Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:09

Қирғиз-тожик чегараси: Марказий Осиёда кичик ғалабали уруш кимга керак?


Қирғиз-тожик чегараси-30 апрель, 2021
Қирғиз-тожик чегараси-30 апрель, 2021

28-30 апрель кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли тўқнашувлар камида 43 инсоннинг умрига зомин бўлди, юзлаб одам жароҳатланди. Ҳар икки томондан чегараолди ҳудудларида яшовчи минглаб аҳоли уйларидан кўчирилди. Чегара ҳодисалари Марказий Осиё учун янгилик эмас, аммо бу сафар икки давлат хавфсизлик кучларининг зиддиятга аралашуви алоҳида хавотирга сабаб бўлмоқда.

Икки томон ўт очишни тўхтатиш ва қўшинлар ҳамда ҳарбий техникани чегарада олиб чиқиб кетишга келишганидан сўнг ҳам алоҳида отишма ва тўқнашувлар юз бераётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда, хусусан, қирғиз томонидан ёнаётган уйлар, мактаб ва бошқа иншоотларга ўт қўйилганини кўриш мумкин.

Зиддият ҳар икки томон ўзиники деб ҳисоблайдиган ҳудуддаги сув иншооти туфайли келиб чиққан. Ўтган йил майида Ўзбекистоннинг Сўх анклавида юз берган ўхшаш ҳодисада бир киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам жароҳатланганди. Чегара ва сув заҳиралари юзасидан баҳслар минтақада зиддият манбалари сифатида кўрилади.

Минтақанинг икки йирик давлати Ўзбекистон ва Қозоғистон тўқнашувларни зудлик билан тўхтатиш ва можарони тинч йўл билан ечишга чақирган.

Қуролли тўқнашувлардан ким манфаатдор бўлиши мумкин ва ким зиддиятни еча олади? Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» телеканали бу саволларни россиялик Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубновга берди.

— Минтақадаги можароларнинг сабаблари маълум: чегаралар чалкашлиги, хатланмаган ер майдонлари ва сув ресурслари — булар бари сўнгги йилларда бир эмас, бир неча марта бўй кўрсатган. Лекин жанжал нега айнан ҳозир бу қадар жадал оловланиб кетди?

— Мени бир ҳолат безовта қилади, тўғрироғи, иккита ҳолат. Биринчиси — соат сайин зўрайиб бораётган тўқнашув Душанбеда Тожикистон полицияси ҳали Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Хавфсизлик кенгашлари котиблари йиғилишини якунлаб улгурмаган пайтда юз беряпти. Бу ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш учун Тожикистон раҳбариятига қулай фурсат келганини англатмасмикан, айниқса Душанбега йиғилган Хавфсизлик кенгашлари котиблари унинг ҳаракатларини қораламаслигини, ҳар ҳолда, Душанбеда ўтириб, шундай қила олмаслигидан умидлангани мумкинлигини ҳисобга олсак? Яъни, улар рўй бераётган воқеаларга етарлича лоқайд муносабат билдиришади ва нима бўлганда ҳам Душанбедаги бошқа давлатлар вакилларидан Душанбе шаънига битта ҳам танқидий сўз айтилмайди. Бу анчайин маккорона ғоя, эҳтимол, бу менинг биринчи факт бўйича фикримдир.

Иккинчиси: Қирғизистон тепасида анчайин беқарор раҳбарлар ўтирган, улардан ҳам бири — Ташиев соғлиги важидан чет элга кетган пайтда бу ишлар юз бериши Қирғизистон фойдасига эмасдек туюлмаяптими сизга? Қирғиз томонидан бирон киши худди шу паллада ҳарбий ҳаракатларни бошлашдан манфаатдор эканига ишонгим келмайди. Бу улар учун яхшилик билан тугамаслиги аён.

Айни дамда менда мавжуд маълумотни эътиборга олсак, минтақадаги таҳлилчилар орасида Тожикистон томони дарҳол жиддий қуролларни фаол ишга солган ушбу ҳарбий ҳаракатлар — айтишларича, воқеа жойида миномётлар “тилга кирган”, жанговар Ми-24 вертолётлари учмоқда — бу ҳаракатлар, ўт очишлар, тожик томонининг Қирғизистонга ёриб киришига ва Тожикистоннинг материк қисмини қирғиз ҳудудидаги Ворух анклави билан боғловчи йўл устидан назорат ўрнатишига олиб келади, деган хавотир бор. Яъни тожик томонининг бу ҳаракатлари натижасида Ворух ортиқ анклав бўлмай қолади. Оқибат Қирғизистон тоғли ҳудудлар ичкарисида жойлашган Лайлак шаҳарчасига элтувчи йўлдан айрилиши мумкин. Яъни Лайлакнинг ўзи тожиклар ҳудудидаги анклавга айланади, чунки шаҳар орқали юриш мумкин бўлмай қолади, Фарғона водийсининг чеккасидаги бу ҳудуд баланд тоғли жойлар ҳисобланади. Қисқаси, воқеаларнинг бу зайл ривожланиши тасодифга кўп ҳам ўхшамайди.

— Тасодиф эмаслигидан сўз очдингиз. Нима деб ўйлайсиз, бу можаро пастдан, оддий одамлардан келиб чиқдими ёки бу ерда қандайдир бошқа кучлар аралашганми?

— Ўйлайманки, бу ерда оддий халқ юқори мансаб-мартабали доиралар қўлида таъсир ўтказиш қуроли бўлиб хизмат қилган. Балки томонлардан бири — нариги тарафда беқарорлик, мавҳумлик ҳукм сураётган пайтда вазиятни мустакамлаш учун кичик уруш чиқариб, ғолибият нашидасини суришни истагандир.

Қирғиз-тожик чегарасидаги зиддият: Икки томон ўт очишни тўхтатишга келишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00

— Бу кичик ғалабали уруш кимга керак бўлган бўлиши мумкин?

— Илк кунлар, қирғиз-тожик чегара зиддиятининг эҳтимолий ечимлари масаласи кўтарилганида Тожикистон раҳбарияти вакилларининг жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатганини, эҳтимолий ер алмашув бўйича Тожикистон томонидан асло ён бермаслиги, чунки бу ҳеч қачон бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги кескин баёнотларни эслайлик. Ана шуларни ўйласам, Душанбе можарони тинч йўл билан ҳал қилишни унчалик хоҳлашмаётгандек, қайтага мана шунақа кескин ҳарбий чоралар билан вазиятни чуқурлаштиришга ва шу билан бирга раҳбариятнинг халқ манфаатлари йўлида қатъий ҳаракат қила олишини кўрсатишга ва умуман, халқни муросасиз, қаттиққўл, ҳаракатчан ва ўта ватанпарвар раҳбарият атрофида жипслаштиришга тиришаётгандек туюлади.

— Отишмаларни ва қон тўкилишини вақтинча тўхтатиш сиёсатчиларнинг қўлидан келарку-я, бироқ можарони узил-кесил бартараф этиш ҳақида ҳозирча гап-сўз йўқ. Ушбу чегарадаги барча муаммолар ўтмишда қолиб кетиши учун нима қилиш керак?

— Биринчидан, икки томондан давлатнинг иродаси керак, лекин мен буни кўрмаяпман. Иккинчидан, ташқи ўйинчилар томонидан кучли босим лозим. Афсуски, мазкур вазиятга Россия томонидан дадил муносабат билдирилганини пайқамадим. Агар Тошкент хавотирда эканини етказган бўлса, Москва бор-йўғи вазиятни ўрганишга интилаётганини Мария Захарова тили билан маълум қилди. Аввалроқ ўрганиш керак эди. Ҳозир эса бу ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб туришга қатъий чақириш керак. Лекин негадир Москва сусткашлик қилмоқда.

XS
SM
MD
LG