Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Толибон таъсири. Ўзбекистон куч тизимлари радикал гуруҳлар устидан назоратни кучайтирди


Тошкентда 10 нафар «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзосининг қўлга олиниши, 15 сентябрь 2021 (ИИВ)
Тошкентда 10 нафар «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзосининг қўлга олиниши, 15 сентябрь 2021 (ИИВ)

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сентябрь ойида диний радикал гуруҳларга қарши курашни кучайтиргани, фаоллашган диний жамоалар манзилларида рейд уюштираётгани кузатилмоқда.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра,шу кунларда Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона вилояти ҳамда Сурхондарё вилоятида“Хавфсиз ҳудуд” номли профилактик тадбир ўтказилмоқда.

Манбаларга кўра, бу тадбирлар Афғонистонда ҳокимият Толибонга ўтгач, Ўзбекистонда ҳам диний радикализм таҳдиди ортаётгани ортидан бошланган.

Сурхондарё вилоятидаги манбаларга кўра, Афғонистон билан чегараолди ҳудудларида ДХХ ва ИИВ органлари ходимлари назорати фавқулодда кучайтирилган. Аснода умумиятла, диндор қатлам ва рўмолли, ҳижобли аёллари бўлган оилалар устидан яна назорат кучайгани айтилмоқда.

ИИВ берган расмий маълумотларга кўра, сўнгги бир ой ичида 200 га яқин шахс қўлга олинган ва уларнинг асосий қисми “Ҳизбут Таҳрир” жамоасига аъзоликда гумонланиб, ушланган. Вазирлик матбуот хизмати Озодликнинг бу борадаги саволларига ҳозирча жавоб бермади.


Расмий хабарлар хроникас

ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, сўнгги 2 ой давомида Тошкент шаҳри ва вилояти, ҳамда бир неча вилоятда “Хавфсиз ҳудуд” номли профилактик тадбир ўтказилмоқда.Бу тадбирга ИИВ, ДХХ ҳамда прокуратура органлари қўшилган.

Вазирликка кўра, 2 ой ичида бу тадбир доирасида мамлакат бўйлаб 200 дан ортиқ “диний экстремист” қўлга олинган:

  • - 26 сентябрь: Наманганда www.odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғида “Имом ал-Бухорий катибаси” халқаро террорчилик гуруҳи фаолиятини қўллаб-қувватловчи видеони саҳифасига жойлаган шахс ушланди.
  • - 17 сентабр: Тошкентнинг Олмазор, Учтепа, Яшнобод ва Юнусобод туманларида 12 нафар “Ҳизб-ут Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти аъзоси қамоққа олинди.
  • - 15 сентябрь: Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи 10 нафар “Хизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилот аъзоси аниқланди.
  • - 10 сентябрь: Тошкентнинг Шайхонтоҳур, Учтепа, Олмазор, Сирғали ва Яккасарой туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент ва Қибрай туманларида яшовчи 29 нафар “Ҳизб-ут Таҳрир” экстремистик ташкилотининг “Аёллар қаноти”га аъзо аёллар ушланди.
  • - 19-20 август: Тошкентнинг Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Чилонзор туманларида Суриядаги халқаро террор гуруҳларига аъзоликда гумон қилиб, қидирувга берилган 3 киши ушланди, 35 киши ИИБга олиб кетилди, 35 та манзилда тинтув ўтказилди.
  • - 18 август: Тошкентнинг Олмазор, Учтепа, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Сергели туманида 100 дан ортиқ одам ушланди, 108 та манзилда тинтув ўтказилди.

Расмий хабарларда қўлга олинганларнинг 100га яқини Жиноят кодексини 159 ва 2442 - моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида турли муддатларга ушланган. Қолганларига нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чораси кўрилгани айтилди.

Айни пайтда ИИВ Ахборот хизмати аҳолини муттасил равишда огоҳлантирмоқда:

“Ҳизб-ут Таҳрир” экстремистик ташкилоти сафида фаолият қилиш, ғояларини қўллаб-қувватлаш, материалларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади. Ўзингизни ва фарзандларингизни экстремистик оқим ва террористик ташкилотлар сафига қўшилиб қолишдан асранг!”

ИИВдан жавоб

Ички ишлар вазирлиги Озодликнинг “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири қачон ва нима сабабдан бошлангани, қўлга олинганларга нисбатан очилган жиноят ишлари жараёнига оид қўшимча саволларига ҳозирча жавоб бергани йўқ.

Айни пайтда, ИИВ тизимидаги Озодлик манбаларига кўра, куч ишлатар тизимларда кейинги бир неча йил ичида ўзбек жамияти, жумладан, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида исломийлашув жараёни кучайганидан хавотирлар мавжуд.

“Турли радикал гуруҳларнинг фаоллаша бошлагани ҳақида сигналлар анчадан бери бор эди. Биласиз, улар доим кузатувда. Лекин “Хавфсиз ҳудуд” тадбири бошланганидан кейин манзилли бориб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Кўпчилиги олдиндан рўйхат, қамоқда бўлганлар. Қидирувда бўлганлар ҳам бор. Расмий хабарлар тарқатилдику! Кейин, “Одноклассники”, Фейсбук тармоқларида радикал, экстремист шахслар таъсирига тушиб қолган ёш-ёш йигитлар ҳам бор, аёллар ҳам бор”, дейди шу кунда Тошкентдаги туманларнинг бирида ИИВ терговчиси бўлиб ишлаётган манба, шахси сир сақланиши шарти билан.

Тошкентдаги бўлинмалардан бирида муқаддам терговчи бўлиб ишлаган яна бир собиқ ИИВ ходимига кўра, сўнгги бир неча йил ичида бунақа рейдлар ўтказилмаётган эди.

Унинг фикрича, Шавкат Мирзиёев келиши билан диний эркинликларнинг берилиши, “қора рўйхат”даги шахсларга чекловларнинг бекор қилиниши, анча-мунча қамоқдаги диндорларнинг озод қилиниши аҳолининг диндор қатламидаги қўрқувни анчагина аритган ва ҳокимият идораларида ҳам диндорлар сони кўпайган.

Айни пайтда собиқ жиноят - қидирув ходими Афғонистонда ҳокимиятга Толибоннинг келиши Ўзбекистондаги диндорларнинг толибларга хайрихоҳ қисмини ҳам юзага чиқараётганини тахмин қилди:

“Бу “афғон” билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки у ерда ҳукуматни диний гуруҳ қўлига олди. Сурияга кетиб қолганлар учун ҳам давлат диний бошқарувда бўлгани сабаб бўлганди. Қисқаси, ҳукумат қўрқаётган бўлиши мумкин. Балки, шунақа ҳибсларни намойишкорона уюштириб, ҳукумат ҳаммаси назорат остида эканини кўрсатиб қўймоқчи бўлаётгандир. Чунки, охирги пайтда фаоллашаётган диндорлар кўпайиб кетди”.

Қўйилаётган айбловлар

Ўзбекистонда диний мавзуларни ёритиб келаётган ўзбекистонлик журналист фикрича, Тошкент ва қатор вилоятлардаги ҳибслар мамлакатдаги диний қатлам орасида ваҳима уйғотмаган.

Унинг хотирлашича, Ислом Каримов бошқаруви пайтида бундай ҳолатлар тезда овоза бўлар эди, чунки аксар ҳолларда бундай ҳибслар сохта айбловлар ёки ҳуқуқ бузилишлари билан амалга оширилар эди.

Аммо Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери оммавий қўлга олиш, судлашлар, қамоққа ташлашлар кузатилмаяпти:

“Диндорларни ноҳақ қамаш, деган гаплар ҳам йўқ. Лекин сентябрь ичида бирдан шунақа бошланиб кетди, диндор қатлам орасида эса ваҳима йўқ! Шахсан, мен ҳар доим диний қатлам ва фаоллар билан ишлайман, бунақа норозиликни кузатмадим. Мутаассиб қатлам эса ҳар доим бор, улар доим кузатувда бўлган. Албатта, уларнинг мутаассиблиги - уларни тақиб қилиш, қамаш мумкин, дегани эмас, табиий. Фикр, эътиқод эркинлиги сақланиши шарт. Лекин назаримда, Афғонистондаги воқеалар аввалдан кузатувда бўлган шунақа гуруҳларни назоратга олиш ва буниям ошкора қилиб, аҳолига ишорат беришларига сабаб бўлди. Яъни, чегаранинг нариги тарафидаги вазиятнинг бизга таъсири шу қадар ёмонки, ҳатто сайловолди вазият эканига ҳам қараб ўтирмасдан, ҳозир бошлашди”.

Жамоатчилик фикри

Ижтимоий тармоқларда қатор фаоллар, журналист ва сиёсий таҳлилчилар, Афғонистонда Толибон ҳокимиятга келиши билан, ижтимоий тармоқларда диндор ва дунёвий қатлам орасидаги масофа чуқурлашаётгани, хусусан толибларга хайрихоҳлик билдирувчи ўзбекистонликлар сони ортаётганига эътибор қаратмоқда.

Жумладан, таниқли фаол Азиза Умар Толибон ҳукуматининг ўтмишда қилган қилмишлари ва террорчилик ташкилотлартга алоқаси, мамлакатда аёллар ҳуқуқларини поймол қилганини таъкидловчи қатор шарҳлар қолдирди.


Тошкентлик сиёсий таҳлилчи Анвар Назир эса, бу ҳолат Ўзбекистонда ичкарисида радикаллашувнинг нақадар кучайганини кўрсатувчи жиддий омил эканини урғулайди.

Унинг фикрича, Толибон билан мулоқот расмий Тошкентнинг ташқи эмас, балки ички сиёсатига айланиб бўлган:

“Мен энг бошидан бери айтиб келяпман - мамлакат ичида толибларга хайрихоҳлик радикаллашув қанчалик кучайиб кетаётганини аниқ кўрсатяпти, бунга ҳукумат жиддий қараши керак, деб. Лекин, афсуски, ҳукуматнинг бу борада аниқ сиёсатга эга эмаслиги яққол кўриниб қолди”.

Яқин ўтмишдаги тажриба

Ислом Каримов бошқаруви даврида Афғонистон диний радикализм ва халқаро терроризм манбаси сифатида кўрилган. Ҳукумат нафақат Афғонистондаги радикал гуруҳларга қўшилган ўзбеклар, балки уларнинг яқинларини ҳам қаттиқ назоратда ушлаган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари радикал диний гуруҳларга аъзоликда гумон қилинган ёки уларга алоқаси бўлмаган мустақил диндорларга нисбатан ҳам систематик қийноқлар қўллангани учун танқид қилинган.

Танқидчилар Каримовни, хавфсизлик тизимлари қонунбузарлигини оқлаш учун исломий радикализм хавфидан фойдаланишда айблаб келганлар.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Ислом Каримов бошқаруви пайтида диний-сиёсий мазмундаги айблов билан қамалганлар сони 12 мингга етган.

Ўзбекистонда диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилган ва халқаро майдонда танилган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари, марҳум Суръат Икромов ўз архивида 9 мингга яқин шахснинг ҳужжати йиғилганини билдирган эди.

2016 йилда Ислом Каримов вафот этиши ортидан, президентликка келган собиқ Бош вазир Шавкат Мирзиёев диний сиёсатда ислоҳотларни ваъда қилди. Илк ислоҳотлардан бири сифатида, қонунчиликдаги жазолаш амалиётини либераллаштирди. Хусусан ҳибсга олиш, қамоқда сақлаш ва жазони ўташ тартибини енгиллаштирди.

Ислом Каримов даврида тақиқланган диний ташкилот ва ҳаракатларга аъзоликда гумон қилинган минглаб шахслар “қора рўйхат” дан чиқарилди. Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида рўйхатдагилар сони 17 минг, чиқарилганлар сони 16 минг, деган эди.

Таҳлилчилар Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви даврида муттасил чеклаб келинган диний эркинликлар қайтарилаётгани, айни пайтда мамлакат ва ташқарисида диний радикализм таҳдидининг кучайишига сабаб бўладиган омиллар сақланиб қолаётганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG