Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Сиёсатчи: “Украина билан уруш Россияни ҳалок қилади”


Украина ҳарбийлари Ҳерсон вилоятида ҳарбий машғулотларда.
Украина ҳарбийлари Ҳерсон вилоятида ҳарбий машғулотларда.

Украина президенти Владимир Зеленский 25 январь куни миллатга мурожаатида айрим мамлакатлар Киевдан ўз дипломатларини эвакуация қилишга киришганини “бу уруш муқаррар дегани эмас, шунчаки, мураккаб дипломатик ўйиннинг нозик жиҳатларидан бири”, дея изоҳлади.

Бир кун аввал Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Кенгашнинг фавқулодда йиғилиши якунларига бағишланган брифингда Украина раҳбарияти Россиянинг кенг кўламда бостириб кириши учун ҳеч қандай асос кўрмаётганини айтганди. Ўша брифингда бош вазир Денис Шмигал айни пайтда Украина учун, хусусан унинг иқтисодиёти учун “беқарорлик келтириб чиқарувчи ёлғон-яшиқ ахборотлар”дан бошқа таҳдид йўқ, дея қўшимча қилган.

Даниловга кўра, Украина чегарасидан бир неча ўн чақирим нарида тахминан 109 минг кишилик Россия ҳарбий контингенти ва қўшимча 10-11 минг чоғли захира кучлари жамланган. УМХМК котиби фикрича, бу Украинага ҳужум қилиш учун етарли эмас. Алексей Данилов чегарадаги вазият “тўлиқ назорат остида”лигини айтиб, ватандошларини ваҳимага қилмасликка чақирган.

Украина президенти ва бошқа расмийларининг юпатувчи риторикаси АҚШ, Буюк Британия ва Европа иттифоқи баёнотлари мазмунига тамоман терс бўлмоқда. Бир неча кун олдин Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Киевнинг Россия билан чегарада кескинлик йўқлиги ҳақидаги иддаолари билан бостириб кириш учун баҳона излаётган Москванинг хатти-ҳаракатлари бир-бирига зид келаётганини урғулаган эди.

Россиянинг Украинага тажовузи эҳтимоли нега Ғарб мамлакатларида Украинанинг ўзидагидан кўпроқ хавотир уйғотмоқда? Озодликнинг рус хизматининг бу саволига Украина Олий Радаси собиқ депутати Борислав Берёза жавоб берди:

– Украина расмийларининг баёнотларига қараганда, улар Россиянинг эҳтимолий тажовузига жиддий қарашмаяпти ёки Путин билан келишиб, урушнинг олдини олиш мумкин, деб ҳисоблашяпти. Хуллас, шунақа муаммо бор. Аммо, бошқа томондан уруш бугун ёки эртага бошланишига ҳаддан ортиқ ишониш ҳам мавжуд. Аслида Украина остонасида турган Россия қўшинлари сони ҳарбий амалиёт доирасида муайян нишонларга зарба бериш мақсадида ҳужумкор гуруҳларни шакллантириш учун ҳозирча етарли эмас. Сўнгги бир ҳафтада Бош штаб ва Мудофаа вазирлиги офицерлари, шунингдек Россия агрессиясининг янги босқичи бошланган тақдирда мудофаанинг олдинги маррасида жанг қиладиган ҳарбийлар билан маслаҳатлашдим. Улар барчаси бир овоздан “Яқин орада уруш бошланиши эҳтимоли йўқ”, дейишди.

– Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон яқинда, ўз разведкаси маълумотларига таяниб, Россия яшин тезлигида ҳаракат қилиш ва оз фурсатда Киевни ишғол қилишни режалаётганини айтди. Экспертлар тахминича, воқеалар шу зайлда ривожланган тақдирда киберҳужумлар ва аниқ ракета зарбалари мамлакатнинг катта қисмини электрсиз, мобил алоқа ва интернетсиз қолдириши мумкин.

– Сиз санаб ўтганлардан ташқари, ФХХ ва БРБ (ФСБ ва ГРУ)нинг аввалдан Украина ҳудудига ташланган қўпорувчи-разведка гуруҳлари ҳаракатни бошлаши, Киевдаги ҳукумат даҳасига Россия десанти ташланиши ҳам мумкин. Уруш бошланган тақдирда булар ҳаммаси бўлиши мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳаракатнинг жавоби ва оқибатлари ҳам бор.

Бир пайтлар Россия Чеченистонга бас кела олмаган. Чеченистон эса бизнинг Чернигов вилоятидан ҳам кичик. Шу ҳолда Россия армияси Украинага бас кела оладими? Ҳар куни жўнатиладиган тобутлар сони Путиннинг имижига қаттиқ зарба беради, деб ўйлайман. Қолаверса, Ғарб санкциялари ва бошқа қарши чоралари натижасида унга қаратилажак негатив кўлами ҳам Россия президентини Украинага ҳужум қилишга буйруқ беришдан қайтара оладиган даражада жиддий омил.

Яна бир нарсани назардан қочирмаслик керак. Путин Украинага бостириб кириши мумкин, лекин у ҳолда бу ҳолдан тойдирувчи уруш бўлади – Украина Ғарб кўмагида партизанлар урушини бошлаб юборади. Эсингизда бўлсин: ҳар томонлама қудратли Совет Иттифоқи Афғонистондаги урушда ғалаба қозона олмаган. Шу боис Кремль Украинани мағлуб қилишдан оғиз оча кўрмасин. Кўкнори хаёл бу.

Ҳозирда юз бераётган барча воқеаларда ФХХ ҳамда БРБ Ахборот-психологик махсус амалиётлар бошқармаси ходимлари иштирок этишмоқда. Бу сценарийларнинг барчаси Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг ҳарбий доктринасида акс этган.

Россия доктринасида киберҳужумларни қўллаш назарда тутилганми?

– Унда киберҳужумлардан тортиб халқ орасида ваҳима чиқариш, Украина ҳукуматини ва жамоатчилик фикри етакчиларини обрўсизлантирувчи маълумотларни тарқатишгача – гибрид урушга хос барча чора-тадбирлар ҳисобга олинган. Бу ерда гап кенг кўламли қўпорувчилик, сиёсий фаолият, хоинлар ва ёлланган кимсалар билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш ҳақида бормоқда. Айни пайтда Россия доктрина бўйича иш тутиб, шу тариқа вазиятни ўз фойдасига ўзгартиришга уриняпти.

– Украинага қарши яшин тезлигида уруш қилиш ҳақидаги Британия бош вазири маълумотига қайтсак. Сиз бу маълумотнинг тўғрилигига шубҳа қиласизми?

– Британия разведкасида шунақа маълумот бўлиши мумкин, албатта. Аммо уни Россия атайлаб, бирон мақсадда “сиздирган” бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки жуда катта позицион ўйин кетяпти.

Яна бир карра қайтараман: агар Путин Украинага кирса, шу ерда ботиб қолади. Ва, фикримча, охир-оқибат ўттиз йил муқаддам Совет Иттифоқининг бошига тушган фожиалар билан тўқнашади. Украина билан уруш – Россия учун ўлим кабидир. Замонавий дунёдаги, замонавий Европадаги уруш Россия ҳукмдорининг ва ҳукмрон элитасининг эс-ҳушли эмаслигини кўрсатади. Агар ҳукумат адекват бўлмаса, уни тийиш ва раҳбарларини иқтидордан четлатиш учун ҳар қандай йўллар ва усуллардан фойдаланилади. Россия мисолида ҳам айнан шундай бўлади деб ўйлайман.

Яна бир омил бор. Ҳозирда Украина Ғарбдаги барча ОАВлар учун бош мавзуга айланган. АҚШ телеканалларидаги янгиликларнинг ярмидан кўпи Украинага бағишланган. Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши АҚШда жамият томонидан жуда танқидий қабул қилинди, шу боис Украина Қўшма Штатлар президенти Жо Байден маъмурияти учун – Афғонистондаги омадсизликнинг ўрнини тўлдириш ва халқ олдида жиддий заха еган обрў-эътиборини тиклаш имкониятидир. Ва Украина билан боғлиқ можаролар АҚШ учун фақат ғалаба билан тугаши керак. Бунақа вазиятда Украинага қарши уруш бошлаши ақлдан бўладими?.. Йўқ, албатта. Бироқ... телба одам ҳислари билан ҳаракат қилади, рационал йўл тута олмайди.

XS
SM
MD
LG