Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Суриядан қайтарилган аёллар ва болалар: Тармоқлар иккига бўлинди


Суриядан қайтган аёллар ва болаларнинг илк гуруҳи - Тошкент, 30 май, 2019 йил.
Суриядан қайтган аёллар ва болаларнинг илк гуруҳи - Тошкент, 30 май, 2019 йил.

«Меҳр – 3» операцияси доирасида Суриядан яна 98 кишининг қайтарилиши ортидан тармоқларда қизғин баҳс кўтарилди.

Озодликнинг бу борадаги хабарларига изоҳ қолдирган муштарийларнинг бир қисми президент Мирзиёевни олқишлаётган бўлса, бошқа бир гуруҳ уларнинг ва мамлакатнинг келажагидан хавотирда.

Диний терроризм ва экстремизмнинг қонли оқибатига гувоҳ бўлган аёллар ва болаларга зиддиятли муносабат, Озодлик гаплашган айрим кузатувчиларга кўра, ҳозироқ ҳал қилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигидан даракдир.

Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг, мавжуд таҳдид ва эҳтимолий оқибатларни бўйнига олган ҳолда, ўз халқаро мажбуриятини бажараётгани таҳсинга лойиқдир.

Айни пайтда радикаллашув эҳтимолининг сақланиб қолаётгани айримларда террор ўчоғидан қайтган аёллар ва болалардан қўрқувни кучайтирмоқда.

25 аёл ва 14 нафари чин етим бўлган жами 73 бола

8 декабрь куни Сурия ва Ироқдан олиб келинган 98 ўзбекистонликнинг 25 нафари аёл, қолганлари 18 ёшгача бўлган болалардир.

Булар орасида 14 боланинг чин етим экани – на ота, на онаси борлиги алоҳида урғуланди.

Расмий баёнотларга кўра, булар “ёт ғоялар таъсирига тушиб хорижга чиқиб кетган, бегона мамлакатда турмуш ўртоғи ёки ота-онасидан айрилиб қолган ватнадошлар.

Қайтарилганлар, аввал қайтарилган 2 гуруҳдаги ватандошлар каби, Тошкент вилояти “Бўстон” соғломлаштириш реабилитация марказига жойлаштирилди. Расмий хабарларга кўра, улар дарҳол тиббий текширувлардан ўтказилган, уларга кийим-кечак ва бошпана берилган. Болалар учун дарслар бошланган.

2019 йилда ҳам президент топшириғига кўра, Сурия ва Ироқдан жами 220 киши – аёллар ва болалар олиб келинган эди.


"Ўзбекистон халқаро мажбуриятини бажарди"

Халқаро ҳамжамият, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг уруш ҳудидидан ўз фуқароларини олиб чиқиш ҳаракатини олқишламоқда.

Жанубий Калифорния университетининг инсон ҳуқуқлари бўйича профессори ва АҚШ Конгрессининг Инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Стив Свердлоу, қатор Ғарб давлатлари ҳануз иккиланиб турган ишни Ўзбекистон ҳукумати бажарганини айтади.

“Инсон ҳуқуқлари ҳамжамияти буни олқишлади. Бу ўринда айтиш лозимки, ҳали Ғарбий Европа ва АҚШ ҳукуматлари бундай ишга ҳозирлигини ҳануз кўрсатмаган бир пайтда Ўзбекистон яққол кўзга ташланмоқда. Халқаро мажбуриятлар нуқтаи назаридан ўз фуқароларини бундай вазиятда ташлаб қўйиш – гуманитар бўҳронга сабаб бўлади. Шу боис, Ўзбекистон каби давлатларнинг ўз мажбуриятларини бажараётганини биз олқишлаймиз”.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли, бу фуқароларни репатриация қилиш ҳали ишнинг бошланиши эканини айтади. Унга кўра, бу шахсларни радикаллашувдан қайтариш, нормал ҳаётга мослаштириш ва айниқса, болаларнинг руҳий соғлигини тиклаш ва бу жараёнда уларнинг ҳуқуқларини сақлаш каби узун ва катта ресурс талаб қиладиган жараён борлигига урғу берди:

“Назаримда бу аёллар ва болалар билан фуқаролик жамияти вакиллари, мустақил экспертлар, нодавлат ташкилотлар, айниқса аёлларни ҳимоя қилувчи ва уларга тегишли руҳий-ҳуқуқий ёрдам кўрсата оладиган нодавлат ташкилотлари ишлаши зарур. Чунк бу оилаларни де-радикаллаштириш ва зўравон экстремизм олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар бўлиши лозим. Ўзбекистоннинг бу қадами ана шундай ҳозирлик кўрилган, деган хулосани беради. Аммо таъкидлардимки, бу жараёнда фуқаролик жамияти ва мустақил экспертлар бўлмас экан, зўравон экстремизмнинг олдини олиш қарийб имконсиз бўлади”.

Тармоқлар иккига бўлинди

Ижтимоий тармоқлардаги реакция Суриядан қайтарилаётган ўзбекистонликларга жамиятдаги муносабат ҳануз жуда зиддиятли эканини кўрсатмоқда.

Facebook тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020
Facebook тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020


Бир тоифа “Ислом давлати” террор ташкилотининг ташвиқотига алданиб, уруш ҳудудларига бориб қолган аёлларнинг болалари билан қайтарилишини олқишламоқда.

Бундайлар фикрича, бу аёлларнинг аксари, кўрган азобу уқубатлари ортидан хатосини англаган ва "президентнинг шундай марҳаматига лойиқ"дир.

Facebook тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020
Facebook тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020

Яна бир тараф шарҳловчилар, бу аёлларни ёш болалари билан Сурия ва Ироққа бошлаган – радикал ва экстремистик ғоядан қайтариш мумкинлигига ишонмаётир, улардан жамиятга таҳдид бор, дея қўрқмоқда.

YouTube тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020
YouTube тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020

Бошқа бир гуруҳ назарида эса, бу ватандошларга берилаётган бошпанага, аслида иш излаб хорижга кетган, айни пайтда Россия ва Қозоғистон чегарасида палаткаларда яшаётган юзлаб аёллар ва болалар кўпроқ муносиб.

YouTube тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020
YouTube тармоғида қолдирилган шарҳлар, 2020

Айримлар наздида ҳукумат бу ҳаракати билан ҳар қандай радикал гуруҳлар ҳам кечирилиб, иззат-икром билан қабул қилиниши мумкин экан, деган нотўғри ишорани бермоқда.

"Адашиб кетган бўлса-да, бизнинг фуқароларимиз"

Тармоқларда диний-ижтимоий мавзулардаги чиқишлари билан танилган Ҳасан Муқрий Ўзбекистон ўз фуқароларини, радикал ғояларга алданиб четга чиқиб кетган бўлса-да, қайтариши керак, деган фикрда.


“Сурия ва шу тарафлардаги жангларда иштирок этган фуқароларини қайтариш бўйича барча мамлакатларга мурожаат борган. Албатта, Ўзбекистон ҳукуматининг бу ёндошуви тўғри, деб биламан. Кетганлар адашиб кетган бўлса-да, бизнинг фуқароларимиз. Уларнинг бошқа жойларда ҳар-хил ишларга аралашиб юрганидан кўра, ватанга қайтиб, бирор иш билан банд бўлиб, керак бўлса, жамият назоратида бўлгани яхши ҳисобланади. Хавфсизлик жиҳатидан ҳам шу йўл фойдали, деб ўйлайман”.

Бундан ташқари, Муқрий бу шахсларнинг радикаллашуви ҳам нисбий, деган ишончда.

“Радикаллашувга келсак, бу нисбий нарса. Биринчидан, радикаллашмасдан туриб, шунчаки қизиқиб кетиб қолганлар бор, эри мажбурлаб олиб кетган аёллар бор, асосийси, бегуноҳ болалар бор, улар қаёққа борганини ҳам билмайди. Улар бошқа мафкура билан униб-ўсиб, у ерларда яна шунақа фикрдаги одамлар кўпайганидан кўра, бу болаларни ватанга олиб келиб, тарбия қилингани мақсадга мувофиқ. Бу одамлар қайтарилганидан сўнг, улар шундоқ ташлаб қўйилаётгани йўқ. Соғлом ҳаётга қайтариш бўйича тегишли идоралар, баъзида имом домлалар иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда”, - дейди дин олими.

Фарқли диний сиёсат

Журналист ва блогер Зафарбек Солижонов фикрича, ижтимоий тармоқлардаги баҳслар – Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ва ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев давридаги фарқли диний сиёсат маҳсулидир.

“Олдинги ҳукумат даврида динга жуда қаттиқ қарши турилган, соқол қўйган, ўранган ва бир жойга тўпланганлар доим аввалги МХХ назоратида бўлган, одамлар намоз ўқишга қўрқиб қолган, диний билим бериш умуман бўлмаган эди", деб ёзади у.

Солижоновнинг фикрича, қайтаётганлар таҳдиди борасидаги хавотирларга ўрин йўқ. Ўзбек куч тизимлари уларни назорат қилиш бўйича етарли тажрибага эга.

"Давлат – ИИВ, ДХХ ва участка инспекторлари, маҳалла органлари буларни назорат қилади. Вақтинча бўлса ҳам буларнинг ҳаракатлари назоратда туради. Агар яна радикаллашадиган бўлса, уларга чора кўрилади, деб ўйлайман. Бизнинг давлат ташкилотилари, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қиладиган ташкилотлар буни жуда яхши уддалайди, бундан хавотир олмаслик керак, деб ўйлайман”.

Ўзбекистонлик илк гуруҳ - 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилнинг 30 майида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинган. ​

2019 йилнинг октябрида “Меҳр-2” амалиёти доирасида ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз Суриядан қайтарилганди.

Расмий баёнотларда бу инсонларга ҳукумат томонидан "тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашиши, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этиши учун зарур шароит яратилиши, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилиши" айтилганди.

Аммо, уруш ҳаракатлари содир бўлган ҳудудлардан қайтган ва турмуш ўтоқлари, яқинлари бу урушларда иштирок этган ёки ўлган бу аёллар орасида радикализм, терроризм ва экстремизм билан боғлиқ айбловларда айбланган ёки жазоланганлари ҳам бўлдими ёки йўқми - бу ҳақда Озодликда аниқ расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG