Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:57

Қирғизистон: Президент Жээнбеков "сиёсий бўшлиқ"дан огоҳлантирди - унинг қаердалиги ҳануз номаълум


Қирғизистонда 4 кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари ортидан юзага келган сиёсий инқироз шу кунгача ўз ечимини топмади.
Қирғизистонда 4 кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари ортидан юзага келган сиёсий инқироз шу кунгача ўз ечимини топмади.

Қирғизистонда 4 кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари ортидан юзага келган сиёсий инқироз шу кунгача ўз ечимини топмади.

Норозилар 6 октябрга ўтар кечаси Оқ Уйни эгаллагани ортидан уч кундан бери қаерда экани номаълум қолаётган президент Сўўрўнбай Жээнбеков ўз видеомурожаатида бу воқеани “ҳокимиятни куч билан босиб олиш” сифатида баҳолади.

Айни пайтда парламентдаги ҳукмрон коалиция ўз йиғилишида 6 октябрда қамоқдан озод қилинган мухолифатчи Садир Жапаровни Бош вазир лавозимига тайинлади.

Лекин мухолифат партияларидан иборат Мувофиқлаштирув кенгаши парламент йиғилиши ноқонуний бўлгани ва Садир Жапаров ҳукуматини тан олмаслигини билдирди.

7 октябрь куни Бишкек марказий майдонига йиғилган минглаб ёшлар эса ҳокимиятни ёшларга топширишни талаб қилиб, таниқли ёш тадбиркор Тилек Тўқтўғазиевни янги Бош вазир сифатида эълон қилди.

4 октябрь кунги сайлов натижаларини бекор қилган Марказий сайлов комиссияси эса бир ой ичида янги парламент сайловлари ўтказилиши ва унда норозилик намойишлари келиб чиқишига сабабчи бўлган “Мекеним Қирғизстан”, “Биримдик” ва “Қирғизистон” партияларининг иштирок этиши тақиқланиши ҳақида билдирди.

Шу билан биргаликда Бишкек шаҳрини талончиликлар ва бошқа жиноятлардан асосан ёшлардан иборат бўлган турли кўнгиллилар гуруҳлари ҳимоя қилмоқда.

Уч кундан бери қаерда экани номаълум президент навбатдаги видеомурожаат билан чиқди

Уч кундан бери қаерда экани номаълум президент навбатдаги видеомурожаат билан чиқди. Президент расмий сайтида эълон қилинган видеода Сўўрўнбай Жээнбеков сиёсий инқироздан чиқиш учун сиёсий кучлардан реал қадамларни кутаётганини маълум қилди.

“Президент сифатида ушбу вазиятдан тезроқ чиқиб кетиш учун зарур бўлган барча имкониятларимни ишга солмоқдаман. Шу мақсадда турли сиёсий кучлар раҳбарлари билан юзма-юз музокаралар ўтказяпман. Ҳурматли сиёсий кучларнинг раҳбарлари, ҳозирги сиёсий инқироздан чиқиш учун мендан президент сифатида талаб қилинадиган қадамларни ташлашга тайёрман. Бироқ вазиятни барқарорлаштириш масъулиятини ўз зиммасига олган тарафлардан музокаралар учун ягона майдон ташкил этиш таклифи келиб тушмади”, - деган Сўўрўнбай Жээнбеков қирғизистонликларни "сиёсий бўшлиқ"дан огоҳлантириб, бу бўшлиқдан чиқиб кетиш зарурлигини урғулади.

Президент 5 октябрдан бери уч марта видеомурожаат билан чиқди. Бироқ унинг видеомурожаатлари норозилар ва мухолифат сиёсий партиялари томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.

Президент матбуот хизмати Сўўрўнбай Жээнбеков Бишкекда эканини иддао қилиб келмоқда. Лекин унинг аслида қаерда экани шу кунгача номалум.

7 октябрь куни ўтган митингда президент Сўўрўнбек Жээнбековга импичмент жорий қилиш масаласи янграган эди.

Парламент яна кворумга эга бўлмади

Парламент депутатлари Бишкекдаги меҳмонхоналарнинг бирида 7 октябрь куни кечқурун навбатдаги шошилинч йиғилишни ўтказди.

Депутат Рискелди Мўмбеков йиғилишда 40 депутат иштирок этганини Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди. Парламент мажлиси бўлиб ўтди, деб ҳисобланиши учун 120 депутатдан камида 61 нафари иштирок этиши лозим. Кворум бўлмагани сабабли депутатлар сиёсий инқироздан чиқиш масласида тегишли қарорларни қабул қила олмадилар.

Мазкур йиғилишда парламентнинг навбатдан ташқари сессиясини чақириш, Бош вазирликка номзодларни тавсия қилиш ва тасдиқлаш, президентга импичмент эълон қилиш масалалари кўриб чиқилди. Бироқ бу масаларда бир фикрга келинмади.

Мўмбеков айрим депутатлар қўрққанлари учун, айримлари эса ўз манфаатларидан келиб чиқиб, йиғилишга келмаганини айтди. 6 октябрда парламентнинг бир гуруҳи томонидан спикерликка сайланган Миқтибек Абдилдаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига “депутатлар бир-бир ярим сутка ичида тўлиқ йиғилишини ва сиёсий инқироздан чиқиш учун қарорлар қабул қилишини” билдирди.

Мухолифат парламентнинг 6 октябрдаги йиғилишида ҳам кворум бўлмаганини, шунинг учун парламентнинг 6 октябрда қамоқдан озод қилинган мухолифатчи Садир Жапаровни Бош вазир лавозимига тавсия қилиш қарори ноқонуний эканини билдирган.

7 октябрь куни Бишкек марказий майдонига йиғилган минглаб ёшлар эса ҳокимиятни ёшларга топширишни талаб қилиб, таниқли ёш тадбиркор Тилек Тўқтўғазиевни янги Бош вазир сифатида эълон қилди.

МСК аъзоси бир ой ичида янги сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши билдирди

Марказий сайлов комиссияси (МСК) бир ой ичида парламентга янги сайлов ўтказиладиган муддатни эълон қилади. Бу ҳақда матбуотга комиссия аъзоси Атир Абдурахматова билдирди.

Унга кўра, қайта сайловга 4 октябрдаги сайлов натижалари бекор қилинишига сабабчи бўлган партиялар киритилмайди.

“Сайлов натижаси бекор қилинишига қайси партиялар сабабчи бўлгани МСК томонидан ўрганилади. Кўнгиллиар томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган сайловдаги қонунбузарликларга оид барча фактларни йиғдик. Бундан ташқари МСКга бу борада аризалар келиб тушган. ИИВга, Бош прокуратурага ҳам шикоятлар қилинган”,-деди Атир Абдурахматова.

Норозилик намойишлари 4 октябрда ўтган парламент сайловида амалдаги президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков номзоди кўрсатилган “Биримдик” ва коррупцияга аралашгани айтиладиган Раимбек Матраимов оиласига мансуб "Мекеним Қирғизстан" ("Ватаним Қирғизистон") партиялари ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

5 октябрда милиция ва норозилар ўртасида тўқнашув содир бўлган ва норозилар оқибатда милиция қаршилигини енгиб, Оқ уйни эгаллаган эди. Марказий сайлов комиссияси норозилар босими остида сайлов натижаларини бекор қилди.

Мақола айни пайтда тўлдирилмоқда

XS
SM
MD
LG