Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:36

Ислом, Каримов ва Тоҳир Йўлдош. Наманган воқеаларига 30 йил тўлди (ВИДЕО)


Тоҳир Йўлдош Наманган вилоят партия қўмитаси (обком) биносида нутқ сўзламоқда, 1991 йил, декабрь. Видео скриншоти
Тоҳир Йўлдош Наманган вилоят партия қўмитаси (обком) биносида нутқ сўзламоқда, 1991 йил, декабрь. Видео скриншоти

Бундан роппа-роса 30 йил муқаддам, 1991 йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон ўзининг янги тарихидаги энг йирик исломий ғалаёнга гувоҳ бўлган эди.

Наманганда Ислом давлати қуришни талаб қилган бир гуруҳ радикал диндорлар ҳокимият биносини босиб олган, исломчилар етакчиси, 24 яшар Тоҳир Йўлдош билан шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи музокара олиб борган эди.

Бир қарашда стихияли тарзда юз берган бу воқеалар, таҳлилчилар назарида, сиёсий Исломнинг бўй кўрсатиши эди. Каримов уларнинг Исломий давлат қуриш талабини аввалига парламентга ҳавола қилди, кейинроқ, ҳокимият жиловини тўлиқ қўлга олгач, радикал диний гуруҳлар билан бирга оддий диндорларга қарши ҳам йирик кампания бошлади.

Тез орада Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний ортидан, уларга эргашганлар ҳам Ўзбекистондан сиқиб чиқарилди, қолганлари эса қамалди ёки бедарак кетди. Хорижга қочганларнинг бир қисми кейинроқ террорчи гуруҳ, деб эълон қилинган Ўзбекистон исломий ҳаракатига бирлашди.

Каримов қарийб 30 йиллик бошқарувида Ўзбекистон хавфсизлик сиёсатини, таҳлилчиларга кўра, ўзининг диний ва дунёвий мухолифларига қарши кураш стратегияси устига қурди.

Танқидчилар Каримовни, исломий радикализм хавфидан фойдаланиб, ўзининг сиёсий ва диний мухолифларини қувғин қилиш, қамоққа ташлаш ва шафқатсиз қийноқларга тутишда айблади.

Тарихга “Наманган воқеалари” номи билан кирган ҳодисалар кейинроқ Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида акс садо берди ва ҳануз бермоқда.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар, Ўзбекистонда ҳокимият алмашинуви ортидан пайдо бўлган бугунги нисбий эркинлик муҳитида, диний мутаассиб гуруҳларнинг яна пайдо бўлгани ва бу И. Каримов бошқаруви илк кезларидаги хавотирли вазиятга ўхшаш эканини қайд этмоқда.


Сиёсий Исломнинг бўй кўрсатиши

1980-йилларда сўнгги совет раҳбари Михаил Горбачев бошлаган қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати мусулмон совет шарқи деб аталган Ўзбекистон ва қўшни республикаларда миллий ва диний уйғониш жараёнларини ҳам бошлаб берди.

Ўзбекистон, хусусан, унинг энг диндор аҳолиси яшайдиган Фарғона водийси бу жараёнларнинг марказида эди.

Аввалига бирин-кетин масжид ва мадрасалар очилди, бир вақтнинг ўзида совет иттифоқининг бошқа бурчакларида “нолегаллар” деб аталган уюшмаларга ўхшаш “Адолат”, кейинроқ эса "Ислом лашкарлари" каби радикал гуруҳлар ташкил топди.

Мамлакатда эски тузум интиҳо топаётган, ижтимоий муносабатлар эврилишга тутган паллада бу гуруҳлар фурсатни бой бермади.

Хусусан, Наманганда ҳуқуқ - тартибот соҳасида ўртага чиққан бўшлиқни "Адолат" ва "Ислом" лашкарлари тезда тўлдирди - рўмолсиз аёллар, намоз ўқимайдиган эркаклар, ўғри ва фоҳишаликда айбланганларни, ўз таъбирича, шариат усулида жазолашни бошлаб юборди.

Воқеа - ҳодисалар тўлқини кейинроқ қуролли исломий мухолифат ва террорчи ташкилотга бошчилик қилган Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний каби шахсларни майдонга чиқарди.

1991 йилнинг 9 декабрь куни Наманганда ҳокимият биноси исломчилар қўлига ўтди - улар янги сайланган Ислом Каримов олдига Ўзбекистонда исломий давлат қуриш ва шариат қонунларига кўра иш кўриш талабини қўйди.

Наманганлик журналист ва ўша пайтда мухолифатнинг энг фаол аъзоларидан бўлган Носир Зокир ўша куни ҳокимият биносининг ичида бўлган:

- Ўша пайтда Каримов Намангандаги фаоллар билан учрашгани келди ва Тоҳир Йўлдош бошчилик диндорлар у билан учрашиб, ўз таклиф ва талабларини айтадиган бўлди. Лекин Каримов улар билан учрашмай, алдаб кетиб қолганидан кейин булар бутун водий бўйлаб диндорларни тўплади. Эртаси куни ошларни пишириб, бирма-бир нутқ сўзлашиб, менга ҳам микрофон беришди. Мен ҳам шеър ўқидим. 9 декабрь куни Каримов келди яна, улар билан алоҳида хонада гаплашди. Мени киргизишмаган ўшанда. Кейинчалик Тошкентда учрашар экан, сиз боринг Носир ака, дейишди. Лекин Тошкентда ҳам учрашмади ва 17 декабрдан бошлаб Намангандаги диндорларнинг ҳаммасини бир чеккадан қамашни бошлади. Тоҳир Йўлдош эса мамлакатдан чиқиб кетиб, террорчига айланди.

Ана шу воқеалардан сўнг Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний ортидан, уларга эргашганлар ҳам Ўзбекистондан сиқиб чиқарилди, қолганлар эса қамалди ёки бедарак кетди.

Хорижга қочганларнинг бир қисми кейинроқ террорчи гуруҳ деб эълон қилинган Ўзбекистон исломий ҳаракатига бирлашди.

- Агар ўша пайтда Каримов буларни сиқиб чиқармай, улар билан мулоқот қилганида ва уларга йўл берганида эди: "Бизнинг давлат демократик давлат, Исломий давлат қонунлар билан иш юрита олмаймиз. Аммо, келинглар бирга ишлайлик, шу мамлакатни бирга кўтарайлик, сизлар бунинг учун нима истайсизлар?" деб қулоқ солганида эди, Тоҳир Йўлдошлар қўлига қурол олган террорчига айланмасди. Чунки, ўша пайтда буларнинг орасида демократияни жуда яхши тушунган илмли болалар кўп эди, - деб хотирлайди Н. Зокир.

Репрессияларларнинг бошланиши

Виталий Пономарёв - Ўзбекистонда диний-сиёсий айбловлар билан қамалган минглаб диндорларнинг илк ва энг йирик рўйхатини тузган россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли.

У бу маҳкумлар ҳимояси учун умрининг 20 йилдан ортиғини бағишлаган.

Пономарёв аъзоси бўлган Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисобича, 1999 йилдан 2010 йилгача диний-сиёсий мотивларда айбланиб, қамоққа ташланган ўзбекистонликлар умумий сони 6 мингдан ортган.

Ташкилот булардан 1 ярим мингга яқинининг 300 саҳифани тўлдирган рўйхатини ҳам эълон қилганди.

- Бизнинг рўйхатда, Каримов бошқаруви якунига етишидан олдин 7 мингдан ортиқ исм бор эди. Менинг назаримда булар ўша пайтда жиноий жавобгарликка тортилганларнинг ярмига яқинини ташкил қилган. Бу диндорлар ҳибсга олинганида яқинлари инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига мурожаат қилишарди, ахборот беришарди, лекин шахсини очиқлашни исташмасди. Ҳибсларнинг асосий қисми 1999 йиллардан кейинги даврга тўғри келади ва айбловларда қийноқлар остида олинган иқрорлик кўрсатмаларидан бошқа жиддий далил бўлмасди. Қийноқлар айбланувчиларга ва уларнинг яқинлари, оилаларига ҳам қўлланган, босим кўрсатиш воситаси сифатида. Замонавий стандартлар нуқтаи назаридан қаралса, ишларнинг асосий қисми демократик жамиятларда ҳукм сурадиган тартиб-қоидаларга мос келмаган ва шунинг учун ҳукмларни адолатли, дейиш имконсиз, - дейди Пономарёв.

“Мемориал” ташкилоти рўйхатига тушаётган диндорлар сони йилига ёки ойига эмас, кунига ошиб бораётган 2000-йиллар бошига келиб, Каримов репрессиясининг мазмун-моҳияти тамоман ўзгариб улгурган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Наманганда президентнинг қаршисига чиқиб, ҳайқирган оломон тарқалиб битган, панжара ортига тушаётганлар орасида эса радикал диндорлардан кўра, оддий намохонлар ва ҳатто дунёвий ҳаёт кечираётган оддий ўзбекистонликлар сони орта бошлаган эди.

Тошкентдаги портлашлар

1999 ва 2004 йилда Тошкентда портлашлар юз берди, 2000- йилларда Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги Сариосиёга Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари сизиб кирди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларида бу воқеалар ортидан мамлакат ичидаги диндорларга қарши репресиялар янада авж олгани айтилади.

Президент Каримов ҳукумати бу ҳодисаларни “қўлига қурол олган радикал диндорларнинг террор ҳужуми”, деб атади. Бу ҳужумга алоқадорликда айбланганлардан бир қисми ёпиқ маҳкамаларда узоқ муддатли қамоқ жазоларига маҳкум этилди. Мустақил ва мухолифат нашрларида бу воқеалар борасида ҳукуматнинг баёнотларини савол остига олган кўплаб мақолалар чоп этилган.

Ҳукумат қамоққа ташланган диндорлар сони билан боғлиқ маълумотларни махфийлаштирди, уларнинг диний-сиёсий айблар билан қамалганини мунтазам равишда рад этиб келди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Ислом Каримов бошқаруви пайтида диний-сиёсий мазмундаги айблов билан қамалганлар сони 12 мингга етган.

Ўзбекистонда диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилган ва халқаро майдонда танилган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари, марҳум Суръат Икромов ўз архивида 9 мингга яқин шахснинг ҳужжати йиғилганини билдирган эди.

"Ўзи учун эмас, халқ учун яшади". Сурат Икромов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:58 0:00

Каримовдан кейинги диний сиёсат

2016 йилда Ислом Каримов вафот этиши ортидан, президентликка келган собиқ Бош вазир Шавкат Мирзиёев диний сиёсатда ислоҳотларни ваъда қилди. Қонунчиликни либераллаштирди, ҳибсга олиш, қамоқда сақлаш ва жазони ўташ тартибини енгиллаштирди.

Ислом Каримов даврида тақиқланган диний ташкилот ва ҳаракатларга аъзоликда гумон қилиниб, қора рўйхатга тушганларни рўйхатдан чиқарди.Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида рўйхатдагилар сони 17 минг, чиқарилганлар сони 16 минг, деган эди.

Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу баёнотларда тилга олинган рақамларга жиддий шубҳа билан қарайдилар. Бундан ташқари фаоллар, Ислом Каримов даврида қамалган диндорларнинг катта қисми ҳануз қамоқда қолаётганини айтишади.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссиясининг шу йил октябрдаги ҳисоботида илк бор - Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонида панжара ортида қолаётган диндор маҳкумлар сонига оид рақам берилди - 2 мингдан ортиқ. Бу рақам собиқ совет давлатлари орасида диний маҳкумлар сони бўйича Ўзбекистон, Ислом Каримов давридаги бўлгани каби ҳануз биринчи ўринда қолаётганини англатади.

Ҳисобот муаллифи, АҚШ Конгрессининг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича маърузачиси Стив Свердловнинг қайд этишича, 81 нафар диндорнинг аксари қийноқ ёки бошқа турдаги таҳқирларга учраган.

Айни пайтда америкалик ҳуқуқшунос Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан 50 га яқин таниқли маҳкумлар озодликка чиқарилгани, бундан ташқари яна юзлаб диндор маҳкумларнинг озод қилинганини олқишлайди.

Аммо бу маҳкумларни оқлаш масаласи очиқ қолаётгани Свердлов ва бошқа ҳуқуқ фаоллари, БМТ ва инсон ҳақлари ташкилотлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукумати билан шу йил бошида кечган мулоқоти чоғида таъкидланган.

“Озодликка чиққан бирорта сиёсий маҳкум реабилитация қилинмади ва ҳозиргача ҳукумат бу масалани ҳатто муҳокама қилишга ҳам ҳаракат қилгани йўқ. Яъни Каримов даврида сиёсий мотивлар билан айблаб қамаш феномени бор эди ва бу - мамлакатнинг барча халқаро мажбуриятларига зид эди”, дейди Свердлов.

Қонунчилик ўзгаришсиз қолмоқда

Аммо шу пайтгача ўзбекистонликларнинг диний ҳақ-ҳуқуқларини кескин чеклаб келган қонунчилик ўзгаришсиз қолмоқда.

Жумладан Свердловнинг ишонишича, Ислом Каримов бошқаруви пайтида Жиноят кодексининг 159, 216, 244 моддалари ва айни пайтда бу моддаларга асосланиб очилган ишлар қайта кўрилиши лозим.

Мустақил Ўзбекистон даврида 15, 20, 25 йиллик ўта узоқ муддатга қамалган маҳкумларнинг асосий қисмига мана шу моддалардаги айбловлар қўйилган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, айнан шу маҳкумларга нисбатан тазйиқ, руҳий ва жисмоний қийноқ қўлланганига оид яқинларининг иддаоси, ҳужжат ёки фотодалиллар кўп йиғилган.

Ҳануз панжара ортида қолаётган маҳкумлар ҳам айни шу тоифага мансуб маҳкумлардир. Шавкат Мирзиёев ҳукумати эса озод қилинмаётган бу маҳкумлар борасида сукут сақламоқда.

Шунингдек Свердловга кўра, Мирзиёев даврида ҳам диндорларнинг анчагина қисми қамоққа ташланган. Ҳисоботда Умар Бадалов (2017 йилда қўлга олинган) ва Муҳаммад Рашидов (2018 йил) каби қатор маҳкумларнинг номи келтирилади.

Шунингдек, АҚШ комиссиясининг ҳисоботида сиёсий айблар билан қамалган собиқ дипломат Қодир Юсупов (2018 йил), блогерлар Отабек Сатторий (2020) ва Миразиз Бозоров (2021) тақдирига эътибор қаратилган.

Ўзбекистоннинг Ислом Каримовдан Шавкат Мирзиёевга мерос қолган ҳукумати яқин ўтмишда - топталган инсон ҳақлари учун муттасил қораланган.

Мирзиёев президентликка келиши билан Каримовнинг ушбу оғир сиёсий меросидан қутулиш учун ислоҳотлар ваъда қилди, таниқли сиёсий маҳкумларнинг 50 дан ортиғини озод қилди. Аммо чиққанлар ҳануз оқланмади.

Каримовнинг оғир сиёсий меросидан қутулишга уринаётган Мирзиёев, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти, АҚШ давлат департаменти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти назарида диний эркинликларни кенгайтирди.

Таҳлилчилар дунёвийликка асосланган ва айни пайтда Ислом қадриятлари чуқур илдиз отган ўзбек жамиятида, дин эркинликларининг кенгайиши манзарасида вақти -вақти билан юзага чиқаётган зиддиятларни, Мирзиёев ҳукуматининг диний соҳада маънили сиёсати йўқлиги билан тушунтиришади.

Айни пайтда диний радикаллашув кучайишидан хавотирлар ҳам ортиб бормоқда. Фуқаролик жамияти заиф ва демократик тенденциялар кучсиз жамиятда, ҳануз авторитар бўлиб қолаётган ҳокимият, Намангандаги каби воқеалар юз бергудай бўлса яна репрессияларга бош урмайдими, деган савол ҳам бу хавотирларнинг бир қисмидир.

XS
SM
MD
LG