Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:48

"Адолатни талаб қилиш жиноятми?" - блогер Отабек Сатторий иши


Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий
Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон расмийларини блогер Отабек Сатторийни қамоқдан зудлик билан озод қилишга чақирди.

Ўзбекистон Олий суди Отабек Сатторийга нисбатан чиқарилган қамоқ эҳтиёт чораси ўз кучида қолгани тўғрисида баёнот берди.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев ҳамда АОКА блогер устидан очилган жиноят иш юзасидан холис текширув ўтказишга чақирди.

Отабек Сатторийнинг ишидан яқиндан хабардор журналист Озодликка унинг тузоққа туширилиши тафсилотларини сўзлаб берди.

Блогернинг отаси қамоқдаги ўғли билан кўришолмаётганини айтди.

Сурхондарё вилоят маркази Термиз шаҳрида яшовчи икки фарзанднинг отаси, 40 яшар (16 февралда ёши 41 га тўлади) блогер Отабек Сатторий 29 январда товламачиликда гумонланиб, фуқаро кийимидаги бир гуруҳ ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Ҳозирда Отабек Сатторий қамоқда сақланмоқда. Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 1 февраль кунги қарори билан унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Блогер Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда. Агар Сатторий айнан шу модда бўйича айбдор, деб топилса, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Олий суд: "Блогер, фаол фуқаро” дея тавсифланаётган О. С."

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 8 февралдаги баёнотида "блогер ва фаол О. С." ҳақида сўз боради.

“Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 февралдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2021 йил 1 февралдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилди”.

Олий суд ўз баёнотида блогер Отабек Сатторийни “ижтимоий тармоқларда “блогер, фаол фуқаро” дея тавсифланаётган О. С.” Деб атаган.

Депутат Кушербоев: "Яшасин Сурхондарёнинг қонунбузар ҳокими!"

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербоев Отабек Сатторий иши юзасидан 7 февралда мана бундай баёнот эълон қилди:

“Блогер, фаол фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан эҳтиёт чораси қўллаш мақсадидаги суд мажлиси ЁПИҚ (таъкид Кушербоевники-таҳр.) ўтказилган ва ҳеч бир иккиланишсиз жамоатчилик фаолига нисбатан суд томонидан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.

Яшасин Сурхондарёнинг қонунбузар ҳокими, прокурори, ИИБси ва суди! Бу дунё қайтар дунё... Бош прокуратурадан сунъий уюштирилаётган жиноят ишининг барча иштирокчиларига нисбатан очиқ ошкора, жамоатчиликни хабардор қилган ҳолда холис текширув ўтказилишини талаб қиламиз!”

Депутат бундан олдинги баёнотида Отабекнинг қамалишини “даҳшат ва давлат сиёсати учун шармандалик” деб атаган эди.

АОКА: "Сатторий иши холис кўриб чиқилсин"

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) эса, 8 февралда Отабек Сатторий иши юзасидан қуйидаги баёнотни эълон қилди:

“Сўнги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида мобил телефон таъмагирлигида гумонланаётган блогер Отабек Сатторийнинг ҳибсга олингани муҳокама қилинмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни мазкур ишни барча ҳолат ва томонларнинг кўрсатмаларини ҳисобга олган ҳолда батафсил ва холис кўриб чиқишга чақирамиз”.

CPJ: "Журналистлар қўрқмай ишлаши лозим"

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 8 февралда Ўзбекистон маъмурларини блогер Отабек Сатторийни қамоқдан зудлик билан озод қилишга чақирди:

“Блогерлар ва журналистларни коррупцияга оид хабарлари учун таъқиб қилиш уларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузишдир. Ўзбекистондаги журналистлар ўз ишини репрессив айбловлардан қўрқмай амалга ошириш имкониятига эга бўлиши лозим.

Халқ тилига тушган блогер ва унинг отаси

Сурхондарёлик 40 яшар блогер ўзининг Ютюбдаги видеоблогида юртдошларининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳақида қатор кўрсатувлар эълон қилган, бу кўрсатувларда у вилоят раҳбарияти, хусусан вилоят ҳокими Тўра Боболовни танқид қилиб келган.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий қамоққа олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:36 0:00

Термизлик 69 яшар Абдуманнон Сатторий 8 февралда Озодлик саволларига жавоб бераркан, Отабек коррупцияга қарши муросасиз бўлганини таъкидлади:

“Ўғлим олий маълумотли, Молия-менежмент факультетини тамомлаган. Бироқ ўз касби бўйича ишга жойлаша олмади. Қаерга бормасин, бўш жой йўқ деган жавобни эшитаверди”.

Абдуманнон аканинг айтишича, ўғли блогерликни бошлаганига кўп бўлгани йўқ, лекин жуда тез халқ тилига тушишга улгурди.

“Чунки у коррупцияга ва коррупционерларга қарши чиқишлар қилди, халқнинг ижтимоий муаммоларини кўтариб чиқди, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга бел боғлаганди. Унинг барча чиқишлари президентнинг коррупцияга қарши курашга доир қарори доирасида эди. Лекин афсуски, охири мана шундай вой бўлиб ўтирибди”, - деди Отабекнинг отаси.

Абдуманнон Сатторийнинг айтишича, у ўғли билан қамалганидан буён кўриша олгани йўқ. “Адвокат “барибир учрашишга рухсат беришмайди, шунинг учун ҳаракат ҳам қилиб ўтирманглар”, дегани учун нима қилишни билмай ўтирибмиз”, деди ота.

Отабек Сатторий ишини яқиндан кузатиб келаётган Effect.uz сайти мухбири, Сурхондарё вилоят, Қизириқ туманилик фермерлар муаммоларини ёритиб келаётган журналист Фазлиддин Меҳмоновнинг Озодликка билдиришича, Отабек Сатторий қўлга олинганидан буён давлат ажратган адвокат хизматидан фойдаланган. “Куни кеча таниқли бир адвокат унга ёрдам берадиган бўлди”, - деди журналист.

Блогер таъқиблардан депутатни огоҳлантирган эди

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербоев Отабек Сатторий қўлга олиниши арафасида ўзини огоҳлантирганини айтган.

“Қизириқлик фермерларни дардини ёритиб улар билан Тошкентгача келган, Сурхондарё вилояти ҳокимини ҳам қўрқмай танқид қилган, ўзини қамаш учун турли тадбирлар уюштиришаётганини менга айтиб ёрдам сўраган(мени огоҳлантирган эди ҳатто) ўша Отабек Сатторий исмли блогер кўп ўтмай товламачиликда айбланиб, қамоққа ташланяпти”.

Нима бўлган эди?

Журналист Фазлиддин Меҳмоновнинг айтишича, Отабек Сатторий 2020 йилнинг декабрида Effect.uz сайти мухбири Фарҳод Исмоилов билан бирга Сурхондарё вилоят, Шеробод туман деҳқон бозорига арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркасини суратга тушириш учун боради.

Ярмаркани видеога олаётган пайтда бозор ходимлари унга ҳужум қилади, телефонини тортиб олиб, шикаст етказади. Шундан сўнг Отабек ва Фарҳод Шеробод туман ҳокимига ва ИИБ раҳбарига воқеа юзасидан мурожаат қилишади. Улар Отабекка “ташвиш қилманг, фақат бу гапларни ижтимоий тармоқларга чиқармасангиз бўлди, сизга янги телефон олиб берамиз”, дейишади. Отабек бу гапларга ишониб, ўзи яшайдиган Термизга қайтиб кетади.

“Орадан икки ой ўтгач, - деб давом этади Фазлиддин Меҳмонов, - биз бир иш билан Шеробод туманига борадиган бўлдик. Биз билан Отабек ҳам бирга борди. Ва икки ой олдинги воқеа эсига тушиб кетдими, ишқилиб туман ҳокими ва бозорқўмга телефон қилиб, телефонига шикаст етказилганини, берилган ваъдани уларнинг ёдига солади. Ўша телефон суҳбатларни шахсан эшитганман, гувоҳман. (таъкид Озодликники) Суҳбат тугайди. Улар телефон олиб берадиган бўлган ўша мулоқот давомида. Мен ўша куни Тошкентга қараб йўлга чиқдим. Эртасига “Отабек Сатторий товламачилик билан телефон олаётган пайтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга туширилди”, деган хабар келди. Агар синдирилган телефонини талаб қилиш товламачилик бўлса, адолатни талаб қилиш жиноят бўлса, унда гапирмаслик керак экан-да?!”

Фазлиддин Меҳмоновнинг айтишича, Отабек Сатторов қўлга олиниши билан бир қаторда Effect.uz сайти Фарҳод Исмоиловнинг уйи ҳам тинтув қилинган.

Озодлик Отабек Сатторий иши юзасидан Сурхондарё вилоят ҳокимлигидан ҳам, Шеробод туман ҳокимлигидан ҳам ҳозирча изоҳ ололмади.

XS
SM
MD
LG