Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:56

Ҳукумат 1 январдан бож олинмайдиган курьерлик жўнатмалари меъёрини $1000 дан $200 га туширмоқчи


Курьерлик жўнатмалари меъёрини 5 баробарга камайтириш режаси Ўзбекистон президентининг яширин иқтисодиётни кескин қисқартиришга доир фармони лойиҳасида белгилаб қўйилган чоралардан биридир.

Фармон лойиҳаси билан танишиб чиққан ўзбекистонлик икки иқтисодчи олимнинг фикрича, лойиҳада назарда тутилган баъзи чоралар чиндан ҳам яширин иқтисодиётни соядан чиқаришга хизмат қилиши мумкин, бироқ унда вазиятни кескин ўзгартириши мумкин бўлган айрим чоралар назарда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида 8 октябрда эълон қилинди.Муҳокама 23 октябргача давом этади.

Яширин иқтисодиёт нима?

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, “яширин иқтисодиёт расмий манбаларда қайд этилмаган иқтисодиётдир”.

Хидирназар Аллақулов
Хидирназар Аллақулов

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Остонадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев, халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобларига таяниб, Ўзбекистондаги яширин иқтисодиётнинг кўламини 30% атрофида эканини айтди.

Давлат статистика қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Дилшод Холмуродов яқинда kun.uz мухбири саволига жавобан бундай деган эди:

“Халқаро статистика амалиётида “кузатилмайдиган иқтисодиёт” деган ибора ишлатилади. Бу 3 га бўлинади. Биринчиси“норасмий иқтисодиёт”, деб юритилади. Бу уй хўжаликлари ўзи ва бозор учун маҳсулот ишлаб чиқариши, етиштиришидир. Кейингиси -“яширин иқтисодиёт”. Солиқдан, санитария ва сертификатлашга доир муайян талабларни айланиб ўтиш учун, асосан, йирик ишлаб чиқариш субъектлари томонидан йўл қўйилади. Учинчиси, бу “ноқонуний”, яъни қонунчиликда тақиқланган фаолият турларидир.

Уй жиҳозлари ишлаб чиқарувчи компания ҳамда Kimchi Plate кафелар тармоғи асосчиси Марина Тен 16 октябрда подробно.уз сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон иқтисодиёти соҳаларининг 99,9 фоизи яширин иқтисодиётда иштирок этаётганини таъкидлаб, лойиҳаси эълон қилинган фармондан воз кечишни, бунинг ўрнига бошқа чоралар кўриш кераклигини билдирган. Марина Тен ўша бошқа чоралар қандай бўлиши кераклигига оид ўз таклифлари билан ўртоқлашган.

Тайёрланаётган фармон нимаси билан муҳим?

Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевнинг айтишича, “фармондан мақсад барча соҳаларда ҳисоб-китобни соддалаштиришдир”.

Фармон лойиҳасида, масалан, “2022 йил 1 январгача бўлган муддатга, умумий овқатланиш соҳасидаги кичик бизнес субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умумбелгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмаслиги тартиби жорий этилади”, дейилган.

Сапарбой Жубаев бу бандни мана бундай тушунтирди:

Сапарбой Жубаев
Сапарбой Жубаев

- Ошхона эгасиман, деб тасаввур қилинг, шу пайтгача сиз 10 млн сўмлик савдо қилардингиз. Лекин солиқчилар келиб, 20 млн сўмлик савдо қилаяпсиз, деб туриб оларди. "Столларингизнинг сонидан келиб чиқсак, шунча савдо бўлиши керак. 20 млн сўмдан солиқ тўлайсиз", деб туриб олишар эди. Бундай вазиятда ошхона эгаси ортиқча тўламасликнинг йўлини қидиришга тушар эди. Ҳукумат эса, бошқа йўлни таклиф қиляпти. Агар мижозлардан пулни электрон тарзда оладиган бўлсанг, бу пул даромад солиғига тортилмайди, деяпти. Осонлаштиряпти”.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:52 0:00
Бевосита линк

Президент фармони лойиҳасида таклиф қилинаётган чоралар қаторида киракаш ҳайдовчиларга тааллуқли қисми ҳам бор:

“Жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда) енгил автомобиль транспортида ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.

Бунда ўзини ўзи банд этувчи шахслар енгил автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини мобил иловалар – агрегаторлар орқали амалга оширганларида олинган даромадларга ижтимоий солиқни тўлаш билан бир қаторда жисмоний шаҳслардан даромад солиғи белгиланган тўлов ставка бўйича олинган даромад суммаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда солиқ солинади”.

Сапарбой Жубаевнинг фикрича, бу меъёр ҳам яширин иқтисодиётнинг қисқаришига хизмат қилиши мумкин.

Фармондан кўзланган мақсадга зид меъёр

Лойиҳанинг "2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни республикага олиб киришнинг энг юқори меъёрини, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 AҚШ долларидан 200 AҚШ долларигача тушириш ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги бўйича Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин", деган бандини шарҳлар экан, Сапарбой Жубаев бундай деди:

- Бундай талаб яширин иқтисодиётни камайтиришга хизмат қилмайди. Аксинча, бу соҳани янада эркинлаштириш керак. Бу эркин бозор иқтисодиётига қарши ҳаракатдир. Қайтанга чегараларни очиб қўйиш, минг эмас, ўн минг долларлик нарсаниям олиб киравер, дейиш керак.

2020 йил, 1 январдан президент Шавкат Мирзиëевнинг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиëжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори кучга кирган эди.

Фармон лойиҳаси айни кўринишда муҳокамадан ўтиб, тасдиқлангани тақдирда, курьерлик жўнатмаларининг бож олинмайдиган қисми меъёри 5 мартага қисқаради.

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов фармон лойиҳасида назарда тутилган мана шу меъёр юзасидан бундай деди:

- Бу меъёр божхона билан боғлиқ бўлгани учун, бу ерда мен божхона орқали товарларни олиб кириш шу қадар тартибсиз, шу қадар коррупциялашган ҳолат эканлигини тўла ишонч билан айта оламан, холос. Курьерлик жўнатмалари меъёрини озайтириш яширин иқтисодиётни камайтиришга эмас, аксинча коррупция кўламини оширишга хизмат қилади.

Имзоланиши кутилаётган фармоннинг олим назаридаги камчиликларидан бири

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақуловнинг фикрича, яширин иқтисодиётга зарба бериш учун давлат амалдорларидан даромадлар ҳамда ҳаражатлар декларациялари талаб қилишни йўлга қўйиш керак:

- Нафақат даромадлар, биринчи навбатда ҳаражатлар декларацияси керак, деб ҳисоблайман. Давлат амалдорларининг расмий даромадини суриштирсангиз, арзимаган пул бўлиб чиқади. Лекин уларнинг ҳаражатлари ҳисобланса, улкан бойликларни назорат қилаётгани тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокамаси 23 октябргача давом этади.

XS
SM
MD
LG