Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:26

КХШТ Донбассга қўшин киритиши мумкин


КХШТ 20 йиллик тарихида биринчи марта ўтган ойда Қозоғистонга қўшин киритган эди. 
КХШТ 20 йиллик тарихида биринчи марта ўтган ойда Қозоғистонга қўшин киритган эди. 
  • Россия раҳномалигидаги КХШТ ташкилоти лозим бўлса, Донбассга тинчликпарвар кучлар юборишини билдирди.
  • НАТО Россия билан зиддият давом этаётгани сабаб шарқий қанотини кучайтириш мақсадида Литвага 1200 аскар жойлаштирди.
  • Зеленский Мюнхен конференциясидаги чиқишида ғарб давлатларидан Украинанинг Европа Иттифоқи ҳамда НАТОга аъзо бўлишини яқинлаштирувчи қарорларни кутаётганини гапирди.
  • Шанба куни Украина шарқида россияпараст айирмачилар ўт очиши оқибатида икки аскар ҳалок бўлгани ва тўрт нафари яралангани маълум қилинди.

КХШТ Донбассга тинчликпарвар кучлар юбориши мумкин

КХШТ, зарурат туғилган тақдирда, Донбассга тинчликпарвар кучлар юбориши мумкинлиги тўғрисида ташкилот бош котиби Станислав Зас Рейтер агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. У буни Москванинг НАТОга жавоби дея изоҳлаган.

"Ишонинг, қанча керак бўлса шунча жўнатамиз. 3000 керак бўлса жўнатамиз. 17 минг керак бўлса жўнатамиз. Кўпроқ керак бўлса кўпроқ бўлади. Қанча керак бўлса", деди КХШТ Бош котиби Станислав Зась 17 февраль куни.

КХШТ ўтган ой ўзининг 20 йиллик тарихида биринчи марта Қозоғистондаги тўполонларни бостириш учун Қозоғистонга қўшин киритган эди.

Ташкилотнинг геосиёсий содиқлиги ва Ғарбда ташкилотни Россиянинг таъсир воситаси деган қарашлар ҳисобга олинса, КХШТ кучларининг Донбассга жойлаштирилиши ҳозирча эҳтимолдан йироқ.

Аммо Украина шарқидаги вазият тез ўзгармоқда. Москва Киевни исёнчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришга ва улар назорат қилаётган икки вилоятга Украина таркибидаги мухторият мақомини беришга мажбурлаш ниятида.

НАТО шарқий қанотини кучайтирмоқда

19 февраль кечаси Германия ҳарбий базасидан юборилган зирҳли техникалар Литванинг Рукла шаҳарчасидаги ҳарбий базага етиб борган.

Россия билан зиддият давом этаётгани сабабли НАТОнинг шарқий қанотини кучайтириш мақсадида Литвага жами 1200 аскар жойлаштирилган. Жумладан, Германия 350 аскар ва 100 та ҳарбий машина жўнатган.

Қўшимча кучлар жўнатилиши АҚШнинг Россия яқин кунларда Украинага бостириб киришни режалаштираётгани ҳақидаги огоҳлантиришлари манзарасида амалга оширилмоқда.

“Барча белгилар, америкалик дўстларимиз ўйлаганидек, режа қайсидир маънода бошланганини кўрсатмоқда, Донбассдаги провокацияларни кўряпсиз, буни, бу портлашларни ва ҳоказоларни кўряпсиз, биз бир неча йил олдин огоҳлантирганмиз. Биз кўриб турган бу режа, қўрқаманки, 1945 йилдан бери Европадаги миқёс жиҳатдан энг катта уруш бўлади", деди Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Ғарб давлатлари бир неча ойдирки Украина чегарасида 150 000 дан ортиқ ҳарбий ушлаб турган Россияни Украинага бостириб кириши мумкинлигидан хавотир билдириб келмоқда.

АҚШ Вице президенти Камала Харрис, агар Россия Украинага яна бостириб кирса, НАТО Европадаги шарқий қанотини кучайтиришини таъкидлаган.

