Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:58

“Россияни фалокат кутмоқда”. Иқтисодчи ЕИнинг “энг даҳшатли” санкциялари ҳақида


Москвадаги ВТБ Банкдан пул олиш учун навбатда турган одамлар. 28 февраль, 2022.
Москвадаги ВТБ Банкдан пул олиш учун навбатда турган одамлар. 28 февраль, 2022.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Россия нефтига эмбарго жорий этиш масаласида ҳозирча келиша олмаяпти. Музокаралар Европа мамлакатларининг ЕИдаги вакиллари ва элчилари даражасида давом этади.

Bloomberg хабарига кўра, Еврокомиссия Россия нефтига қарам бўлган Венгрия, Словакия ҳамда Чехияга эмбарго киритиш учун кўпроқ муҳлат таклиф қилди. Венгрия бош вазири Виктор Орбан эмбаргони 2022 йил май ойи охирларида ўтказиладиган ЕИ мамлакатлари раҳбарлари саммитида муҳокама қилиш таклифини ўртага ташлади.

Айни пайтда Германия йил охирига қадар Россия нефтидан буткул воз кечмоқчи – ҳатто ЕИ эмбарго қарорини қабул қилмаган тақдирда ҳам, таъкидламоқда Bloomberg, мамлакат ҳукуматидаги манбаларига таянган ҳолда.

ЕИ мамлакатлари эмбарго жорий этишга келиша олишмаса, Россия, Украинадаги уруш ва Ғарб санкцияларига қарамай, 2022 йил охиригача нефть ва газ импортидан 320 миллиард доллардан зиёд пул ишлаши мумкин. Бу ўтган йилгидан қарийб учдан бир ҳиссага кўп.

Нефтга 100 фоиз эмбарго қўйиш – Европа иттифоқи учун Россияга иқтисодий таъсир ўтказишнинг ягона имконияти эмас, урғулайди россиялик олим, иқтисод фанлари доктори Игорь Липсиц. Унинг фикрича, энергия манбалари савдоси тушумидан солиқ ундиришни жорий этиш мантиқийроқ бўлур эди.

“Бунақа механизм Европада углерод солиғи кўринишида аллақачон ишлаяпти, Россия ушбу солиқни зарарли технологиялари учун тўлайди, – изоҳ беради Липсиц. – Нефть даромадларига ҳам шунақа солиқ солиш мумкин эди. Россия пул тушумидан анча-мунча йўқотган бўларди, чунки тушумнинг каттагина қисми махсус солиқ кўринишида Украина иқтисодиётини тиклаш учун ушлаб қолинарди. Ҳамкасбларим ҳисоб-китоб қилишича, бу пул йилига 50 миллиард доллар бўлади. Ўшанда Россия ўз экспорти орқали Украинага “ёрдам берган” бўлар эди”.

Эксперт Россия нефти буткул тақиқланиши Европада инқироз келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблайди. “Европа – бу фаровонлик даражаси турлич бўлган мамлакатларни ўз ичига олган кенг қамровли тушунча. Германия иқтисодиёти бардош бера оладиган қийинчиликлар Венгрия ва Руминия иқтисодиётини хийла ҳолдан тойдиради, Болгария иқтисодиётини эса чўктиради. Шу боис, муроса-мадора қилишлари керак, албатта. Мен айтган солиқ эса амалга киритиш нуқтаи назаридан анча оддий ва осон ечим бўлур эди”, дейди олим.

Бироқ, дейди Липсиц, Евроиттифоқ санкцияларининг олтинчи туркумида битта “ачитадиган” банд бор, у – Россия нефтини ташувчи кемаларни суғурталашни ман этади.

“Агар ана шу банд қабул қилинса, Россия улкан фалокатга йўлиқади. Россиянинг танкерлар флоти унча катта эмас. Нефть етказиб бериладиган катта қувурлар йўқ. Демак, хомашёни цистерналарда БАМ (Байкал-Амур магистрали) бўйлаб ташишга тўғри келади, бу йўл эса жуда тирбанд, бинобарин, кўмир ташишни тўхтатишга тўғри келиши мумкин. Кўмир ҳам бюджет учун жуда муҳимлигини ҳисобга олсак, Россияга жуда қийин бўлади”, башорат қилади олим.

Евроиттифоқнинг Россияга нисбатан муҳтамал чеклов чоралари бу билан тугамайди, дея давом этади иқтисодчи. Унинг сўзларига кўра, Россияга Скандинавия орқали юк ташишни тақиқлаш ҳам назарий жиҳатдан мумкин, лекин буни амалга ошириш қийинроқ.

“Бу Россия учун унчалик қаттиқ зарба бўлмайди, қайтага, юк жўнатган мамлакатга зарар келтиради. Қолаверса, бу ёғига юк келиши камаяди, чунки Россия қашшоқлашади, бозор тораяди. Еттинчи туркумга киритилиши мумкин бўлган энг даҳшатли санкция бу – “озиқ-овқат эвазига нефть” моделидир. Ушбу ҳолатда пул тушуми тўлиқ Ғарб назоратига ўтади ва Россияга озиқ-овқат билан дори-дармон етказиб берилади, холос. Бу Россия агрессиясига жавобнинг энг юқори нуқтаси. Россиянинг бунга реакцияси қандай бўлишини айта олмайман. Ядро қуроли билан ҳазиллашиб бўлмайди”, дея сўзини якунлайди Игорь Липсиц.

XS
SM
MD
LG