Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Қорақалпоғистон: Ҳибсга олинганларнинг бир қисми қўшни вилоятларга олиб кетилган


Ўзбекистон ҳукумати 2 июль куни Қорақалпоғистондаги намойишларни бостириш учун ҳудудга қўшимча кучлар киритган.
Ўзбекистон ҳукумати 2 июль куни Қорақалпоғистондаги намойишларни бостириш учун ҳудудга қўшимча кучлар киритган.

Қорақалпоғистонда шу йилнинг 1-2 июль кунлари тартибсизликларга айланиб кетган оммавий норозилик намойишларига алоқадорликда ҳибсга олинган юзлаб одамнинг бир қисми қўшни Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги ҳибсхоналарда ушлаб турилибди.

Бу ҳақда Озодликка Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб маълум қилган маҳаллий журналистнинг сўзларига кўра, қўшни вилоятларга олиб кетилганлар ҳукумат назарида тартибсизликларга етакчилик қилганлар деб гумонланган шахслардир.

"10-15 суткага қамалганлар Қорақалпоғистоннинг ўзида ушлаб турилибди", деди вазиятдан хабардор маҳаллий журналист.

4 июль куни Ўзбекистон Миллий гвардия Ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров Нукусдаги тартибсизликларда қатнашганликда гумонланиб 516 киши ҳибсга олинганини билдирган эди.

Нукусда нима бўлди? Расмий версия
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:50 0:00

Бош прокуратурага кўра, ҳибсга олинганларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қанча моддаси, жумладан, 159- Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

5 июль куни Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Нукусда айнан нималар содир бўлганини зудлик билан очиқлаб, норозиларга қарши куч қўлланилиши юзасидан холис, мустақил ва диққат билан текширув ўтказиш ҳамда айбдорларга нисбатан адолатли судловни таъминлашга чақирди.

4 июль куни Европа Иттифоқи Қорақалпоғистондаги зўравонликликларни мустақил тергов қилишга чақирганди.

Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда республика мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари 1 июль куни бошланиб, 2 июль оқшомида хавфсизлик кучлари томонидан бостирилган.

4 июль куни Олий Мажлис президент Мирзиёевнинг мамлакат Конституцияси янги таҳриридаги Қорақалпоғистон Республикасига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги таклифини маъқуллаган.

Ушбу моддалар Қорақалпоғистон Республикасининг "суверенитети" (70-модда) ҳамда "Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқи"(74-модда) ни тасдиқлайди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, тартибсизликлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

2 июль оқшомида Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилингандан сўнг, расмийларга кўра, комендантлик соати тартибини бузган 110 киши ушланган.

Қурбонлар сони "тўлиқ эмас"

Айни пайтда Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги Озодлик манбаси тартибсизликлар чоғида ҳалок бўлганлар сони "тўлиқ эмас"лигини айтди.

“Ҳозирча аниқ сонини билмаймиз. Лекин 18 деб берилган рақам ҳали тўлиқ эмаслигини айта оламан. Бугун Нукус шаҳрида, Чимбойда, Қораўзак, Хўжайли туманларида ўлганларнинг жанозалари бўляпти”, - деди Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг исми очиқланмаслигини сўраган мулозими.

Қорақалпоғистон ССВдаги манбанинг билдиришича, тартибсизликларда яраланганлар сони 247 кишини ташкил этади.

“Уларни ҳаммаси ўзимизни Қорақалпоғистонда. Республика миқёсидаги касалхоналарга сиғмаганларни туман касалхоналарига жойлаганмиз. Ҳозир уларга яхши қараляпти. Жароҳат олганлари ичида аёл-қизлар йўқ. 247 киши. 150таси ўрта жароҳат, қолгани уйига жавоб берилган”, - деди Қорақалпоғистон ССВ мулозими.

4 июль кунги брифингда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди коменданти, Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев ҳалок бўлганларнинг 14 нафари фуқаролар бўлиб, улардан 13 нафари "алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлгани"ни айтган.

Яна 4 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Воқеалар борасида расмийлар бераётган маълумотларни ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони йўқ.

Намойишлар арафасида мобил интернетга чекловлар ўрнатилгани хабар қилинган, 1 июлдан бошлаб эса стационар интернет ҳам чекланган. 5 июль куни Нукусда бўлган Gazeta.uz мухбири Шуҳрат Латиповнинг ёзишича, интернет ҳануз чекланган, Нукусдаги аксарият терминал ва банкоматлар ишлаямапти, давлат хизматлари кўрсатилмаяпти.

Ўликхона олдидаги навбатлар

"Газета.uz" мухбири аҳоли шифохоналар, ўликхона ва ИИБдан яқинларини қидираётгани ҳақида ёзди.

"Бедарак йўқолган яқинларини излаётган одамлар ички ишлар органлари ва шифохоналардан сўнг бу ерга, яқинларини вафот этганлар орасида бўлмаслигидан умид қилиб келмоқда.

Соат тахминан 13:20 ларда марказ (Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Қорақалпоғистон филиали) биноси олдида 25 нафарга яқин одам бор эди, улар навбатма-навбат дераза олдига келишар ва сўнгги кунларда бедарак йўқолган яқинларининг маълумотларини айтишарди. Одамлар доим алмашиб турарди — маълумотларни бергандан сўнг улар яқинларини қидиришда давом этиш учун кетишарди, уларнинг ўрнига бошқалар келарди", деб ёзди "Газета.uz" мухбири Шуҳрат Латипов.

Нукусдаги вазият

Айни пайтда Нукус яшовчиларидан бирининг Озодликка айтишича, фавқулодда ҳолат амал қилаётган шаҳар чегарасида блокпостлар ўрнатилган.

"Шаҳар тинч. Қорақалпоғистон чегарасида, ҳамма ерида назорат пунктлари. Хоразм ва Бухородан махсус қўшинларни, Миллий гвардияни олиб келиб ташлаган. БТРлар турибди. Комендантлик соати вақтида Қорақалпоғистонга кириш тақиқлаб қўйилган. Интернет узиб қўйилган" деди Озодлик билан аноним тарзда суҳбатлашган нукусликлардан бири. Унинг сўзларига кўра, Хоразм ва Қорақалпоғистон орасида савдо- сотиқ ҳам тўхтаган.

"Энг чекка Амударё, Манғит, Элликқалъа туманлари Хоразмдан келадиган озиқ-овқат ҳисобига кун кўради. Ҳозир мол келиши тўхтаган, киритмайди. Ўзи асли у туманларда ҳеч қанақа митинг ҳаракатлари бўлмаган. У ерда асосан ўзбеклар яшайди, лекин уларда ҳам комендантлик соати амал қиляпти", деди нукуслик суҳбатдош.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган юқори мартабали мулозими вазият яхшиланса комендантлик соати муддатидан олдин бекор қилиниши мумкинлигини айтди.

“Нукусда ҳозир вазият тинч. Мажлисда айтилди, агар вазият ҳозиргидай яхши бўлиб турса, комендантлик соати эртароқ бекор қилинади”, - деди номи очиқланмаслигини сўраган Қорақалпоғистон ИИВ мулозими.

XS
SM
MD
LG