Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:52

Водий вилоятлари ҳокимлари битирувчиларни тилхат, маълумотнома ва сертификатлар ёрдамида иш билан таъминламоқчи


Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов матбуот брифингида бир неча битирувчига сармоя сифатида кредит олиши учун сертификатларини топширди. (Расмий сайтдан олинган сурат)
Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов матбуот брифингида бир неча битирувчига сармоя сифатида кредит олиши учун сертификатларини топширди. (Расмий сайтдан олинган сурат)

Фарғона вилоятида мактаб директорлари битирувчилардан ўқишга ҳужжат топширгани ҳақида тасдиқнома талаб қилмоқда. Ўқишга ҳужжат топширмаган мактаб битирувчилари эса ишга жойлашгани тўғрисида маълумотнома тақдим этиши керак.

Мактаб раҳбарлари бу иш ёшларнинг бекор қолиб кетиши олдини олиш мақсадида ҳокимликларнинг топшириғи асосида қилинаётганини айтишди.

Бир кун олдин Озодлик Наманган вилоятининг барча мактабларида йиғилишлар ўтказилиб, ота-оналардан "фарзандим ўқишга киролмаса ёки ўқиш контракт пулини тўлай олмасам, уни иш билан машғул қилишга кафолат бераман", деган мазмунда тилхатлар ёздириб олинаётгани ҳақида хабар берган эди.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бир неча битирувчига сармоя сифатида кредит олиши учун сертификатларини топширгани ҳақида ҳокимлик расмий сайтида маълум қилинди.

Бу ишлар Ўзбекистон презденти Шавкат Мирзиёев 14 июлда бўлиб ўтган видеоселектор мажлисда ҳокимлар мактаб битирувчилари бандлиги масаласи билан қизиқмаяпти, дея танқид қилгани ортидан бошланган.

Қўқондаги 30- мактабни бу йил битирган Аҳрор (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди) мактаб раҳбарияти у ва собиқ синфдошларидан ўқишга ҳужжат топширгани ҳақида тасдиқнома талаб қилганини айтди.

Аҳрорга кўра, ўқишга ҳужжат топширмаганлар мактаб раҳбариятига ишга жойлашгани ҳақида маълумотнома олиб келиб бериши керак:

- Душанба куни ҳаммага бу ҳақда айтилди. Ё ўқишга ҳужжат топширганлик ҳақида ё ишга жойлашганлик ҳақида справка. "Шаҳар ҳокимиятидан шуни талаб қилишяпти", деб айтишди. "Мен ўқишга ҳужжат ҳам топширмадим, ишга ҳам жойлашмадим, чунки иш йўқ, нима қиласизлар?" десам, "ҳокимлик иш топиб беради", дейишди. Буёғига ҳеч ким бекор юрмаслиги керак экан.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридан бўлган мактаб битирувчиси Озодлик билан суҳбатда дуруст иш йўқлигидан баъзи синфдошлари таниш-билишларини ўртага солиб ишга жойлашгани ҳақида сохта справкаларни тақдим этишганини айтди:

- Ҳамманинг ўқишга киришга қурби етмайди. Ўқишга ҳужжат топширмаганлар ҳозирдан ишга жойлашиши ёки бирон ишнинг бошини ушлаши керак, дейиляпти. Шунга кимнинг бизнесмен таниши бўлса, фирмамга ишга олдим, деб справка ёздириб олиб келиб беряпти. Шуни булар ҳокимликка топширади. Ҳокимликлар мана шунча битирувчи ишга жойлашди, деган маълумотни тепага юборади. Муаммо ҳокимлар учун ҳал, лекин аслида ҳал эмас.

Озодлик суҳбатлашган мактаб директорлари бу иш битирувчилар ўқишга киролмаса, ишсиз қолиб кетмасин, деган мақсадда, маълумот тўплаш учун қилинаётганини айтишди.

Қўқондаги мактаблардан бирининг директори Озодликка бундай деди:

- Ҳозир ҳар бир битирувчининг аҳволини ўрганяпмиз. Мактабни битирди, буёғига нима қилади? Ҳокимликда шу масала кўтарилди. Ҳар бир ўқувчининг вазияти ўрганилсин, ўқишга киролмаса ишласин, иш тополмаса ёрдам берамиз, дейишяпти. Бу ёшлар бекорчи бўлиб қолмасин, деб уларни ўйлаб қилиняпти.

Озодлик билан суҳбатда бўлган мактаб директорлари бу Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан қилинаётганини айтишди.

Аммо, Фарғона вилоят ҳокимлигидан бу ҳақда ҳозирча изоҳ олиб бўлмади. Озодлик мухбири вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовнинг қўл телефонига кун давомида қўнғироқ қилди, лекин у телефонни кўтармади.

Бир кун олдин Озодлик Наманган вилоятининг барча мактабларида йиғилишлар ўтказилиб, ота-оналардан "фарзандим ўқишга киролмаса ёки ўқиш контракт пулини тўлай олмасам, уни иш билан машғул қилишга кафолат бераман", деган мазмунда тилхатлар ёздириб олинаётгани ҳақида хабар берган эди.

Андижонда эса вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мактабларга бориб, битирувчилар бандлигини таъминлаш, уларга ўзлари эгаллаган касб-ҳунар йўналишида мустақил иш юритишлари, сармоя сифатида кредит олиши учун сертификатларини топширгани ҳақида ҳокимлик расмий сайтида маълум қилинди.

Унда айтилишича, Абдураҳмонов 14 нафар 11-синф битирувчисига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 5 миллион сўмдан кредит сертификатларини берган.

Ҳокимлик расмий сайтида ҳозирда 10 470 нафарига ҳунарни ривожлантириш учун ҳамда 5 530 нафарига тадбиркорлик билан шуғулланиш учун жами 42,3 млрд. сўм маблағ ажратилиб, битирувчиларга тез фурсатларда берилиши айтилган.

Facebook саҳифасида эълон қилинган бу ҳақдаги хабарлар остидаги изоҳларда эса кредит бериш ҳокимни вазифасими? Ҳар бир банкнинг ишику. Ҳокимнинг банк кредит беради¸ деб сертификат тарқатишга ҳаққи борми? Банк ўқишга кирмайдиган ҳар бир битирувчига 5 млн. сўмдан бериши керакми? Бу пулни бола нима қилади¸ қандай қайтаради? каби саволларни ўқиш мумкин.

Озодлик бу саволлар юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбут хизматидан изоҳ ололмади.

Фарғона, Андижон, Наманган вилояталарида "мактаб битирувчилари бандлиги масаласига эътибор" Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ойги танқидий чиқиши ортидан кузатилмоқда.

Ўзбекистон презденти Шавкат Мирзиёевнинг 14 июлда бўлиб ўтган видеоселектор мажлисда ҳокимлар мактаб битирувчилари бандлиги масаласи билан қизиқмаяпти, дея танқид қилган эди.

– Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми? – деган эди Мирзиёев.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига қаралса бу йил умумтаълим мактабларини 450 мингдан зиёд ўғил-қиз тамомлаган.

Ўзбекистон олий ўқув юртлари эса шуларнинг 9 фоизини, касб-ҳунар коллежлари 11 фоизини қабул қила олади.

Францияда яшовчи ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов ишсизликни маъмурий буйруқбозлик йўли билан ҳал этиб бўлмаслигини айтаркан, бундай деди:

- Ишсизликни бунақа буйруқбозлик йўли билан ҳал этиб бўлмайди. Иш билан таъминлаш эмас, ишчи ўрни яратиш керак. Ишчи ўрни яратилса ёшлар ўзлари шуни топиб олади. Ишсизлик ҳар бир жамиятда бор нарса, нормал холат. Каердадир кўп қаердадир оз. Иккинчидан Ўзбекистонда иш билан таъминланди дегани, ижтимоий муаммо ҳал бўлганини англатмайди. Чунки ойликлар истеъмол саватчасига солиштирганда жуда оз.

Озодлик билан суҳбатда бўлган мактаб битирувчилари ҳам ойлик озлиги учун ҳокимликлар ваъда қилаётган ишларга ариза топширишга шошмасликларини айтишади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг шу йил май ойида эълон қилган ҳисоботига кўра, мамлакатда 2020 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG