Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

COVID-19: Шифокорлар бемор қабул қилиш ўрнига уйма-уй юришга мажбурланаётганидан норози


Жорий йил июлида "Ўзэкспомарказ" Тошкентдаги энг йирик COVID-19 тақсимот марказига айлантирилган эди
Жорий йил июлида "Ўзэкспомарказ" Тошкентдаги энг йирик COVID-19 тақсимот марказига айлантирилган эди

Чустлик врачнинг иддао қилишича, у яшайдиган аҳолиси 18 минг кишилик қишлоқда COVID-19 ва унинг асоратларидан камида 25 киши вафот этган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган шифокор ишлайдиган қишлоқ оилавий поликлиникаси бош врачи камида 25 киши коронавирусдан ўлганини қатъиян рад этди. Унинг айтишича, фақат 2 киши COVID-19 дан вафот этган.

Президент матбуот хизматига кўра, шу кунда COVID-19 дан 6570 бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган рақам эса 2123 нафар.

Статистика талқинидаги бундай зиддиятлар тиббиёт ходимларини шу кунда ташвишга солаётган ягона муаммо эмас.

Исми ошкор этилишини истамаган Наманганнинг Чуст туманидаги қишлоқ оилавий поликлиникаси (ҚОП) врачи Озодликка ўзи, ҳамкасблари ва айниқса, беморларни безовта қилаётган вазият юзасидан мурожаат қилаётганини билдирди.

"Бемор қабул қилиш ўрнига уйма-уй юрибмиз"

Врачнинг ёзишича, сўнгги икки ҳафтадан буён поликлиника врачлари уйма-уй юришга мажбурланяпти.

Участка врачи ишга кунора келади. Ишга келмаган куни врач уйма-уй, хонадонма- хонадон касал бўлмаса ҳам киради.

“Врачларнинг ишга келмасдан уйма-уй юриши аҳолида норозилик уйғотмоқда. Врач қабулига келган беморлар норози. Участка врачи ишга кунора келади. Ишга келмаган куни врач уйма-уй, хонадонма- хонадон касал бўлмаса ҳам киради. Бунақа бўлмағур сиёсатдан поликлиника врачлари обрўси қоладими?! Бу тизимда онгсизликнинг чегараси борми?!” - дейди врач эҳтиросга тўла хатида.

Озодлик 19 ноябрда мактуб муаллифи билан боғланди. Унинг айтишича, бир кун ишга бориб, бемор қабул қилади, кейинги кун хонадонма-хонадон юради.

Хонадонларга кириб нима қиласизлар, оиланинг ҳар бир аъзосини тиббий кўрикдан ўтказяпсизларми, деган саволга врач “қуруқ қўл билан кўрик ўтказиб бўладими, шунчаки ўзимизни таништиришимиз, алоқа ўрнатишимиз керак эмиш”, деб жавоб берди.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

Бошқа бир врачнинг сўзларидан англашилишича, тиббиёт ходимларининг уйма-уй юриши мамлакат бўйлаб кузатилаётган ҳолат. Андижонлик врач тиббиёт ходимларига юклатилган янги вазифани Соғлиқни сақлаш вазирлигига янги раҳбар тайинланиши билан боғлади:

Андижонда ҳам шу аҳвол...

“Андижонда ҳам шу аҳвол, вазир янги бўлиб, ҳамма тиббиётчилар ҳоким қулига айланишди, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганишмокда”.

Бош врач шифокорларнинг уйма-уй юрганини тан олди

Чустлик врачнинг раҳбари, ҚОП бош врачи (исм-фамилияси айтилмаслик шарти билан саволларга жавоб берди) врачларнинг уйма-уй юрганини тан олди. Бироқ бош врачнинг айтишича, дўхтирларнинг хонадонма-хонадон юриши уларнинг ишига таъсир қилмаяпти.

Бир врач хонадонларда юрганида бошқа врач унинг беморларини қабул қиляпти.

“Бир врач хонадонларда юрганида ,бошқа врач унинг беморларини қабул қиляпти. Эртасига улар алмашишади. Беморлар кутиб қолаётгани йўқ. Мен ўзим коридорларда юриб, шахсан назорат қиляпман”, - деди Бош врач.

ҚОП раҳбарининг айтишича, врачларнинг уйма-уй юриши ҳар доим ҳам бўлган, бироқ Президент 6 ноябрда ўтказган селектор йиғилишидан сўнг бу иш янада кучайтирилган.

Фақат президент очиқлай оладиган ҳақиқат

Президент Мирзиёев 6 ноябрда ўтказган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимига оид бошқа масалар қатори қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинган эди.

Йиғилишда “қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилгани”, шу кунда “қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати бор, лекин атиги 12 минг мутахассис ишлаётгани” айтилди.

“Президент шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади”.

Лекин афтидан, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари бу гапларга эмас, йиғилишда айтилган бошқа гапга кўпроқ эътибор берган кўринади.

Чустдаги ҚОП бош врачи бундай деди:

“Селектор йиғилишида ўзим ҳам қатнашдим. Муҳтарам президентимиз “аҳоли ҳаммаларингни танисин, ҳаммангиз уйма-уй юриб хизмат қилинг” ,дедилар, шундан келиб чиқяпмиз, қолаверса, йил охирлаб қолди, аҳолини рўйхатга олиш ишлари бор...”

Статистикадаги қуйидан юқоригача чалкашлик

Чустлик врачдан у ишлаётган ҳудудда COVID-19 билан боғлиқ вазият тўғрисида ҳам сўрадик. Врачнинг айтишича, эпидемия тарқалганидан буён ҚОП врачлари хизмат кўсатадиган аҳолиси 18 минг кишилик ҳудудда 25-30 киши COVID-19 дан ёки унинг асоратларидан вафот этган.

Ҳудудимизда шу кунгача 140 кишига коронавирус юққани аниқланган, шулардан фақат 2 киши вафот этган.

ҚОП бош врачи қўл остида ишлайдиган дўхтирнинг бу маълумотини кескин рад этди. “Ҳудудимизда шу кунгача 140 кишига коронавирус юққани аниқланган, шулардан фақат 2 киши вафот этган”, - деди Бош врач.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридагидаги COVID-19 га қарши кураш штаби мулозими Озодликнинг вазиятга оид барча саволларига бир хил жавоб бериш билан чекланди: “Аҳвол яхши”.

Коронавирус статистикасига оид “турли талқинлар” нафақат бош ва оддий врач ўртасида, балки мамлакат раҳбари билан Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ҳам кузатилмоқда.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари 17 ноябрда ўтказган селектор йиғилишида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият таҳлил қилинган ва шу кунгача вирусга чалинган сони 70 минг нафардан ортгани, 6 минг 570 бемор даволанаётгани айтилган.

Бироқ вазирлик маълумотларида ўша куни даволанаётганлар 2123 киши деб кўрсатилган.

Бу тафовутни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев ўша куниёқ kun.uzга берган интервьюсида мана бундай тушунтиришга уринди:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги фақат коронавирус инфекцияси лаборатор таҳлилларга асосан аниқланган беморларнигина статистикага киритади. 6570 нафар бемор даволанаётгани рост, аммо уларнинг 2123 нафаридагина бу вирус расман тасдиқланган.

Айни пайтда вазирлик президентга нега тести тасдиқланмаганларни ҳам COVIDга чалинган, деб маълумот бергани қоронғу қолмоқда.

Ўзбекистондаги COVID - 19 cтатистикаси айнан шундай юритилаётгани аввал ҳам очиқланган. 30 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов фақат ПЗР таҳлили коронавирусни тасдиқлаган беморлар статистикага киритилаётгани, пневмония туфайли вафот этган, лекин ўлимига қадар коронавирус ташхиси қўйилмаган марҳумлар эса статистикага киритилмаётганини билдирган эди.

Бироқ жаҳондаги аксар давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари ҳам пневмонияни коронавирус статистикасига қўша бошлаган. Қозоғистон 1 августдан бошлаб, Қирғизистон эса, 17 июлдан буён коронавирус инфекцияси топилмаган, бироқ пневмониядан вафот этганларни Covid-19 қурбонлари деб ҳисобламоқда.

Мутахассислар ўлим амалда кўплигини, расмий хабарларда эса, COVID-19 қурбонлари сони оз кўрсатилаётганини айнан шу ҳолат билан изоҳламоқда.

Президент 17 ноябрда ўтказган йиғилишда коронавирусдан 599 киши вафот этгани қайд этилди. Қиёслаш учун: аҳолиси 6 млн кишига етмаган Қирғизистонда шу кунгача 1217 киши COVID-19 қурбони сифатида қайд этилган.

Озодликнинг шу ой бошида ўтказган суриштируви пойтахт Тошкент ва камида 4 вилоятда сўнгги ҳафталарда COVID-19 дан ўлганлар сони кескин ошиб кетганини кўрсатган.

Жойларда Озодлик суҳбатлашган имомлар жаноза кўпайганини айтишган.

Авалроқ Телеграм тармоғидаги 10 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган “Фидокорлар” каналида 2020 йилда вафот этган 500 га яқин тиббиёт ходимининг исм-фамилияси, иш жойи ва суратлари эълон қилинди.

Эълонларда бу тиббиётчилар айнан нима сабабдан вафот этгани ёзилмаган, аммо аксар постларга ёзилган шарҳларда, яқинлари ва ҳамкасблари уларнинг коронавирус юқтиргач вафот этганини ёзишган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотлар юзасидан шарҳ бермаган.

XS
SM
MD
LG