Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:03

Беҳзод Саломов: Тентак подшоҳ ҳақида мультфильм олишга тақиқ йўқ!


Беҳзод Саломов
Беҳзод Саломов

Озодликда эълон қилинган мультипликаторларнинг очиқ хати ва бу юзадан таниқли режиссер Нозим Тўлахўжаев эътирозлари ортидан ўзбек замонавий анимация санъатини фалажликдан қандай қутқариш ҳақидаги тортишувлар тармоқнинг ўзбек киночиларига оид сегментида кучайди.

Мультипликаторлар мактуби
Мультипликаторлар мактуби

Айни мавзуда «Ўзбеккино» МА қошидаги “Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК директори Беҳзод Саломов Озодлик саволларига жавоб берди.

Озодлик: Биз билан суҳбатда таниқли киноижодкор Нозим Тўлахўжаев мультипликация соҳаси таназзулга юз тутди деди. Шу соҳа раҳбари сифатида бу гапга нима дейсиз? Ўзбек мультфильми ўлдими? Ëки Нозим ака айтгандай "бўйнига тош бойлаб" чўктирилдими?

Беҳзод Саломов: Йўқ ўлмади. Мультфильм ўлими ҳақидаги гаплар бўрттирилган. Ҳеч ким мультфильмни бўйнига тош бойламади. Ҳозир қайта тикланиш жараёни кечяпти. Энди янги босқич бошланади. Ҳақиқий рақобат босқичи. Вазият жуда қийин, чунки кадрлар ва моддий-техник база йўқ ҳисоби. Шахсан мен яқин келажакда кўп нарсалар ижобий томонга ўзгаришига ишонаман. Бугун биз болалар фильмларини ишлаб чиқариш учун янги формат - edutainment жанридаги кўп қисмли мультфильмларни жорий этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бунга бюджети «Аэрофлот» бюджетидан бироз кўпроқ бўлган, болаларнинг севимли мультфильми «Свинка Пеппа»ни мисол келтириш мумкин. Шунингдек, мультипликацион студиянинг техник базасини жиддий модернизация қилиш, замонавий мультипликация соҳаси бўйича мутахассисларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Озодлик: Мультфильм суратга олиш учун давлат маблағи давлатга оид студияга эмас балки соҳани яхши билмайдиган тижорий студияларга берилаëтгани танқидга сабаб бўлди. Нима учун шубҳали студияларга буюртмалар берилган?

Беҳзод Саломов: Ҳа, бугун биз хусусий киностудиялар билан ишлашни давом эттиришни режалаштирмоқдамиз чунки, болаларимиз юқори сифатли мультфильмларни томоша қилишлари учун шундай қилишимиз керак бўлади. Миллий агентлигимиз раҳбарияти бошчилигида бугунги кунда соҳани ислоҳ қилиш устида ишлаяпмиз. Биринчидан, тан олиш керак, бугунги кунда солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобига давлат студияси томонидан яратилаётган болалар мультмаҳсулотлари кичик ёшдаги томошабинлар эътиборини торта олмаяпти. Давлат студиясида бундан буёғига монополияга ўрин бўлмаслиги кераклигини биз бугунги кунда жуда яхши тушуниб турибмиз. Янги даврнинг асосий талаби шахсий манфаатлар эмас, балки биринчи навбатда томошабин, фарзандларимиз қизиқишлари, манфаатлари учун хизмат қилишдан иборат бўлиши керак. Эндиликда хусусий ва давлат студиялари тенг шароитларда ишлайди.

Озодлик: Мультипликация соҳаси вакилларининг очиқ хатини қандай изоҳлайсиз?

Беҳзод Саломов: Биз мультмаҳсулотларни яратишда монополияни ўз қўлида маҳкам ушлаб турганлар ва болалар аудиторияси кўнглини забт этишга чоғланган хусусий студиялар ўртасидаги рақобат курашининг бошланғич босқичига гувоҳ бўляпмиз. Афсус билан айтишим керакки, бугун болаларимиз танлови хориж маҳсулотига қараб қолган.

Очиқ хатда баён этилган ҳиссиётлар ва шикоятлардан ташқари, яна иккита масала мавжудки, мен бу ҳақда батафсилроқ тўхталмоқчиман:

Бир йилдан бери 30 та режиссёр, рассом ва аниматорларнинг ишсиз ва тирикчилик учун маблағсиз қолиши масаласи ва иккинчидан давлат студиясида биронта ҳам анимацион фильм намойиш этилмаганлиги масаласи. Мен бугун бемалол расмий равишда айтишим мумкинки, бу очиқ хат миллий анимация соҳасининг таназзули тўғрисидаги баландпарвоз гаплар йиғиндиси холос. Уни ёзганларда ривожланишга интилиш, ўз устида ишлаш ва янгиликларни ўзлаштириш истагининг йўқлиги яққол кўриниб турибди. Очиқ хатни ўқинг — ҳиссиётлар ва асоссиз арзлардан бошқа ҳеч нарса топмайсиз.

Озодлик: Очиқ хатда аниқ рақамлар ва исботлар келтирилган.

Беҳзод Саломов : Мен сиз билан суҳбатга аниқ фактлар билан келдим ва уларни биринчи марта, ошкора эълон қилмоқчиман. Озодликда эълон қилинган эътирозли мактубда мультипликацион студияда фаолият юргизган айрим ходимларининг 2020 йилги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар бузиб кўрсатилганлиги ва бу маълумотлар аслида 2019 йил учун олдиндан тўланмай қолган иш ҳақи маълумотлари эканлиги ҳақида хабар қилинган. Бу яна битта ёлғон. Узр, мен бошқа сўз тополмаяпман. Студия ишчиларининг даромадлари тўғрисида «Ўзбеккино» миллий агентлигининг расмий баёнотида аллақачон айтиб ўтилган. Атиги 7 киши 362 миллион сўм пул олган. 2019 йил маълумотларига келсак, бу ерда қуруқ сўзлар эмас, рақамлар ва фактлар ҳам жуда муҳим саналади. Бизда бундай фактлар бор. Масалан, режиссёр Нозим Тўлахўжаев 2019 йилда 35 миллион сўм олган. Саҳналаштирувчи режиссёр Дмитрий Власов 2019 йилда 81,6 миллион сўм олган. Саҳналаштирувчи режиссёр Азизбек Муҳамедов 2019 йилда 123,4 миллион сўм олган. Рассом ёрдамчиси Ҳамидулла Маҳмудхўжаевга ўтган йилнинг ўзида 95 миллион сўм тўлаб берилган. Рўйхатни шу тарзда давом эттириш мумкин. Кўриб турганингиздек, «Ўзбеккино» ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган. Мультипликаторларнинг ўзига келсак, улар ишлаб чиқарган мультфильмларининг сифати ҳавас қилгулик эмас. Биз буни рўйи-рост тан олишимиз керак.

Озодлик: Таниқли киноарбоб Нозим Тўлахўжаев радиомиз орқали чиқиш қилиб 8 ой учун 27 миллион сўм – кун кечиришга етмайдиган маблағ эканини айтди. Ойига 120 АҚШ доллари бу мавқедаги киночи учун ростдан ҳам озку?

Беҳзод Саломов: Мен Нозим акани жуда ҳурмат қиламан, лекин бу ерда у қувлик қиляпти. Нозим Тўлахўжаев мультипликацион лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда ва амалдаги режиссёр саналади. Бировнинг чўнтагидаги пулларни санаш истагим йўқ, лекин ёлғонга қарши фикримни билдираман ва фақат факт билан жавоб қайтараман. Масалан, бу йил у «Ўзбеккино» буюртмасига кўра «Ўзбекфильм» томонидан суратга олинган «Танҳо қайиқ» фильмини топширди. Виждонан гапириладиган бўлса, у киши жамоатчиликка мультстудиянинг гонорарларидан ташқари ушбу фильм учун 55 миллион 800 минг сўм олганлигини ҳам рўйи-рост айтиши керак эди. Бу ҳам «Ўзбеккино»нинг пули-ку? Қолгани эса оддий арифметика. Йиллик даромадни сарҳисоб қилиш, менимча, унчалик қийин бўлмайди. Шу билан ҳам шикоят қилиш дуруст иш эмас.

Озодлик: Ҳаммаси сиз айтгандай, "олам гулистон" бўлса¸ нима учун Нозим ака ва ҳамкасблари бунчалик норозилик билдиришмоқда?

Беҳзод Саломов: Мен буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Илгари Бадиий кенгашнинг эски таркиби мультстудиянинг маҳсулотларига «кўз юмиб келган». Балки улар зиддиятлар чиқишини истамагандир ёки ундан бошқа сабаблари ҳам бордир, мен бундан бехабарман. Худди шу ҳолат бугун фильмлар борасида ҳам пайдо бўлди. Жорий йилнинг май ойида «Ўзбеккино» МА бош директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги агентлик Бадиий кенгаши бир қанча кинолойиҳаларни, шу қаторда қаттиқ танқидга учраган айрим мультипликацион лойиҳаларни қайта кўриб чиқди. Бадиий кенгаш ва аниматорлар ўртасидаги баҳсларни бартараф этиш учун ҳатто таркибига таниқли киношунослар, экспертлар, режиссёрлар, сценарий муаллифлари, рассомлар ва бошқа мутахассислар жалб этилган махсус экспертлар комиссияси ҳам тузилди. Ушбу комиссия томонидан ўша пайтгача аллақачон 80 фоизи тайёр бўлган, «Сеҳрли танбур», «Захча», «Самарқанд нони», «Чархпалак», «Қалдирғоч ва майна» мультфильмларга мажбурий ўзгартиришлар киритиш бўйича кўрсатмалар ҳам берилди. Масалан, бадиий кенгаш аъзоси, режиссёр Баҳодир Одилов «мультфильмларда ўзбек эртакларидаги қаҳрамонларнинг йўқлиги, баъзиларида эса ҳатто бадиий мантиқ етишмаслиги»ни таъкидлаган бўлса, киношунос Нигора Каримова «Ўзбек мультипликациясини қайта кўриб чиқиш ва уни ривожлантиришнинг янги концепциясини яратиш керак»лигини айтиб ўтди, актёр, режиссёр ва сценарий муаллифи Рашид Маликов эса “биз дунё тенденцияларидан анча орқада қолдик ва, фикримча, уларга энди ҳеч қачон етиша олмаймиз. Менинг набираларим Ғарб мультфильмларини томоша қилишни яхши кўрадилар, биз эса ҳамон уларга 50-60 йил олдинги қаҳрамонларни намойиш этмоқчимиз», дея таъкидлаб ўтди. Бундай шарҳлар жуда кўп ва умуман олганда биз, «Ўзбеккино»да фаолият олиб бораётганлар тушунамизки, бугун иш услубини ўзгартириш вақти келган ва шунга кўра мультипликаторларга қўйиладиган талаблар ҳам ўзгарган. Бошқача қилиб айтганда, ислоҳотлар бошланди. Эски услубда яшашни истаганлар эса катта миқдордаги гонорарларни оладилару, аммо тайёрлаган маҳсулотлари учун томошабин олдида жавобгарликни ҳис қилмайдилар. Энди улар ҳам бундай даврлар тугаганлигини англаши ва муросага келишлари керак.

Озодлик: Сиз санаб ўтган мультфильмлардан бири «Сеҳрли танбур» устидан Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йилнинг 21 сентябрида жиноят иши очган. Ҳужжатлар Озодликда бор. Бу хужжатларда давлат мулкини талон-торож қилиш ҳақида гап боради. Нима бўлди шу иш? Режиссёрни қамашмадими?

Беҳзод Саломов: Йўқ қамашмади. Иш таркибида жиноят унсури бўлмагани боис тўхтатилди. Киночилар «Сеҳрли танбур» учун давлатдан пул олиб пандемия боис охирига етказа олишмаган. Шу боис муаммо чиққан эди. Аммо жорий ҳафтада бу муаммо ечим топди. Фильм тугалланиб Бош прокуратура терговчисига тақдим қилинди.

Озодлик: 2019 да ва жорий йилнинг 10 ойида нечта мультипликацион фильм суратга олинди? Ва бунга давлатнинг қанча маблағи сарфланди?

Беҳзод Саломов: 2019 йилда жами 5 та мультипликацион фильм ишланди. Улар орасида «Менинг гўзал яшил рангим» 455,9 миллион сўмга, «Пар ёстиқ» 472,6 миллион сўмга, «Қўзичоқ, най ва қароқчилар» 86,7 миллион сўмга олинган фильмлар бор. Шунингдек, хусусий студиялар билан ҳамкорликда «Сайёҳ» 3D 499,8 миллион сўм, «Автосаргузаштлар» 499,7 миллион сўм пул харжлаб суратга олинди. 2020 йилда, пандемия ҳолатига қарамай, биз 15 та мультфильмни ишлаб чиқаришга ҳаракат қилдик. Улар орасидаги тўртта мультфильм устида 2019 йилда иш бошланган ва 2020 йилда ҳам давом этмоқда.

Озодлик: Қиммат экан мультфильм дегани. Сиз айтган «Автосаргузаштлар» фильми АҚШда суратга олинган «Машиналар» фильмининг визуал ғоясини безбетларча ўғирлаган дея ҳамкасбингиз Нозим Тўлахўжаев айб қўйди. Умуман плагиат ва ўғрилик бутун соҳани қамраб олган дейилди. Нима дейсиз шунга?

Беҳзод Саломов: Конкрет «Автосаргузаштлар» фильми ҳақида гапирсам бу ерда плагиат эмас балки ижодий илҳом олиш деган ҳолат бор. Умуман машиналар темаси анимацияда деярли бир услубда олинади. «Ўзбекавтопром» буюртмаси билан олинган "Автосаргузаштлар" фильмида киноя ва танқид етишмаслигини тан оламан.

Озодлик: Нозим Тўлахўжаев биз билан суҳбатда цензура ҳақида гапирди. Масалан мультфильмда шоҳ образи тентак ва золим бўлмаслиги борасида қатъий кўрсатма бор экан. Нега тентак подшоҳ ҳақида мультфильм олиш тақиқланган?

Беҳзод Саломов: Бундай тақиқ илгари бўлган. Хозир цензура йўқ. Бемалол тентак ва аҳмоқ подшоҳ ҳақида танқидий мультфильм олаверамиз. Чеклов йўқ. Эътироз фақат бадиийлик юзасидан бўлади. Давлат маблағлари ҳисобидан суратга олинган ва бадиий савияси тубан бўлган фильмларнинг энг ёрқин намунаси - «Самарқанд нони» мультфильми саналади. Унинг бюджети 587 миллион сўмни ташкил этган. Ўта жўн ва арзон технологияда олинган. Перекладка деган технология. Боғча болалари ўйнайдиган технология. Бу мультфильм муҳокама қилишга ҳам лойиқ эмас.

Озодлик: Технология эскиргани масаласига ҳам тўхталсак. Ўзбек мультфильмлардаги персонажларнинг чўлоқланиб юришини ўзбек қизиқчилари ҳам ҳажв қилган. Мультфильмлар нафақат бадиий¸ балки техник жиҳатдан ҳам оқсайди. "Тоғ сичқон туғди"деган ибора бор. Яъни тоғдай пул сарфлаб сичқондай иш қилинади. Оддий ҳаваскор икки центга қиладиган анимация учун “Мультипликацион фильмлар студияси» миллионлаб бюджет пулини сарфлаган. Масалан «Хасис баққол» мультфильми учун 787 миллион сўм сарфланибди. Мультфильм ўта жўнлиги ва болалар учун қизиқ эмаслиги билиниб турибди.

Беҳзод Саломов: Жавобим аниқ. Мультипликаторлар ўзлари устида ишлашлари ва шахсий манфаатларини унутиб, томошабинларнинг талабларига мос тарзда ижод қилишлари керак. Ахир, 2Д форматидаги мультфильмлар узоқ 60-йилларда қолиб кетди, шу ўринда бизнинг мультипликаторларимиз айтаётган фестиваль форматига келадиган бўлсак, бу формат ҳам фестиваль учун, ҳам кенг аудитория учун мос келмайди. Сизга аввал айтганимдек, мен нафақат рақамлар билан, балки таклифлар билан ҳам келганман. Мен ҳозир ўзим билан «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК томонидан яратилган 4 та мультфильм ва «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан хусусий студиялар томонидан яратилган 4 та мультфильмни олиб келганман. Марҳамат Озодлик каналида намойиш қилинг. Одамлар ўзлари кўришсин, овоз беришсин ва нимани ёқтиришларини ўзлари танлашсин. Бу объектив ёндашув бўлади. Раҳматли отам рассом Баҳодир Саломов севган қўшиқчи Виктор Цой куйлаган каби биз ўзгариш бўлишини истаймиз.

Суҳбатдошимиз тўғрисида:

«Мультипликацион фильмлар студияси» ДУКга 2020 йилда раҳбарликка тайинланган Беҳзод Саломов 47 ëшда. Беньков номидаги рассомлик билим юрти ҳайкалтарошлик бўлими ва Тошкент молия институтини тугатган.

Саломов ўзи асос солган «Футурист» хусусий студиясида қатор фильмларни продюсер сифатида ишлаб чиқаришда иштирок этган.

«Футурист» студиясида суратга олинган «Суперкелинчак»¸ «Шаббона»¸ «Ичкуëв» фильмлари Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари томошабинлари тарафидан қизиқиш билан томоша қилинган.

Озодлик ўзбек кинолари борасидаги муҳокамаларини давом эттиради.

XS
SM
MD
LG