Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:13

“Халқни муаммолардан чалғитиш”. Россиядаги мигрантофобиянинг илдизи қаерда?


Россия полицияси Москванинг "Садовод" бозорида рейд ўтказмоқда - 7 август, 2013
Россия полицияси Москванинг "Садовод" бозорида рейд ўтказмоқда - 7 август, 2013

Экспертлар Россия ахборот маконида мигрантларга доир салбий мазмунли хабарлар сони ортиб бораётгани ҳақида гапирмоқда. Қатор таҳлилчилар буни яқинлашиб келаётган парламент сайлови билан боғлиқ дейдилар. Уларнинг тахминича, ҳукумат мигрантлар мавзусини аҳолини бошқа ҳаётий муаммолардан чалғитиш учун қўлламоқда.

“Қирғизистонлик мигрант Санкт-Петербургда 14 ёшли қизни зўрлади”, “Оммавий муштлашувда қатнашган мигрантларни Россиядан бадарға қилиш таклиф этилди”, “Қўлбола сўйил ва пичоқлар. Москва вилоятида мигрантлар ўртасида муштлашувлар рўй берди”...

Июль ойи бошидан бери Россия матбуотида шу каби сарлавҳалар тез-тез кўзга ташланмоқда. Мигрантлар орасидаги жиноятчилик ҳақида аввал ҳам гапирилган, аммо экспертлар ушбу мавзу сўнгги кунларда зўр бериб “чайналаётганини” таъкидлашяпти.

Путин: Мигрантлар болаларининг мактабларда кўпайиши-катта муаммо!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:36 0:00

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Валентина Чупик бу ҳаракатлар қасддан қилинаётганига ишонади:

– Мигрантофобия пропагандаси бор қуввати билан ишламоқда. Россияда ҳокимият халқни бошқа муаммолардан чалғитиш учун шундай қиляпти. Яна қандай чораси бор унинг? – дея савол қўяди у.

Чупикка кўра, ушбу вазият Россияда 17 сентябрда бўлиб ўтадиган парламент сайлови билан боғлиқ. Ҳуқуқбон ҳукумат аҳоли эътиборини реал муаммолардан четга тортиш мақсадида шундай йўл тутмоқда, деб билади. Унинг тахминича, мигрантларнинг оммавий муштлашувини махсус хизматлар ўзи уюштирган бўлиши ҳам мумкин:

– Ҳозирда кунига бир неча минг мигрант қўлга олинмоқда, уларнинг 80 фоизи – қирғизистонликлар. Булар бари сайлов билан боғлиқ. Менга қолса, оммавий муштлашув ҳам уюштирилган. У ўз-ўзидан юз бергани йўқ. Махсус хизматлар Россия халқи муҳим ижтимоий муаммолардан чалғиб, шу билан андармон бўлсин, деган мақсадда мушташувни ўзлари ташкил қилган бўлса ажаб эмас. Мигрантларни сунъий равишда душманга айлантиришмоқда.

Мигрантлар сиёсатчилар қўлида ўйинчоқ бўлди

Мигрантларга қарши фикрлар яқинда Бишкекда содир бўлган воқеадан сўнг кучайди. Савдо марказларидан бирида бир эркак қирғиз тилида хизмат кўрсатмагани учун сотувчи қизни калькулятор билан урган эди. Бу ҳақда Россияда турли сиёсатчи ва сиёсатшунослар фикр билдира бошлади.

Миллатчиликка мойил “Первий русский” телеканалида “Барча русларнинг юзига тупуришди” деган мавзуда муҳкама кетди. Мунозарада қатнашган ЛДПР партиясидан Давлат думаси депутати Леонид Нилов Россияда қирғизистонлик мигрантларга қирғиз гувоҳномаси билан автомобиль бошқаришга рухсат берилганини эслатиб, бу имтиёзни бекор қилишни таклиф этди:

– ЛДПР кўп йиллар буни бекор қилиш кераклигини айтиб келган. Аммо қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилмаяпти. Қирғизистонликларга бунақа имтиёз шунинг учун берилганки, у ерда рус тили махсус мақомга эга. Агар бу бўлмаса, яна чекловлар жорий этиш керак.

Бундан бир кун олдин ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский ўз тарафдорлари билан ҚРнинг Москвадаги элчихонаси ёнида митинг ўтказиб, қирғизистонлик мигрантларга қарши чора кўришни талаб қилган эди.

Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов Давлат Думаси депутатларининг меҳнат мигрантларига қарши ксенофобик мазмунидаги чиқишларидан муддао электоратнинг муайян қисми овозини олиш, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, ўша кунлар Давлат Думасидаги “Справедливая Россия” фракцияси аъзоси Сергей Миронов “Facebook”даги саҳифасида жанубий қўшнилар билан виза тартибини жорий этиш Россия учун миграция ҳалокатидан сақланишнинг ягона чораси эканини иддао қилган эди.

Россиядаги қирғизистонлик фаол Тўлқинбой Акматовга кўра, ушбу вазиятда бир томондан мигрантларнинг ўзлари айбдор, иккинчи томондан эса, бу сиёсий популизм билан боғлиқдир:

– Қирғизларда русларнинг “Ҳушёр одамнинг дилидаги гап мастнинг тилида бўлади”, деган мақолига ўхшаш ибора бор. Назаримда, Россия ҳукумати ўз фикрини Жириновский орқали билдирмоқда. Иккинчидан, Россияда қирғизларни уриш, ўлдириш ҳоллари кўп кузатиляпти. Шундай бўлатуриб ҳеч ким эсламайдиган кичик бир мамлакатда юз берган биргина воқеа Россияда оламшумул муаммога айлантирилди. Ўзимизда ҳам айб бор – бегона мамлакатда юриш-туришни билмаймиз, ҳар қадамда жанжал чиқарамиз. Афтидан, россияликлар бизни ҳаддидан ошган ҳисоблаб, ўрнимизни билиб ўтиришимиз ҳақида сигнал беришяпти. Бу сайловлар билан ҳам боғлиқ, сиёсатчилар ўзларини кўрсатиш учун шунақа баёнотлар беришади, – дейди у.

17 сентябрь куни Россияда Давлат Думаси ва маҳаллий парламентларга сайловлар бўлиб ўтади. Йил бошида Россия шаҳарларида мухолифат сиёсатчиси Алексей Навальний қўлга олинишига қарши йирик намойишлар ўтказилган эди. Намойишчилар мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти истеъфосини талаб қилганлар.

Расмий қайдларга кўра, Россияда қирғизистонлик 600 мингдан ортиқ меҳнат мигрантлари ишлайди. Норасмий манбаларда эса бу рақам бир миллион кишидан ортиқлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG