Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:45

Қарийб $4 млрд сарфланган GTL заводи газ йўқлигидан ишга туширилмаяпти (АУДИО)


GTL заводи қурилишининг якуний босқичи даврида олинган сурат. 2020 йилнинг биринчи ярми. Сурат Uzbekistan GTLнинг расмий сайтидан олинди.
GTL заводи қурилишининг якуний босқичи даврида олинган сурат. 2020 йилнинг биринчи ярми. Сурат Uzbekistan GTLнинг расмий сайтидан олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрда жиззахлик сайловчилар билан учрашувда Қашқадарё вилоятида табиий газни суюқ ёнилғига айлантирадиган завод қуриб битказилгани, бироқ уни ишга туширишга шошилмаётгани тўғрисида баёнот берди.

3,6 миллиард долларга қурилган GTL заводи қачон фойдаланишга топширилишини давлат раҳбари очиқламади.

Президентга кўра, “дунёдаги бешта заводдан бири” бўлган бу йирик корхонани 2020 йилнинг охирида фойдаланишга топшириш режалаштирилганэди. Кейинроқ яна икки муддат белгиланиб, бу муддатларда ҳам корхона ишга тушмади.

Заводни ишга тушириш, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазирининг айтишича, хомашё таъминоти масаласи билан боғлиқ.

Завод битган, лекин...

ЎзЛиДепдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Жиззахда ўтказган сайловолди учрашуви чоғида қилган чиқишида табиий газ экспорт-импорти масалаларига тўхталиб, жумладан бундай деди:

«Авваллари газ сотардик, ҳозир сотиб олишга тайёрмиз. Чунки саноатимизга катта миқдорда газ керак. Қашқадарёдаги GTL заводимиз тайёр турибди, лекин мен ишга туширишга шошилмаяпман. Чунки бундай завод дунёда бешта. Газдан бензин олинади, қўшимча қиймат яратилади. Газ келажак авлодга қоладиган бойлик, ҳар хил шартномалар билан сотиб юборавериш керак эмас». (Gazeta.uz келтирган иқтибос)

Uzbekistan GTL корхонаси расмий сайтига кўра, табиий газни суюқ ёнилғига (GTL инглизча Gas-to-liquids сўзларидан) айлантирадиган завод тарихи 2009 йилнинг августидан бошланган. Ўзбекистон президентининг 2009 октябридаги қарори билан ўша йил декабрда Uzbekistan GTL корхонасига асос солинган.

Корхона қурилишига оид материалларда заводини қуришга 3,6 млрд доллар сарфлангани айтилади.

Завод қурилиши нақадар улкан объект бўлгани тўғрисида тасаввур берувчи яна бир рақам: корхона расмий сайтига кўра, 2020 йил декабрида завод қурилишига жалб қилинган ишчи-хизматчилар сони максимал кўрсаткичга етиб, 13,6 минг нафарни ташкил қилган.

Бундай заводлар ишга туширилганидан кейин узлуксиз режимда ишлаши керак. Масалан, 1964 йили ишга туширилган Навоий-азот комбинатини 1991 йилда 3 кунга тўхтатишга мажбур бўлишган.

Айнан ишчи-хизматчилар сони максимал кўрсаткичга етган муддат – 2020 йилнинг декабри заводнинг дастлабки маҳсулотни ишлаб чиқариш муддати сифатида белгиланган. Бу ҳақда маҳаллий матбуот Ўзбекистон президентининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестицион дастурига таяниб хабар қилган эди.

Завод белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмади ва янги муддат белгиланди. 2021 йилнинг майида маҳаллий нашрлар Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродовага таяниб, заводдаги “қурилиш-монтаж ишлари 92 фоизга бажарилгани”, “жорий йилнинг июлига бориб маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилгани” тўғрисида хабар қилди.

Бу хабардан бир ярим ой олдин – жорий йилнинг 7 апрелида матбуотда пайдо бўлган бошқа бир хабарда дастлабки маҳсулот шу йилнинг августида ишлаб чиқарилажаги айтилган.

Хомашё манбаси номаълум завод

Президентнинг 21 октябрдаги баёнотидан айтилган муддатларда завод ишга тушмагани маълум бўлди, боз устига қачон ишга туширилиши номаълум қолмоқда.

Нега? Озодлик бу саволни мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаиновга берди. Унинг айтишича, завод қуриб битказилган, у ишлаб чиқаришга тайёр, бироқ заводни ишга тушириш президентнинг инон-ихтиёрига боғлиқ эмас, чунки бундай йирик газни қайта ишлаш заводлари, кимё комплекслари учун бажарилиши мажбурий бўлган техник талаблар бор:

Заводни Ўзбекистоннинг ўз гази билан йил-ўн икки ой узлуксиз таъминлаш имкони йўқ.

“Бундай заводлар ишга туширилганидан кейин узлуксиз режимда ишлаши керак. Масалан, 1964 йили ишга туширилган Навоий-Азот комбинатини 1991 йилда 3 кунга тўхтатишга мажбур бўлишган. Ўшанда жуда катта хавф пайдо бўлган. Президент GTLни қурган компаниялар талабини қўллаб-қувватлаган. Чунки заводни Ўзбекистоннинг ўз гази билан йил-ўн икки ой узлуксиз таъминлаш имкони йўқ”.

Анвармирзо Ҳусаиновнинг айтишича, Ўзбекистонда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми қисқариб кетган, мавжуд ҳажмлар халқ хўжалиги ва аҳоли эҳтиёжларини қоплашга зўрға етяпти. Мана шундай вазиятда улкан завод ишга туширилса, кунига юз миллионлаб куб метр газ керак бўлади.

- Бас, шундай экан, GTL заводини қуриш тўғрисидаги қарор нотўғри қарор бўлганми?

- Балки ўз вақтида соҳа етакчилари завод қуриб битказилгунча газ қазиб олиш ҳажмини оширамиз, деган бўлса керак. Лекин афсуски, бундай бўлмади.

Анвармирзо Ҳусаинов
Анвармирзо Ҳусаинов

Анвармирзо Ҳусаиновнинг фикрича, завод импорт газ ҳисобига ишга туширилади ва бунинг учун ҳуқуқий асослар ҳам яратилди. Собиқ вазир Ўзбекистон президентининг 2021 йил, 6 октябрдаги фармонини назарда тутаётганини билдирди.

Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда бошқа чоралар қатори 2021 йил 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар табиий газни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод қилинажаги айтилган.

Табиий газ импорти бу фармон имзолангунга қадар ҳам мисли кўрилмаган даражада ўсган. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига қараганда, 2020 йили 50,4 млн долларлик газ импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткич 2019 йилгидан 237,1 баробар кўпдир.

Энергетика вазирлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаинов Озодликнинг импорт ҳажми ўсишига доир ва мавзуга оид бошқа саволларга ҳам жавоб берди. Қуйида у киши билан ўтказилган суҳбатни тинглашингиз мумкин.

Анвармирзо Ҳусаинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:20 0:00
Бевосита линк

Завод қанча маҳсулот чиқаради?

«Ўзбекнефтгаз» маълумотларига кўра, GTL заводи ишга туширилгач, йилига 3,6 млрд куб метр газ қайта ишланиб, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 307 минг тонна авиакеросин, 437 минг тонна нефт ва 53 минг тонна сиқилган газ ишлаб чиқарилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 млрд долларни ташкил этиши, унинг 1,3 млрд доллари «Ўзбекнефтгаз» ресурслари, 2,3 млрд доллари эса «Газпромбанк», «Росэксимбанк» ва Россия экспорт кредитлари суғуртаси агентлигини ўз ичига олган халқаро молиявий консорциум маблағлари эканлиги айтилган.

Бир йил олдинги GTL-можаролар

Озодлик ўз вақтида GTL заводи қурувчиларининг ижтимоий муаммоларини бир неча бор ёритган. Бундан роппа-роса бир йил олдин – 2020 йилнинг 21 октябрь эрталаб соат 7:30да GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққан, Озодликка келган видеоларда тахминан 5 мингга яқин каска кийган ишчилар завод биносини штурм қилаëтгани акс этган эди.

Воқеанинг эртасига – 22 октябрь куни Озодлик Engineering компанияси ишчиларнинг тўпланиб қолган ойлиги тўлай бошланганини хабар қилган. Ўшанда маҳаллий журналист Озодликка "ширкатнинг 12 мингдан зиëд ишчисининг кейинги уч ойда тўланмаган ойлигини тўлаш учун икки машинада пул олиб келишгани"ни кўрганини айтган.

XS
SM
MD
LG