Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:35

“Очиқча гаплашамиз" ва цензура: АОКА MY5ни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилган - расмий ҳужжат


Эфирдан узиб қўйилган кўрсатув
Эфирдан узиб қўйилган кўрсатув

Жорий йилнинг 1 августида “Mening yurtim”( MY5) телеканалининг “Очиқчасига гаплашамиз" кўрсатуви эфир вақтида узиб қўйилди.

Бунинг ортидан канал Бош директори Қобулжон Аҳмедов ишдан кетди. Аҳмедов “ўз ихтиëри билан ишдан кетгани”ни билдиришига қарамай, ижтимоий тармоқларда унинг истеъфоси “эфирдан узилган кўрсатув”га боғланди.

Озодликка етиб келган расмий ҳужжат - “Огоҳлантириш хати” ушбу тахминларга аниқлик киритади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тарафидан “Mening yurtim” каналига юборилган 2-2851 рақамли хатда бу кўрсатув давлат олиб бораëтган “ижобий ишлар ҳақида нотўғри тасаввур” уйғотиши айтилган.

АОКА MY5 га йўллаган "Огоҳлантириш хати"
АОКА MY5 га йўллаган "Огоҳлантириш хати"

АОКА “Очиқчасига гаплашамиз" кўрсатувидаги танқидий муҳокамани мамлакат “ахборот хавфсизлигига тахдид" дея баҳолайди.

АОКА ахборот хизмати вакили Аҳмад Юсуповнинг Озодликка билдиришича, кўрсатувнинг эфирдан узиб қўйилишига АОКАнинг алоқаси йўқ.

У АОКАнинг "Огоҳлантириш хати “цензура" эканини рад этди.

Юсуповнинг таъкидлашича, бу ”агентлик зиммасига юклатилган вазифа”.

MY5 лойиҳаларида қатнашаëтган мустақил журналист Зафар Солижонов АОКАнинг огоҳлантириши билан кўрсатувнинг эфирдан узилиши ва директорнинг ишдан олиниши ўртасида боғлиқлик борлигига шубҳа қилмайди.

Авж паллада узилган эфир

Жорий йилнинг 1 август оқшомида “Mening yurtim”( MY5) телеканалида “Очиқчасига гаплашамиз” кўрсатувини доимгидай Амирхон Умаров олиб борди. Мавзу ҳам одатий. Коронавирус оқибатларини бартараф этишга қаратилган ток- шоу форматидаги кўрсатув.

Кўрсатувда коронавирус билан курашаëтган шифокорлар учун 5969-сонли президент қарорида белгиланган устама мукофот пули тўланмаëтгани ҳақида сўз борди.

Кўрсатувда иштирок этаётган тошкентлик шифокор Азиз Бўтаев “пул тўлашга келганда ўзи чиқарган қонунни ўзи инкор қилиб ташлаяпти” дея эътироз бидиради.

Иштирокчилардан бири “33 миллионлик аҳоли саломатлиги учун” дея оғиз жуфтлаши билан эфир узилади. Шундан кейин эфирда “Ëшлар Иттифоқи”нинг тарғибот ролиги айлана бошлайди. Ортидан кўрсатув сеткасида бўлмаган кинофильм намойиши бошланади.

Бир вақтнинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида “эфирдан узилган кўрсатув” ҳақидаги муҳокамалар бошланди. Телеканал Бош директори Қобулжон Аҳмедов ишдан кетгани ҳақида хабар тарқалди.

“Mening yurtim”( MY5) канали ходимлар бўлими вакилининг Озодликка айтишича, Аҳмедов 8 август куни вазифасидан озод қилинган.

Танқид ва саволлар тўлқинида Қобулжон Аҳмедов Фейсбук саҳифасида “ўз ихтиëрига кўра лавозимни тарк этгани” ҳақида пост қолдиради.

Қобулжон Аҳмедов/Facebook
Қобулжон Аҳмедов/Facebook

Бу гапга жавобан мустақил журналист Зафарбек Солижонов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида мана бу гапларни ëзди:

“MY5 телеканалидан “Очиқчасига гаплашамиз” кўрсатуви эфир вақтида узилди. Кейин қўққисдан каналнинг Бош директори Қобулжон Аҳмедов ишдан кетди. Бугун Facebook'да ўз хоҳишимга кўра кетдим (бўлмаса комфорт жой - ўзи севган), хайрли бўлсин, деб пост жойлади. Лекин кўрсатув тақдири нима бўлган ва бошқа сабаблар айтилмаган...Мендаги маълумотларга кўра, ўша кунги кўрсатувга "қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўймаслик" моддаси асос қилиниб хат юборилган...”

Расмий хат

Зафар Солижонов тилга олган мактуб нусхаси Озодликда бор. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов имзолаган ва 2020 йилнинг 8 августида “Mening yurtim” телеканали таҳририятига юборилган “Огоҳлантириш хати” да “Очиқчасига гаплашамиз” кўрсатуви “жамиятнинг ахборот борасидаги хавфсизлигига таҳдид” экани таъкидланади. (Бу хат юборилган 8 август куни канал Бош директори Қобулжон Аҳмедов “ўз ихтиëри билан” ишдан кетади.)

Жиноий жавобгарлик

“Очиқчасига гаплашамиз" дастуридаги ҳолатлар давлатимиз томонидан олиб борилаëтган ижобий ишларга нисбатан нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлади. Бундай дастурнимг намойиш этилиши томошабинларнинг ижтимоий онгига салбий -руҳий таъсир кўрсатади.”

Мактуб давомида агентлик “Mening yurtim” каналини ҳуқуқий оқибатлардан огоҳлантиради.

  1. Телевидениени тарқатиш бўйича чекловлар киритиш;
  2. “Mening yurtim” телевидениеси фаолиятини суд қарори билан тўхтатиш;
  3. Мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ëки жиноий жавобгарлик.

Мактуб сўнггида “Mening yurtim” канали агентликка 10 кун ичида ëзма равишда тушунтириш бериши талаб қилинган.

Озодлик суҳбатлашган “Mening yurtim” канали ходимлар бўлими мулозими агентликка қандай жавоб ëзилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди. У фақат канал Бош директори Қобулжон Аҳмедовнимг 8 август куни ишдан кетганини айтиш билан кифояланди.

АОКА 'зиммасидаги вазифа'

АОКА ахборот хизмати вакили Аҳмад Юсуповнинг Озодликка билдиришича, кўрсатувнинг эфирдан узиб қўйилишига АОКАнинг алоқаси йўқ. Юсупов "Огоҳлантириш хати" цензура эмас, балки "агентлик зиммасидаги вазифа” дея таъкидлади.

“Кўрсатув эфирининг узиб қўйилишига АОКАнинг алоқаси йўқ. Бу ҳақдаги маълумотга ҳам эга эмасмиз. Уларга берилган хатда ҳеч қандай цензура бўйича гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Чунки агентлик ўзининг зиммасига юклатилган вазифани бажарган. “Очиқчасига гаплашамиз” дастури 2020 йил 1 август куни кечки эфирда намойиш этилган. Агентлик 5 августда мазкур кўрсатувни мониторинг қилиб, қонунга зид ҳолат аниқлангани сабабли телеканалга ёзма равишда огоҳлантириш юборган.

“Менинг юртим” телеканали томонидан Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси талабларига амал қилинмагани учун огоҳлантириш хати берилган. Ушбу моддада, қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Қонунбузилиш аниқлангани тўғрисида ОАВга огоҳлантириш юбориш қонунчиликда цензура ҳисобланмайди.

“Менинг юртим” телеканали агентлик огоҳлантириш хатига жавобан қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўймаслик борасида таҳририят ходимларига тушунтириш берилгани тўғрисида жавоб хати берган".

2019 йилнинг июнь ойида «Маҳалла» телеканалида узатилган «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатуви эфир тугамасдан узиб қўйилганди.

Халқаро матбуот ташкилотлари ўзбек матбуотида цензура, ўз-ўзини цензура ва журналистлар ҳамда блогерларга босимларнинг сақланиб қолаётганини айтишади.

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти шу йил апрелида эълон қилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 156 - ўринга қўйган.

Ташкилот мамлакатда вазиятнинг "ҳануз мураккаблигича қолаётгани"ни айтган.

"Юқори ҳокимиятни танқид қилиш ҳали ҳам мумкин эмас. Расмийлар оммавий ахборот воситаларини чеклайдиган зарур қонунчилик ислоҳотларини ўтказишга шошилмаяпти. Назорат, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳанузгача мавжуд бўлиб, ҳокимиятлар ОАВ устидан назоратни сезиларли даражада ушлаб турибди. Блогерларга ҳанузгача таҳдид қилинмоқда ёки ҳибсга олинмоқда", — дейилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG