Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:38

“Human Rights Watch” Ўзбекистондаги ислоҳотлар муваффақиятсизлиги ҳақида баёнот чиқарди


“Human Rights Watch” (HRW) Ўзбекистонда шу ойда ўтадиган президентлик сайловига потенциал рақиблар номзодлари қабул қилинмагани ва “инсон ҳуқуқлари борасидаги охирги муваффақиятсизликлар”дан огоҳлантирди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти 13 октябрь куни чиқарган баёнотида таъкидланишича, қўйилаётган чекловлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилгани айтилаётган ислоҳотларнинг “чекланганини фош қилади”.

Қаттиқ назорат қилинадиган пост‑совет республикадаги давлат ОАВларида алоҳида тарғиб қилинган Мирзиёевнинг 24 октябрдаги сайловда қайта сайланиши деярли аниқ.

“Ўзбекистон ислоҳотларни кун тартибига қўйиш орқали жиддий халқаро эътиборни ўзига жалб қилди, аммо инсон ҳуқуқлари соҳасидаги охирги ортга тисарилишлар ва сайловда мухолиф ва мустақил номзодларнинг йўқлиги бу даъволарнинг чекланганини кўрсатади” дейди HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уильямсон.

“Ўзбекистон ҳукумат позициясини ёқламайдиган номзодларнинг келаётган сайловда иштирокига рухсат бериш орқали чинакам ислоҳотларга қатъий киришганини кўрсата олиши мумкин эди. Аммо ундай қилмади.”

Мирзиёев Ўзбекистоннинг илк президенти Ислом Каримовнинг 2016 йилдаги вафотидан сўнг баҳсли тарзда ҳокимиятга чиққан ва бир неча ой ўтиб ўтказилган сайловда 87 фоиз овоз билан сайланган.

Унинг илк қадами ОАВ ва мухолиф фикрлилар қаттиқ назорат қилинадиган, Ғарб кузатувчилари ҳеч қачон демократик ва ҳалол деб топмаган сайловлар ўтган мамлакатни ислоҳ қилиш ваъдаси эди.

Ўтмишдаги сайловларда бўлгани каби жорий раҳбариятнинг асосий танқидчилари номзодлари қабул қилинмаган.

HRW Ўзбекистоннинг сайловга номзодлар фақат рўйхатга олинган партиядан кўрсатилиши мумкинлиги тўғрисидаги талаби ва бу тартиб расмийларга “шундай муҳим сайловда кенг миқёсли сиёсий иштирокка йўл қўймасликка” имкон беришидан ёзғирди.

Баёнотда Ўзбекистоннинг эски рўйхатдан ўтган партияси – Эрк демократик партияси ҳамда Ҳақиқат ва тараққиёт партиясининг номзодлари рад қилингани тилга олинган.

“Эрк” томонидан номзоди кўрсатилиши режаланган қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов тажовузкор оломон сиёсий йиғилишга ҳужум қилганидан сўнг сиёсатни тарк этди.

Ҳар икки партиянинг тарафдорлари ва Мирзиёев маъмуриятининг бошқа танқидчилари мунтазам босимлар ва таъқиблардан шикоят қилади.

Парламентдаги ҳукуматга танқидий қарамайдиган беш партия номзодлари қабул қилинган: “Адолат” партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, Миллий тикланиш партиясидан Алишер Қодиров, Экологик партиядан Нарзулло Обломуродов ва Халқ Демократик партиясидан ягона аёл номзод Мақсуда Варисова.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси (ODIHR) сайловни демократик шаклда ўтказиш бўйича берилган тавсияларнинг аксарияти амалга оширилмаганини билдирди.

Май ойида ODIHR “қайта кўриб чиқилган қонунчилик базаси ва барча даражалардаги сайлов комиссияларини жорий қилиш, вакиллик асосида овоз беришларга тўсиқ бўлмаслик, сайлов кунидаги тадбирлар, номзодлар ва сайловчиларни рўйхатга олиш, сайловнинг ОАВда ёритилиши ва сайлов натижалари бўйича баҳсларни ҳал қилиш юзасидан” ислоҳотлар қилишга чақирган эди.

Шу ой бошларида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Венди Шерман Мирзиёев билан учрашувда Тошкент билан стратегик ҳамкорликни таъкидлай туриб, Ўзбекистонда “давомли иқтисодий, демократик ва инсон ҳуқуқлари ислоҳотлари”га чақирган эди.

XS
SM
MD
LG