Зеленский: Украина исталган пайтда ўзини ҳимоя қила олади

Зирҳли техникаларнинг немис ҳарбий базасидан Литвага жўнатилиши Германия канцлери Олаф Шолс Мюнхенда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган пайтга тўғри келди. Европа етакчилари хавфсизлик конференциясида Россия-Украина инқирозини муҳокама қилди.

"Украина иттифоқчилари билан ёки иттифоқчиларсиз ҳам ўзини исталган пайтда ҳимоя қила олади. Украинага ёрдам бериш учун Россия эҳтимолий ҳужуми қайси куни амалга оширилиши тўғрисидаги таҳминларни такрорлайвериш шарт эмас.16 февраль, 1 март ва 31 декабрда юртимизни ҳимоя қиламиз”, деди Зеленский Мюнхендаги чиқишида.

Зеленский ўз нутқи давомида Ғарб давлатларидан Украинанинг Европа Иттифоқи ҳамда НАТОга аъзо бўлишини яқинлаштирувчи қарорларни кутаётгани тўғрисида гапирди:

“Бизга эшиклар очиқлигини айтишди. Аммо ҳозирча четдан келганларга рухсат берилмаяпти. Агар альянснинг ҳамма аъзолари бизни кўришни истамаётган бўлса ёки истаса, очиғини айтинг. Очиқ эшиклар яхши, лекин йилларча жавобсиз саволлар эмас, очиқ жавоблар керак. Бу ҳақиқатми? Ҳақиқатга бўлган ҳуқуқ кенгайтирилган имкониятларнинг бир қисми эмасми? (Украина 2020 йил 12 июнда НАТОнинг Кенгайтирилган Имкониятлар Ҳамкорлиги дастурини қабул қилган). Қанча эрта бўлса, шунча яхши. Кейинги саммит Мадридда".

АҚШ президенти якшанба куни Украина масаласида Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказади

АҚШ президенти Жо Байден 20 февраль куни Украина масаласида Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказади.

Оқ Уйнинг билдиришича, Байденга Мюнхен хавфсизлик анжумани доирасида вице президент Камала Харрис, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Болтиқбўйи давлатлари лидерлари Украина президенти Владимир Зеленский билан ўтказган учрашувлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

АҚШ вице президенти Харрис Зеленский билан учрашув пайтида Вашингтон Украина атрофидаги вазият дипломатик йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини, аммо Москва ҳужум бошласа, унга нисбатан кескин чоралар кўрилишини айтган.

Аввалроқ Байден Путин Украинага қарши кенг қамровли уруш бошлаш тўғрисида қарор қабул қилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд эканини билдирган эди. Байден Москва тўғридан-тўғри Киевга ҳужум уюштириш ниятида эканини айтган. Москва бу айбловларни рад этган.

Мюнхендаги намойишлар

Мюнхендаги тадбир пайти Германияда бир нечта намойишлар бўлиб ўтди.

Германия полициясига кўра, 19 февраль куни 1000 дан ортиқ одам уруш ва Мюнхен хавфсизлик конференциясига қарши норозилик намойиши ўтказган.

"Россия турли шартномаларда НАТОнинг шарқ томон кенгаймаслигига ишонтирилган ва бу шартномаларга зудлик билан риоя қилиш зарур", дейди намойиш иштирокчиларидан бири Корнелия Бергманн.

Мюнхенда Украина тарафдорлари ҳам намойишга чиққан ва Германия ҳамда Европани Украина томонда туришга чорлаган. Полиция маълумотларига кўра, иккала намойиш ҳам тинч ўтган.

Украинада отишмалар давом этмоқда

Украинада эса жорий ҳафта ҳукумат кучлари ва айирмачиларни ажратиб турувчи чизиқ бўйлаб ўқ отиш ҳолатлари кескин ортди. Украина ҳукумати буни провокация деб атади. У Россиянинг Киев Украина шарқида ҳужум бошлаши мумкинлиги ҳақидаги айбловларини кескин рад этди.

Шанба куни Украина шарқида россияпараст айирмачилар ўт очиши оқибатида икки аскар ҳалок бўлгани ва тўрт нафари яралангани маълум қилинди.

“Сўнгги уч кун ичида фронт чизиғи ўққа тутилмоқда. Душман аҳоли яшайдиган уйлар орасига бизга қарата ўт очадиган артиллерияни жойлаштириш орқали бизни аҳоли пунктларига ўт очишга мажбурлаш учун ҳар нарса қилмоқда. Кейин бизни геноцидда, Донбасс аҳолисини ўлдиришда айблаш учун. Нима учун бундай қилинаётганини ўзингиз ҳам тушуниб турибсиз. Биз ҳарбий хизматчиларимизга ҳақиқий хавф туғилгандагина ва бу қишлоқда содир бўлгандагина жавоб қайтарамиз. Афсуски, биз маҳаллий аҳолини, бегуноҳ одамларни ҳимоя қилиш учун шунга мажбурмиз”, деди Украина Бирлашган Кучлар Қўмондони Олександр Павлюк.

Украина ҳарбийлари ўзининг Facebook'даги саҳифасида кун бошидан буён айирмачилар ўт очишни тўхтатиш келишувини 70 марта бузганини, кеча эса 66 та шундай ҳолат қайд этилганини маълум қилди.

Айирмачилар оғир артиллериядан фойдаланиб, фронт чизиғи бўйлаб 30 дан ортиқ аҳоли пунктларига ўт очган. Аммо, бу келишувларга зид, дейди ҳарбийлар.

"Аниқ ва лўнда айта оламанки, сўнгги икки кун ичида душман бизнинг олд позицияларимизга қаттиқ зарба берди, йирик калибрли гранатомётлардан фойдаланди, тўп артиллериясидан – 2С1 Гвоздика гаубицалари, 120 миллиметрли миномётлардан ўқ узди. Танкка қарши гранаталар ва автоматик гранаталар ҳам қўлланган", деди Богдан исмли украин ҳарбийси.

Хориж журналистлари отишмага дуч келди

Шарқий Украинага борган бир гуруҳ хорижий журналистлар отишмага дуч келган.

Украина Россия қўллаб-қувватлаётган айирмачилар томонидан ўққа тутилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантиришлардан сўнг Шарқий Украинадаги фронт чизиғида бўлиб турган халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари 19 февраль куни зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Журналистлар ва уларга ҳамроҳлиқ қилган ҳарбийлар Донетскдаги Зайтсеве қишлоғи яқинидаги бункерга яширинишга улгурган.

Журналистлар ва ҳарбийларнинг барчаси омон. Ҳеч кимга талафот етмаган.

Россия баллистик ракета учирди

Айирмачилар яшайдиган ҳудуддаги аҳоли Россиянинг Ростов вилоятига эвакуация қилинди. Владимир Путин ҳар бир қочқинга 10 минг рубл беришни буюрди.

19 февралда Россиянинг Ростов вилоятида Украинанинг айирмачилар назоратидаги ҳудудлардан эвакуация қилинганлар оқими туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар раҳбарлари эса ўз назорати остида бўлган ҳудудларда аҳоли ўртасида ҳарбий сафарбарлик эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин эса захирадагиларни ҳарбий йиғинга чақиришга оид фармон имзолади. Ушбу фармон 18 февралдан кучга кирган.

Россия нашрлари мамлакатда захирадаги фуқаролар ҳар йили ҳарбий йиғинга чақирилишига эътибор қаратишган.

Путиннинг бу йилги фармонни имзолаши Россия билан Украина ўртасида сиёсий таранглик ўта кучайган бир пайтга тўғри келди.

19 февраль куни Владимир Путин бошчилигидаги ҳарбий машғулотлар доирасида ядровий қувватга эга "RS-24 Yars" баллистик ракетасини учирди.

Кузатувчилар сўнгги воқеаларни минтақада 2015 йилдан бери юз берган энг жиддий тўқнашув дея баҳолашмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG