Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Азимжон Асқаровнинг жасади яқинларига топширилди


Азимжон Асқаровнинг жасади ортилган микроавтобус, Бишкек, 2020 йил 30 июли.
Азимжон Асқаровнинг жасади ортилган микроавтобус, Бишкек, 2020 йил 30 июли.

Бишкекдаги 47-колонияда жон таслим қилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг жасади рафиқаси Хадича Асқаровага топширилди.

Асқаровнинг яқинлари майит аввал Ўшга етказилиши, сўнгра Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятига олиб кетилишини маълум қилганлар.

Аввалроқ ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Хадича опа Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида Азимжон Асқаров умрининг охиригача адолат қарор топиб, озодликка чиқишига ишонганини айтган.

Азимжон Асқаровнинг жасади рафиқаси Хадича опага топширилган.
Азимжон Асқаровнинг жасади рафиқаси Хадича опага топширилган.

Азимжон Асқаров ўзини фарзандлари яшаган жойда дафн этишни васият қилган. Улар айни пайтда Ўзбекистонда истиқомат қилишади.

Аввалроқ Азимжон Асқаровнинг жамоатчилик асосидаги ҳимоячиси, Voice of Freedom жамоатчилик жамғармаси раҳбари Абдумўмин Мамараимов ҳуқуқ фаолининг жасадини Ўзбекистонга жўнатишга ҳозирлик кўрилаётганини маълум қилганди.

Рухсат берилди. Ҳозир жасадни тайёрлашяпти”, деган А. Мамараимов.

Қирғизистон ва Ўзбекистон дипломатлари ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг майитини Ўзбекистонда дафн этиш масаласи бўйича музокара олиб борганларини 30 июль куни Озодликнинг қирғиз хизматига Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билдирган.

ТИВ маълумотига кўра, Асқаров оиласининг мурожаати билан боғлиқ ҳолда музокара олиб борилиб, пировардида уларнинг илтимосини қондириш ва жасадни етказишда санитария-эпидемиология қоидаларига оғишмасдан риоя қилишга келишиб олинган.

Ундан аввал “Бир дуйно - Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Тўлақан Исмаилова Қирғизистон томони қамоқхонада вафот этган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг жасадини Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишга ҳали ҳам рухсат бермагани ҳақида маълум қилганди.

Ўзбекистон элчихонаси илк кунданоқ Асқаровнинг рафиқасига реанимобиль ажратишга ва чегарадан ўтгандан кейин кузатиб боришга тайёрлигини билдирган. Қирғиз томонидан ҳали ҳам жавоб йўқ, кутяпмиз. Асқаровнинг рафиқаси яқинда инфарктга чалиниши мумкин бунақада”, деганди Т. Исмаилова.

Озодликнинг қирғиз хизмати бу борада изоҳ сўраб ТИВга 28 ва 29 июль кунлари мурожаат қилган, бироқ жавоб ололган эмас.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 69 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 25 июль куни 47-колонияда вафот этган. Жазони ўташ давлат хизмати у 24 июль куни “ўнг томон пневмонияси” ташхиси билан 19-колониядан олиб келинганини маълум қилган.

Ҳуқуқ фаолининг вафотидан сўнг қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийлари номига танқидий фикрлар билдириб, Асқаровнинг ўлими билан боғлиқ вазият юзасидан суриштирув ўтказишга чақирган.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG