Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:41

МСК мавжуд сиёсий партияларнинг барчасига президент сайловида иштирок этишга рухсат берди


Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 14 августда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида мамлакатдаги бешта сиёсий партияга октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этишга рухсат берди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, Экологик партия, ХДП, ЎзЛиДеП, «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партияларининг Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатлари кўриб чиқилган ва қаноатлантирилган.

Маҳаллий нашрлар МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг айтганларига таяниб, партиялар томонидан белгиланган муддатда Сайлов кодексида назарда тутилган барча ҳужжатлар тақдим этилгани, шундан келиб чиқиб, комиссия аъзолари бир овоздан сайловда иштирок этиш учун ижозат бериш тўғрисидаги қарорларни маъқуллаб овоз бергани тўғрисида хабар қилди.

Энди сиёсий партиялар МСКга Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб ариза билан мурожаат этиши мумкин.

Сайлов кодексига кўра, сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги, номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими, иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилган баённомаси, номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари ҳам топширилади.

Шунингдек, сиёсий партия МСКда ўз номзодини рўйхатдан ўтказиши учун, Ўзбекистондаги жами сайловчилар умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси билан имзо варақаларини тақдим этиши керак бўлади.

XS
SM
MD
LG