Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:25

Қиш эшик қоқди: Кичик ва ўрта бизнес газдан узилди - метангазга навбат


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳар Сергели туманидаги қандолатчилик цехи эгаси 43 яшар Рустамжон Назаровнинг айтишича, 1 ноябрь куни унинг корхонаси табиий газдан узиб қўйилган.

“Юқоридан буйруқ бор, деб акт қилиб, газимизни пломбалаб кетишди. Газдан қарзим йўқ. Пандемия пайтида шундоқ ҳам қийналаëтгандик. ”, - деди қандолатчилик корхонаси эгаси.

Сергели тумани ҳокимлиги мулозими ижтимоий объектларнинг газ таъминотидан узилиб қолиши олдини олиш учун ўрта ва кичик тадбиркорлар ва метан қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериш чекланганлигини билдирди.

Сергели туман газ таъминоти идорасининг Озодлик боғланган ходими нафақат тадбиркорлар¸ балки тумандаги барча ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган объектларнинг табиий газдан узилаëтганини маълум қилди.

Сергелидаги қандолатчи Рустамжон эса, то баҳор келгунга қадар ишни тўхтатиб туришга мажбур эканлигини айтади.

«Газ конфоркалари билан ишлайди бутун тизим. Электрга ўтказишнинг имкони йўқ. Қолаверса, электрга ҳам ишонч йўқ. Газ яна улангунча сабр қилиб турамиз. Лекин бизга ҳужжат кўрсатмади. Шундоқ келиб, газ бурайдиган жойни пломбалаб кетишди», - дейди тадбиркор.

Озодлик мавзуни ўрганиш чоғида Хоразм вилоятидаги оҳак ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Зарифбой билан ҳам гаплашди. Зарифбой газ кесилгани боис, 40 дан зиëд ишчига ойлик тўланмайдиган таътил беришга мажбур бўлганлигини айтди.

Зарифбой ва Рустамжонга ўхшаган минглаган корхона эгаларининг газдан узилишиига асос бўлган ҳужжат нусхаси Озодликда бор.

Газ чеклаш бўйича вазир буйруғи
Газ чеклаш бўйича вазир буйруғи

Ўзбекистон Энергетика вазирининг жорий йил 20 октябрдаги 143 сон буйруғига кўра, 1 ноябрдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга барча корхоналар газдан узиб қўйилиши айтилган. Буйруққа биноан, қолипли нон (буханка) чиқарувчи корхоналарга истисно сифатида газ берилади.

Чеклов боис АËҚШларда навбат юзага келди
Чеклов боис АËҚШларда навбат юзага келди

1 ноябрь куни газдан узилган корхона эгаларининг шикоятлари ортидан Энергетика вазирлиги баëнот чиқарди.

Баëнотда «газ таъминот қувватларини ошириш мақсадида газ таъминоти корхоналари томонидан мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб борилаётгани, бу эса истеъмолни ошириш пайтида табиий газни тенг тақсимлаш имкониятига эга эмаслиги» маълум қилинган.

Энергетика вазирлиги баëнотида «табиий газ тақсимотини мувозанатлаштириш бўйича махсус вақтинчалик чоралар туфайли уйлар, хонадонлар, мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш имкони»яратилгани таъкидланади.

Вазирликка кўра, "газдан узиш корхоналар билан шартномада кўрсатилган ҳолат".

«Ресторан, кафе учун табиий газдан фойдаланишга доир чекловлар табиий газ сотиб олиш бўйича шартномаларда кўзда тутилган зарур чора ҳисобланади», - дейилади вазирлик баëнотида.

Тезак - муқобил ëқилғи

Озодлик суҳбатлашган Сергели тумани ҳокимлиги ходими «Газдан узиш ишлари бирдан бўлмагани¸ тадбиркорлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилганлигини» билдирди.

«Гази шу кунда узиб қўйилган барча тадбиркорларга газга боғланиб қолмай, муқобил ëнилғи - баллонли суюлтирилган газ, кўмир ëки ўтинга ўтиш лозимлиги тушунтирилган», - дейди ҳокимлик вакили.

Тошкент шаҳар «Ҳудудгаз пойтахт» газ таъминоти идораси вакилининг айтишича¸«хўжалик юритувчи субъектларнинг амалдаги шартномаларида куз-қиш даврида газ етказиб беришга чекловлар киритилиши кўзда тутилган».

Мулозимга кўра¸ тадбиркорлар "муқобил ёнилғи манбаларига эга бўлишлари шарт" .

Учкўприк туманида тезак таëрлаш жараëни
Учкўприк туманида тезак таëрлаш жараëни

“Uzmetronom” нашри муқобил ëнилғи ҳақидаги талабни изоҳлаб, “таппидан бўлган тезак - учинчи ренесанс тимсолидир” дея кесатиқ қилди. Мақолада болалар боғчаларини иситиш учун боғча опалар тезак ëпаëтгани ëзилади. Айни нашр Туркманистондан 3 миллиард кубометр газ импорт қилиш ҳақидаги ҳукумат ваъдалари қоғозда қолиб кетганини танқид қилган.

Ҳар қишда шу бўлар такрор...

“Ўзбекнефтгаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, миллий ҳолдинг ширкати “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш" имконини беради ва Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича жаҳонда 11-ўринни эгаллайди.

Ўзбек газининг хориждаги энг катта харидори Хитой ҳисобланади, йилига Ўзбекистон Хитойга 10 миллиард куб метр газ етказиб беради. Ўзбек газининг иккинчи йирик харидори Россиядир. Аммо пандемия боис, бу икки давлатга газ сотиш кўрсаткичлари камайган. Айни пайтда Ўзбекистон қиш мавсумида қўшни Тожикистон ва Қирғистонга газ экспорти ҳажмини кўпайтиради.

Расмий хабарларда Ўзбекистондаги ички истеъмолнинг йилдан-йилга ошиб¸ 50 миллиард куб метрдан ошгани билдирилганди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг табиий газга нисбатан ички эҳтиëжига оид аниқ рақамлар жамоатчиликка эълон қилинмайди.

Кейинги 15 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистонда, айниқса, қиш мавсумида табиий газ муаммоси ўткирлиги сақланиб қолмоқда. Юзлаб чекка қишлоқлар кейинги 10 йил ичида газдан бутунлай узиб қўйилди.

Озодлик радиоси 2019 йилда Ўзбекистоннинг баъзи худуларида метан қуйиш шохобчалари ва аҳолига газ етказиб беришда муаммолар юзага келгани, бунинг ортидан одамлар норозилик билдириб, йўлларни тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар берган эди.

XS
SM
MD
LG