Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Ëзувчилар шикоят қилганидан сўнг, улар сотиб олган янги уйларга уста тушди


Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев Ўзбекистон президенти Мирзиëевга ëзувчиларга атаб қурилган уйни кўрсатмоқда
Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев Ўзбекистон президенти Мирзиëевга ëзувчиларга атаб қурилган уйни кўрсатмоқда

Ўзбекистон президентининг 2016 йилги қарорига биноан қурилиб, ëзувчиларга жорий йилда имтиëзли кредитга берилган уйларнинг таъмирталаб эканлиги ҳақидаги шикоят ортидан бу уйларга уста тушди.

Бу ҳақда 11 сентябрь куни Озодликка Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг ширкати” вакили билдирди.

Ширкат вакили пандемия боис қурилиш чўзилганини, ëзувчилар тасарруфига ўтган уйларда санузел йўқлигини ва бошқа "жузъий камчиликлар"ни тан олди, уларни тугатиш учун усталар сафарбар қилинганини билдирди.

4 сентябрь куни олган янги уйи ремонтталаб эканлигидан шикоят қилган 20 дан зиëд ëзувчи Ўзбекистон президентига мактуб билан мурожаат қилган эди.

Мактубда ëзилишича¸ ëзувчилар имтиёзли ипотека кредитига сотиб олган янги уйларнинг “поллари қоқилмаган, газплита йўқ, унитаз, раковина каби сантехника ускуналари қўйилмаган, ҳатто деворлар сувоқ қилинмаган".

Мактубга Зулфия Мўминова¸ Даврон Ражаб¸ Амир Худойберди¸ Гўзал Бегим¸ Тўлқин Эшбеков каби шоир ва ëзувчилар имзо чеккан.

Шикоят хати
Шикоят хати

Озодлик шикоят мактубига имзо чекканлардан баъзилари¸ хусусан Гўзал Бегим Матëқубова билан гаплашди.

Ëзувчилар учун Тошкент шаҳар маркази (Халқлар дўстлиги саройига яқин жойда) қурилган уйдан квартира олган шоира Гўзал Бегим Матëқубова “шикоят аризасидан кейин усталар бригадаси келиб иш бошлаганини” тасдиқлади:

“Товуқ катаги каби уй. Ëтоқхонасининг эни 2 метру 40 сантиметр. Коридорга ўхшайди. Банк билан шартнома тузиб ўзимга ажратилган уйнинг бошланғич пулини тўлаганимизга яқинда икки ой тўлади. 4- уйдан квартирани олиб уйни тўлиқ ўз номимга расмийлаштириб ҳам олдик, энди эса банкка ойлик фоиз тўлашни бошладик. Шикоятда ëзганимиздек уй эмас бетон коробка олдик. деворларига гипсокартон қоқиб ташланган. Аммо шикоятдан кейин қимирлаб қолишди. Шу кунларда усталар келиб ишлаяпти”.

Ғафур Ғулом номидаги нашриëтда муҳаррир бўлиб ишлайдиган шоира таъмирталаб бўлса ҳам уй олганидан мамнун:

“Уй совға эмас, лекин яхши имтиёз қилиб берди давлат раҳбари. Беш йил 7 фоиз, кейин эса йилга 16 фоиздан. Йигирма йилга. Бошланғич тўлов 15 фоиз тўладик. Ўттиз йиллаб Тошкентда уйсиз яшаган ижодкорлар уйли бўлишди. Фақат қуйидаги амалдорлар масъулиятсизлиги туфайли бироз оворагарчилик бўлди. Лекин уй шаҳарнинг қоқ марказидан. Халқлар дўстлиги, Истиқлол санъат саройига яқин. Шаҳарнинг бу қисмидаги бошқа уйларнинг нархига таққослаганда арзонроқ тушди уй. Икки хонали олдим. Икки юз ўн икки миллион тўлашим керак 20 йил давомида”

"Феъли кенг шоирлар учун тор уй"

Дизайнер рассом Шуҳрат Ғолибов ëзувчи таниши олган уй бу нархга арзимаслигини айтади:

“Уйни бориб кўрдим. Бир танишим олган эди. "Хрушчевка" уйларнинг ўлса ўлиги ортиқ. Товуқ катагидек квартиралар. Бир ёқ томони Камолон мозорига қараган. Уйинг тор бўлса ҳам феълинг кенг бўлсин деган мақолга яраша уй”.

Кўзбўямачиликми ?

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан бири¸ исми айтилишини истамаган ëзувчи Озодликнинг бу масалани кўтарганини билиб, бир нечта расм юборди. Биринчи расм Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайти ва бошқа нашрларда эълон қилинган. Расмда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ëзувчиларга берилган яхши жиҳозланган квартирани кўздан кечирмоқда. Матбуотда ëзилишича, расмда тўртинчи рақамли уй тасвирланган. Озодликка мурожаат қилган ëзувчи айни шу тўртинчи уйдаги квартира суратини юборди.

Ëзувчилар уй берилган уй ошхонаси
Ëзувчилар уй берилган уй ошхонаси

“Бу икки расмни солиштиринг. Шаҳар ҳокими Ортихжўжаев Ўзбекистон президенти Мирзиëевга уйни кўз-кўз қилмоқда Орқада уюшма вакили Сирожиддин Сайид ҳам турибди. Бу расмни кўриб айни уйдан квартира калити олганимга севиниб кетган эдим. Аммо уйни кўриб хафсалам пир бўлди. Ортиқхўжаев уй жиҳозларини вақтинча ўрнатиб, кейин олиб кетганлигига ишонаман. Аммо наҳотки девордаги гулқоғозни ҳам кўчириб кетган бўлса. Бу қадар кўзбўямачиликни ижодкорлар кўрмайди деб ўйлашдими”, дейди ëзувчи.

Шоирпарвар президент

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев лавозимга ўтирган илк давридаëқ шоирларга алоҳида эътибор қаратди.

Шоир Абдулла Ориповнинг жанозасида қатнашди. Каримов даврида тақиққа тушган шоира Ҳалима Худойбердиевани орден билан тақдирлади.

“Шоирларга уй берилса улар яхши ижод қилади” деган эди президент Мирзиëев 2016 йилги селектрор йиғилишида. 2016 йил 22 ноябрда президент имзо чеккан ПК – 2660 қарори ëзувчиларга шароит яратиш борасидаги илк қадам бўлди.

2017 йил 23 октябрдаги ПК-3350 сонли қарор ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 июндаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2020 йил 28 январдаги 37-Ф сонли фармойиши ва «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлар ҳам шу сирага киради.

Шу қарорлар асосида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қурилиши бошланди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 12 июндаги “Тошкент шаҳрида барпо этилаётган уйларни қуриш ва ободонлаштириш ҳамда расмийлаштириш ишларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида ëзувчилар учун ажратилган ушбу уйлардаги қурилиш ишларини жорий йилнинг 15 июлига қадар якунлаш вазифаси белгиланган эди.

Бироқ ëзувчиларга атаб 2016 йилда қуриш бошланган уйларнинг фақат бир қисми битди. "Битди "дея фойдаланишга топширилганлари ҳам уй эгаларининг айтишича, ремонтталаб.

Бу уйларни қураëтган Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг " ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда муаммоларга тўғри ëндошилиб, уйларнинг косметик таъмири ниҳоясига етказилишини ваъда қилди.

XS
SM
MD
LG