Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:54

Журналистлар ижодий уюшмаси блогер Сатторий иши бўйича терговни холис ўтказишга чақирди


Блогер Отабек Сатторий
Блогер Отабек Сатторий

12 февралда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят ИИБ томонидан товламачиликда айбланаётган блогер Отабек Сатторий иши юзасидан муносабат билдирди. Уюшма баёноти унинг расмий сайтида эълон қилинди.

Уюшма баёнотида “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни мазкур ишни томонларнинг кўрсатмалари ва барча ҳолатни ҳисобга олган ҳолда холис ва ҳаққонийлик, адолат билан кўриб чиқишини, барча фуқаролар каби журналист ва блогерларнинг ҳам конституцион ҳақ-ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги бузилмаслигини истаймиз” дейилади.

Олдинроқ “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти сурхондарёлик блогернинг ҳибсга олиниши ва унга уйдирилган айбловлар қўйилишини қоралаши ҳақида баёнот тарқатган эди.

Журналистлар ижодий уюшмаси Сатторий иши бўйича Бош қароргоҳи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Тошкентдаги Буюк Британия элчихонаси хавотирларини тилга олиб, бу масаладаги мавҳумлик ва зиддиятлар ИИВ баёнотидан сўнг яна ҳам кучайганини таъкидлайди.

“Бозордан танқидий материал тайёрлаётганда юз берган воқеа учун блогернинг “товламачилик” да айблангани (блогернинг ўзи айбловни кескин рад этмоқда) унинг оиласи, фарзандлари, яқинлари олдида бир неча нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ваҳима ва шов-шув билан олиб кетилиши учун етарлими?” дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг журналистлар тақдири борасидаги мазкур баёноти илк марта янграмоқда.

XS
SM
MD
LG