Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Яккабоғда ерини қўшнилари ноқонуний олиб қўйганига норозилик билдирган 43 яшар аёл ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди(ВИДЕО)


Марҳуманинг ўлим тўшагида ётган суратини унинг яқинлари Озодликка тақдим этди.
Марҳуманинг ўлим тўшагида ётган суратини унинг яқинлари Озодликка тақдим этди.

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман, Оқтош қишлоғида яшаган 43 яшар аёл 26 июнь куни ўз уйида устига бензин қуйиб ёқиб юборди.

(Озодликка аëлнинг исми-шарифи маълум¸ шахсий маълумотлар дахлсизлиги боис эълон қилмаëтир - таҳр.)

95 фоиз куйиш жароҳати олган аёл 27 июнь кунига ўтар кечаси касалхонада жон таслим қилган.

Марҳума яқинларининг иддао қилишича, унинг қўшнилари аёлнинг ерини ўзбошимчалик билан тортиб олган, аммо суднинг аёл фойдасига чиқарган қарори ижроси этилмаган ва ҳақсизликка чидолмаган

Воқеа гувоҳи бўлган профилактика инспектори ҳодиса бир зумда содир бўлгани, аёлни ўзига ўт қўйишдан тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаганини айтди.

Яккабоғ туман, Оқтош қишлоғида яшаган марҳуманинг синглисига кўра, опасининг ўз жонига қасд қилишига унга нисбатан қилинган ҳақсизликлар сабаб бўлган:

Ҳеч ким опамнинг гапига қулоқ солмади, оқибатда ўз жонига қасд қилди.

- 26 июнь куни опам иккита қўшниси билан ер талашиб шу аҳволга келди. Беш йил давомида ҳокимиятга, судга мурожаат қилиб келади. Маҳалла раиси, кадастр, прокуратура ҳаммасининг хабари бор. Қўшниси П. Қ. опам чўлга пахтага теришга кетганида беш метр жойни ўзлаштириб олиб, девор уриб олган. Опам унинг устидан судга мурожаат қилган, кадастрлар келиб ўлчаб кўриб, ер ноқонуний олиб қўйилганини тасдиқлаган. Суд ерни эгасига қайтариш ҳақида қарор чиқарган. Лекин, ижро бўлмади. Бунинг устига яна бир қўшниси Э.П. ҳам дўкон қураман деб унинг ерини ноқонуний эгалламоқчи бўлган. Ҳеч ким опамнинг гапига қулоқ солмади, оқибатда ўз жонига қасд қилди.

Моҳира Абдуазизованинг онаси Хушвақт Юсупова билан суҳбат. Видео https://t.me/teleradiouz_official сайтидан олинди.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:04 0:00

Марҳуманинг синглиси иддаосича, қўшнилар ўртасидаги жанжалга маҳалла раиси ҳам, профилактика инспектори ва бошқа мулозимлар ҳам бепарво қараб турган:

Қўшнининг ўғли опамни итариб юборган. Бор ёқсанг ёқ, барибир ёқолмайсан, деб бақирган.

- Ўша куни маҳалла раиси, кадастрдан мулозим, профилактика инспектори бирга келишган. Опам агар ноқонуний иш қилсаларинг жонимдан тўйдим, ўзимни ёқаман деган. Қўшнисининг хотини, болалари бўлган. Қўшнининг ўғли опамни итариб юборган. Бор ёқсанг ёқ, барибир ёқолмайсан, деб бақирган. Ўша ерда ўнтача одам бўлган, улар опамни ловуллаб ёнаётганини кўриб қочиб кетган. Битта участковой қолган. Буни ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар менга гапириб берди.

Бу суҳбатдош тилга олган қўшни Озодликнинг 30 июнь кунги қўнғироқларини жавобсиз қолдирди.

Оқтош қишлоғи профилактика инспектори Мақсуд Эгамбердиев ҳодиса бир зумда содир бўлгани, аёлни ўзига ўт қўйишдан тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаганини айтди:

Опа мен ёки шу ерга келганлар билан 30 секунд музокара қилгани йўқ. Чиқдию, ўзини ёқиворди.

“Ҳақиқатан ҳам бу воқеа бизнинг олдимизда бўлди. Фуқаро МФЙга телефон қилиб, ер масаласи жанжали бўйича ёрдам сўраган. Мени чақиришди, кадастрдан бир ходим олиб бирга бордик. Биз борсак, тарафлар ўша ерда, опа уйининг ичида экан. Аризачига ҳужжатлар борми десак, ҳа бор, деди. Кейин опани чақиргани дарвозаси томон бордим. Опа ўша ерда экан, чиқинг қонуний ҳал қилайлик дедим. Опа изимдан чиқиб келдию, тўрт-беш метр юриб, тўхтанглар менда ҳам ҳужжат бор, дедида ичкарига кириб кетди. Ўшанда баклашкада бензин олиб чиққан экан. Биз 6 метрча берида 30-секундча гаплашиб турган эдик, кимдир “ииии... Мақсуд ака қаранг, қаранг деди”. Қарасам опа устига бензин қуяётган экан. Мана сизларга ҳужжат деди-да, ўзини ёқиб юборди. Ёнган одам у ёқ бу ёққа қочади, ушлаб бўлмайди, маҳалла риси иккимиз битта гиламни кўриб қолдикда, дарҳол устига ташладик. Бўлган воқеа шу. Менинг ҳам балки айбим бордир, лекин опа мен ёки шу ерга келганлар билан 30 секунд музокара қилгани йўқ. Чиқдию, ўзини ёқворди”.

Мақсуд Эгамбердиев, ўзи ва бошқа мулозимлар марҳуманинг яна бир қўшниси аризаси бўйича келганини айтди.

“Ҳужжат Эргаш Пардаев номига чизилган. У тадбиркорлиги учун нимадир қурмоқчи бўлган. Икки метр жойи қолганда опа қурдирмаган. Шуни муҳокама қилмоқчи эдик, лекин опа муҳокамага ҳам имкон қолдирмади”.

Профилактика инспекторига кўра, бу ҳолат бўйича туман прокуратураси дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Яккабоғ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Замира Шукурова 10 яшар ўғли билан ëлғиз яшаб келган бу аëлнинг қўшнилари билан жанжалидан мутлақо хабари йўқлигини таъкидлар экан, марҳуманинг ишбилармон ва тадбиркор аёл бўлганини айтди:

“У жуда яхши аёл, меҳнаткаш эди. Уйига сваршчикларни олиб бориб, парник ясаётган эди. Мен билан бирга пахтага чиққан эди. Нима иш қилса мен билан маслаҳатлашиб қилар эди, жўжа қилдим, товуқ қиламан¸ деган эди. Биттагина ўғлим бор, шуни ўқитаман деб қайғурар эди. Шунча йилдан бери менга бирор марта қўшним билан можаром бор деб айтмаган. Ўзим ҳам юрагим эзилиб ўтирибман”.

Яккабоғ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Бозор Азизов 27-29 июнь кунлари ишда бўлмагани ва бу воқеани ўрганиб, батафсил маълумот беришини айтди.

Яккабоғ тумани прокуратурасидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG