Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:45

CPJ Ўзбекистон ҳукуматини Озодлик журналистларига таҳдидларни текширишга чақирди


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Озодлик журналистларига ўлим таҳдидларини Озодликнинг президент Шавкат Мирзиёев ва оиласига дахлдор коррупцияга доир суриштирувлари билан боғлаган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Озодлик журналистларига ўлим таҳдидларини Озодликнинг президент Шавкат Мирзиёев ва оиласига дахлдор коррупцияга доир суриштирувлари билан боғлаган.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон ҳукуматидан Озодлик журналистларига нисбатан ўлим таҳдидлари бўйича зудлик билан текширув-тафтиш ўтказиш ва айбдорларни жазолашни талаб қилди.

“Ўзбекистон ҳукумати АҚШ Конгресси томонидан молияланадиган Озод Европа/Озодлик радиоси ходимларига нисбатан амалга оширилган таҳдидлар бўйича зудлик билан текширув ўтказиши ва уларнинг хавф-хатарсиз фаолият юритишини таъминлаши лозим”, – дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси 21 октябрь куни чиқарган баёнотда.

16 октябрь куни Озодликнинг Телеграм-каналида мувофиқлаштирилган ҳужум қайд этилди. Ярим соат мобайнида ёпиқ аккааунтлардан Озодлик журналистларига ўлим ва жинсий тажовуз билан таҳдид қилувчи ўнлаб мактублар йўлланди.

Шу билан бирга, ўнлаб аккаунтлардан бир муаллиф томонидан ҳозирланган порнографик мазмундаги коллажлар юборилди.

Озодликка троллар ҳужуми уюштирилиши янги ҳодиса эмас. Ҳокимиятнинг юқори доиралари, хусусан, президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оила аъзолари фаолиятига оид суриштирувлар, танқидий мақолалар ва видеоматериалларга аввалдан тайёрланган тролл ҳужумлари мунтазам кузатилади.

Ўтган ҳафтадаги ахборий хуружда ҳам Озодлик “эски анъана”га кўра “ёлғон маълумот тарқатиш, президентга бўҳтон қилиш, Ўзбекистондаги тинчликни кўролмаслик”да айбланди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси галдаги таҳдидларни "жирканч ҳаракат" деб баҳолаган.

“Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизмати ходимларига нисбатан амалга оширилган мисли кўрилмаган жирканч таҳдидлар Ўзбекистон ҳукуматидан аниқ изоҳ талаб этади. Бирор бир журналист бундай таҳдидлар остида фаолият юритмаслиги лозим. Ўзбекистон ҳукумати таҳдид манбаларини аниқлаш бўйича зудлик билан чоралар кўриши ва айбдорларни жавобгарликка тортиши керак”, – дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид.

Қайд этилишича, халқаро ташкилот бу борада изоҳ сўраб Ўзбекистон президенти маъмурияти ва Ички ишлар вазирлигига мактуб йўллаган, аммо мутасадди идоралар мурожаатларни жавобсиз қолдирган.

Озодлик жорий йил давомида Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласига дахлдор коррупцияга доир бир неча жиддий суриштирувларни эълон қилди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Озодлик журналистларига ўлим таҳдиди ана шу танқидий чиқишлар билан боғлиқ эканига ишора қилган.

Аввалроқ Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай медиакорпорациянинг ўзбек хизмати журналистларига таҳдидларни жирканч ҳаракат деб атаб, Ўзбекистон ҳукуматини уларни қоралаш, Озодлик вебсайтини блоклашни тўхтатиш ва журналистларни аккредитациядан ўтказишга чақирган эди.

2005 йил 13 майидаги Андижон қирғинини ёритиши ортидан Озодликнинг Тошкентдаги офиси мажбуран ёпилган эди. Радио журналистлари ўшандан буён Чехия пойтахти Прага шаҳрида фаолият юритиб келмоқда.

Бир неча йил аввал Ўзбекистон ҳукумати танқидий чиқишлари сабабли “қора рўйхат”га киритилган бир қатор ОАВ сайтларини блоклашни тўхтатди. Аммо Озодлик сайти “Янги Ўзбекистон”да ҳам блокланганича қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Озодлик журналистларини аккредитациядан ўтказиш борасидаги сўровларни ҳам жавобсиз қолдириб келмоқда.

Келаётган якшанбага мўлжалланган президент сайлови арафасида Ўзбекистондаги қатор мустақил блогер, сиёсий мухолиф ҳамда фуқаро жамияти фаоллари ўзларига нисбатан босимларнинг кучайгани, куч ишлатар тизимлари уларни таъқиб қилаётгани ва ҳаракатларини чеклаётганини айтишган.

24 октябрь кунги сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга сайланиши кутилади.

Сайловни кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кузатувчилар миссияси сайловолди жараёнларида жонли мулоқот йўқлиги, мустақил партия ва номзодлар сайловга қўйилмагани ҳамда ҳукумат сайловчиларнинг ҳуқуқларини чеклашда давом этганини айтган.

XS
SM
MD
LG