунларнинг устунлиги реал тан олинадими? Ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий ва демократик давлат сифатида ўзимизни кўрсата оламизми?

Назаримда, шуларга тайёр туришимиз керак.

Муҳаммад Матжон, журналист

Инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган жамиятларда Конституциявий ўзгаришлар мухолиф сиёсий партияларнинг қаттиқ назорати остида ўтади.

Янги Ўзбекистонда Президент сайлови каби, мухолиф сиёсий партияларни оғзини ёпиб ўтказишяпти. Халқ ғафлатда.

Аъзам Обидов, шоир ва таржимон

Конститутцияга ўзгартириш киритилмоқчи бўлса, энг аввало унда “матбуот ва ОАВ давлат назоратидан холи ва тўла мустақилдир” деган модда бўлмоғи шарт.

Унда соғлом мухолифат, сиёсий рақобат ҳақида ҳам гап бўлсин. Яна, худди ОАВ каби, адабиёт, маданият ва санъат соҳаси ҳам мустақил ва эркин бўлиши белгиланса.

Йўқса, президентлик муддатини узайтириш, ноллаштиришни асл мақсад остига яширганча, гапни узоқдан бошлаб, чайналиб айлантириш шартмас.

Дима Қаюм, блогер

Қомус янгиланиши эмас ишлаши керак!

Майли шунисини ҳам кўрайликчи...

Халқимиз учун манфаатли бўлса, ўзгаришига халқ рози бўлса мен хам кўпчилик томон.

Оддий китоб шаклида қолиши эмас, миллати, динидан қатъий назар юртдаги ҳар бир шахсни бугунидан рози қиладиган асосий янги қомус бўлсин!

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG