Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:41

Қурғоқчилик: Марказий Осиёда аномал иссиқ, сув муаммоси ва ҳосил қайғуси


Туркманистондаги буғдойзор. Яқинда Мари вилоятининг Пешанай қишлоғи фермерларига буғдой ўримидан кейин далада қолган сомонни ёқиб юбориш буюрилган эди.
Туркманистондаги буғдойзор. Яқинда Мари вилоятининг Пешанай қишлоғи фермерларига буғдой ўримидан кейин далада қолган сомонни ёқиб юбориш буюрилган эди.

Об-ҳаво рекорд даражада исиб кетиши Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига жиддий талафот етказмоқда.

Дарёларнинг юқори оқимида жойлашган мамлакатлар — Қирғизистон ва Тожикистон сув танқислигидан қийналиб, бор сувни ўзларига олиб қолмоқчи. Қуйи оқимдаги мамлакатлар — Ўзбекистон ва Қозоғистон эса захира қилиб олиш учун дарёларга сув ташланишидан манфаатдор бўлиб, “юқоридагилар” билан тил топишиш йўлларини изламоқда.

ЖАЗИРАМА

Ўзбекистонда июнь ойи Ўзгидрометнинг 3-7 июнь кунлари ҳарорат кескин — одатдагидан 7-10 даража ортиқ кўтарилиши, яъни қаттиқ жазирама яқинлашаётгани ҳақидаги огоҳлантируви билан бошланди. Тошкентда ҳаво ҳарорати 6 июнь куни Цельсий бўйича 42,6 даражани ташкил қилиб, 1811 йилда рўйхатга олинган рекорддан ошиб тушди — ўшанда 38,5 даража ҳарорат қайд қилинган экан.

Эртаси куни Ўзбекистон пойтахтида ҳарорат 40,8 даражага тушди, аммо бу ҳам 1894 йили ўрнатилган рекорд кўрсаткичдан баланд эди.

Ўзгидромет маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида кузатилган энг юқори ҳарорат Цельсий бўйича 44,6 даража бўлиб, бу 1997 йил 18 июлда қайд этилган.

Қирғизистон. Ўшда болалар аномал иссиқда дарёда чўмиляпти.
Қирғизистон. Ўшда болалар аномал иссиқда дарёда чўмиляпти.

8 июнь куни Тожикистон метеорология маркази директори Жамила Байдуллоева Озодликнинг тожик хизматига июннинг илк ҳафтасида айрим кунлар пойтахт Душанбеда в Хатлон вилоятининг жанубий туманларида термометрлар Цельсий бўйича 45 даражани кўрсатгани ҳақида сўзлаб берди. Бу Тожикистон учун сўнгги ўн йилликнинг июнь ойлари бошида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Туркманистон бошкенти Ашхободда июнда ҳаво ҳарорати 45 даражага чиқди. Ҳолбуки ёз эндигина бошланди. Минтақада йилнинг энг иссиқ палласи одатда июль ва август ойларига тўғри келади.

ҚУРҒОҚЧИЛИК

Сўнгги ойлар Марказий Осиёга қаттиқ қурғоқчилик бостириб келаётганидан дарак бермоқда. Қирғизистондаги Тўқтағул сув омборидаги вазият бунга ёрқин мисол бўла олади.

2021 йилнинг мартидаёқ Қирғизистон расмийлари омборда сув миқдори хавотирли даражада камайиб, атиги 8,7 миллиард куб метрга тушиб қолганини айтиб огоҳлантиришган эди. Умумий сиғими 19,5 миллиард куб метр бўлган сув омбори учун бу, дарҳақиқат, жуда кам.

Омборга сув Норин дарёсидан келади. Норин эса Тожикистон ҳудудидан ўтувчи ирмоқларидан йиғилган сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга етказиб берувчи, Марказий Осиёда энг узун бўлмиш Сирдарёга қуйилади.

Тўқтағул — айни чоғда Қирғизистондаги электр энергиясининг қарийб 40 фоизини етказиб берувчи энг йирик ГЭС жойлашган жой ҳамдир.

Қирғизистонликлар шлюзларни ёпиб қўйиб, сув омборини тўлдириб олиш ҳақида гапира бошлашганди. Аммо 16 июнь куни мамлакатнинг энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев сув миқдори 10,9 миллиард кубга етганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон, турган гапки, Қирғизистон Тўқтағулдаги шлюзларни бекитиб қўйишини хоҳламайди.

2021 йилнинг мартидаёқ Қирғизистон расмийлари Тўқтағул сув омборида сув миқдори хавотирли даражада камайиб, атиги 8,7 миллиард куб метрга тушиб қолганини айтиб огоҳлантиришган эди.
2021 йилнинг мартидаёқ Қирғизистон расмийлари Тўқтағул сув омборида сув миқдори хавотирли даражада камайиб, атиги 8,7 миллиард куб метрга тушиб қолганини айтиб огоҳлантиришган эди.

Ва бу мамлакатлар сув эвазига электр қуввати етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боришмоқда — шунда Қирғизистон уларга Тўқтағулдан сув оқиб келишини таъминлайди, Қозоғистон ва Ўзбекистон эса унинг Тўқтағул ГЭСига муҳтожлигини вақтинча камайтириш мақсадида электр энергияси етказиб бериб туради.

Қозоғистоннинг Сирдарё сувига эҳтиёжи кундай равшан. Қозгидромет мамлакатнинг 14 вилоятидан 6 тасида — Акмола, Актюбе, Шрқий Қозоғистон, Мангистов, Қизил Ўрда ҳамда Қўстанайда кучли қурғоқчилик бўлишини башорат қилмоқда.

Хусусан, Сирдарё сувининг катта қисмини оладиган Қизил Ўрда вилоятида бу йил маҳаллий маъмурлар шоли майдонларини қисқартиришган, аммо чорва моллари учун ем-хашак етиштириш борасида ҳам вазият жуда оғир, ҳайвонлар ҳам жазираманинг жабрини тортишига тўғри келяпти.

Қизил Ўрдадан ғарбда — Манғистов вилоятида ҳам шу аҳвол. Қозоғистон ҳукумати Қизил Ўрда ва Манғистов вилоятларида икки минг бошдан ортиқ уй ҳайвонлари, асосан йилқи сув ва ем-хашак танқислигидан нобуд бўлганини тан олди.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятига қарашли Ёвон туманида ҳам айни вазият кузатилмоқда. Чўпон Аброриддин Ҳайдаров аҳволни Озодликка қуйидагича англатган:

“Ўт жуда кам, моллар кечгача ўтласа ҳам қорни тўймаяпти. Кечқурун подани қишлоққа ҳайдаб борганимда одамлар норози бўлишади. Мен нима ҳам қила олардим: ўт йўқ, жазирама, қурғоқчилик. Тамом, умидларимиз узилди. Сигирларни у ёқдан бу ёққа ҳайдаган билан тўйдира олмаймиз”.

Қозоғистон ҳукумати қишлоқликларга ёрдам ваъда қилган: бошқа вилоятлардан хашак ва сув келтириб, Манғистовда кўпроқ қудуқ қаздириб бермоқчи. Манғистовликлар туя ва отларини картон қоғоз билан боқаётгани акс этган видео жамоатчиликни эсанкиратиб қўйган эди.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг чорва учун ем-хашак жамғаришга интилаётгани айрим туманларида қурғоқчилик кузатилаётган Қирғизистонга ҳам таъсир қиляпти. Июнда мамлакатда пичан нархи ошиб кетди, айрим туманларда ҳатто 50 фоизгача.

ҲОСИЛНИНГ БАРАКАСИ УЧДИ

Қирғизистоннинг Чуй вилоятида айрим фермерлар бу йил ҳосилдан буткул айрилганларини айтишмоқда. Сув танқислиги устига, суғориш тизимларининг эскириб кетганлиги майдонларнинг тез намсизланишига олиб келмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат сув ресурслари агентлиги директори Алмазбек Сокеев вилоятдаги айрим кичик сув омборларида ва дарёларда сув сатҳи улар меъёр даражасининг ярмидан камроғини ташкил этишини таъкидлаган эди.

“Баъзи уюшмалар сувни адолатсиз тақсимлаётгани ёки сувайиргични бузиб, сувни куч билан эгаллаб олаётгани ва қуйи оқимдагиларни қуруқ қолдираётганига оид фактлар бор қўлимизда. Қонунга кўра, қишлоқ кенгашлари сув таъминотига аралашиш ва уни назорат қилишга ҳақли эмас. Шу жумладан биз ҳам. Аммо жойларга чиқиб, одамларни муросага келтиришга ҳаракат қиляпмиз”, деган эди Сокеев. Кейинроқ ҳукумат мулозимга “экинларни суғориш билан боғлиқ вазият муносабати билан” ҳайфсан берган.

14 июнь куни Чуй вилояти фермерлари Бишкекда, ҳукумат биноси қаршисида тўпланиб, давлатдан ҳосилни сақлаб қолишни талаб қилишганди.

Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов уларга кўмаклашишга ваъда берди.

“Бюджетда камомад борлигига қарамай зарарни қоплашга ҳаракат қилиб кўрамиз”, деганди Марипов 17 июндаги баёнотида. Бироқ у Қирғизистон маблағ етишмаслигидан қийналаётганини, айниқса минтақа озиқ-овқат инқирози хавф солиб турган пайтда фермерларга компенсация тўлаш учун пулни қаердан олиш ақлига сиғмаслигини ҳам урғулаган эди.

Қурғоқчилик Туркманистоннинг Марв ҳамда Лебап вилоятлари қишлоқ хўжалигига ҳам зарар етказмоқда, кўплаб фермерлар ҳосилнинг катта қисми бой берилишини тахмин қилишмоқда.

Аммо Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2 июнь куни ҳукумат йиғилишида бу йил “мўл ҳосил оламиз” дея башорат қилиб, амалдорларни фермерларга зарур миқдорда уруғ, ўғит, замонавий асбоб-ускуна ва сув етказиб беришга чақирди.

Марв вилояти, Қорақум тумани фермерлари Озодликнинг туркман хизматига бу йил пахта ҳосилига “куйишган”ини маълум қилган.

“Экин ерларим энг бошидан бери сувсиз ва ўғитсиз қолган эди. Энди бўлса жазирама офтоб энди униб чиққан ғўза ниҳолларини қуритиб битирмоқда”, дея арз қилган фермерлардан бири. Айтишича, маҳаллий деҳқонлар “шунча ғўза ниҳоллари қурғоқчиликдан нобуд бўлаётганини биринчи марта кўриб туришибди”.

Маҳаллий сув омбори аллақачон яроқсиз аҳволга келган, фермерлар ҳукумат бу муаммони қандай ечишни билмаслигини айтишган.

Туркманистонда сув ҳатто Ашхобод туманларида ҳам йўқ — пойтахт аҳолиси баъзан Цельсий бўйича 45 даражага чиқиб кетадиган ҳароратда деярли кун бўйи сувсиз қолишмоқда. Кўпқават уйларда истиқомат қилувчи аҳоли биринчи қаватга жилдираб бўлса-да сув чиқишини, лекин ундан юқорига кўтарилмаслигини, одамлар ванна ва контейнерларга тўлдириб олинган сувдан фойдаланишга мажбур бўлаётганини айтишади.

Туркманистон ҳукумати ўтакетган ношуд ҳукумат сифатида тилга тушган. Яқинда Мари вилоятининг Пешанай қишлоғи фермерларига буғдой ўримидан кейин далада қолган сомонни ёқиб юбориш буюрилган эди.

“Буғдой ўриб олингач, далага мол ҳайдамоқчи эдик. Чорва учун хашак ғамлаб олишдан умид қилувдик. Сиз ўт қўйдирмоқчимисиз?” дея бир деҳқон эътироз билдирганида ҳукумат вакили бу буйруқ “энг тепадан” келганинини писанда қилиб, “ғаллапоя ўрнида ўтлаб юрганида тутиб олинган молларнинг эгаларига жарима солинади”, деб огоҳлантирган. Мулозимлар бу ёнғин чиқишига қарши чора эканини иддао қилишган.

ОҚИБАТЛАР

Марказий Осиёнинг кўп туманларида озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан мавсумий сабзавотлар қимматлашаётгани кузатилмоқда.

2020 йил бошларида коронавирус пандемияси таъминот занжирига салбий таъсир этиб минтақага жиддий зарба берган бўлса, бу йил қурғоқчилик ортидан хавф солаётган озиқ-овқат танқислиги Марказий Осиёни анча ҳолдан тойдирадиган кўринади.

Ўтган ярим йил ичида Қирғизистонда ўсимлик ёғи икки бараварга, тухум ва гўшт ҳам қарийб шунчага қимматлади. Лекин энг катта “сюрприз” — сабзи бўлди: “Настояшчее время” канали маълумотига кўра, унинг нархи икки ҳафтада тўрт карра — килосига 25 центдан бир долларгача ошган. Телеканал намойиш этган лавҳада, шунингдек, Қозоғистон савдо вазири Бахит Султоновнинг “картошка ва сабзи излаб” Тошкентга боришга ҳозирланаётгани ҳақида хабар қилинганди.

“Ички бозор барқарорлигини ва прогноз қилинган экспорт ҳажмларини таъминлаш мақсадида қўшниларимиз билан шартномавий иш олиб боришни режалаштиряпмиз. Масалан, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан. Мен ўзаро таъминот бўйича форвард шартномаларни ишлаб чиқиш мақсадида бугуннинг ўзида ушбу давлатларга жўнаб кетяпман”, деган Султонов 22 июнь куни аҳоли билан ҳисобот учрашуви чоғида.

Туркманистонда бир кило гўшт 65 манат ёки расмий курс бўйича қарийб 20 доллар туради, беш литр ўсимлик ёғининг баҳоси эса 250 манат ёки расмий курс бўйича 70 доллардан ортиқ.

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ — Тожикистоннинг энг йирик вилояти, аҳолиси сони 250 минг киши бўлиб, катта қисми Россияда яшайди ва ишлайди. Камбағаллик даражаси бошқа минтақаларда 20-30 фоиз бўлса, ушбу вилоятда 40 фоизга яқин) одамлар нарх-наво Москвадаги билан тенглашиб қолганидан шикоят қилишмоқда.

Айни пайтда, шунча муаммоларга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларининг ўзаро муносабатлари яхши. Ўзбекистон қўшниларини озиқ-овқат, сув ва электр билан таъминлашда муҳим рол ўйнайдиганга ўхшайди. Бироқ қизиғи шундаки, ўзбек ОАВлари Ўзбекистоннинг ўзида ҳам айни муаммолар мавжудлиги ҳақида ёзавермайди.

Юзага келган мураккаб вазиятда беш мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар қачонгача давом этади — бу муҳим масаладир. Ушбу мамлакатларда яшовчи одамларнинг сабр чегараси ҳам муҳим, зеро улар орасида, билишимизча, ҳукумат лозим даражада ёрдам бермаётганидан норозилар етарли экан.

Брюс ПАННИЕР

XS
SM
MD
LG