Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:55

WSJ: Ўзбекистон АҚШни Толибондан қочган афғон учувчиларини чиқариб юбориши ҳақида огоҳлантирган


Афғон ҳарбий учувчилари. Иллюстратив сурат.
Афғон ҳарбий учувчилари. Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ҳукумати Америка томонини шу ой ўрталарида Ўзбекистон чегарасини бузиб кирган афғон пилотлари ва уларнинг оилаларини чиқариб юборишни режалаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Толибон АҚШ тайёрлаган пилотлар учиб ўтган ҳарбий самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтаришни талаб қилмоқда.

Шу ой бошларида Толибон Кобулни эгаллагач, юзлаб афғон ҳарбийлари АҚШ етказиб берган учоқ ва вертолётларда оила ва ҳамкасблари билан бирга Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Ўзбекистон АҚШни афғон учувчиларини улар ва Толибон ўртасида тўқнашув олдини олиш учун бошқа давлатга кўчиришга ундамоқда, дея Америка расмийларидан иқтибос келтирмоқда “Wall Street Journal”.

Нашр Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибон билан яхши алоқалар ўрнатганини қайд этган.

WSJ мухбирига кўра, Ўзбекистондаги АҚШ ўқитган афғон учувчилари масаласи Конгресс Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси аъзоси, АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари собиқ учувчиси Август Пфлюгер томонидан кўтарилди.

У Давлат котиби Энтони Блинкендан вазиятга аралашиш ва учувчиларни Толибоннинг ўч олиши хавфидан ҳимоя қилишни сўраган.

Давлат Котиби конгрессменнинг саволига жавобан "узоқ муддатли хавфсиз жой топилгунга қадар афғонларга мезбонлик қилиб турган ўзбек ҳукуматига миннатдорлик билдиришлари"ни таъкидлаган.

Нашрнинг ёзишича, Давлат департаментининг вазиятга муносабатда сусткашлик қилгани ўзбек ҳукумати ҳафсаласини пир қилган.ан.

Пфлюгерга кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси ўтган ҳафта Толибоннинг ўтказаётган босимини назарда тутиб, учувчилар “уйига юборилмайди, аммо Ўзбекистонда ҳам қололмайди”, деб айтган.

Хабар берилишича, толиблар Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонасига учувчиларни ортга қайтариш юзасидан босим ўтказмоқда ва агар улар қайтмаса, Афғонистондаги оила-аъзолари хавф остида қолиши ҳақида огоҳлантирган.

Аввалроқ Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14-15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтгани, мазкур ҳарбий техника Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилгани тўғрисида Бош прокуратура хабар берганди. Бироқ орадан кўп ўтмай Бош прокуратура ўзи тарқатган бу хабарга ўзи раддия берган.

“Толибон учувчиларни ўзининг энг ашаддий душмани ҳисоблайди, чунки уларга асосан ҳаводан зарбалар берилган ва бу зарбалар натижасида катта талафотлар кўрилган. Толибон Ўзбекистондан учувчилардан ташқари самолётларни ҳам қайтаришни талаб қилмоқда”,-деб ёзди The Wall Street Journal.

Икки ҳафта муқаддам Толибон Кобулни эгаллаганидан сўнг бошланган талотўп Америка фуқаролари ва ҳамкорларини шошилинч эвакуация қилишга сабаб бўлди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги Денгиз пиёдалар корпуси генерали Фрэнк Маккензи сўзларига кўра, АҚШ 14 августдан бери 79000дан ортиқ тинч аҳолини, шу жумладан, 6000 америкаликни олиб чиққан.

АҚШнинг охирги эвакуация ҳарбий учоғи душанба оқшомида парвоз қилган ва шу билан АҚШ тарихидаги энг узун давом этган урушга нуқта қўйган.

XS
SM
MD
LG