Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:56

"Ҳизбчилик"да айбланиб 8 йил Россияда ва 8 йил Ўзбекистонда ўтириб чиққан сиёсий маҳкум озодликка чиқарилди


Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Юсуф Қосимохуновни "сиёсий маҳкум" деб эълон қилган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Юсуф Қосимохуновни "сиёсий маҳкум" деб эълон қилган.

2012 йилда махсус кучлар томонидан Россиядан Ўзбекистонга ўғирлаб кетилгани айтилган 56 яшар Юсуф Қосимохунов озодликка чиқарилди.

Андижонлик Юсуф Қосимохунов озодликка бундан уч ой олдин чиққани 17 март куни маълум бўлди.

Бу ҳақда россиялик ҳуқуқ фаоли, Инсон ҳуқуқлари “Мемориал” ташкилоти аъзоси Баҳром Ҳамроев Юсуф Қосимохуновнинг ўзига таяниб, Фейсбук саҳифасида ёзди.

"Хушхабар! Сиёсий маҳкум Қосимохунов ўзбек концлагеридан озод этилди. У сохталаштирилган иш бўйича аввал рус турмасида 8 йил ўтирди. У ердан чиққанидан кейин Россия кучишлатар тизимлари ходимлари томонидан ўғирланиб, ўзбек золим ҳукмдори ҳукуматига топширилди. Мен ҳозиргина у билан сўзлашдим - ҳаммага ўз саломини етказяпти!"- деб ёзди ҳуқуқ фаоли.

Қосимохуновни ҳимоя қилиб келган ва унинг тақдирини кузатиб борган Россиядаги “Мемориал” ташкилоти ўзбек маҳбусининг озодликка чиқарилиши юзасидан махсус хабарнома тарқатди.

Озодлик охирги 20 йил давомида Юсуф Қосимохуновнинг қамалиши ва ўғирланиши билан боғлиқ воқеалар тўғрисида қатор хабарлар эълон қилган.

1964 йилда Андижонда туғилган Қосимохунов 1995 йилдан буён Россияда яшаган. 1999 йилда у Ўзбекистонда конституциявий тузумни ағдариш ва "Ҳизб ут-Таҳрир" ҳаракатига аъзоликда айбланган. 2000 йилда Ўзбекистон Қосимохуновни Россиядан экстрадиция қилишни сўраган.

Андижонлик мусофир Россияда “Ҳизб ут- Таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланиб 2004 йилда қамалган биринчи кишидир.

- Ўша йили у ва унинг турмуш ўртоғи устидан суд маҳкамаси бўлиб ўтганди, дея хабар қилди “Мемориал”нинг Марказий Осиё бўйича дастури директори Виталий Пономарёв.

2011 йилда жазо муддати тугаб, Россия қамоқхонасидан озод этилган ўзбекистонлик қочқин яна 1 йил Мурманск шаҳридаги тергов изоляторида сақланди, ўшанда Ўзбекистон ҳукумати талаби билан унга нисбатан экстрадиция текшируви бошланганди.

Халқаро жамоатчилик босими остида Қосимохунов 2012 йилнинг 14 декабрида озодликка чиқарилди. Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган хабарномада Ўзбекистонга бериб юборилган тақдирда бу шахс қийноққа солиниши ва яна узоқ муддатга қамалиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

Аммо Москвага етиб келган ўзбек муҳожири Москва вилоятидаги ижарада турган Вербилки қўрғонидан ўғирлаб кетилган.

Шу йиллар давомида Ўзбекистон фуқароси Юсуф Қосимохунов иши юзасидан “Мемориал” юристлари мурожаати ортидан Европадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро суд иккита қарор чиқарган.

Ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев хабарига кўра, Қосимохунов Ўзбекистондаги 8 йиллик қамоқ жазосининг биринчи ярим йилини Тошкентда, кейин Андижон , “Жаслиқ” ва республикадаги бошқа қамоқхоналарда ўтказган.

Юсуф Қосимохунов Россия молиявий монторинг хизмати (Росфинмониторинг) эълон қилган “қора рўйхат”да “террорчи”лар қаторига киритилгани боис унга бугунги кунда Россияга кириш тақиқланган.

XS
SM
MD
LG