Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:53
Ижтимоий тармоқда тарқалган сурат
Ижтимоий тармоқда тарқалган сурат

Бош прокуратура афғон ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистонга ўтгани ҳақидаги ўз хабарига раддия берди

Ашраф Ғани маъмурияти: Ваҳима қилманг! Кобул хавфсиз!

Толибон Афғонистонни тўлиқ назорат остига олишга жуда яқин. Пойтахт Кобул ҳали ҳам ҳукумат назоратида бўлган ягона йирик ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Афғонистон президенти маъмурияти 15 август куни ижтимоий тармоқларда Кобул атрофидаги бир қанча нуқталарда ўқ отилгани, бироқ хавфсизлик кучлари, халқаро ҳамкорлар билан келишилган ҳолда, шаҳар устидан назорат борлигини айтди.

"Ваҳима қилманг! Кобул хавфсиз! " деб ёзди президент Ашраф Ғанининг штаб раҳбари Матин Бек.

Таъкидланишича, Толибон Афғонистон пойтахтини "зўрлик билан" олиш нияти йўқлигини айтган. Афғонистоннинг исми ошкор қилинмаган расмийлари жангарилар пойтахтнинг Калакон, Қорабоғ ва Поғмон туманларида эканини айтишган.

Толибон "шаҳарга зўрлик билан ва жанговар йўл билан кирмоқчи эмаслигини, аммо Кобулга тинч йўл билан кириш учун бошқа томон билан музокара олиб бораётганини" айтди. Гуруҳ ўз жангчиларига Афғонистон пойтахти дарвозаларида қолишни буюрганини билдирган.

Ички ишлар вазири Абдул Сатар Мирзаквал видеомурожаатида Кобул тинч йўл билан ўтиш даври ҳукуматига топширилишини айтди.

Толибон Кобулга кира бошлади

Толибон гуруҳининг жангарилари Афғонистон пойтахти Кобулга кира бошлади. Мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, жангарилар шаҳарга ҳар томондан яқинлашмоқда.

Қатар пойтахти Доҳада фаолият юритаётган Толибон идораси одамларнинг ўлими ва жароҳатланишининг олдини олиш учун жангариларни Кобулга кириш жойларида қолишга чақирганини эълон қилди.

Шу билан бирга, Афғонистон раҳбариятининг исми ошкор қилинмаган манбаси Аssociated Pressга берган интервюсида, Толибон аллақачон Кобулнинг бир неча кварталларида, жумладан, Калакан, Қорабоғ ва Пагманда эканини айтди.

Қўшма Штатлар ўз дипломатларини эвакуация қила бошлади ва Кобул аэропорти ва элчихонани ҳимоя қилиш учун Афғонистонга қўшимча қўшин юборди.

Кобул хавф остида

Айни дамда Толибон Кобулдаги халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни ағдаришни кўзламоқда. Шаҳар турғунлари ҳукумат қўшинлари ва Толибон ўртасида тўлақонли тўқнашувлар содир бўлишидан хавотирда.

Кобулдаги Афғонистон Америка университети профессори Харун Раҳимий Озодликка берган интервьюсида:

«Толибон ҳарбий йўл билан Кобулни эгаллаб олса, бу сўнгги 20 йил ичида қўлга киритилган барча нарсанинг йўқолишига олиб келади. Қолаверса, кўп қон тўкилади», деди.

The Associated Press агентлигининг хабар беришича, шанба куни Толибон Лувгар вилоятини эгаллаганидан кейин, Кобулга етиб боришига атиги 11 километр қолган.

Толибон ўт очишни тўхтатиш учун президент Ашраф Ғани истеъфога чиқиши кераклигини билдирган. Ҳозирча Ғани бу шартга рози бўлгани йўқ.

Қочқинлар тўлқини

Озодлик радиосининг афғон хизмати 14 август куни пойтахт Кобулга Толибон яқинлашар экан, мамлакатни тарк этиш илинжидаги минглаб одам пойтахтнинг ягона аэропортида тўплангани ҳақида хабар берди.

Шаҳар турғуни Жавид Аҳмадий Озодлик билан суҳбатда:

«Одамлар даҳшатга тушган. Кўчада, бозорда ҳамма Афғонистонни қандай тарк этиш ҳақида гапирмоқда», деди.

Шунингдек, Кобулдаги ягона паспорт идораси олдида бир неча километрга узайган турнақатор навбат вужудга келган.

Аҳмадий оила аъзоларига паспорт олиш учун ҳужжат топширганини айтди. У одатда уч кунда якунланадиган жараён ҳозир уч ойгача чўзилаётганини айтди. Шунингдек, олдинроқ 80 долларни ташкил қилган паспорт тўлови ҳам бир неча баробарга кўтарилиб, 500 долларга етган.

«Мен бу урушдан қутилиб, янги ҳаёт бошлаш учун қўлимга илинган нарсаларимни сумкамга солдим», деган хотини ва беш фарзанди билан Истанбулга учаётган Навид The Associated Press агентлигига берган интервьюсида. У НАТОга пудратчилик қилганини, шу сабабдан Толибон уни ўлдиришидан хавотирланиб, қочишга қарор қилганини айтган.

Аэропортга муваффақиятли равишда етиб борганлар агентликка Қундуздан Кобулга етиб бориш йўлкираси одатда 40 долларни ташкил қилганини, аммо ҳозир йўл кира қарийб 375 долларга етганини сўзлаб беришган.

Ҳозирча Кобулнинг Ҳамид Карзай номидаги аэропортида рейслар бекор қилингани йўқ. Air India, Emirates va FlyDubai, Pakistan International Airlines ва Turkish Airlines авиакомпаниялари кейинги кунларда Кобулга ва шаҳардан ташқарига рейсларни режалаштирилган. Маҳаллий афғон авиакомпаниялари ҳам учишда давом этмоқда.

Аммо йўловчилар ана-мана дегунча Толибон аэропортни қўлга олиб, мамлакат ҳаво майдонини ёпиб қўйиши мумкинлигидан хавотирда.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар ҳафта тахминан 20 – 30 минг афғонистонлик чет элга қочиб кетмоқда. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил якунига қадар 1,5 миллионга яқин афғонистонлик мамлакатни тарк этиши мумкин.

Фундаменталист Толибон

Кўпчилик фундаменталист гуруҳ ҳокимиятни қўлга олганидан кейин, мамлакатда қолишни истамайди.

Толибоннинг айрим қўмондонлари янги қўлга олинган ҳудудларда ўзини ошиқча зўравонликдан тияётган бўлса-да, ҳуқуқ ташкилотлари кўплаб қўмондон 2001 йилда АҚШ ағдарган шафқатсиз Толибон қўмондонларидек йўл тутаётгани айтмоқда. Жумладан, гуруҳ аъзолари маҳбусларни оммавий равишда қирғин қилаётгани ҳамда ўз қўлига ўтган ҳудудларда 15 ёшдан ошган қизларни хотинликка беришни талаб қилаётгани ҳақида даъволар бор.

Бундан ташқари, гуруҳ эгаллаб олган айрим ҳудудларда мусиқа тинглаш ва телевизор кўриш тақиқлангани хабар қилинмоқда.

Толибон 1990 йиллар ўртасида ҳокимиятни эгаллаб олганида уларни фақат учта давлат – Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари тан олганди. Ўшанда гуруҳ қўшиқ айтишни, варрак учиришни ва телевизор кўришни тақиқлаб қўйган, Кобулнинг асосий спорт стадионида одамлар кўзи олдида қатлларни уюштирганди.

Толибон бу сақар ҳам қатъий диний ҳукумат ўрнатмоқчи. Хабарларга кўра, улар қизларга мактабга боришга ва аёлларга ишлашга рухсат бермоқчи, лекин бу Толибоннинг исломий кўрсатмалари доирасида амалга оширилиши керак бўлади. Бу ҳақида Покистон расмийлари The Associated Press агентлигига исмларини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаб берган.

АҚШ ҳарбийлари эвакуацияси

Толибон АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка ҳарбийлари 11 сентябргача олиб чиқиб кетилишини эълон қилганидан сўнг, жанговар ҳаракатларни кучайтирган эди. Кейинроқ Байден АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни 31 августгача тарк этишини айтган.

АҚШ ҳарбийлари 2020 йилда собиқ президент Дональд Трамп ҳукмронлиги даврида Толибон билан имзолаган битимга биноан мамлакатдан олиб чиқиб кетилмоқда.

Толибон ютуқлари туфайли хорижий кучлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгани кескин танқидга учрамоқда. Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес The Daily Mail нашрига берган интервьюсида ўтган йили АҚШ ва Толибон ўртасида тузилган келишувни «чириган битим» деб атаган.

Шанба куни Байден:

«Америка бошқа мамлакатдаги фуқаролар можароси ўртасида чексиз қолиши тўғри эмас, деб биламан», деди.

Таҳлилчилар АҚШ ҳарбийларининг мамлакатдан чиқарилиши ортидан Толибон эришаётган муваффақиятлар Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётган амалдаги афғон ҳукуматининг ҳокимиятдан қулашига сабаб бўлиши тўғрисидаги тахминларни билдирмоқда.

Шанба куни АҚШ президенти Жо Байден америкаликларни хавфсиз эвакуация қилишни таъминлаш учун 5 минг қўшимча ҳарбийни сафарбар қилишни буюрган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG