Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:54

Маиший техника ва сиёсий босим. МИБ Аллақуловнинг уйидаги жиҳозларни мусодара қилди (ВИДЕО)


МИБ ходимлари Хидирназар Аллақуловнинг уйидаги маиший техника жиҳозларини мусодара қилган.
МИБ ходимлари Хидирназар Аллақуловнинг уйидаги маиший техника жиҳозларини мусодара қилган.

Ўзбекистонда янги таъсис этилган “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ социал-демократик ‌партияси‌ ‌етакчиси Хидирназар ‌ Аллақулов ўзи ва партиядошларига нисбатан босимлар давом этаётганини айтмоқда. Жорий йилнин 21 июнь куни Адлия вазирлиги “талаб этилганидан қарийб 3 марта кам имзолар тақдим этилгани” важидан Аллақулов партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этган эди.

Аллақуловнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Тошкентнинг Юнусобод тумани Мажбурий ижро бюроси ходимлари 12 июль куни огоҳлантиришсиз унинг уйига келиб, уйдаги маиший жиҳозлар - телевизор, кир ювиш машинаси ва микротўлқинли печни мусодара қилган.

Озодлик билан суҳбатда Аллақулов видеода акс этган бу холатни "маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокидаги босқинчилик" деб атади.
Озодлик билан суҳбатда Аллақулов видеода акс этган бу холатни "маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокидаги босқинчилик" деб атади.

4 май куни Тошкентнинг Юнусобод туман маъмурий суди ‌Аллақуловни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) ‌ ‌бўйича айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 баробари миқдорида жаримага ҳукм қилган эди.

Тармоқда тарқалган видеода Хидирназар Аллақулов уйидан кир ювиш машинаси, телевизорини кўтариб олиб чиқиб кетаётган МИБ ходимларига қарата: “Мана мол-мулк, олинглар, олиб кетинглар, истаганча олинглар. 4 миллион 900 минг ўрнига мана 17 миллион сўмлик нарса. Қаршилик йўқ. Лекин, Шоввозсой бўйича 1 миллиард халқнинг пули бўйича ким ва қачон ҳисобот беради? Пандемияга сарфланган миллионлар бўйича ким ва қачон ҳисобот беради?,” дейди.

МИБ Ҳидирназар Аллақуловнинг телевизори, кирювиш машинаси, микротўлқинли печини мусодара қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:02 0:00

“Ҳокимият вакиллари иштирокидаги босқинчилик”

Озодлик билан суҳбатда Аллақулов видеода акс этган ҳолатни “маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокидаги босқинчилик” деб атади.

“Менга 4 миллион 900 минг жарима белгиланган эди. Кеча келиб, 17 миллион сўмлик, кир ювиш машинаси, телевизор, микротўлқинли печни олиб келишди. Групповой босқинчилик бўлди ҳокимлик вакиллари иштирокида. Мақсад, маҳалла орасида мени сазойи қилиш, сиёсатдан қайтариш. Ҳаммаси уюштирилган. Уйимга келиб, ОБОНчилар ҳужум қилганларини кўрдингизлар. Ҳақорат қилганларини кўрдингизлар. Булар қонун олдида жавоб бериши керак эди.

Булар нима қилди, мени майда безориликда айблаб, судга олиб чиқишди. Қўшнилардан ёздириб олишибди. Ҳар куни уйида бақир-чақир қилиб тинчлигимизни бузади, турмуш ўртоғим билан дон олишимга қўймаяпти, деб ёзиб берибди, пастдаги қўшни аёл. Уни турмуш ўртоғи йўқлигини ҳамма билади. Олинглар, дедим, камлик қилса яна бераман, дедим. Қаршилик қилмадик, видеода кўрган бўлсангизлар керак” , - дейди Аллақулов.

МИБ ходимлари Ҳидирназар Аллақуловнинг уйидан маиший техникасини олиб чиқиб кетмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00

Аллақулов шу йилнинг 31 март оқшомида бир гуруҳ номаълум одамларнинг ҳужумига учраган эди.

Ҳужумчилар профессордан сиёсий фаолиятини тўхтатиш ҳамда партия учун Юнусобод тумани, 17- мавзеда ижарага олинган идорани бўшатиб қўйишни талаб қилган.

Ҳодисанинг эртасига Аллақулов босқинчилардан шикоят қилиб, ИИБга ариза киритганди. Аммо маълум бўлишича, босқин уюштирган шахслар ҳам унга қарши ариза билан мурожаат қилган.

Натижада, уларнинг аризаси инобатга олиниб, Аллақуловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, яъни “майда безорилик” бўйича айблов эълон қилинди.

Бундан аввал партия асосчиси Хидирназар Аллақулов бир неча марта номаълум аёллар ва ҳукуматпараст блогерлар таҳдидига ҳам учраган.

Партиянинг яна бир фаоли оиласи билан кўчага ҳайдалмоқда

“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌нинг яна бир ташкилотчиси Муҳаммадамин Шерматовни эса, МИБ 14 йил яшаган уйидан оиласи ва набиралари билан кўчага чиқариб ташлаяпти. Олмазор тумани Мажбурий ижро бюроси Шерматовга Тошкентнинг Қора-қамиш даҳасидаги ҳовлини бўшатиб қўйиш учун уч кун муҳлат берган.

“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси фаоли Муҳаммадамин Шерматов.
“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси фаоли Муҳаммадамин Шерматов.

Шерматов Озодлик билан суҳбатда буни ўзига нисбатан сиёсий фаолияти туфайли ўтказилаётган босим деб ҳисоблашини билдирди.

“Қариндошимни уйида яшардим, уй олишга қурбим етмайди. 14 йил шу уйда яшадим, ҳеч ким ҳек нарса демаган. Мана энди, сиёсий фаолиятим туфайли қариндошимга ёздириволишиб, уйдан чиқаришяпти. 14 жон яшаймиз - фарзандларим, иккита келиним. Энг кичик набирам 1 ёшга ҳам тўлмаган. Кўчага ҳайдашяпти. Қариндошларимни мажбурлаб ёздиришган. Ўзларини уйлари бор уларни. Мақсад мени жазолаш, сазойи қилиш. Уч кун муҳлат берган. МИБ агар кўчага чиқарадиган бўлса, борадиган жойим йўқ”, - дейди Шерматов.

“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ фаолларга босимларни ҳукуматнинг уларни сиёсий фаолиятдан четлатишга уриниш ҳаракати, дея баҳоламоқда.

Озодлик “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ фаолларининг иддаси юзасидан расмийлар билан боғланишга ҳаракат қилди.

Ўзбекистон Олий судининг расмий сайтида келтирилган Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Азиз Абидов телефон рақамларига қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Тошкент шаҳар судининг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Эвелина Синотова эса, Озодлик саволини эшитгач: “Мен бу ҳақда изоҳ беролмайман”, дейиш билан чекланди.

Ўтган ҳафта мухолифатдаги "Эрк" партияси Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган президент сайловига номзод этиб кўрсатган Жаҳонгир Отажонов босимлар ортидан сиёсий фаолиятини вақтинча тўхтатаётгани ҳақида баёнот берган эди.

Бундан олдинги чиқишларида Отажонов ички ишлар органларига тинимсиз сўроққа чақирилаётгани, унга тегишли хонадонларга эса Мажбурий ижро бюроси томонидан тақиқ қўйилгани ҳақида айтган.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси Жаҳонгир Отажоновнинг қарорини тушуниш билан қаршилашини билдирган.

“Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай мухолиф ҳаракат ва ҳар қандай мухолиф фикрга душманча сиёсатини фақат “Эрк” партияси эмас, янги тузилган бошқа сиёсий ташкилотларга нисбатан ҳам очиқча намойиш қилиб келмокда. Жаҳонгир Отажоннинг баёнотидан кейин унинг Президентликка номзоди ҳам автоматик ўлароқ бекор бўлди. “Эрк” партияси мавжуд сиёсий вазиятда яқинлашиб келаётган Президентлик Сайловларига номзод кўрсатмаслигини ҳам эълон қилади. Чунки бу қўштирноқ ичидаги сайловда мухолифатнинг расмий рўйхатга олинмаслиги тамомила аниқ бўлди. “Эрк” партияси байналминал ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматининг бу сиёсий ўйинига керакли баҳони бериб, унинг сохта сайловларига кузатувчи юбормасликка даъват қилади”, - дейилади партия баёнотида..

“Сиёсий майдонни тарк этмаймиз”

“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ етакчиси Хидирназар ‌ Аллақулов "майдонда якка ўзи қолсаҳам, сиёсатни тарк этмаслиги”ни айтади. .

“Мамлакат қуролли кучларини автомат ва танклари билан бизга қарши қўйса ҳам сиёсий майдонни тарк этмаймиз. Якка ўзим қолсам ҳам чекиниш бўлмайди. Партиямиз фаолияти энди ўн марта ортади, асло тўхтамайди”, - дейди Аллақулов.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги 21 июнь куни “талаб этилганидан қарийб 3 марта кам имзолар тақдим этилгани” туфайли "Ҳақиқат ва тараққиёт" партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этган эди.

Вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тарқатган хабарда айтилишича, партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо керак бўлади, аммо “Ҳақиқат ва тараққиёт” фақат 9 873 та имзо йиққан.

"Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси етакчиси Хидирназар Аллақулов партияни рўйхатдан ўтказиш учун “керагидан ортиқ” имзо йиғилганини айтди.

"Йиғилган имзолар ҳаммаси бор ва партияни рўйхатдан ўтказиш учун етарлисидан ҳам ортиқ. Вазирлик рад этибди, лекин партия тузиш ҳуқуқмиз бизни қўлимизда", - деди Аллақулов.

Озодлик ўтган ой “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг 10дан ортиқ аъзо ва тарафдорлари ИИВга сўроққа чақирилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда навбатдаги президент сайловлари шу йил 24 октябрида бўлиб ўтади.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев расман сайловлар билан боғлиқ режаларини эълон қилмаган, аммо кўпчилик унинг ўз номзодини қўйиши ва иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмайди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG