Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:04

ST-Tafsilotlar: Етимнинг ҳақи, "жиноятчи" блогер ва бузуқ асфальт


Sizdan Telegram (ST) лойиҳасида Озодлик ўз тингловчилари, ўқувчилари, томошабинларидан келган далилли (фото, видео, аудио ва бошқа шу каби ҳужжатлар билан инкор этиб бўлмайдиган даражада қувватланган) хабарларни эълон қилиб келмоқда.

ST-Tafsilotlar - янги рукндир ва бу рукн остида STга келган хабарларнинг янада чуқурроқ ўрганилганлари бутун тафсилотлари билан берилади.

“Қаршига сув келди!”

Озодлик куни кеча SizdanTelegramга Қашқадарёдан келган хабарни ўрганди ва Қарши шаҳри ва унга яқин туманлар аҳолиси сувсизликдан қийналаётгани тўғрисидаги лавҳа Озодлик эфирида узатилди. Лавҳада қаршиликлар ва косонликлар кейинги кунларда бир тонна ичимлик суви нархи 5 минг сўмга қимматлаб, 30 минг сўмга чиққанини айтганди.

Қаршидаги қўпқаватли уйларда яшовчилар баклашкаларда сув ташиб ичаётгани, кирларини эса қишлоққа бориб ювиб келаётганини билдирганди.

Мақолага Қашқадарё вилоят Косон туман аҳолисига ичимлик суви етказиб берувчи “Қаршисув” подстанцияси олдида сув олишга навбатда турган ўнлаб “водовоз”лар акс этган видео илова қилинган.

Озодлик саволига жавобан қаршилик сувчилар “линияда таъмирлаш ишлари” ва “янги лоийҳа бўйича қурилиш ишлари” олиб борилаётганини айтган.

Мақола эълон қилинган куннинг эртасига Қарши подстанциясида тирбандлик бартараф этилгани ва аҳолини тоза сув билан таъминлаш йўлга қўйилгани маълум бўлди. Озодликка келган фотосурат ва видеоларда Кўлбуқа иншоотида машиналардан иборат навбатлар йўқ бўлгани, Қарши шаҳридаги кўп қаватли турар жойларга сув келганини кўриш мумкин.

Қаршиликлар сув крандан томчилаб оқишни бошлаганига ҳам ўз хурсандчиликларини билдиришди:

Мурожаатдан кейин Қаршига сув келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:19 0:00

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига ташландиқ уй берилди

Жорий йилда биринчи марта 900 нафар чин етим ёшни уй-жой билан таъминлаш учун Ўзбекистон ҳукумати 50 млрд сўм маблағ ажратди. Олинган маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 610 нафар етим турар-жой билан таъминланган, 578 нафари эса бугунги кунда ҳам турар-жойга муҳтож бўлиб турибди.

Sizdan Telegramга келган видеодан Фарғона вилоят, Қўқон шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига Яйпан туманининг Тожикистон билан чегарадош Шўрсув қишлоғидан ташландиқ икки хонали квартира берилгани маълум бўлди.

Видеода деразалари синган, бўм-бўш квартира акс этган.

- Мана бу туалет экан. Мана буниси ҳаммом экан. Мана буниси ётоқхона экан: на роми, на ойнаси бор. Битта патрони бор экан. Бу ошхона ва мана бу зал экан, дейди бўшаб ётган хонани кўрсатган ва етимга ёрдам кўрсатишни сўраган видео муаллифи.

SizdanTelegram 1,5 яшар болали Меҳрибонлик уйи битирувчиси қўқонлик 20 яшар Светлана Гребнёва эканини аниқлади.

3 ёшида чин етим қолган Светлана етимхонада ўсган, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-сон қарори билан унга тегишли уй-жой ажратилиши лозим бўлган.

"Берилаётган тураржой бўш, алоҳида, қулай ва шинам бўлиши, белгиланган санитария меъёрларига ва техник меъёрларга, қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб бериши лозим", дейилади "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ"нинг IV-бандида.

Бироқ меъёрларга жавоб берадиган квартира ўрнига Светланага чекка жойдаги ташландиқ квартира берилибди. У ҳам бўлса бефарқ бўлмаган одамларнинг порталга мурожаат қилганидан кейин топширилибди.

Унгача Меҳрибонлик уйидан чиққан Светланага ҳатто шу квартира ҳам берилмаган экан. Қўқон шаҳар ҳокимлигида Озодлик сўровига Светлана Гребнёва “холасиникида яшаётгани боис, унга бошида квартира берилмагани”ни билдиришди.

Қўқон шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Деҳқонов Гребнёва иши билан танишиб чиққани ва қўлидан келадиган ёрдамни кўрсатишини билдирди:

- Гребнёва Қўқондаги 12 -Меҳрибонлик уйини битиргач, педучилишчега ўқишга кирган, аммо битирмасдан ҳайдалиб кетган. Унинг пропискаси Ўзбекистон туманида бўлгани учун уй билан таъминлаш шу туман ҳокимлигига юкланган. Улар ўша квартирани топширган, бу қабул қилиб олган экан. Мен Ўзбекистон туман ҳокимлигига унинг масаласида албатта хабар бераман ва масалани ижобий ҳал этишга кўмаклашаман, деб ваъда берди шаҳар ҳокими муовини.

"Танқид қилиш хавфли бўлиб қолди..."

Шу йилнинг 5 июнида Бағдод туман (Фарғона вилояти) Ички ишлар бўлимига ўзининг танқидий материаллари билан танилган маҳаллий блогер Анваржон Бобоназаров олиб кетилган эди.

Анваршоҳ Кашмирий тахаллуси билан блогерлик қилувчи Анваржон аслида мактаб ўқитувчиси. Блогер ички ишлар ходимлари уни “жиҳодчи гуруҳларга алоқадорликда” гумонлаб, уйида тинтув ўтказганини ST-Tafsilotlar а сўзлаб берди:

- Уйимни тинтув қилишга санкция кўрсатганида, ўқиб қолдим:”Бобоназаров А. жиҳодчилар билан алоқа боғлаганлиги тўғрисида бирламчи маълумотлар бор”, деб ёзилибди. Ноутбукимни ва телефонимни мусодара қилиб кетишди. Бағдод туман Ички ишлар бўлимидаги 26-чи “экстремизм” хонасида руҳий босим қилиб, “Сен яна бир маротаба Халқ таълимидаги камчиликларни танқид қиладиган бўлсанг, аяб ўтирмаймиз – бўйнингга 11 миллион иламиз ёки бошқа нарса қиламиз. Сен бошқа чиқмайсан, Бағдодни шарманда қилмайсан!”, деб икки соатча қўрқитишди, деди суҳбатдош.

Ҳозирча телефон-компьютери йўқлиги туфайли блогерликни тўхтатган Анваржон Бобоназаров 18 июн куни Бағдод туман маъмурий суди қарори билан 2 миллион 450 минг сўмга жаримага тортилгани ва компьютери ҳамда телефони мусодара қилингани маълум бўлди.

Анваржон компьютери ва смартфони тортиб олинганидан кейин фаолиятни вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлди
Анваржон компьютери ва смартфони тортиб олинганидан кейин фаолиятни вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлди

Анваржон ҳимоясига таниқли сиёсатчи ва социолог, собиқ депутат Қобул Дўсов кўшилди.

ST-Tafsilotlar билан суҳбатда у Анваржон Бобоназаров устидан чиқарилган ҳукмни қоралаб, деди:

- Фарғоналик бир ўқитувчи хўрланиб, катта жаримага тортилди, мулки мусодара қилинди. У таълим соҳасидаги ноҳақликларга қарши курашиб келадиган кўзга кўринган блогерлардан. Уни диний айбловлар билан жаримага тортишган бўлсада, “Нега Бағдоднии Интернетга чиқаряпсан, шарманда қиляпсан?!”, деган гап бўлган. Ҳозир унинг масаласида қонунчилик палатасидаги бир нечта депутатлар билан биргаликда апелляция берилаяпти. Бугун Андижонда ҳокимнинг ноқонуний ишларини очган яна бир депутатни олиб бориб тиқишди! Нега эркин фикр билдирган одамдан жиноятчи ясашимиз ва қамашимиз керак?! - деди Қобул Дўсов.

У Ўзбекистонда охирги пайтларда кузатилаётган журналистлар, блогерлар, мустақил нашрлар ва умуман ҳурфикрли инсонларга бўлган босимларнинг кучайишини “репрессия” деб атади.

Блогер Бобоназаров уйидан тинтув пайтида "тақиқланган" маърузалар чиққани учун жавобгарликка тортилди
Блогер Бобоназаров уйидан тинтув пайтида "тақиқланган" маърузалар чиққани учун жавобгарликка тортилди

Куни кеча Андижон шаҳар ҳокими устидан шикоят қилган депутат Шуҳрат Каримов қамоққа олинганини маълум қилган Қобул Дўсов блогер Анваржон Бобоназаров ҳимояси давом этишини айтди.

Бузилган асфальт ўрни ахлатхонага айланди

Кейинги лавҳамиз Тошкентдан. Азалий муаммо – йўлни таъмирлаш масаласи.

Шайхонтоҳур туманидан арз қилган Телеграм фойдаланувчиси шаҳар марказидаги бузилган, аммо қайта тикланмаган асфальт ўрнидаги чуқурлар ахлат билан тўлдирилаётгани гувоҳи бўлганини ёзди.

- Шайхонтоҳур тумани Катта Оқтепа маҳалласи Нурафшон кўчаси 17-уй олдида қувур алмаштириш ишлари олиб борилган эди. Аммо бир неча кун давом этган демонтаж ишларидан сўнг машиналар доимий қатнайдиган йўлни расво ҳолда қолдириб кетишди. Оқибатда маҳаллий аҳоли ҳосил бўлган чуқурларга ахлат ташлай бошлади ва видеодаги хунук ҳолат юзага келди. Маҳалла раиси, ободонлаштириш идорасига бу ҳақда мурожаат қилинди, аммо натижа бўлмади, деб Sizdan Telegramга ёзди тошкентлик мухлис.

Асфальтланмаган кўча ахлатхонага айлантирилди.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00

Бу шикоят ортидан ST-Tafsilotlar Шайҳонтоҳур тумани Катта Оқтепа маҳалласига мурожаат қилди. Маҳалла раиси Саъдулла аканинг сўзларича, ахлат тўкилган жойда илгари контейнер бўлган.

Аммо шу ерда яшовчи аҳоли талаби билан ахлат контейнери 50-100 метр нарига олинган.

- Аслида у ерда муаммо йўқ: одамларнинг ўзлари контейнерли олиб ташлашни талаб қилиб ёзганди. Энди эса ўзлари ўша ерга чиқинди тўкиб кетяпти. Ҳозир келиб қарасангиз йўлда ҳеч нарса қолмаган – ахлатни олиб ташлаб, тозалаб қўйганмиз! Йўлни эса “теплосеть” труба алмаштираётганда бузганди. Бир ой бўлди асфальтсиз ётибди, деди маҳалла қўмитаси раиси.

ST-Tafsilotlar пойтахтнинг Шайҳонтоҳур тумани “Тошиссиққувати” корхонасига ҳам мурожаат қилиб, йўл асфальтланмасдан қолгани сабабларини аниқлади.

Нурафшон кўчасига асфальт кутяпмиз, келса асфальт қилиб кетишади. Қачон қилинишини аниқ билмаймиз – пудратчи ташкилотга боғлиқ. Ҳозир ҳамма жойга ёппасига асфальт талаб қилиняпти ва ўшанга завод асфальт етказиб беролмаяпти. У ерни асфальтлаш ҳатто шаҳар контораси режасида бор, деди “Тошиссиққувати” бўлими диспетчери.

XS
SM
MD
LG