Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:37

Собиқ қўшиқчи президент бўлмоқчи. Тармоқни титратган трендлар


"Шариатга зид", дея қўшиқ айтишни тўхтатган Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон президентлик сайловида ўз номзодини қўймоқчи
"Шариатга зид", дея қўшиқ айтишни тўхтатган Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон президентлик сайловида ўз номзодини қўймоқчи

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка SММ-менеджер Ноила Қутлиева ҳамроҳлик қилди. Қутлиевага кўра, сешанбадан сешанбагача ўтган вақт ичида барча платформалар асосан икки сиëсий мавзуни муҳокама қилишган:

“Россия манфаатларини ҳимоя қилган Бахром Исмоилов ўзбекистонлик фаол Азиза Умаровани русофобликда айблаб чиқди. Азиза бунга жавоб қайтарди. Олтита тармоқ бу масалада учга бўлинди. Россияда ишлайдиган мардикорлар ва баъзи рус тилли зиëлилар Исмоилов тарафини олишди. Ўзбекча ëзадиган фаол ва блогерлар эса, Азизани ёқладилар. Учинчи тараф "бу иккаласи ҳам дўст эмас бизга -ўзбек тилини ҳимоя қилган Азизанинг ўзи русча ëзади¸ эри эса Хитой манфаатларини ҳимоя қиладиган тужжор", деб чиқди.”

Тармоқларда Россиянинг сиëсий амбициялари муҳокама қилинди
Тармоқларда Россиянинг сиëсий амбициялари муҳокама қилинди

Баҳром Исмоиловга Россия Федерацияси президенти маъмурияти тарафидан совға қилинган "қўшкалла бургут таглиги бор стакан" тармоқнинг ўзбек сегментида фаол муҳокама қилинган расм бўлди.

Фаол Азиза Умарова - Facebook
Фаол Азиза Умарова - Facebook

Азиза Умарова Facebookдаги саҳифасида мана бундай деб ëзди:

“Буюк келажакни” вайрон қилган Баҳром Исмоилов мени русофоб, яъни Россиядан ошкора нафратланади, деб ëзиб чиқибди. Мен русофоб эмасман. Мен мамлакатда рус тили буткул муомаладан чиқарилсин, деб чақириқ қилмадим. Лекин мен ЕОИИга Ўзбекистоннинг аъзо бўлиш эҳтимолига ҳадик билан қарайман. Бу ташкилотдан тинчгина чиқиб кетиш йўли йўқлиги ҳам мени хавотирга солади. Бу ташкилотга кириш Ўзбекистон тараққиëтини 100 йил ортга суради. Бу ҳақда жиддий ўйлаш керак. Қолган айбловлар эса ëлғон¸ уйдирма ва Баҳромнинг шамоллаган тафаккури меваси”.

Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушини "Ғалаба" байрами деб аташ Мирзиëев даврида қайта урф бўлди
Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушини "Ғалаба" байрами деб аташ Мирзиëев даврида қайта урф бўлди

Озодлик “Буюк келажак” ташкилоти собиқ координатори¸ Россиядаги “Саҳоват” хайрия фонди ижрочи директори¸ Ўзбекистон харбий – тарихий жамияти раиси, 37 яшар Баҳром Исмоилов билан суҳбатлашди. Баҳром Исмоилов ўзига қаратилган нафрат тўлқини ортида "тор манфаатларини ҳимоя қилаëтган махаллий монополистлар" турганини таъкидлади:

“Мен ватанпарварман. Ўзбекларни ҳимоя қилиб келаман. Ресурслари чекланган Ўзбекистонга 34 миллион одам кўплик қилади. Улар Россияга келиб ишлаб, Россияни ишғол қилсин. Россияда кўпайиб, униб-ўссин, дейман. Россия кенг ва пул топиш учун кўп имкониятлар бор. Аслида Россия бизга ëт эмас. Ўзбекхон бу ерларни Иван Калитага ҳадя қилган. Тарихан ўзимизнинг еримиз. Номларидан ҳам маълум-Бойкўл¸ Барновул¸ Иртиш¸ Геленджик(Келинчак) - туркларнинг ери бу. Стаканнинг расмини қўйиб, Баҳром Россия аскарлари билан келиб, Ўзбекистонни босиб олмоқчи, деб менинг номимни олабўжи қилиб кўрсатишди. Кулгили бу. Ватанни сотганга стакан берадими?. Мен икки тарафдан ҳужумга тутиляпман. Бир тарафдан рус миллатчилари мени ўзбекларни Россияга олиб келганликда айблаб, тавқи лаънат қилишади. Ўзларини ўзбек ватанпарварлари деганлар эса, мени руспарастликда айблашади. Мен Озодлик радиоси орқали ўзбек ватандошларимга айтмоқчиман: мен Ўзбекистон мустақиллиги тарафдориман. Ўзбек миллатпарвариман. 6 ой пандемия карантини пайтида Россияда қийналган минглаб ўабекларга моддий ëрдам кўрсатдим¸ ҳолидан ҳабар олдим. Шу боис уч ой олдин мени Ўзбекистон президенти “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Агар душман бўлсам, менга мукофот берилармиди? Яна қайратаман: ўзбеклар ўрда-ўрда бўлиб келиб, Россияни тўлдирсин. Биз бу ерда руслардан кейин энг кўп миллатга айланайлик. Биз келмасак, бу ерларга хитойликлар келади. Биз босмасак, улар босади. Олдимиздаги тайëр ош, бу - Россия”.

Бахром Исмоилов
Бахром Исмоилов

"Президент бўлиб Ўзбекистонни кучли давлатга айлантираман"

Жаҳонгир Отажонов
Жаҳонгир Отажонов

Суҳбатдошимиз Қутлиевага кўра, “Азиза ва Баҳром мухорабаси тўрт кун муҳокама қилингани ортидан мавзуга қизиқиш камайган ва янги тренд бирдан пайдо бўлган:

“Тармоқ фойдаланувчилари Азиза ва Баҳром мухорабасидан чарчаб, ëппасига Дубайга ҳижрат қилган ўзбек қўшиқчилари расмлари атрофида ивирсиб турганда, бирдан чақмоқ чаққан каби янги тренд пайдо бўлди. Шариат тақиқлагани боис қўшиқ айтишни тўхтатган Жаҳонгир Отажонов “мен Ўзбекистоннинг учинчи президенти бўламан” деб, Ютуб каналида баëнот берди. Ҳозир барча олти платформа шуни муҳокама қилмоқда. Аснода Кетмонов каби номзод ва жорий президент фаолияти ҳақидаги мемлар яна тарқала бошлади”.

Кетмоновнинг президент сайловида иштирокини тармоқ эсга олди.
Кетмоновнинг президент сайловида иштирокини тармоқ эсга олди.

Мустақил "Элтуз" нашри ўзининг Инстаграм саҳифасида бу мавзу ҳақида карикатура эълон қилди. Рассом Кирпи чизган карикатурада торидан воз кечган қўшиқчининг зиналардан кўтарилиб, президент креслосига талпингани акс этган.

Қўшиқчининг орзуси карикатурага мавзу бўлди
Қўшиқчининг орзуси карикатурага мавзу бўлди

Собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйишини маълум қилди.

“Очиқдан-очиқ айтаман, менинг ҳам Президент бўлиш ниятим бор ва албатта бўламан, деб умид қиламан. Президент бўламан ва Ўзбекистонни ривожлантираман. Халқнинг гуллаб-яшнаб яшашига эришаман. Албатта, мен бу гапим билан ҳозирги кундаги давлат раҳбарига ҳеч қандай “претензия” қилаётганим йўқ ва бунга ҳаққим ҳам йўқ. Улар ҳам қўлдан келганча ҳаракат қиляпти ”, - дейди у.

Пайпоқ куни

14 январь - ватан ҳимоячилари куни
14 январь - ватан ҳимоячилари куни

Тармоқнинг барча платфорламари “эркакларга пайпоқ ва арзон парфюм совға қилиш” байрамини муҳокама қилди. Гап 14 январь куни нишонланадиган “Ватан ҳимоячилари” байрами ҳақида. Тармоқларда бизга ҳамроҳлик қилган Қутлиевага кўра, “14 январь эркаклар байрами сифатида шакллангани боис қизғин муҳокамага сабаб бўлган”.

“Бир эркакнинг ўша куни тўрт жуфт пайпоқ олгани ҳақидаги латифа энг кўп муҳокама бўлди.

Гап тўртта хотин олган эркак ҳақида асли. Пайпоқ совға олган эркаклар ўз жуфтларидан каттароқ совға кутишганлигини ҳам ëзишди”.

Блогер Шаҳноза Соатова совғадан норози бўлган тарафга жавоб қайтарди:

"Пайпоқдан норози ҳурматли эркаклар! Аёлларни кам ўқитиб, кам ишлатиб, ҳақ тўланмайдиган уй ишларига банд қиласизлар-да, совғага айфон кутасизларми 😂 Даромадга қараб совға талаб қилиниши адолатдандур🙂 Байрам муборак!"

Пайпоқ можаросига изох
Пайпоқ можаросига изох

Бизлардан ҳам яхшимиди сержонингизей.. ТикТокда фақат қизлар

Ноила Қутлиева ТикТок платформасида ўзбек қизлари билан боғлиқ янги трендга эътибор қаратди:

Тармоқда “Кино тарихи билимдонлари биладиган Some Like It Hot (Ўзбекистонда “Жазда фақат қизлар” дея танилган фильм-таҳр.) фильмидаги каби ҳолат кузатилди. Билли Уайлдер суратга олган фильмда Жаз гуруҳида ишлаш учун қиз бола кийимини кийган икки эркак бошидан кечирган қувноқ ҳангомалар акс этади. ТикТокнинг ўзбек сегментида ҳам шу нарса кўринмоқда. Ўғил болалар қиз кийимни кийиб қўшиқ айтмоқда. Бу икки йилдан бери кузатилаëтган йўналиш. Аммо сешанбадан сешанбагача қизлар ўғил бола кийимини кийиб, скетч намойиш қилиш кузатилди”.

Диëра Абдужабборова
Диëра Абдужабборова

ТикТокчи Диëра Абдужабборова 14 январь куни таниқли қизиқчи Хожибой Тожибоев ҳажвиялари асосидаги бир нечта лавҳани намойиш қилди. Лавҳада ўзбек харбийларининг қаторда қўшиқ айтгани ва овқат егани ҳажв қилинади.

Бир ярим минутлик лавҳада эркакча ҳарбий форма кийиб, мўйлов қўйган Диëра Абдужабборова ҳарбий қўмондон¸ сержант ва "очофат" оддий аскар қиëфасида намоëн бўлади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда блогер бу скетч ҳарбийлар орасида машҳур бўлгани ортидан ҳарбий штаб тарафидан бир сидра ҳарбий кийим билан тақдирланганлигини айтди.

Заҳро Шоисломова отаси билан TikTok юлдузига айланди
Заҳро Шоисломова отаси билан TikTok юлдузига айланди

ТикТокда машхур бўлган Заҳро Шоаҳмедова эса, намойиш қилган скетчлари ортидан таъна ва маломатларга нишон бўлганини Озодлик билан суҳбатда сўзлаб берди.

Заҳро ëши катта отаси билан биргаликда хинд фильмларига тақлид қилиб кичик лавҳалар яратади.

ТикТокда юз минглаб олқишлар олган бу видеолар бир вақтнинг ўзида консерватор диндорлар ва маънавият посбонлари тарафидан тавқи лаънат қилинди. Заҳронинг отаси билан кўзини сузиб қўшиқ айтгани ва бурнини тешиб олтин аварак таққани консерваторлар тарафидан "дўзахийлик" дея баҳоланган бўлса, Заҳронинг ҳижоб кийгани маънавиятчилар эътирозига сабаб бўлди. “Бошингга ҳижоб кийгунча кетингни ëп” дейишди Заҳронинг шим кийганига ишора қилган маънавиятчилар.

Тоқатсизлик қурбони бўлган тошкентлик тиктокчи Заҳро Шоаҳмедова Озодлик билан суҳбатда “ўзини эмас, ëши катта оқсоқол отасини ҳақорат қилганлардан ранжиганини” айтади:

“Майли, бурнимнинг тешигини сўкишсин, лекин нега отамни ҳақорат қилишади?. Булар дастидан ўйин кулги ҳам қилиш мумкин эмасми?. Мен отамнинг эрка шодон қизиман. Бунинг нимаси ëмон?”, дейди Заҳро.

Tiktok
Tiktok

Жиноят ва жазо

Бу Достоевский романи номи эмас, балки ўзбек тиктокчилари бошдан кечираëтган реаллик.

TikTok ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеода пиёда йўлда сакраб, иккинчисида ҳаракатланаётган “Spark” ичида пайдо бўлиб қолади. Юз минглаб ўзбек томошабинлар “ўўўў” дея томоша қилган бу ролик Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов назарига тушди. Тошкент ҳокимидан фарқли ўлароқ, вазир бу роликни тайëрлаган тиктокчини олқишламади, балки жазолашга амр берди.

Тармоқни ларзага солган ролик муаллифи жазолангани ҳақида ИИВнинг тармоқдаги саҳифалари хабар берди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари 18 январь куни юқоридаги автомобиль ҳайдовчиси, 25 ёшли Ойбек О. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 - модда прим.5 бўйича (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши”) маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳозирги вақтда видеода иштирок этган пиёданинг шахси аниқланиб, унга нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.

“Ҳурматли TikTok ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари! Унутманг, янги контент орқасидан қувиб, ҳаётингизни хавф остига қўйманг. Мазкур интернет-майдон фойдаланувчилари орасида вояга етмаганлар ҳам бор, улар монтаж қилинганини тушунмасдан нотўғри хулоса чиқаришлари мумкин”, - дея якун ясайди ЙҲХББ.

Илгарироқ ИИВ жамоат тартибини бузаётган ўзбекистонлик тиктокчиларга огоҳлантириш билан чиққан эди. Уларга 15 суткагача қамоқ жазоси берилиши мумкинлиги айтилган.

TIKTOK
TIKTOK

Йиғинди гаплар

Сешанбадан сешанбагача ўтган даврда тармоқда “Жинсий қувватни оширадиган” малҳамни реклама қилган Олий Мажлис депутатини¸ Ўзбекистонда тўй-томоша йўқлигидан Дубайга кетган Юлдуз ҳожи онани ва Москвада истиқомат қилаëтган Зарина Низомитдинованинг ўғли Саид Умарнинг кимга ўхшашлигини фаол муҳокама қилди.

Юлдуз Усмонова советпарастлар парадида
Юлдуз Усмонова советпарастлар парадида

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

ozodcomments@gmail.com

uzbekweb@rferl.org

Skype: OzodSkype; OzodOvoz; OzodlikOnline

XS
SM
MD
LG