Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:52

Хўжаободлик депутатлар туман ҳокимининг “жиноий ҳаракатлари”ни тўхтатишни сўраб президентга мурожаат қилди


Андижон вилояти Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов(чапда) депутатлар томонидан жиддий қонунбузарликларда айбланмоқда.
Андижон вилояти Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов(чапда) депутатлар томонидан жиддий қонунбузарликларда айбланмоқда.

Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашининг 7 депутати туман ҳокими Отабек Расулов “ва унинг атрофига уюшган ғаламислар томонидан содир этилаëтган жиноий ҳатти-ҳаракатлар”ни тўхтатишни сўраб Ўзбекистон президентига расман мурожаат қилди.

Президент билан бир пайтда айни мактуб нусхаси Бош вазир¸ Бош прокурор¸ Сенат¸ ДХХ¸ Ҳисоб палатаси¸ Солиқ қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раисларига ҳам юборилган.

Мактубга қўл қўйган андижонлик депутатлар ҳоким ва унинг атрофидагиларни учта йўналишда жиноят содир этаëтганликда айблаган.

Озодлик гаплашган хат муаллифлари¸ уни ислоҳотларнинг жойларда нима учун амалга ошмаëтганидан президентни хабардор қилиш мақсадида ëзгани ва ҳокимга қўйилган айбловларни исботлаш учун етарли далиллар мавжудлигини билдирди.

Хўжаобод ҳокими қўл телефони кун давомида ўчиқ қолгани боис¸ Отабек Расуловнинг ўзидан депутатлар хатига изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Ҳокимнинг 1-ўринбосари Икромжон Тешабоев хатда ëзилганларни “ëлғон ва туҳмат” деб атади.

Президентга мактуб нима ҳақда?

Озодликка нусхаси 24 август куни келган саккиз саҳифалик мурожаатга Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашининг 7 депутати¸ шунингдек¸ тумандаги тўртта маҳалла фуқаролар йиғини раислари қўл қўйган.

Ўн кунча олдин Тошкентдаги адресатларга юборилган мактубда депутат ва маҳаллақўмлар туман ҳокими Отабек Расулов ва у тайинлаган маҳаллий амалдорларга уч йўналишда жиддий айб қўйган.

“1.Давлат мулкини талон торож қилиш¸ ер сотиш¸ бюджет маблағларини ноўрин сарфлаш; 2.Кадрлар сиëсатидаги шошқалоқлик¸ тадбиркорларни қўллаб қувватлаш ўрнига уларнинг равнақи ва тараққиëтига тўсқинлик қилиш; 3. Ҳокимнинг беҳаëлиги¸ муомала маданиятидан бехабарлиги”.

Мактубда ҳоким Отабек Расуловга қўйилган бу айбловларни тасдиқлаши айтилган қатор мисоллар келтирилган.

Улар орасида ўнлаб гектар суғориладиган экин ерлари ва боғларни ноқонуний равишда уй-жой қуриш учун пуллаш¸ камбағалларга қурилган уйларнинг 80 фоизини ўз қариндош ва танишларига бериш¸ туман марказидаги қиммат ерларни очиқ савдога қўймасдан ўз қариндошларига расмийлаштириш ва бу ишларда минглаб доллар пора олиш иддаолари бор.

Туман ҳокимининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари орасида¸ 2019 йилги сайлов жараëнида номзодлар расмий рўйхати матбуотда чиқишидан бир кун олдин сиёсий партияларга тазйиқ ўтказиб¸ ўз одамларини рўйхатга киритганлик¸ бу билан сайловга оид қонунчиликни очиқ бузганлик айблови ҳам бор.

Мактубнинг сўнгги саҳифасида халқ вакиллари президентдан туман ҳокими ва унга бўйсунувчи идора раҳбарларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини текшириб чиқиш учун республика махсус ишчи гуруҳи тузиш ва унга ўзларини ҳам жалб қилишни сўраган.

Депутатлар нега президентга мурожаат қилди?

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг оддий ўзбекистонликларнинг жойларда ҳал бўлмаëтган муаммолар¸ адолатсизлик ва қонунсизлик бўйича президентга мурожаат¸ хусусан¸ видеомурожаат билан чиқиши урфга айланди.

Аммо хўжаободлик депутатларнинг бу мактуби¸ вакиллик органи намояндаларининг Озодликка маълум бўлган¸ президентга илк расмий мурожаатидир.

“Пичоқ бориб суякка қадалди”¸ дейди Озодликка бу мактубга қўл қўйган депутатлардан бири.

Президентга юборилган мурожаатга қўл қўйганлардан бири¸ Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгаши депутати¸ 50 яшар тадбиркор Қобилжон Мамадалиевдир.

Озодлик билан 24 август кунги суҳбатда бу депутат¸ тумандаги коррупцияга қарши чиқиш қилган ўзи каби депутатларга босим бошлангани¸ ҳоким уларни халқ олдида обрўсизлантириш ва ҳақоратлашга киришганидан сўнг¸ шундай мурожаат билан чиқишга мажбур бўлганини айтади.

-Президентнинг сиëсатига лаббай деб¸ халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини¸ оддий халқнинг муаммоларини кўтариб юрган оддий одаммиз бир. Шахсан мен фақат адолат орқасидан президентга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Чунки президент сиëсатига ишонамиз¸ президент олиб бораëтган жойлардаги ҳолатга ишонамиз биз.

Вилоят ҳокимлигининг хатга бевосита ва билвосита муносабати

Озодлик гаплашган мактуб муаллифларига кўра¸ Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг оилавий яқинларидан бири.

Мактубга республика идораларидан реакция бошланиши билан 23 август куни туманга Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов келган.

Вилоят ҳокими арзчи депутатлар билан учрашиш ўрнига кам таъминланганлар учун қурилаëтган уйларни¸ ҳали битмаганига қарамай¸ камбағалларга намойишкорона топшириб кетган.

Шуҳрат Абдураҳмонов 23 август куни кам таъминланган хўжаободликлардан 15 тасига уй бериб кетди.
Шуҳрат Абдураҳмонов 23 август куни кам таъминланган хўжаободликлардан 15 тасига уй бериб кетди.

Президентга ëзилган мактубда¸ айнан 2 сотихлик шундай ҳовлиларнинг камбағаллар қолиб¸ ҳокимнинг ўз одамларига тарқатилгани ëзилган.

Айни пайтда¸ 23 август куни мактуб муаллифлари билан Абдураҳмоновнинг кадрлар бўйича ўринбосари гаплашган ва арзчилар ўз шикоятлари мазмуни¸ нима учун Тошкентга мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтиб берган.

Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов (ўртада¸ чапдан ўнинчи) 2019 йили сайланган Халқ депутатлари туман кенгаши аъзолари билан.
Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов (ўртада¸ чапдан ўнинчи) 2019 йили сайланган Халқ депутатлари туман кенгаши аъзолари билан.

Бу йиғилиш сўнгида¸ унга туман ҳокими Отабек Расулов ҳам киритилган ва депутатларни беҳаë сўзлар билан ҳақоратлагани учун “президент¸ халқ ва депутатлардан кечирим сўраган”. Вилоят ҳокими ўринбосари туман ҳокимининг бундан сўнг “яккаҳокимлик қилмаслиги”¸ кадрлар танлашда депутатлар билан ҳисоблашиши”ни айтиб¸ томонларни муросага келтиришга уринган.

Битта кечирим билан иш битдими?

Озодлик гаплашган хўжаободлик депутатлар¸ ҳокимнинг ўзларига қилган ҳақоратларини кечиришга тайëрлиги¸ лекин мактубда келтирилган айбларни текшириш сўровидан қайтмаслигини билдирди.

Хусусан¸ тадбиркор депутат Қобилжон Мамадалиев мурожаатдан воз кечиш¸ ундаги факт ва маълумотларни “ëлғон”га чиқаришга уринишларини тасдиқлаш бўлишини айтади.

- Хатни қайтариб олишга ваколатимиз йўқ. У ерда айтилганларнинг қонун доирасида юқори турувчи органлар томонидан текширилишини сўраймиз. У ерда айтилганлардан қайтмаймиз¸ қайтсак¸ ўзимиз туҳматчи бўлиб қоламизку!

Маҳаллий депутат Қобилжон Мамадалиевнинг Озодликка айтишича¸ президент ва мамлакатнинг бошқа юқори даражали амалдорларига юборилган мактубга Тошкентдан ҳам муносабат билдириш бошланган.

- Бош прокуратурадан вилоят прокуратурасига ўрганиш учун ишчи гуруҳи келган. Биздан керакли ҳужжатларни сўраганда¸ ҳамма депутатлар ҳақиқатан қўл қўйганини тасдиқлаб¸ ноқонуний берилиб кетган ерлар¸ фуқароларнинг муаммолари ечилмагани бўйича¸ тумандаги барча жабҳаларда президент сиëсатига бўлаëтган қарши ишларга муносабат билдирилган аризамизни одилона ўрганишни сўрадик.

Айни пайтда¸ депутатларнинг президентга мурожаатда сўралган асосий талаби - туман ҳокими бошчилигида қилинган ноқонуний ҳаракатларни текшириш учун республика ишчи гуруҳи ташкил этилганига оид маълумот йўқ.

Ҳоким ва унинг командаси нима дейди?

Хўжаободлик халқ вакилларининг туман ҳокими Отабек Расуловни жиноий ҳатти-ҳаракатларда айблаб¸ президент ва мамлакат бошқа раҳбарларига қилган мурожаатини ўрганиш давомида Озодлик Расуловнинг ўзи билан гаплашишга уринди.

24 август кун давомида ҳокимнинг қўл телефони ўчиқлиги боис¸ Расулов билан боғланиб бўлмади.

Ҳокимнинг 1-ўринбосари Икромжон Тешабоев¸ туман халқ депутатлари кенгаши 7 нафар депутатини “ëлғончилик”да айблади:

- Бу энди ëлғон нарса¸ туҳмат. Бир қатор ўрганишади энди. Кеча гаплашиб олинди. Кеча ҳокимнинг ўзи депутатларни қўйиб¸ тўплаб анаши хат бўйича бирма-бир ўтириб гаплашилди. Бу гапларни вақт кўрсатади¸ худо хоҳласа. Депутатлар билан бирга ўрганишаяпти.

Туман ҳокимининг ўнг қўли экани айтилган 1-ўринбосар Озодликнинг бошқа саволларига “ҳозир бир жойда эдим¸ саволингизга чиққандан кейин жавоб беришим мумкин” деб¸ алоқани узиб қўйди. Кун давомида қилинган бошқа қўнғироқларга Тешабоев жавоб бермади.

Ўзбекистонда ҳокимлар ҳам ижроия¸ ҳам қонунчилик ҳокимияти устига қўйилган “яккаҳоким”

Мамлакат Конституциясининг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”¸ дейилади.

Айни пайтда¸ амалда ижроия ҳокимияти намояндаси бўлган вилоят¸ шаҳар ва туман ҳокимлари вакиллик (қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг қуйи бўғини) тизимини ҳам бошқаради – ҳоким халқ томонидан сайланадиган маҳаллий депутатлар кенгашининг тайинланадиган раисидир.

Туман ҳокими ва унинг ваколати ҳақида Хўжаобод туман ҳокимлиги расмий сайтида ëзиб қўйилган маълумот.
Туман ҳокими ва унинг ваколати ҳақида Хўжаобод туман ҳокимлиги расмий сайтида ëзиб қўйилган маълумот.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 2019 йил май ойида қабул қилинган янги таҳририда¸ “ҳокимлар Президент ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар”¸ дейилганига қарамай¸Озодлик гаплашган депутат ва кузатувчилар фикрича¸ амалда улар фақат юқори турувчи ҳоким ва президентдан бошқани тан олмай қўйган.

Президент Мирзиëевнинг“ҳоким менинг вакилим¸ унга текканнинг погонини ўзим юлиб ташлайман” деган баëнотидан сўнг¸ Озодликка келаëтган маълумотларга қараганда¸ ҳокимлар қонундан устун турувчи тоифага айланган.

Ҳокимлар бедодлиги ҳақидаги кўпайиб кетган танқидлар фонида жорий йил февралида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева¸ ҳокимларнинг вакиллик органлари устидаги ҳукмронлигига барҳам бериш лозимлигини айтган эди.

Айни пайтда вакиллик ва ижро органининг раҳбари ҳоким. Вақти-соати келиб, бу иккаласи ажратилади. Ҳозирча ҳоким вакилларга кўпроқ эркинлик бериши лозим. Бўлмаса, ҳоким нима деса, депутатлар қўл кўтариб ўтираверади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG