Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:22

Банклар банкротлик ёқасига келди – аҳолининг кредитни қайтаришга қурби йўқ


Тўланмаган кредитларнинг аосий ҳиссаси "Халқ банки"га тегишли эканлиги айтилади.
Тўланмаган кредитларнинг аосий ҳиссаси "Халқ банки"га тегишли эканлиги айтилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида корхоналарнинг кредит қопламаслик ҳолати ва оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича берилган кредитларни қайтариш муаммо бўлиб қолганини тан олди.

Президент йил якунигача қарзлар юз фоиз банкларга қайтарилиши ҳақида кўрсатма берди.

Озодлик суҳбатлашган банк бошқарувчиси ва бўлим бошлиғи давлат дастурлари асосида аҳолига берилган кредитларни қайтариш муаммо эканлиги, аҳолида бу пулларни банкка қайтариш имкони йўқлигини айтди.

Саксон фоиз пул банкдан ташқарида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 май кунги видеоселектор чоғида сўнгги уч йил давомида ҳудудий дастурлар доирасида 16 триллион сўмлик кредит ҳисобига амалга оширилган 4,2 мингта лойиҳанинг 50 фоизи, жорий йилдаги 11,5 триллион сўмлик 2,6 мингта лойиҳа бўйича эса 80 фоиз пул тушумлари банкдан ташқарида айланаётганини қайд этган:

“Демак, бу лойиҳалар фақатгина кредит олиш мақсадида, “кўзбўямачилик” учун амалга оширилаяпти, корхоналар солиқ тўламасдан ишлаяпти дегани эмасми? Агар бу пул банкка қайтса, қанча имконият кўпаяди”, деди президент.

Банклар "бўйнигача қарзга ботган"

Озодлик суҳбатлашган “Агробанк”туман бўлимининг исми сир қолишини сўраган бошқарувчиларидан бири давлат дастури асосидаги лойиҳаларнинг “кўзбўямачилик” учун амалга оширилаётгани, бу дастурлар банкларни "бўйнигача қарзга ботиргани"ни айтди:

“Ҳозир банклардаги аҳвол страшний, яъни даҳшат. Ҳамма банк шу пайтгача тарихда бўлмаган зарарда ўтирибди. Халқ банки қарийб 200 миллиард, “Асакабанк” 100 миллиарддан ошиқ, “Агробанк” 50 миллиард сўмдан ошиқ қарзга ботган, банклар ўтириб бўлди. Корхоналар кредитни қайтара олмаяпти. Инвестицион лойиҳаларни чет элдан олиб келиш дастури бўйича “откат” эвазига олиб келинган техникаларга жуда катта кредитлар олинган”.

Бошқарувчи кредит олишнинг бу қаллоблик усулини шундай тушунтиради:

“Масалан, Хитойга спецтехника учун 500-600 минг доллар пул чиқарсангиз, шуни 150 мингини сизга официально қайтариб беради. Ана шундай қилиб кўпчилик тадбиркорман деган олиб келган. Унга кредитингни ёп десангиз, парвосига келмайди, ана керак бўлса ол техникани, дейди. Чунки у “шира”ни олиб бўлган. Иккинчи сабаб эса, бу пулни мақсадли ишлатган ҳам ишлаб чиқарган товарини экспорт қила олмаяпти. Чунки, пандемия сабаб товарини сота олмаяпти”.

Кредитлар ҳеч қандай гаровсиз берилди

Банкирнинг фикрича, банкларни ўтирғизиб қўйган иккинчи нарса, бу давлат дастурлари асосида аҳолига гаровсиз берилган турли хил кредитлар:

“Ўзбекистон ҳукумати аҳолини камбағалликдан чиқариш учун 2017 йилдан буён бир неча дастур қабул қилди. Улардан бири “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” ҳақидаги президентнинг 2021 йил 27 мартдаги ПҚ-5041-сонли қарори бўлди. Ўшанда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган оилаларга 7 фоизли имтиёзли кредит берилди. Ҳар бир оила 30 миллион сўмни ҳеч қандай гаровсиз, ҳокимиятнинг битта тавсияномаси билан олди. Ҳамма банк ўртача 20 миллиард сўмдан берган. Лекин бу ҳам дабдала бўлди. Аҳоли пулни қайтаролмаяпти. Банкларга режа қўйиб қўйган, мана шунча одамга шунча пул берасан, деб. Унинг бу пулни қайтариш қобилияти борми ёки йўқ, бу билан иши йўқ.”.

Суҳбатдош аҳоли пулни қайтара олмаганига бир неча мисоллар келтиради:

“Масалан, ўшанда аҳоли кредитга чорва олган. Мана бундай бўлган. Таъминотчилар бозордаги 10 миллион сўмлик молни 13-15 миллион сўмга сотган. Ўртада таъминотчилар катта фойда кўрган. Иккинчи томондан, одамларга нақд пул керак бўлгани учун ўша молни сотган ва энди у пул йўқ. Энди талаб қилиб борсангиз, молим ўлиб қолди, иш йўқ, камбағалман, дейди".

"Дафтар"лар банкларни хароб қилди

Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилдан бошлаб аҳолини камбағалликдан чиқариш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб қувватлаш мақсадида МФЙларда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтарни” шакллантирди. Ўз навбатида банкларга ҳам бу дафтарларда рўйхатда турган оилаларга кредит бериш масъулиятини банкларга юклади. Банк бошқарувчиси фикрича, бу “дафтар”лар ҳам банкларнинг иқтисодий аҳволини янада оғирлаштирган:

“Бу рўйхатда турган одамларга банклар 33 миллион сўмгача кредит берди. Ҳамма банк битта-битта туманга бириктирилган. Икки йил олдин ҳамма банк кредит берарди. Ҳозир бу мажбурият учта банк –“Халқ банки”,”Агробанк” ва “МикроКредитбанк”да қолди, холос. Шу пайтгача кредит олганларнинг 10-15 фоизигина қайтара оляпти, холос. Сўраб борсангиз, буни бизга президент берган, қачон топсам қайтараман, дейди. На кафолати бор уни, на гаровга оладиган нарсаси. Лекин тўлаш қобилияти бор бўлиб, тўламай юрганлари ҳам кўп”.

Банкирнинг айтишича, ҳукуматнинг “ҳаммани ишлатамиз, ҳаммани тадбиркор қиламиз” деган яхши нияти амалга ошмай қолди, аксинча янги иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди:

“Ният яхши эди, лекин ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмас экан. Қўлига 30 миллион бериб қўйганингиз билан уни ҳамма ҳам тўғри ва мақсадли ишлата олмас экан. Корхоналарга берилган кредит гаров эвазига берилган. Кечроқ бўлса ҳам улардан ундириш мумкин. Лекин мана бу халққа берилган кредитнинг таги йўқ! Ҳозир аксарият банкларнинг қарийб 50 фоиз пули ташқарида, агар 50 га етса банк ўзини банкрот деб эълон қилиши керак. Бошқа чора йўқ!”

Кредитлар таниш-билишчилик ва босим остида улашилди

"Агробанк"нинг Қашқадарё вилояти туманларидан биридаги бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган имтиёзли кредитларнинг 70-80 фоизи таниш-билишчилик ва ҳокимият, куч ишлатар тизимлар мулозимларининг босими билан улашилганини идаао қилди:

“Бу кредитлар Халқаро валюта жамғармаси, Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки ва бошқа ёрдамларнинг пуллари. Мен ўзим шу соҳада ишлаганим учун аниқ айта оламанки, бизларда шунинг қарийб 80 фоизи мақсадсиз ишлатилади. Имтиёзли кредит беришда ҳокимият, прокуратура, миллий хавфсизлик таниш-билишлари, ўзига тўқ қариндошлари олади. Масалан, менга тел қилишади, мана шу одамга чиқартириб берасан, дейди. Йўқ, десангиз, сени ундай қиламан, бундай қиламан, деб дўқ-пўписа қилади, ишлайман десангиз бошқа иложингиз йўқ, ҳамма туманда шу аҳвол. Ҳозир Қашқадарё вилоятидаги банклар тамоман ўтириб қолган. 2019-2020 йиллардаги қарзларни ундириш эса энг катта муаммога айланган”.

Кредитлар аҳолини камбағалликдан чиқара олмади

Ўзбекистонда аҳолини камбағалликдан чиқариш, тадбиркорликни ривожлантириш учун бир қанча давлат дастури қабул қилинган.

Президентнинг ташаббуси билан аввал кўпчилик кредитга товуқ олиб боқиб кўрди, чорвачилик ва балиқчилик билан шуғулланишга ҳаракат қилди.

Аммо, кўп жойларда аҳолига берилган имтиёзли кредит суммаси тўғридан тўғри одамлар ҳисобига ўтказиб берилмай, балки ўртадаги таъминотчиларга берилган.

Таъминотчилар эса банк билан шартнома имзолаб, аҳолига бирор ишлаб чиқариш объекти қуриб бериши ёки чорва олиб бериши керак эди.

Аммо Озодлик тингловчилари таъминотчилар ўз маҳсулоти нархини бозордагидан анча қиммат нархда камбағалларга ўтказгани ҳақида бир неча бор мурожаат қилган эди.

Андижон вилоятининг Бўстон туманида яшайдиган пенсионер Олимжон Эшматовнинг айтишича, беш юздан ортиқ кам таъминланган оила айни пайтда Олий Мажлис депутати бўлган, тадбиркор Одинахон Отахонованинг банк билан келишган ўйини қурбони бўлган:

“2018 йилда Шавкат Мирзиёев имзолаган“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида бизга ҳам “Агробанк” кредит бериб чорва моли таклиф қилди. Ҳамма хурсанд бўлиб олди. Лекин кредит пулини қўлимизга нақд бермади. Одинахон Отахонованинг фермаси ҳисобига ўтқазди. У эса халқни лақиллатиб барча касал молини сотди. Оқибатда ҳамманинг моли ўлди ёки касал бўлиб бозорда арзон нархга сотиб юборди. Мен ҳокимиятгача бориб айтдим, мен хоҳлаган жойга пул суриб беринглар, мен Самарқанддан ҳам олиб келишим мумкин, десам, йўқ фақат Одинахоннинг фермасидан оласиз деди. Олиб ҳамма куйди, куйганда ҳам қаттиқ куйди. Депутат опамиз касал молларни камбағалларга пуллаб, фермасига соғ моллар сотиб олди. Бу ерда банк билан тадбиркорнинг ўзаро манфаатли келишувидан бошқа яна нима бўлиши мумкин? Бу дастур бизни камбағалликдан чиқармади, аксинча қашшоқ қилиб қўйди. Ҳозир ҳам банкдан пулни тўланг, деб келади. Қўлингдан келса мана мени отиб юбор, дейман!”

Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи 23 ёшли Абдуллажон Мамадалиев ҳам Озодликка ҳар бири бозор нархида 7 миллион сўм турадиган иккита қорамол учун “Агробанк” туман бўлимида 31 миллион 600 минг сўм миқдорида кредит расмийлаштирилганини айтган эди.

Президент 12 май куни ўтган селектор йиғилишида давлат дастурлари доирасида олинаётган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича кунлик назорат ўрнатиш ва айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш юзасидан ҳар ойда Президент Администрациясига ахборот киритиб бориш бўйича Бош прокуратура департаменти, Ҳисоб Палатасига топшириқ берди.

Президент топшириғига кўра, Бош вазир ўринбосарлари вилоят ҳокимлари билан бирга 2 ҳафта муддатда ўз комплексига кирувчи корхоналарнинг муаммоли қарздорлигини тўлиқ хатловдан ўтказиб, иккинчи чорак якунига қадар уларнинг камида 25 фоизини, йил якунига қадар эса 100 фоиз қайтаришни таъминлаш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар кесимида жадвал асосида иш олиб боради.

XS
SM
MD
LG