Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Икки панжасини эри чопган аёлга Европа суди 370 минг евро товон пули тайинлади


Маргарита Грачёва
Маргарита Грачёва

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Россия ҳукуматига эри иккала қўли панжасини чопиб ташлаган Маргарита Грачёвага қарийб 370 минг евро товон тўлаш мажбуриятини юклади. Бу Европа суди томонидан бир кишига белгиланган энг катта тўловдир.

Тўрт йил муқаддам Маргарита Грачёвани эри ўрмонга олиб бориб, икки қўли панжаларини чопган эди. Аёл омон қолди. Бир панжани шифокорлар жойига тикишга муваффақ бўлдилар. Иккинчи панжа ўрнига эса бионик протез ўрнатилди. Эри 14 йилга қамалди, ушбу фожиадан аввалроқ Маргарита эрининг зўравонлигидан шикоят қилиб борганида унинг аризасини қабул қилмаган полиция ходими ишдан ҳайдалди.

Грачёва бугунги кунда Санкт-Петербургда иккинчи эри билан яшамоқда. ИҲЕСнинг қарори ҳақидаги хабар у учинчи фарзандини дунёга келтирган кунда етиб келди.

“Хурсандчиликка ҳали эрта, чунки Россия қарор устидан апелляция бериши мумкин. Бизнинг ҳукуматдан ҳар нарсани кутса бўлади. Маиший зўравонлик мамлакатимизда жуда оғриқли мавзуга айланган. Зора, Европа суди ва бошқа халқаро ташкилотлар босими остида давлат бунга қарши чораларни кўрса”, дейди Маргарита “Север.Реалии” нашрига берган интервьюсида.

Дарвоқе, Грачёва билан ушбу фожиа юз берган 2017 йилда Владимир Путин “дўппослаш” жиноятини илк бор содир этганларни жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қонунга имзо чекканди. Маргаританинг айтишича, “президент то ўзининг бошига тушмагунча муаммо борлигини идрок эта олмайди”.

“Маиший зўравонликка қарши ҳануз тайинли чора кўрилмаётганига, очиғи, тушуна олмайман. Муаммони давлат даражасида ҳал қилиш керак. Қоғозбозлик деган нарса ҳам бор. Мени эрим биринчи марта қўлида пичоқ билан ўрмонга олиб чиқиб кетганида участка нозиримиз ҳеч нарса қилмаган. 18-19 кундан сўнг қўнғироқ қилиб, ариза бердингизми, деб сўраган холос. Бу вақт ичида эрим мени тўрт марта ўлдириши мумкин эди”, ҳикоясини давом эттиради Грачёва.

Маргаританинг сўзларига кўра, Россия суди ҳукми тўлиқ бажарилган эмас: эри 2 млн рубль товон пулини тўлагани йўқ. Қолаверса, хавфсизлиги ҳам кафолатланмаган – эри қамалишидан олдин “агар мени кутмасанг, онангнинг ҳам панжаларини чопиб ташлайман”, деб таҳдид қилган. Тўрт йилдан сўнг у қамоқ муддатининг учдан икки қисмини ўтаб, шартли озодликка чиқиш имкониятига эга бўлади. Иккинчи бор турмушга чиққан Маргарита собиқ эрининг қамоқдан қайтгач, ундан ўч олиши мумкинлигини ўйлаб ҳозирданоқ ташвиш чекмоқда.

“Бошида уни “руҳий носоғлом”га чиқариб, жазодан озод этишлари мумкинлигидан чўчигандим. Хайриятки, соғломлигини тан олишди. Рости ҳам шу-да. Аввалги ҳаракатлари – мени ўрмонга олиб бориб, пичоқ билан таҳдид қилгани, ҳужжатларим ва шахсий буюмларимни йўқ қилганини, балки, телбаликка йўйиш мумкиндир. Аммо сўнгги ҳолатда у жиноятни олдиндан режалаштиргани аниқ: бир неча кун аввал болта сотиб олганди, панжаларимни чопгач, қон йўқотишдан ўлмасин деб билакларимдан маҳкам боғлаганди”, дейди у.

Европа суди ўз амалиётида биринчи марта бир кишига бунча катта товон пули тайинлагани бежиз эмас. Маргаританинг учта протези бор. Иккитасини одамлар хайрия йўли билан йиғиб берган пулларга сотиб олган. Давлат эса бир ярим йилдан сўнггина протез ажратган. Икки бионик протезининг ҳар бири 4 млн рублдан туради. ИҲЕСга даъво аризаси киритаётганда протезлар нархи, таъмирлаш ва реабилитация харажатлари кўрсатилган. Протезнинг битта бармоғи бузилганида 350 минг рублга таъмирлатган.

Маргарита панжаси қайта уланган чап қўли реабилитациясини бир йил муқаддам тугатди. Жами беш марта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди, ҳар бир амалиётдан сўнг реабилитация даврини ўтади.

“Бу қўлимни ортиқ ривожлантириб бўлмайди. Ўйлашимча, соғлом қўлнинг нари борса 15 фоиз функцияларини бажара оляпти. Протез эса бундан бир оз самаралироқ, гарчи энг яхшисидан олган бўлсам-да. Аммо икки қўлим ҳам оҳиста ҳаракат, тугма қадаш ва ёзишга ярамайди. Шу боис ҳаётим аввалгидек бўлди, дея олмайман. Ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди”, дея ҳикоясини тугатади Маргарита Грачёва.

Жабрланувчиларнинг адвокатларига кўра, Европа суди резолюциясининг энг муҳим банди шуки, Россия мумкин қадар тезроқ ўз қонунчилигига “маиший зўравонлик” тушунчасини киритиши керак. Суд маиший зўравонликнинг олдини олиш, жабрланганларни муҳофаза қилиш ва бу каби ишлар самарали тергов қилинишини таъминлаш чораларини кўришни тавсия қилган.

“Санаб ўтилган чора-тадбирлар амалга оширилгунга қадар Страсбург суди Россия фуқароларидан келадиган бу каби ҳолатларга доир шикоят ва аризаларни соддалаштирилган ва тезлаштирилган тартибда кўришда давом этади”, дейилади ИҲЕС хабарномасида.

Россия – Европа Кенгаши аъзолари орасидаги маиший зўравонликка қарши ўз миллий қонунини қабул қилмаган ягона мамлакатдир.

2011 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда Россияда ўлдирилган аёлларнинг 65,8 фоизи айнан маиший зўравонлик қурбони бўлган.

Россия ҳукумати вакили Маргарита Грачёва ҳамда бошқа даъвогарларнинг шикоят аризалари Европа судида кўрилиши жараёнида зарар мансабдорлар эмас, балки хусусий шахслар томонидан етказилганини рўкач қилиб, давлат маиший зўравонлик учун жавобгар бўлмаслиги ва жабрланувчиларга товон тўламаслиги лозимлигини уқтиришга уринди.

XS
SM
MD
LG