Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

Тошкент: Ўзбекистонликлар учун қимматлашиб бораётган "дунёнинг арзон шаҳри"


Тошкент бозори.
Тошкент бозори.

The Economist Intelligence Unit (EUI) тадқиқот маркази дунёнинг яшаш энг арзон ва энг қиммат бўлган шаҳарлари рўйхатини эълон қилди.

Worldwide Cost of Living 2021 рўйхатида Ўзбекистон пойтахти Тошкент жаҳондаги энг арзон уч пойтахтдан бири сифатида келтирилган.

Тошкентдан ҳам арзон шаҳарлар эса, уруш, иқтисодий ва сиёсий муаммолар гирдобида қолган Сурия ва Ливия пойтахтлари - Дамашқ ҳамда Триполидир.

Озодлик суҳбатлашган пойтахтликлар, иқтисодчилар ва ҳатто дунёнинг энг қиммат шаҳарларидан борганлар ҳам ўртача ўзбекистонлик учун Тошкентда ҳаётнинг қимматлигига эътибор қаратишади. Аммо The Economist Intelligence Unit тадқиқотида аҳоли даромадлари ҳисобга олинмаган.

Яшаш қиймати бўйича дунё шаҳарлари рейтинги йилда икки марта The Economist Intelligence Unit тадқиқот маркази томонидан 200 дан зиёд маҳсулот ва хизматларнинг 400 дан ортиқ индивидуал нархлари бўйича тузилади.

Булар-озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари нархларини ўз ичига олади. Бундан ташқари уй ижараси, транспорт, коммунал тўловлар, хусусий мактаблар, маиший ёрдам ва дам олиш харажатлари ҳам ҳисоботни тузишда ҳисобга олинган.

Бу сафарги ҳисоботга дунёдаги 173та шаҳар кирган. Рўйхатда Исроилнинг Тель-Авив шаҳри биринчи марта дунёнинг энг қиммат шаҳри сифатида рўйхатда етакчилик қилмоқда.

“Тель-Авив илк бор рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Тель-Авивнинг бундай кўтарилиши, аввало, Исроил пул бирлиги шекелнинг АҚШ долларига нисбатан кучини акс эттиради”, — дейилади ҳисоботда.

Рейтингда иккинчи ўринни Париж эгаллаган, учинчида эса Сингапур. Тўртинчи ва бешинчи ўринларни мос равишда Цюрих ва Гонконг эгаллаган. Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари 10 талигига Нью-Йорк, Женева, Копенҳаген, Лос-Анжелес ва Осака ҳам киради.

Ҳисоботнинг очиқ қисмида ўтган йил давомида рейтингда энг кўп поғонага кўтарилган шаҳарлар ҳам санаб ўтилган. Хусусан, ушбу маълумотларга кўра, Теҳрон 79-ўриндан 29-ўринга кўтарилган. Теҳронда яшаш нархининг ошиши «таъминот билан боғлиқ қийинчиликлар, товарлар танқислиги ва АҚШ санкциялари қайтганидан кейин импорт нархларининг ошиши» билан изоҳланади. Киев бир йил ичида 101-ўриндан 88-ўринга, Москва эса 106-ўриндан 96-ўринга кўтарилди.

Ҳисоботни тузишда ташкилот шаҳарлар аҳолисининг даромадларини ҳисобга олмаган.

“Нью-Йорк ва Париждан ҳам қиммат”

Ўзбекистонлик иқтисодчилар ва пойтахтликларнинг ўзлари халқаро ҳисоботлардаги хулосани савол остига олишади.

“Чет элдан келган сайёҳлар учун баъзи нарсалар арзон кўриниши мумкин, лекин аслида ундай эмас. Нон 2 ярим минг сўм, суякли мол гўшти 60 000 сўмдан 80 000 сўмгача. Тухум 7 000 сўмдан 15 000 сўмгача донаси. Ўртача ойлик бизда 3 миллион сўм. Коммунал тўловларнику, айтаётганим йўқ ҳали. Мен ҳисоботда қиммат шаҳар деб келтирилган шаҳарларда, масалан, Тель-Авивда ҳам бўлганман. Айрим озиқ-оқват махсулотлари керак бўлса, у ерларда Ўзбекистондан арзон эканлигини кўрганман. Кийим-кечак, уй-рўзғор молларинику, айтмаса ҳам бўлади. Энди уларда ойлик қанчаю, бизда қанча. Буни ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, Тошкентни бемалол дунёнинг энг қиммат шаҳарлари қаторига қўшса бўлади”, - дейди тошкентлик иқтисодчи Тоҳир Собиров.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Бекзод Ҳошимов йўлкира нархи бўйича ҳам Тошкент дунёнинг энг қиммат шаҳарларидан қолишмаслигига эътибор қаратади.

Унинг “Заметки экономиста” Телеграм - каналида ёзишича, Тошкентда жамоат транспорти аҳолининг ўртача ойлигига қиёсланса, Нью-Йоркдагидан қимматлиги англашилади:

“Нью-Йоркда бир ойлик жамоат транспорт абонементи 127 доллар туради. Нью-Йоркдаги бир кишининг бир ойлик ўртача ойлиги тахминан 3333 доллар. Яъни, Нью-Йоркда бир киши ўз даромадининг 3.8 фоизини йўлкирага ишлатади.

Тошкентда бир ойлик жамоат транспорти абонементи 166 000 сўм туради, яъни бугунги курс бўйича 15 доллардан сал кўпроқ. Тошкентда жамоат транспортида юрадиган аҳолининг ўртача ойлигини 200 доллар деб фараз қилса бўладими? Аслида, бундан ҳам камроқ дейлик. Хуллас, Тошкентда бир киши ўз даромадининг 7. 7 фоизини йўлкирага ишлатади. Юқоридаги тахминий ҳисоб-китоб натижаси: Тошкентда жамоат транспортида ҳаракатланиш Нью-Йорк жамоат транспортида ҳаракатланишдан кўра 2 баробар қимматроқ”.

“Тошшаҳарстранспортхизмат” АЖ ўтган ой Тошкент шаҳрида йўлкира нархи 1 400 сўмни (тахминан 0,13 АҚШ доллари)ташкил этиб, дунёдаги шаҳар йўловчилар транспортидаги энг арзон тариф эканини айтган эди.

Ўзбекистонда ўсаётган ягона нарса: Нарх-наво
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:46 0:00

“Биз учун арзон эмас”

Уч фарзанднинг онаси бўлган тошкентлик ўқитувчи Мукаррам Қаҳҳорова учун ҳам Тошкент арзон шаҳар эмас.

“Чет элдан чўнтагида доллар, евро билан келадиганлар учун арзондир-да. Лекин, биз оилада беш жон ойликка зўрға амаллаяпмиз. Мен, ўқитувчиман, ойлигим кам эмас, 4 ярим миллион сўм топаман. Хўжайиним ҳам шунча ойлик олади. Ойига сал кам 10 миллион сўм топамиз, шу зўрға етади. Шунда ҳам у ё-бу ёққа дам олишга чиқиш йўқ. Фақат, уй-рўзғор, свет, газга тўлаймиз. Қанақасига арзон шаҳар, кун сайин нарх-наво ошиб боряптику, бензин ҳам ошиб кетди. Чет элдан келадиганларни чўнтаги кўтарса, кўтараётгандир. Улар учун арзондир, биз учун эмас”, - дейди тошкентлик муаллим.

The Economist Intelligence Unit тадқиқот маркази ҳисоботида дунёнинг иккинчи энг қиммат шаҳри сифатида келтирилган Париждан ўтган ой Тошкентга борган ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимовга ҳам Тошкент қиммат кўринган.

“Қиммат, масалан, Францияда ҳалол гўшт нархи 4 ярим, 5 евро. Тошкентда энг арзон гўшт 60 минг, роппа-роса 5 евро. Шакар,ёғ махсулотлар ҳам қиммат. Ўзбекистонда сервис арзон, тайёр овқатлар нисбатан арзон. Лекин асосий муаммо ойликлар орасидаги тафовутнинг катталиги. Кимдир 120 доллар оляпти, кимдир 2 ё 3 минг доллар”, - дейди Раббимов.

Яқинда АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб борган Юсуфбек Тошкентда бир ой яшаш учун 7 миллион сўмдан кўпроқ сарфлаганини айтади.

“Уй-жой ижараси, интернет, коммунал тўловлар, йўлкира, егулик- ҳаммасини қўшиб ҳисобласам бир ойлик харажатим 7 миллион сўмдан сал кўпроқни ташкил қилди. 700 доллар атрофида. Асосан, картошка, сабзи, пиёз, нон, тухум, гўштга кетди. Баъзи пайтлари кўчада овқатланишга тўғри келди. Кийим-кечак харид қилмадим. Чунки қиммат. Тошкент арзон деб ўйлайсиз, лекин ундай эмас. 100 долларни алмаштирасиз, шу куни йўқ, - дейди Юсуфбек.

Ташкилот ҳисоботида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри энг арзон шаҳарлар бешталигига қирган.

Нурсултондаги Евросиё университети доценти Сапарбой Жубаев Тошкент Қозоғистоннинг Нурсултон ва Олмаота шаҳарларидан ҳам қиммат эканига эътибор қаратади.

“Ўзим Тошкентда бўлганимда гўшт, ўсимлик ёғи Тошкентда Нурсултон билан солиштирганда қиммат эканини кўрганман. Нурсултон Олмаотадан ҳам қиммат. Тасаввур қилаверсасиз. Лекин, хизматлар арзон. Чунки ишчи кучи арзон. Тайёр овқатлар арзон, маҳсулот қиммат”, - дейди Жубаев.

Халқаро ҳисоботларда Ўзбекистон пойтахти дунёнинг энг арзон шаҳарларидан бири сифатида биринчи марта тилга олинаётгани йўқ.

Ўтган йили Mercer халқаро консалтинг ширкати Тошкентни 209 шаҳар орасида хорижликлар яшаши учун энг арзон шаҳарлар бешталигига киритганди.

Таҳлилчилар дунё пойтахтларига қиёсан арзон кўринган Тошкент ва умуман, Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги қимматчилик маошлар ва аҳоли реал даромадларининг пастлиги билан боғлиқ эканини айтишади.

Миллионлаб ўзбекистонликнинг қора қозони Россия ва бошқа мамлакатлардан юбориладиган пул жўнатмаларига қараб қолган. Миграция экспертларининг фикрича, ўзбекистонликларни меҳнат муҳожирлигига ундаётган асосий омиллардан бири ҳам маошларнинг камлигидир.

Ўтган ой Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “1,5 миллион сўм маошга ишлашни истамаётган” пойтахтликлар ҳақидаги сўзлари ижтимоий тармоқларда танқид қилинди.

Озодлик тадқиқоти пойтахтдаги мардикор бозорлари ишчиларга бундан кўпроқ маош таклиф қилаётганини ўртага чиқарган. Бундан аввал расмийларнинг “5600 сўмга кун кечирадиган одам камбағал эмас” ва “беш фарзандли оила 2,5 миллионга яшаши мумкин” қабилидаги баёнотлари тармоқларда ўзбекистонликларнинг ғазабнок чиқишларига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG