Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:42

Вакцина "бепул". Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш қачон бошланиши маълум қилинди


Хитойнинг Sinopharm кампанияси ишлаб чиққан Covid-19 га қарши вакцина - 3 февраль, 2021
Хитойнинг Sinopharm кампанияси ишлаб чиққан Covid-19 га қарши вакцина - 3 февраль, 2021

Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши рўйхатга олинган илк вакцина - ZF-UZ-VAC 2001 рекомбинант (CHO cell) вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлаш март ойи ўртасида бошланиши кутилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Азимга кўра, шу кунда бу вакцинани Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда мамлакатда ишлаб чиқариш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Тошкентдаги JURABEK LABORATORIES ширкати мулозими, Хитой томони билан бирга, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини ушбу ширкатда ишлаб чиқариш имконлари ўрганилаётганини билдирди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вакцина масалалари бўйича эксперти Дилором Турсуновага кўра, биринчи бўлиб 2 миллион 600 минг доза AstraZeneca (AZD1222) вакцинаси етказилиши режаланган.

Бу расмийга кўра, AstraZeneca вакцинаси Ўзбекистонга бепул етказилади, ҳозирча бирламчи 4 миллион ва кейинчалик қолган 30 миллион аҳолини ҳам бу касалликка қарши бепул эмлаш режаланмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Махсус комиссияси томонидан 17 февраль куни Россиянинг “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олиш жараёнини бошлашга рухсат бергани ҳақида расмий баёнот берилган, аммо шу кунга қадар бу вакцина рўйхатга олингани расман эълон қилинмади.


“Аҳолини Хитой вакцинаси билан эмлаш мартда бошланади”

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Азимга кўра, Ўзбекистонда март ойининг ўрталаридан бошлаб аҳолининг биринчи навбатда эмланадиган қатламини Хитой вакцинаси билан оммавий эмлашни бошлаш кутилмоқда:

“Булар расман эълон қилинган қатлам - касаллик юқиш хавфи юқори бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари бўлади. Улар бепул эмланади. Шу кунда бу вакцинани Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда мамлакатда ишлаб чиқариш бўйича музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда”.

Назокат Азим, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати COVID-19 касаллигига қарши вакцина ишлаб чиқараётган 8 та халқаро ширкат билан музокаралар олиб бораётганини эслатди, аммо бу музокаралар натижаси ҳақида бирор маълумотга эга эмаслигини билдирди.

“Масалан, Россиянинг “Спутник V” вакцинасини ҳам Ўзбекистонда рўйхатга олишга рухсат берилган. Келгусида ўзбекистонликларга эмланиш учун бир неча турдаги вакцина тақдим қилинади ва одамлар ўзи танлайди. Лекин булар қайси вакциналар бўлади ва улар пуллик бўладими-йўқми, ҳозирча бу борада аниқ маълумот йўқ менда”, - деди Назокат Азим.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги 2020 йилнинг 19 ноябридан бери Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси чиқарган ZF 2001 вакцинаси 3-босқич клиник синовларида қатнашиб келмоқда.

Бу синов жараёни Ўзбекистон расмий матбуотида катта тарғибот кампанияси остида ёритилмоқда ва бунга фаол блогерлар ҳам жалб қилингани кузатилди.


6 ойлик ҳамкорликдан сўнг Хитой томони, Ўзбекистонга бу вакцинани яратишда “ҳаммуаллиф”лик мақомини тақдим қилди ва вакцина номи ZF-UZ-VAC 2001 деб ўзгартирилди.

1 март куни, ҳали 3-босқич натижалари Ўзбекистон ва дунёнинг бир неча мамлакатида тугамай туриб, бу вакцина Ўзбекистонда DV/X 08646/03/21 рақами билан расман рўйхатга олинди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги расмийси Назокат Азим 3-босқич клиник синовлар натижаси майда тайёр бўлиши, тадқиқотнинг ўзи эса 2021 йил кузида битиши режаланганини билдирган.

Расмийга кўра, аҳолини коронавирусга қарши тезроқ эмлаш зарурати туғилгани ва дунёда вакцина танқислиги мавжудлиги боис, клиник синовлар муваффақиятли ўтган бу вакцинани тезроқ рўйхатдан ўтказиш ва аҳолини оммавий эмлашга қарор қилинган.

“Вакцина ишлаб чиқарадиган ширкатлар танланмоқда”

Ҳозирга қадар бу вакцинани Ўзбекистонга олиб келиш ва мамлакатда ишлаб чиқариш жараёнининг давлат буюртмаси ва давлат ташкилоти тузилмалари назорати остида бўлиши, бу соҳага хусусий сектор вакиллари аралаштирилмаслиги айтиб келинмоқда.

Аммо Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вакцина масалалари бўйича эксперти Дилором Турсуновага кўра, Ўзбекистонга вакцина етказиш ва уни ишлаб чиқариш соҳасига жалб қилиниши мумкин бўлган баъзи хусусий маҳаллий ширкатлар номи ҳам тилга олинмоқда.

“Айнан қайси ширкатлар эканини мен сизга аниқ айтолмайман. Менинг билганим Ўзбекистоннинг “Жўрабек”нинг (JURABEK LABORATORIES хусусий ширкати) номи кетяпти, “Ўзбиофарм” илмий текшириш институти бўлиши мумкин. Лекин мен сизга бу ҳақида аниқ маълумот беролмайман, аниқ билмайман”,- деди Озодлик билан 23 февраль кунги мулоқотда ССВ расмийси.

Хитой томони JURABEK LABORATORIES ширкатига “қизиқиш билдирди”

JURABEK LABORATORIES хусусий ширкати вакили 2 март куни Озодлик сўровига жавобан ССВ расмийсидан олинган маълумотнии тасдиқлади.

Исми очиқланишини истамаган ширкат вакилининг сўзларига кўра, Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси JURABEK LABORATORIES ширкатида мавжуд технологияга алоҳида қизиқиш билдирган.

Ушбу ширкат юқори технология ҳисобланган - лиофиль қуритиш ускуналари (дорини суюқ шаклда тайерлаб, аввал музлатиб, сўнгра паст ҳароратда вакуум остида қуритишга мўлжалланган технология - таҳр.)ни мамлакатга олиб келган ягона хусусий ширкатдир.

“Ҳозир Хитой томони билан бирга коронавирус вакцинасини локализация қилиш имкониятлари кўриб чиқиляпти. Қачон хулоса берилиши, хулоса берилганидан кейин иш бошланадими, бошланса қачон бошланади - ҳозир бу саволлар очиқ турибди, уларга жавоб бериш имконсиз”, - деди ширкат вакили.

Айни пайтда хусусий сектор вакили вакцинани ишлаб чиқаргач, уни аҳолига сотадими ёки фақат давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарадими - бу саволларга ҳам ҳануз жавоб йўқлигини айтди.

Бунга қадар Хитой вакцинаси синовларини олиб бораётган Инновацион технологиялар вазирилиги ушбу вакцина фақат давлат буюртмаси асосида олиб келиши ва уни эҳтимолий ишлаб чиқариш жараёнида ҳам хусусий сектор иштирок этмаслигини билдирган эди.

“2 млн. 640 минг доза AstraZeneca вакцинаси бепул етказилади”

Расмийларга кўра, Ўзбекистон халқаро COVAX фондига аъзолиги доирасида, вакцина ишлаб чиқарувчи давлатлардан 2 миллион 640 минг доза бепул вакцина етказилиши бўйича келишувга эришилган.

“Бу Буюк Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca (AZD1222) вакцинаси. 2 га бўлиниб келади, биринчи 40 фоиз, кейин 60 фоиз. Бу йилнинг ўзида 4 миллион 112 вакцина кириб келса ва шу рўйхатдаги аҳолини эмлаб олсак, бу жуда катта иш бўлади. Чунки 34 миллион доза вакцина бу йил келмайди ҳали, унақа вакцина йўқ ҳали”, - деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вакцина масалалари бўйича эксперти Дилором Турсунова.

СЭОЖС дастлабки рўйхатга бепул эмланиши кутилаётган 4 112 668 киши киритилганини билдирган:

  • 65—74 ёшгача бўлган қариялар 1 085 797 нафар;
  • 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар 388 686 нафар;
  • 85 ёш ва ундан юқори ёшдаги кексалар 139 280 нафар;
  • тиббиёт ходимлари 447 976 нафар;
  • сурункали касалликлари бор аҳоли (18−65 ёш) 888 190 нафар;
  • мактаб ўқитувчилари 689 383 нафар;
  • мактабгача таълим муассасаси ходимлари 223 426 нафар;
  • қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари 180 минг нафар.

Д. Турсунованинг маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистон AstraZeneca ширкатининг Буюк Британия ва Ҳиндистонда чиқарилган вакциналари, Спутник V ва Хитой вакцинасини кутмоқда.

Хусусан, “Спутник V” вакцинаси, бу расмийнинг Озодликка билдиришича, 15 февралда Ўзбекистонда сертификациядан ўтган.

“Бу яхши вакцина, агар давлатимиз уни олса, аҳолини вакцина қилишни бошлаймиз. Яна озгина сабр қилсангиз, тез орада ҳаммаси ойдинлашади ва матбуотга очиқланади. Булар менинг ҳозирча билганларим, бугун вазият шундай. Эртага бўладиган ўзгаришлар хабар қилинади”, - деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вакцина масалалари бўйича эксперти Дилором Турсунова 23 февраль кунги мулоқотда.

Яна 3 триллион сўм ажратилади

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш ва вакцина учун яна 3 триллион сўм ажратилиши айтилган.

Махсус комиссия қарори билан Ўзбекистонда Россиянинг “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олиш ва ишлаб чиқаришни бошлашга рухсат берилгани 17 февраль куни очиқланган эди. Аммо Озодлик 2 март ҳолатига бу вакцина Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани ҳақида бирор расмий маълумот топа олмади.

Ўзбекистонда 2016 йил 4 январда тасдиқланган "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга биноан, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин рухсат этилади.

Россияда ишлаб чиқарила бошлаган “Спутник V” вакцинасига 2020 йил сентябрда 34 миллион доза учун буюртма берилгани ва шу билан Ўзбекистон аҳоли сонига тенг вакцинага буюртма берган давлатлардан бирига айлангани ҳақида расмий баёнотлар берилган эди.

Аммо бугунга келиб, расмийлар Россия вакцинасига берилган буюртма масаласини умуман тилга олмаётир. Озодлик боғланган давлат идоралари, хусусан Ўзбекистон томони билан шартнома имзолаган Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди ҳам саволларни жавобсиз қолдирди.

22 февраль куни парламентда ўтган йиғилишда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев дунёдаги 8 та вакцина ишлаб чиқарувчи ширкатга 3 миллион доза учун буюртма берилгани, бирортасидан ижобий жавоб олинмаганини тан олганди.


Айни йиғилишда айтилишича, дунёда 13 та фармацевтика компанияси ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан коронавирусга қарши вакцинани Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича музокара олиб борилмоқда. Аммо айнан қайси компаниялар билан музокара бораётгани ҳозирча очиқланмаётир.

XS
SM
MD
LG