Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Самарқандда алимент тўламагани учун ушланган 34 яшар эркак ИИБ ҳибсхонасида ўлди


Самарқанд вилоят, Қўшработ туман, Қўрғон МФЙ ҳудудидаги Навбаҳор қишлоғида яшаган 34 яшар Ориф Назаров туман ички ишлар бўлимида вафот этди.

5 июль куни жасади оиласига топширилган Назаровнинг ота-онаси унинг ИИБдаги калтакланишдан ўлганини айтмоқда.

Озодлик гаплашган Самарқанд вилоят ИИБ мулозими эса¸ алимент тўламагани учун қидирувга берилган Назаровнинг “юрак хуружи”дан ўлганини иддао қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодлик сўровидан бир неча соат ўтиб маҳаллий матбуотга берган баëнотга кўра¸ маҳбус 4 июль куни туман ҳибсхонасида "тутқаноқ"дан ўлган.

Ўзбекистон ички ишлар тизимида қўлга олинган ва сўроқ қилинганларга нисбатан жисмоний босим кўрсатиш¸ хусусан¸ қийноқ қўлланилишининг жиддий муаммо эканини ўтган ой охирида президент Мирзиëев ҳам тан олган ва бу жараëнни тўхтатишга қаратилган ҳужжат ва қарорлар чиқарган.

Шунга қарамай¸ ИИБ ҳибсхонасида қийноқлар қўлланилаëтгани¸ хусусан¸ уларнинг маҳбус ўлими билан тугаëтгани ҳолатлари¸ расмийларнинг ўз эътирофича¸ кўпайишда давом этмоқда.

"Ўғлимизни ИИБда уриб ўлдиришди"

8 июль куни Озодликка Ориф Назаровнинг ўлими ҳақида хабар юборган яқинлари¸ бу фожианинг қачон ва қандай содир бўлгани ҳақида ҳозиргача ўзларига ҳеч ким аниқ расмий маълумот бермаганини билдирди:

-5 июль¸ якшанба куни участковой мени Қўшработ ИИБсига чақираяпти. Борсам¸ 2-этаждаги биттаси¸ ўзини таништирмай туриб¸ акам ҳақида сўроқ-жавоб қилди. Жуда қўпол оҳангда¸ худди жиноятчи билан гаплашгандек гаплашди. Нима гап десам¸ акангни алимент тўламагани учун ушлашганда¸ тили орқага тортиб ўлиб қолди дейди. Қачон¸ қаерда¸ қандай ўлди¸ бошқа бирор маълумот беришмади.

Марҳумнинг укаси Маъруф Назаров бу хабардан ота-онаси бутунлай шокка тушгани¸ улар нима бўлганини англамай туриб¸ ўликни кўмишга мажбур бўлишганини айтаркан, бундай деди:

-Акамнинг икки оиласи ҳам ўхшамаган. Иккаласидан учта боласи бор. Ишсиз эди¸ баъзида менинг ëнимда савдога ëрдам бериб юрарди¸ асосан¸ Самарқанд шаҳрига бориб¸ мардикорчилик қиларди. Бир ойча олдин яна Самарқандга кетганди. Уни шаҳарда¸ мардикор бозорда ушлаб¸ Қўшработга олиб келишган. Участковойнинг гапига қараганда¸ у Қўшработга келганда тирик бўлган. Қачон олиб келишган¸ қачон¸ айнан қаерда ўлган¸ ҳеч нарсани билмаймиз. Ўлгандан кейин экспертизага яна Самарқандга олиб кетишган¸ бизга хулосасини беришмади. Ўликни 5 июлда қўлимизга тутқазишди¸ ўша куниëқ кўмдик.

Озодликка юборилган видеомурожаатда марҳумнинг яқинлари ИИБдан ўлиги чиққан 34 яшар Ориф Назаровнинг ўз ажали билан ўлганига ишонмасликларини айтади. Хусусан¸Ориф Назаровнинг соппа-соғ бўлганини таъкидлаган отаси Қўшработ туман ИИБсини ўғлини "уриб ўлдирганлик"да айблади.

ИИБда ўлган Ориф Назаровнинг отаси ўлим юзасидан адолатли текширув ўтказилишини сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:37 0:00

ИИБ нима дейди?

Озодлик 8 июль куни Ориф Назаров ўлими тафсилотларига ойдинлик киритиш мақсадида ўлим тафсилотларига бевосита алоқадор маҳалла участка нозири Ҳасан Ашуров билан боғланди. Саволни эшитиши билан мобиль телефонини ўчириб қўйган нозир¸ кейинги қўнғироқларга умуман жавоб бермади.

Самарқанд ИИБнинг Озодлик билан шахси очиқланмаслик шарти билан гаплашган мулозими Ориф Назаровнинг алимент тўламагани учун қидирувга берилгани ортидан ушлангани ва ИИБ ҳибсхонасида ўлганини тасдиқлади.

Биринчидан¸ у қидирувдаги шахс бўлган. Ўлим сабаби юрак хуружи, шу вақтнинг ўзида “Тез ёрдам” чақирилиб¸ муолажаларга қарамай вафот этган. Юрагида муаммо бор экан аслида. Ҳар бир вафот этган шахс экпертизадан ўтказилади. Агарда ходимларнинг айби бўлганида¸ прокуратура зудлик билан жиноят иши очар эди. Жиноят иши очилгани йўқ”¸ деди Самарқанд ИИБсининг воқеа тафсилотидан бевосита хабардор мулозими.

У маҳбуснинг ИИБдаги калтак оқибатида ўлгани ҳақида оиласи билдирган иддаони рад қилишга уринди:

Хавотир олманг¸ бу Андижондаги ҳолатга ўхшаш эмас (Андижон ИИБсида 30 май куни маҳбуснинг қийноқлардан ўлгани назари тутилмоқда -таҳр.) Самарқанд ИИБсида қийноқ қўллайдиган ходимлар йўқ”.

ИИБ мулозими Ориф Назаров ўлими юзасидан Қўшработ туман прокуратураси терговгача суриштирув ўтказаëтгани¸ бошқа маълумотлар¸ хусусан¸ ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосасини ҳам прокуратурадан сўрашни тавсия қилди.

Прокуратура баëноти

Озодлик 8 июль куннинг биринчи ярмида Бош прокуратура матбуот хизматига Қўшработ туман ИИБсида сўроқ пайтида содир бўлган ўлим ҳолати бўйича маълумот сўраб мурожаат қилди.

Куннинг иккинчи ярмида маҳаллий нашрларда пайдо бўлган Бош прокуратура баëнотида¸ Ориф Назаровнинг ҳибсхонада тутқаноқдан ўлгани айтилди.

Баëнотга кўра¸ Назаров вояга етмаган фарзандларига алимент тўламаганлик учун Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди ажрими билан 2020 йил 13 май куни қидирувга берилган.

Прокуратура баëнотида ëзилишича¸ Назаров 2020 йил 2 июлда ушланиб, Қўшработ туман ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган ва 4 июлда соат 21:00 лар атрофида тўсатдан вафот этган.

"Марҳум О.Н. 4 июль куни соат 10:00 ларда кўзларига турли нарсалар — илон, чаёнлар кўринаётганини айтиб, ҳибсхона ходимига шикоят қилган. Шундан сўнг туман тиббиёт бирлашмаси психиатр-наркологи У.Абдувоҳидов ҳибсхонага чақирилган. У беморга сурункали алкоголизм, абстинек синдроми ташхисини қўйиб, 2 маҳал «Галоприл» таблеткасини беришни тавсия қилган.

О.Н. ҳибсда сақланаётган ҳужра кузатув камералари видеоёзувлари кўздан кечирилганида ҳам беморда талваса кузатилгани маълум бўлган. О.Н.нинг яқин қариндошлари ҳам унда олдиндан тутқаноқ касаллиги бўлгани, у аввал тез-тез бу каби талваса ҳолатларида бўлганини билдирган. Мурда мутахассис иштирокида текширилганида ҳам тананинг ташқи тарафида тан жароҳатлари аниқланмаган"¸ дейилади Бош прокуратура баëнотида.

Бош прокуратура баëнотидан сўнг Озодлик қайта боғланган марҳум яқинлари¸ Ориф Назаровда тутқаноқ касали бўлгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

"Биз бунақа гапни айтмаганмиз"¸ деди марҳумнинг укаси.

Маҳбуснинг уриб ўлдирилгани ҳақидаги тахминлар қанчалик асосли?

Ориф Назаров оиласи марҳумнинг дафн қилинишдан олдин олинган видеосини Озодликка тақдим қилди. Бу видеода марҳум танасида бўйнидан то қорин пастки қисмигача қилинган вертикал тикиш борлиги¸ ўнг қулоғи орқасига ҳам шундай тикиш тушгани ва ундан қон сизиб чиқаëтгани кўрилади.

Видеодаги марҳум танасида бирор қийноқ излари ëки шубҳали жиҳатлари бор-йўқлиги борасида фикр билдиришни сўраб Озодлик Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мутахассисларидан бирига мурожаат қилди.

Видеони кўрган мутахассис¸ марҳум танасидаги тикишлар унинг тиббий экспертиза учун ëриб кўрилгани белгиси эканини билдирди.

Марҳумнинг уриб ўлдирган-ўлдирилмаганини тасдиқлаш учун¸ ўлим сабабини аниқлаш керак. Бу сабабни эксперт ўз хулосасида ўликни ëргандан кейин ёзади. Муаммо¸ ана шу хулосанинг қанчалик объективлиги билан боғлиқ. Улар кўпинча ИИБ ва прокуратура нимани ëз деса¸ шуни ëзиб беради. Бу ўликни ëриб бўлиб¸ ўлим сабаби ўз-ўзидан йиқилиш натижасида олган жароҳат¸ ëки юрак хуружи деб ëзиб бериш эҳтимоли жуда катта. Аслида¸ сўроқ пайтида орқа бўйин тепасига - гарданига (затилок)га қаттиқ урилса, бошига қон қуйилиб ўлади. Лекин бошига уриб ўлдиришган бўлса ҳам, “юраги ушлаб қолиб¸ боши билан йиқилган” деб сохта хулоса ёзилиш ҳолатлари жуда кўп. Судмедэкспертиза бундай хулоса берганидан сўнг¸ ўлим бўйича ҳеч қандай жиноят иши очилмайди¸ ҳаммаси бости-бости бўлиб кетади”.

ИИВ тизимидаги қийноқлар

Жорий йил 30 май куни 32 яшар А.Абдукаримов Андижон шаҳар ИИБсида қўлланилган қийноқлар оқибатида вафот этганидан сўнг¸ ички ишлар тизимидаги зўравонликлар муаммоси яна бир бор жамоатчилик муҳокамаси марказига тушди. Бу ўлим ортидан Андижон шаҳар ИИБсининг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олинди.

Бу воқеа арафасида 29 май куни Бош прокуратурада президент Мирзиëевнинг «Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасига бағишланган брифинг бўлиб ўтган эди.

Унда Ўзбекистон тергов ва жазони ўташ муассасаларида қийноқларнинг кўпайиб бораëтгани эътироф этилган¸ хусусан¸ Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова 2017 йилда 7 та, 2018 йилда 10 та, 2019 йилда эса 16 та қийноққа солиш жинояти қайд қилингани айтилган эди.

Маҳаллий матбуот Светлана Ортиқовадан келтирган иқтибосда “сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757 та (2019-208, 2018-352, 2017-197) ариза ва хабарлар келиб тушган”и¸ уларнинг 33 таси (2019-16, 2018-10, 2017-7), яъни 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилгани айтилган.

Озодлик гаплашган ИИВ тизими мулозими¸ бундай эътироф ва қарорларга қарамай¸ қийнаш¸ қўрқитиш ва бошқа жисмоний тазйиқ ҳолатларининг камаймаганини айтади.

Қарорлар чиқарилади¸ кўрсатмалар юборилаверилади, лекин унга ҳеч ким амал қилмайди. Сабаби¸ ҳозир Ўзбекистонда жиноятни фош этадиган мутахассислар қолмаган. Қолганларининг кўпчилиги¸ уришдан бошқасини билмайди. Олдинлари ИИВ академияда 4 йил бакалавр ва 2 йил магистратурада ўқитишарди ва уларга тергов, суриштирув ва жиноят қидирув йўналиши бўйича дарс бериларди. Мирзиёев келиб ўқишни 3 йил қилиб, сразу магистр берадиган қилиб қўйди. 3 йилда тўғридан-тўғри магистр қилиш умуман Базель принципига тўғри келмайди. Президентнинг бу қарорини бекор қилиб¸ ИИВ ходимларини халқаро стандартларга мос принципда ўқитишга ўтиш керак”¸ дейди ички ишлар тизими ўрта бўғин зобитларидан бири.

XS
SM
MD
LG