Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Туркманистон: Қум бўронидан ўнлаб одам ўлди. Ҳукумат ўзини ҳеч нарса бўлмагандай тутмоқда. Лебапда гуманитар инқироз


Туркманободда қум бўрони ортидан гуманитар инқироз вазияти юзага келаётгани хабар қилинди.
Туркманободда қум бўрони ортидан гуманитар инқироз вазияти юзага келаётгани хабар қилинди.

Туркманистоннинг Лебап вилоятидаги қатор аҳоли пунктлари, жумладан, вилоят маркази Туркманободда гуманитар инқироз вазияти юзага келаётгани хабар қилинди.

Фароб, Дянов, Керки ва бошқа туманларда қум бўронига айланган қаттиқ шамол оқибатида юзлаб оилаларнинг хонадонлари вайрон бўлди.

Гувоҳлар ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани ва бедарак йўқолгани тўғрисида хабар бермоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг turkmen.news нашрига таяниб ёзишича, Туркманободда кеча ва бугун ҳалок бўлганларни дафн қилиш маросимлари ўтказилди.

Хабарда таъкидланишича, Лебап вилоят касалхонаси кучли шамол оқибатида қулаб тушган томлар, балконлар, спутник антеналари ва электр линияларидан жароҳатланган одамлар билан тўлиб-тошган.

Вилоятда телефон алоқаси узилиб қолган. Электр, газ ва сув таъминоти узилишлар билан ишламоқда. Ичимлик суви бир оз берилгач, яна тўхтатиб қўйилди. Айрим туманларга ичимлик сувини махсус машиналарда олиб келиб, аҳолига тарқатишмоқда.

Айрим туманларда газ таъминоти тиклангани айтилмоқда. Электр таъминотидаги узилишлар ортидан бензин таъминотида ҳам узилишлар бўлмоқда.

“Маҳалий аҳолини маҳаллий ва марказий ҳокимият расмийларининг ҳаракатсизлиги ҳамда давлат оммавий ахборот воситаларида юз берган табиий офат ҳақида маълумот берилмаётгани ғазабга келтирмоқда. Аҳолини ҳеч ким табиий офат юз бериши тўғрисида огоҳлантирмаган, ҳеч қандай чоралар кўрилмаган, мактаблар ва болалар боғчалари кечгача ишлаган”, дейилади мақолада.

29 апрель куни Туркманистондаги манбалардан бири: “Туркманобод гўёки ўлик шаҳарга ўхшаб қолди. Рухият саройининг гумбази қулаб тушди. Мактаблар ва болалар боғчалари томсиз қолди. Кучли шамолдан зарар кўрган айрим уйлар, аптекалар ва хусусий дўконларда мародёрлар хўжайинчилик қилмоқда. Шаҳарда озиқ-овқат етишмаяпти. Айрим хусусий дўкондорлар инқироздан фойдаланиб, нарх-навони ҳаддан ташқари кўтариб юборди. Улар бир буханка нон ва бир бутилка сув учун 20 манат (деярли 6 доллар) ҳақ сўрамоқда”,- деб айтди.

Ахборот очлиги ҳукмронлик қилаётган шароитда вилоятда бўрон қайталаниши мумкинлиги, зилзила бўлиши кутилаётгани, зилзила оқибатида Тожикистоннинг Сарез кўлидаги дамба бузилиб, минтақа сув остида қолиши тўғрисидаги миш-мишлар урчимоқда.

Полиция ва ҳарбийлар бу миш-мишлардан ваҳимага тушган аҳолига Лебап ва Мари ўртасидаги адирликларга чиқишга рухсат бермай, йўлни тўсиб қўйди. Бу ерга кетаётган машиналар ортга қайтарилмоқда.

Айни пайтда хориж давлатларида яшовчи туркманистонликлар президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга мурожаат йўлладилар. Мурожаатда президентдан Лебап вилояти аҳолисига тезкор ёрдам кўрсатиш, жумладан, бошпанасиз қолганларни ётоқ билан таъминлаш, одамларга дори-дармон, кўрпа-тўшак, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва сув етказиб бериш талаб қилинди.

28 апрелга ўтар кечаси Туркманистонда бошланган кучли бўрон Ўзбекистоннинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига ҳам етиб келган эди. Бунинг натижасида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етган.

Бухоро вилоятида эса 1 одам ўлди, камида 41 одам жароҳатланди, 5200 дан ошиқ бинога зарар етди. Ўшанда шамол тезлиги 9-40 м/сек.ни (32-140 км/соатгача) ташкил қилгани билдирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни зудлик билан Бухоро вилоятига сафар қилиб, вертолётда зарар кўрган туманларни айланган.

XS
SM
MD
LG