Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:33

"Деразалар ёпилсин, пардалар туширилсин!" Мирзиёев Қашқадарёда сайловчилар билан учрашди


Амалдаги президент ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди.

Расмий хабарларга кўра, Ш. Мирзиёев сайловолди дастурини тақдим қилди ва вилоятда 400 мингта иш ўрни яратиш, 75 та янги кичик саноат зонасини очиш, 120 гектар майдонда саноат технопарки ташкил этиш режасини баён қилди.

Мирзиёев бу каби режалар учун Қашқадарёга 60 триллион сўм ажратилишини ваъда қилди. 10 октябрь куни Мирзиёев Сурхондарё вилоятида ҳам учрашувлар ўтказди ва бу ердаги 5 йиллик режалари учун ҳам, давлат ғазнасидан 50 триллион сўм ваъда қилди.

Амалдаги президент ҳамда президентликка номзоднинг бу устма-уст ваъдалари ҳамда сайловолди учрашувларда маъмурий ресурслардан фойдаланаётгани Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти оралиқ ҳисоботида ҳам танқид қилинди.

Қашқадарё вилоятидаги Озодлик манбаларининг хабар қилишича, президент сафарига, одатдагидек, 1 ой олдин тайёргарлик бошланган. Президент ўтиши мўлжалланган кўчаларда аҳоли ҳаракати чекланган, учрашувга ҳозирлик 10 октябрь оқшом соат 21 да ҳам давом этган.

Номзоднинг ваъдалари

Қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда Шавкат Мирзиёев, президентлик биринчи муддати якунига етаётган бир пайтда, Қашқадарёда ҳануз ишсизлик ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинмаганини билвосита тан олди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 11 октябрь кунги учрашувда гоҳ амалдаги президент, гоҳ президентликка номзод сифатида гапирган Шавкат Мирзиёев вилоятда 400 мингта янги иш ўрни яратиш, бунинг учун 75 та янги кичик саноат зонасини очишни ваъда қилган.

Шунингдек, президентликка номзод ўз нутқида, аҳолининг атиги 47 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланганини тан олиб, келгуси 5 йилда эса буни 80 фоизга етказишни мўлжаллаганини маълум қилди.

- Қашқадарё тўғрисида ўйлаганимда, бугунги учрашувга тайёргарлик кўрганимда, мени энг кўп қийнайдиган масала – бу ҳудуд аҳолисига муносиб ҳаёт, тўкин дастурхон ва доимий даромад манбаларини таъминлаб бериш, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Ш. Мирзиёев вилоятда янги кимё кластери ташкил этилиши, жами 2,7 миллиард доллар бўлган 12 та лойиҳа амалга оширилишини ҳам билдирди.

Мирзиёев ташрифига ҳозирлик

Манбаларга кўра, президент ташрифига тайёргарлик бир ой олдин бошланган.

"Бир ойча аввал ташкилотларга огоҳлантириш келган эди. Бир ҳафта аввалдан асосий ишлар бошланди. Асосий кўчаларни четидаги яхшигина йўлакларни кўчириб, янгисини ётқизишди. Бугун эрталабдан президент келадиган катта кўчалар ёпилди. Зиёратгоҳга борди биринчи бўлиб, кейин сайловчилар билан учрашув бўлди. Кейин Қаршининг эски шаҳар қисмидаги "Одина" масжидига борди", деди Қашқадарё вилояти ҳокимлигига яқин Озодлик манбаси.

Шу шаҳарда яшайдиган Озодлик тингловчисига кўра, унинг катта йўл ёқасидаги уйи сўнгги 2 кун ичида махсус хизматлар ва ИИВ ходимлари томонидан муттасил назорат остида сақланган.

"Деразаларни ёпинглар, балконларга чиқманглар, пардаларни туширинглар, деб 2 кундан буён назорат қилишяпти. Менда битта форточка очиқ қолган экан, шуни ёпинг, деб талаб қилишди. Уйимизга келган-кетганларнинг паспортини бирма-бир текширишди. Президент кўчамиздан ўтиб кетишига шунча ваҳима бўлди", деди исмини очиқламаётганимиз қаршилик тингловчи.

Қашқадарёлик блогерлардан бирининг хабар қилишича, вилоятда янги қурилган президент мактабида 10 октябрь, соат 21да ҳам ўқувчи болалар президент билан учрашувга ҳозирлик кўраётган эди:

"Кечаси соат 9 да мактабда юрган болаларни кўрдим, 50тача болани санадим. Репетиция қилишаётган экан. Кеча совуқ эди".

Зоир Мирзаевнинг "юлдузли онлари"

Президент Мирзиёев Қашқадарёга сафари доирасида икки қатор янги ёки таъмирланган объектларни бориб кўрди.

Қарши шаҳрида янги қурилган президент мактаби, "Одина" масжидида янги очилган Қатағон қурбонлари хотира музейи, Қарши туманида янги таъмирдан чиқарилган Абу Муин Насафий мақбараси шулар жумласидандир.

Озодлик манбаларига кўра, бу масканларни президент ташрифига ҳозирлаш ишларига вилоят ҳокими Зоир Мирзаев шахсан бошчилик қилган.

"Шахсан ўзи бош-қош бўлди тайёргарлик ишларига. Насафий зиёратгоҳи қаровсиз аҳволда ётганди. Ҳоким ўзи тепасида турди - бир ойда янгилашди. Бундан олдин Ўзбек-Туркман дўстлигига аталган тадбирлар ҳам бўлганди. Хуллас, Қарши шу тадбирлар баҳона обод бўлиб қолди, аслида. Шу тадбирлар баҳона Зойир Мирзаев ҳам президентга ўзини кўрсатди. "Звёздный час", дейдими. Лекин, бу ёқда ташкилотлар ишчиларини ҳам роса эзиб ишлатишди", деди Қашқадарё вилояти ҳокимлигига яқин Озодлик манбаси.

Озодлик, бунга қадар Ўзбек-Туркман дўстлигига бағишлаб, Қашқадарё вилоятида ўтган тадбирлар ва унга тайёргарлик ишларига давлат ходимлари мажбуран жалб қилингани ҳақида хабар қилган эди.

Номзод Ш. Мирзиёевдан 2 кунда 110 триллион сўмлик ваъда

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятидаги кейинги 5 йилда бажариладиган жами лойиҳалар учун, умумий ҳисобда давлат ҳисобидан 60 триллион сўм ажратишни ваъда қилди.

10 октябрь куни Сурхондарё вилоятида сайловчилар билан учрашган президент, бу вилоятда ҳам келгуси 5 йиллик режалар учун 50 триллион сўм ажратилишини айтди.

Бунга қадар у Фарғона, Наманган, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Қорақапоғистон республикасида ҳам сайловчилар билан учрашди, у ерда ҳам катта-катта ваъдалар берди.

Айни пайтда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқоти давомида тарқатаётган маблағлар, бераётган ваъдалар - унинг маъмурий ресурслардан фойдаланаётгани тўғрисидаги баҳсли масалани кун тартибига чиқарди.

8 октябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) Ўзбекистонда 24 октябрь кунига белгиланган президент сайловини кузатиш миссияси оралиқ ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, сайловолди кампанияси пайтида, ташкилотнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларга оид тавсиялари бажарилмаётгани қайд этилган.

Бажарилмаган тавсиялар сирасида сайлов ҳуқуқларини чеклаш, мустақил номзодларни кўрсатишга тақиқ ва сайлов кампаниясини молиялаштиришнинг муқобил манбаларига оид тавсиялар бор.

Ҳисоботда, хусусан Ўзбекистоннинг амалдаги президенти бўлган Ш. Мирзиёевнинг сайловчилар билан учрашувларга президент хизмат самолёти билан бориши ва бошқа номзодлар ўртасида рақобатли кураш кузатилмагани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон марказий сайлов комиссияси президентликка номзод сифатида:

  • Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёевни,
  • “Адолат” партиясидан Баҳром Абдуҳалимовни,
  • Экологик партиядан Нарзулла Обломуродовни,
  • “Миллий тикланиш” партиясидан Алишер Қодировни,
  • Халқ-демократик партиясидан Мақсуда Ворисовани рўйхатга олган.

Мазкур партияларнинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялар сифатида кўрилади.

Мухолифатдаги партияларга эса бу сафар ҳам сайловда қатнашиш учун имкон берилмади.

24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга сайланиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG