Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Байден глобал миқёсда гейлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди


Ўзбек гей фаоллари Ню Йоркдаги парадда.
Ўзбек гей фаоллари Ню Йоркдаги парадда.

АҚШ президенти Жо Байден бутун дунё бўйлаб лесбиянка, гей, бисексуал,
трансгендер, квир ва интерсекс (LGBTQI) одамларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кенгайтиришга қаратилган фармонни имзолади.

Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

"Барча инсонларга ҳурмат ва эҳтиром билан муомала қилиш керак ва ким бўлишидан ва кимни севишидан қатъи назар, ҳар бир инсон қўрқмасдан яшаш имкониятига эга бўлишлари керак", дейилади фармонда.

Ҳужжат Байден 2011 йилда вице-президент бўлиб ишлаётган пайтида чиқарилган кўрсатмага таянади.

"Қўшма Штатлар энг муҳим қадриятларимизни очиқчасига ҳимоя қилган ҳолда ва қатъият билан ушбу курашнинг бошида туриши керак", дейилади фармонда.

Президентнинг ушбу фармони асосан рамзий маънога эга. Байден сайловолди кампанияси давомида ўз маъмурияти дастлабки 100 кун давомида LGBTQ ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларни қабул қилишини ва гейлар ҳуқуқларини устувор вазифага айлантиришини ваъда қилган эди.

Ҳужжат хорижда ишлайдиган АҚШ агентликларини LGBTQ чет эл ҳукуматлари томонидан жиноятга тенглаштирилишига қарши курашишга чорлайди.

Шунингдек, фармонга биноан, Давлат департаменти ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботига LGBTQга қарши зўравонлик, камситишлар ва ушбу масала бўйича қонунлар ҳақида маълумот киритиши керак.
Фармон, шунингдек, бошпана излаётган LGBTQ шахслар ўзларини ҳимоя қилишлари учун шароит яратишни ҳамда ушбу масала бўйича АҚШ федерал ходимлари учун тренинглар кўламини кенгайтиришни талаб қилади.
Чет эл ҳукуматлари LGBTQ шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйган ҳолатларда АҚШ агентликлари тегишли чора кўриши, шу жумладан, молиявий санкциялар ва виза чекловларини жорий қилиши мумкин бўлади.
Байден фармон ҳақида Давлат департаментида сўзлаган нутқи давомида эълон қилди.

"LGBTQI масалалари бўйича етакчилигимизни қайта тиклаш ва буни халқаро миқёсда амалга ошириш учун агентликларга қаратилган президент фармонини имзоладим", - деди Байден.

"Дипломатия ва хорижий ёрдам орқали ушбу шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаймиз, жумладан, бу ҳолат жиноийлаштирилишига қарши курашиш ва LGBTQ қочқинлар ва бошпана излаётганларни ҳимоя қилиш орқали", - дея қўшимча қилди президент.

Байден аллақачон LGBTQ одамларни дискриминациядан ҳимоя қилиш чораларини қўллайдиган фармонни имзолаган.

Пайшанба куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Байден биринчи 100 кун ичида тенглик тўғрисида қонун имзолаш ваъдасидан воз кечмаганини, аммо қонун қабул қилиниши учун даставвал Конгресс чора кўриши кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистонда гомосексуализм

Ўзбекистон гей ва лесбиянкалар саёҳат қилиши учун энг хавфли давлатлардан бири сифатида кўрилади.

Қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасига кўра, постсовет ўлкалар орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.​

Ўзбекистонда гейларнинг гомофоблар тажовузига учрагани ва самосуд қилиниб, таҳқирлангани ҳақида Озодлик кўп бора хабар берган.

2017 йил сентябрида Фарғонада қип-яланғоч ечинтириб қўйилган йигитни гомофоблар пиво бутилкасига ўтиришга мажбурлаётгани акс этган видео тармоқларни ларзага солганди.

17 дақиқалик видеода калтак зарби, ҳақорат ва таҳдидлардан даҳшатга тушиб, дир-дир қалтираётган йигитни зўравонлар гейликни тан олишга мажбур қилади, унга "ёқиб юбориш ёки сўйиб ташлаш" билан пўписа қилиб, орқаси билан пиво шишасига ўтиришга мажбурлашади.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов бесоқолобозлик ҳақида гапириб, уни жирканч ва ўзбек маданиятига зид, деб атаганди.

Икки йил аввал АҚШда яшовчи бир гуруҳ ўзбекистонлик ЛГБТ вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ватандаги гейларга тенг ҳуқуқ ва эркинлик беришни сўрашган.

Фаоллар Ўзбекистон ваколатхоналари олдида: "Жаноб Мирзиёев, севги жиноят эмас. Ўзбекистонда гомосексуализмни жиноятлар рўйхатидан чиқаринг!" деб намойишлар ўтказганди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида "бесоқолбозлик" сифатида таснифланган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят саналади ва гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG