Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Зарина, Ҳалима ва президент куёвлари. Тармоқни титратган трендлар


"Ялтироқ қатлам"
"Ялтироқ қатлам"

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка SММ-менеджер Ноила Қутлиева ҳамроҳлик қилди.

"Сардоба тўғонини кемирган балиқ"

Қутлиевага кўра, кечган хафта ичида барча платформалар асосан икки мавзуни муҳокама қилган:

“Тўдакўлда топилган, ҳали фанга маълум бўлмаган йирик ва ўта йиртқич балиқ асосий муҳокама мавзуси бўлди. Тармоқлар бу балиқ "Сардоба тўғонини еб ютиб тўдакўлдан сиëсий бошпана олди", дея ҳажв қилди. Иккинчи энг кўп муҳокама қилинган мавзу, бу - Тошкент шаҳар ҳокимининг ўзбек тили ҳақидаги гапи. Шу пайтгача тармоқда салбий қаҳрамон образида намоён бўлиб келган Ортиқхўжаев бу сафар ўзбек тили ҳимоячисига айланди”.

Uzbekistan - Mayor Tashkent Jahongir Ortikxojaev
Uzbekistan - Mayor Tashkent Jahongir Ortikxojaev

Кейинги пайтда шаклланган одатга кўра, тармоқ муҳокамаси ортидан тегишли вазирлик ëки ташкилот бунга муносабат билдиради. Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тармоқларда тарқаган балиқнинг Сардоба тўғонига алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот билан чиқди. Қўмита хабарномасида айтилишича, бу балиқ ҳақиқатдан ҳам "дуч келган нарсани кемиришга қодир йиртқич"дир.

“Бу Камарбалиқдир. Тинч, Атлантика ва Ҳинд океанларининг илиқ сувларида, асосан, тропик минтақа ҳавзаларида учрайди. Балиқ узунлиги 3 метргача боради. Елка сузгичининг тугаш қисмидаги шакли “тож” кабу кўрингани боис бу балиқ “Селдлар қироли” деган ном олган".

«Истиқлол» мажмуасининг қурилиши масаласида “Марказий универмаг” ёнидаги хиёбонда жамоатчилик билан учрашган пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлат тилини билмаган фуқароларга рус тилида гапиришга мажбур эмаслигини билдирган эди.

Ортиқхўжаевдан рус тилида гапиришни сўраган йиғин қатнашчиларига «Ўзбекча гапиряпман, Ўзбекистонда яшаяпман, ўзбекча гапиряпман. Хоҳласангиз «переводчик» олинг ёнингизга», дея жавоб қайтарган.

Ортиқхўжаевнинг гапидан сўнг, ТикТокда тил мавзуси ҳажв қилинган ўнлаб видеолар қўйилди. Шулардан бири “Тошкент 2030 йилда” деб номланади. Кадрда бир йигит Тошкент марказида пайдо бўлиб, “Рус тилида гаплашадиган борми?” деб бақиради...

ТикТок Ўзбекистонда кенг тарақлган платформа
ТикТок Ўзбекистонда кенг тарақлган платформа

Президент куëви ва Зарина

Ноила Қутлиевага кўра¸ кейинги бир хафта мобайнида Москвада истиқомат қиладиган Зарина Низомиддинованинг Инстаграмда қўйган суратлари тармоқларда "қўлма-қўл" бўлган:

“Ялла” ансамблининг марҳум қўшиқчиси Шаҳбоз Низомиддиновнинг қизи Заринанинг расмлари ҳар доимгидан ҳам кўп муҳокама қилинди. Бултур ўғли туғилган эди. Тармоқда бу ўғилнинг отаси мамлакат бошқарув олимпидаги машҳурлардан бири, деган гап юради. Бу ҳафтада президентнинг кенжа куëви Отабек Умаров мотоциклда авария бўлгани бир оз эҳтиëткорлик билан муҳокама қилинди. Асосан, дуо қилишди. Баъзи группалар бу инфони бирпас қўйиб, кейин олиб ташлашди.

ТикТокда қўйилган видеода Зарина Низомиддинова қўлида бола ушлаб тургани акс этган. Тасвирдаги бола компьютер ëрдамида ëши катталашиб бораëттани акс эттирилади. Бола тахминан 35 яшарлик эркак қиëфасига киради. Кадрда "сиз уни танийсиз" деган ëзув чиқади.

Отабек Умаров
Отабек Умаров

Президент Мирзиëев ТикТокда

SММ-менеджер Ноила Қутлиевага кўра, ТикТок тармоғининг ўзбекча контентида президент Мирзиëев билан боғлиқ мавзулар томошабоп бўлмоқда:

Ўзбекистон президенти деҳқонлар билан учрашув пайтида “асбобингиз соз бўлса, ишингиз юришади” дея деҳқон-фермерлар учун қишлоқ хўжалик техникаси билан таъминлаш соҳасига эътибор қаратди. Бу мавзу дарров ТикТокда трендга айланди. Ўспиринлар ëки сал каттароқлар ҳам бу тренд асосида видео қўйишди. Яқинда Ўзбекистон президенти Мирзиëевнинг ТикТокдаги расмий канали иш бошлади. ТикТок тармоғидаги энг ғариб канал шу. Учта видео турибди. 10та обуначи ва 34та ëқтириш белгиси.

Шавкат Мирзиëев ички ишлар идорасига ташрифи чоғида
Шавкат Мирзиëев ички ишлар идорасига ташрифи чоғида

Қоидасиз уруш. Ҳалима нега шоирни дўппослади?

Ҳафта давомида комик актриса Ҳалима Иброҳимованинг шоир? турли пиар тадбирлар кунда-шундаси, сўнгги пайтларда актёр ва режиссёр Аҳад Қаюмни дўппослагани тармоқнинг барча ленталарида айланди. Бундан бошқа яна нималар тармоқда овоза бўлди? Яна Қутлиевадан эшитамиз:

“Аҳад Қаюм ном чиқараман, деб Ҳалимага ташлангани ва оқибатда дўппослангани видеоси яхши айланди. Шу билан бирга, Комил Алламжоновнинг “шеър ўқиш ўрнига илм фанни ривожлантирайлик", деган гапи асосан катта ëшдагилардан иборат ФБ да муҳокама бўлди. Зулфия мукофоти олган қизнинг шафқатсиз қотил ва талончига айланиб қамалгани воқеси эса, Инстаграмнинг асосий мавзуларидан эди. Инстаграм платформасидаги юзерлар пора эвазига Зулфия мукофоти олиш жараëнини танқид қилишди”.

Тармоқ ижтимоий онг формасига айланди
Тармоқ ижтимоий онг формасига айланди

Генерал бўлишни орзу қилган аскар

Тўрт ҳафтадирки, тармоқнинг олти платформаси Ўзбекистон президентлигига номзодини қўйган ягона ўзбек¸ ўтган йил охирида диний эътиқоди боис қўшиқчиликни тарк этганини айтган Жаҳонгир Отажоновнинг ҳар бир қадамини муҳокама қилмоқда. Бу сафар Отажонов Юлдуз Усмоновага жавоб қайтарди:

“Зотан, унинг кимлигини 30 йилдан бери ҳамма билади. Ялоқиларга таъриф бермайман. Генерал бўлишни орзу қилмайдиган аскар аскар эмас. Ҳаракат билан шу мавқега эришдим. Ҳеч ким ëрдам бермади. Керак бўлса, ота-онам қарши чиқди”, деди собиқ хонанда ўзининг Телеграм каналида.

Қўшиқчиликдан кетган Жаҳонгир Отажонов келаётган президент сайловлари муносабати билан ҳануз трендда
Қўшиқчиликдан кетган Жаҳонгир Отажонов келаётган президент сайловлари муносабати билан ҳануз трендда

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG