Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Бош прокуратура 5 яшар набирасини зўрлаганликда гумон қилинаётган бобо ишини назоратга олди


Сирдарëлик она фарзанди зўрланганлигини иддао қилди
Сирдарëлик она фарзанди зўрланганлигини иддао қилди

Жорий йилнинг 13 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туман ИИБ Ховос тумани Қаҳрамон қишлоғи яшовчисига нисбатан (исми Озодликка маълум-таҳр.) Жиноят Кодексининг 129-моддаси 2-қисмига асосан ("Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш")жиноят иши қўзғатди.

Сирдарëлик нафақа ëшидаги ховослик эркак ўзининг 5 яшар набирасини зўрлаб, "жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирганлик"да гумон қилинмоқда.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда бундай тубан жиноятларни жазолаш ва аëллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида президент топшириғи мавжудлиги ва бу каби жиноятлар Бош прокуратуранинг жиддий назорати остида тергов қилиниши"ни айтди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили¸ болалар омбудсмени Алия Юнусова Озодлик билан суҳбатда бу ҳодисага эътибор қаратишини таъкидлади.

Воқеа юзасидан суд-тиббий экспертизаси белгиланган ва бобоси тарафидан зўрлангани иддао қилинган 5 яшар қизча билан психолог суҳбати ўтказилган. Психолог қизчанинг жинсий зўравонлик нишони бўлганини тасдиқлаган.

Мустақил "Элтуз" нашри мухбири Гулистон Давлат университетида ишлайдиган бу психолог билан суҳбатлашган. Нашрнинг психологга таяниб ëзишича¸ 5 яшар қизча ўз эътирофини "уни зўрлаган бобонинг жинсий олатини чизиб кўрсатиш орқали" тасдиқлаган.

Сирдарë вилоят прокуратурасидаги исми очиқланишини истамаган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ тергов ишлари кетмоқда. Гумонланувчига тилхат эҳтиëт чораси қўлланилган.

Жиноят мавзуси ëш болаларни зўрлаш билан боғлиқ бўлгани боис тафсилотлар матбуотга очиқланмаслиги билдирилди.

Озодлик мухбири 5 яшар набирасини зўрлаганликда гумонланган бобонинг яқинлари билан боғланди. Уларнинг айтишича¸ "ўз айбидан пушаймон бўлган бобо номусга чидай олмай, 15 декабрь куни ўз жонига қасд қилган, аммо ўлмай қолган".

Яқинларига кўра, у декабр ойининг ўзида бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринган.

Тармоқни титратган видео

Бундан олдин ижтимоий тармоқда тарқалган видеода сирдарёлик она маст ҳолда бўлган қайнотаси 5 яшар қизчасини зўрлаганини иддао қилган эди.

Видеотасвирда уч боласи билан ўтирган аëл (исми Озодликка маълум-таҳр.) эридан ажрашиб, кўчада қолгани боис ўз фарзандларини собиқ эрининг уйида қолдирганлигини иддао қилади:

«Собиқ эрим 5 яшар қизимни ўзини отасига ташаб кетган (Озодлик бу воқеанинг жорий йил октябр ойининг ўрталарида юз берганини аниқлаган- таҳр.) Унинг отаси ичволиб, бечора беш ёшлик қизимни зўрлаб ташлаган. (Аëл тиззасида ўтирган қизини бошини силаб йиғлаб гапиради) Қанақа қилиб беш ëшли қизни шунақа қилади? Қанақа қилиб шунақа қилади? Қайси ота шу ишни қилади? Илтимос, чора кўринглар. Ҳукуматимиз борми ўзи?..."

Аëл ўз видеочиқишида қизининг зўрланганлигини овсинидан эшитгани ва овсини бу ҳолатни “запись” қилганини ҳам таъкидлади. Видеомурожаатда аëлнинг 12 яшар қизи ҳам бобосининг 5 яшар синглисини зўрлагани ҳақида гапиради.

Шу билан бирга, видеода аёл уч фарзанди учун алимент олмаётгани, уй-жой билан таъминланмаганидан ҳам шикоят қилади.

Носоғлом муҳит

Озодлик аëлнинг ўзи билан боғлана олмади. Жинсий зўравонликда гумонланган бобо яшайдиган Бўстон МФЙ вакили эса, Озодликка бу оилада "носоғлом муҳит оқибатида доимий жанжаллар бўлиб туриши"ни айтди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида педофилия учун алоҳида модда йўқ.

2018 йилда ëш қизларга жинсий тажовуз қилган қўқонлик Ю.М. Ўзбекистон ЖКнинг 129 - моддасида кўзда тутилган жиноят (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш - таҳр)да айбланиб, 1 йилга озодликдан махрум қилинган эди.

Ўзбекистон ЖКнинг педофилияда айбланганларга нисбатан қўлланадиган мавжуд 129-моддаси "уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш" жазосини назарда тутади.

Ўзбекистон жиноий қонунчилигидаги ушбу ҳолатга изоҳ берган Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова "миллий қонунчилик жинсий тажовуз бўйича жиноятчиларга жазо бера олиши"ни таъкидлади.

Унинг Озодликка айтишича, "жиноят учун жазонинг муқаррарлиги" тамойили мавжуд.

XS
SM
MD
LG